Коронавирус кирмаган 10 давлат: уларни ғолиб деб бўладими?

Палау

Сурат манбаси, Palau hotel

Сурат тагсўзи,

Палау иқтисоди туризмга боғлиқ.

Ковид 19 деярли барча давлатларни забт этди - 10 давлатдан бошқа. Уларда ҳаёт қандай кечмоқда?

"Палау" меҳмонхонаси оммавий сайёҳлик ривожланмасдан аввал - 1982 йилда очилган. Ўшандан буён мовий Тинч уммони билан қуршалган бу митти диёр фаровон ҳаёт сурури билан яшаб келаётганди.

2019 йилда Палауга ўз аҳолисидан беш марта кўп - 90 000 сайёҳ келди. Ҳалқаро валюта фондининг рақамлари кўрсатишича, 2017 йилда сайёҳлик мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизини келтирган.

Аммо булар Ковидгача бўлган ҳолат.

Палау чегаралари март ойи сўнгидан буён ёпиқ. У Ковид тасдиқланмаган 10 давлатдан бири (Туркманистон ва Шимолий Кореани ҳисобга олмаганда БМТнинг тўла аъзоси бўлган мамлакатлар орасида).

Шундай бўлса да, вирус бирорта одамни зарарламай мамлакатни оғир аҳволга солмоқда.

"Палау" меҳмонхонаси март ойидан бери ёпиқ ва у бу борада ёлғиз эмас. Ресторанлар бўм бўш, сувенир дўконлари ёпилган. Меҳмонхонага жойлашганлар ҳам сайёҳлар эмас, четдан қайтиб, карантинга олинган маҳаллий аҳоли вакиллари.

Ковид 19 тасдиқланмаган давлатлар

Палау

  • Микронезия
  • Маршалл ороллари
  • Науру
  • Кирибати
  • Соломон ороллари
  • Тувалу
  • Самоа
  • Вануату
  • Тонга

Сурат манбаси, Getty Images

"Бу ерда уммон дунёнинг бошқа жойларига қараганда анча сокин," дейди "Палау" меҳмонхонаси эгаларидан бири ва менежери Брайн Ли.

Брайнни мовий уммон банд қилган. Ковиддан аввал меҳмонхонанинг 54 хонасидан 70 80 фоизи тўла бўларди. Аммо чегаралар ёпилиб, чекинишга ҳам жой қолмади.

"Бу жуда митти давлат. Маҳаллий аҳоли ҳам меҳмонхонада турмайди," дейди Брайн.

Унинг 20 нафарча ходими бор, иш соатларини қисқартирса ҳам, бирортасини ишдан бўшатмади. "Уларга бирор иш топиб беришга уриняпман - тартиб сақлаш, таъмирлаш ва ҳоказолар," дейди у.

Бироқ бўш меҳмонхонани доим қуруқ тартибга келтириб, таъмирлаб бўлмайди. "Яна ярим йил кута оламан. Кейин меҳмонхонани ёпишга мажбур бўлишим мумкин."

Брайн аҳолини молиявий қўллаб қувватлаётган, мамлакатда касаллик тарқалиши олдини олаётган ҳукуматни айбламайди.

"Менимча, улар яхши ишлашяпти," дейди Брайн. Аммо Палаунинг биринчи меҳмонхонаси яшаб қолиши учун нимадир ўзгариши керак.

Мамлакат президенти "муҳим" авиапарвозлар 1 сентябрдан йўлга қўйилишини эълон қилди. Айни чоғда, Тайван орқали очиладиган "ҳаво йўлаги" сайёҳлар келишига имкон бериши мумкинлиги ҳақида миш мишлар бор.

Аммо Брайн учун ҳали бери ундай бўлмайди.

"Менимча, улар қайта очишлари керак, эҳтимол, Янги Зеландияга ўхшаган алоҳида давлатлар билан. Акс ҳолда, бу ерда яшаш қийин бўлади," дейди у.

Бу ердан 4000 километр шарқда, Тинч уммони қўйнида Ковиддан холи яна бир мамлакат - Маршалл ороллари жойлашган. Палауда бўлгани каби вируснинг ўзи бўлмаса ҳам, таъсири бор у ерда ҳам.

