Коронавирус: Мактаблар очилса, ўқитувчилар ҳаёти хавф остида қоладими?

  • Рейчел Шраер
  • Би-би-си саломатлик масалалари мухбири
Ўқитувчи синфхонада

Сурат манбаси, Getty Images

Англия ва Уэльсда болалар сентябрдан мактабга боришади.

Шотландияда аллақачон мактаблар очилган. Лекин Данди шаҳарчасидаги бир мактабда 21 нафар ўқитувчи коронавирус юқтирди.

Хуллас, мактаблар очилиши ўқитувчилар саломатлиги борасида хавотирларни уйғотмоқда.

Ўқитувчилар