Бир ёнида уммон, бир ёнида лагуна бўлган асосий атол - Мажурода "Роберт Рамерс" меҳмонхонаси жойлашагн. Ковиддан аввал ундаги 37 хонанинг 75 88 фоизи асосан Осиё, Тинч океани минтақаси ва АҚШдан келган сайёҳлар билан банд бўларди.

Март бошида чегаралар ёпилиб, бу кўрсаткич 3 5 фоизга тушиб қолди.

"Ташқи ороллардан оз моз одам келяпти. Кўп эмас," дейди меҳмонхона гуруҳида ишловчи София Фаулер.

Мамлакат пандемия даврида 1997 йилдан бери энг катта - 700 иш ўрнини йўқотиши кутилмоқда. Уларнинг 258 таси меҳмонхона ва ресторанлар секторига тўғри келади.

Сайёҳликдан ҳам кўра ўз ўзини ихоталаш кўпроқ таъсир қилмоқда - Маршалл ороллари Палауга нисбатан сайёҳларга камроқ суянади. Энг катта муаммо балиқчиликда кузатиляпти.

Ковид кириб келиши олини олиш учун мамлакат портларига касаллик тарқалган давлатлардан кемаларнинг келиши тақиқланди. Контейнер ташувчи кемалар ёки нефт танкерлари очиқ денгизда 14 кун бўлгандан кейингина қўйиладиган бўлди. Балиқчиларга лицензия бериш тўхтатилди, юк ташувчи парвозлар қисқартирилди.

Натижа эса аниқ. Маршалл ороллар аквариум балиқларини экспорт қилишга ихтисослашган. АҚШ ҳисоботига кўра бу экспорт ҳам 50 фоиз қисқарган. Сашими тунеци экспорти ҳам шунчага камайган. Қолган балиқ турлари экспорти ҳам йил охиригача 30 фоизга камайиши кутилмоқда.

Қисқаси, вирусни киритмаслигингиз мумкин, аммо уни енга олмайсиз. Ковид 19 бир йўл бўлмаса, бошқа йўл билан таъсирини ўтказади.

София мамлакатда ҳаммаси яна изига тушиши, "Роберт Раймерс" меҳмонхонаси ҳам келаси йилдан жонланишига "умид" қилмоқда. Изига тушмаса чи?

"У ҳолда бизга осон бўлмайди," дейди у.

Чегараларни ёпиш Ковидсиз мамлакатларни қашшоқлаштирди, ҳамма ҳам яна очилишни истамаяпти.

Доктор Лен Таривонда 300 000 аҳолилик Вануату Жамоат соғлиғи ташкилоти директори. У пойтахт Порт Вилада ишласа ҳам, асли 250 километр шимолда жойлашган 10 000 кишилик орол - Амбадан келган.

"Агар у ерда [Амбада] одамлардан сўрасангиз, - дейди доктор Таривонда, - кўпчилик имкон қадар чегарани узоқ ёпиб туриш кераклигини айтади. Биз касаллик истамаймиз. Акс ҳолда, ҳаммамиз фалокатга учраймиз дейишади улар."

Унинг айтишича, Вануатуда 80 фоиз аҳоли шаҳарлардан, мамлакатнинг "расмий иқтисодидан" ташқарида яшайди.

"Кузатишимча, улар ҳали бунинг таъсирини сезишмади. Улар фермерлик билан кун кўради, ўз егуликларини ўзлари етиштиришади - маҳаллий, анъанавий иқтисодга суянишади."

Шунга қарамай, мамлакат азоб чекмоқда. Осиё тараққийт банки унинг иқтисоди 10 фоизга қисқаришини айтмоқда. Бу 1980 йилдан буён энг катта чўкиш бўлади.

Бу пасайишлар фақатгина Ковид билан боғлиқ эмас. Апрелда Ҳаролд тропик циклони мамлакатга оғир зарар берди, уч киши ўлди, аҳолининг ярмига таъсир қилди.

"Соғлиқни сақлаш ҳолати бўйича кунлик фавқулодда оператив брифинглар ўтказдик, - дейди доктор Таривонда. - Аввал Ковидни, сўнг Ҳаролд ТЦни муҳокама қилдик. Иккита офат бир вақтда.

Аммо Ковиднинг асорати узоқ давом этади.

Июлда ҳукумат 1сентяборгача "ҳавфсиз" мамлакатлар билан чегараларни очиш режасини эълон қилган. Сўнг Австралия ва Янги Зеландияда касалланиш ҳолатлари кўпайди. Режа эса ортга сурилди.

Доктор Таривонда ҳукумат, саёҳлик ва авиакомпаниялар вакилларидан тузилган чегаралар бўйича ишчи гуруҳи аъзоси. Унинг тан олишича, "ҳаммаси яна бошланғич нуқтага келди", чегараларнинг очилиши бўйича ҳеч қандай аниқ муддат йўқ.

Кичик, аниқ мақсадли чегара оша саёҳатлар Вануатуга ёрдам бериши мумкин. Ҳукумат яқинда 172 ишчига Шимолий Австралияга олти ойга манго тергани боршилари учун рухсат берди. Гарчи пул ўтказмалари бир қадар ёрдам берса ҳам, ЯИМнинг 35 фоизи сайёҳликдан келувчи мамлакат учун бу етарли эмас.

Чегараларни очишга зарурат бор, аммо Вануату бунга шошилмаяпти. Доктор Таривонда июль охиригача деярли Ковиддан холи бўлган Папуа Янги Гвенеяни ҳавотир билан мисол келтиради.

"Агар вирус келса, ҳўл қуруқ баравар ёнади. Папуадаги вазият ҳавотир олишимиз учун етарли бизга," дейди у.

"Соғлиқни сақлашдаги заифлигимизни, Тинч уммонидаги ҳолатни ҳисобга олиб, вирусни имкон қадар киритмаслик энг яхши йўл."

Сурат манбаси, MARIO TAMA/GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи,

Вануату: Коронавирусгат қарши чора боис ишчилар ишга бориш учун кемага чиқишолмаяпти.

2020 йилда ЯИМ пастлаши бўйича башорат:

•9.8% Вануату

•9.5% Палау

•6.0% Соломон ороллари

•5.5% Маршалл ороллари

•5.0% Самоа

Манба: Осиё тараққиёт банкининг Тинч океани бўйича иқтисодий мониторинги, 30 июль

Хўш, Ковиддан ҳоли мамлакатлар нима қила олади бу аҳволда?

Тадбиркорлар ва ишчиларга моддий ёрдам бериш каби қисқа муддатли чоралар. Аммо узоқ муддатли чора ҳам бор - вакцинани кутиш.

Унгача сайёҳлик йўлаклари энг яхши чора. Аммо, Осиё тараққиёт банкидан Роммел Рабанал таъкидлаганидек, бу йўл ҳам сиртдан қарагандагина осон кўринади.

"Сайёҳлик йўлаклари учун ҳам муайян шартлар бор, - дейди у. - Сайёҳликни йўлга қўяётган мамлакатларда ягона тест стандартлари, касаллик илдизини излаш, карантин чоралари бўлиши керак. Булар муҳокама қилиняпти, аммо жуда секин кечувчи, эҳтиёткорлик талаб қиладиган жараён бу.

Вануатунинг "Сентябрь режаси" билан бўлгани каби бундай йўлакларни ташкил қилиш режаси осонгина бузилиши мумкин.

"Австралия ва Янги Зеландия биринчи бўлиб бу усулни бир бирларида синаб кўрди," дейди Лауи институтидаги Тинч уммони дастури раҳбари Жонатан Прайк.

"Аммо бундан аввал касалликнинг ичкаридаги тарқалишини йўқотиш керак. Менимча, бу режа бу йил амалга ошмайди."

Жаноб Прайкнинг айтишича, ойлар ўтар экан, Тинч океанидаги қамалиб қолган давлатларда умидсизлик кучаймоқда.

Шундай булса ҳам, у бу давлатлар ўзларини ихоталаши энг яхши йўл эканига шубҳа қилмайди.

"Ҳатто улар чегараларни очиб қўйса ҳам, уларнинг асосий сайёҳлик бозорлари бўлмиш Австралия ва Янги Зеландия очилмайди," дейди у.

"Демак, икки ёмон танлов қолади - соғлиқни сақлашдаги инқироз ёки иқтисодий инқироз. Қайси танлов тўғри бўлишини эса, йиллар ўтиб биламиз.

"Ортга қараган одам ёпилиш бу давлатлар учун тўғри йўллигига шубҳа қилмайди."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek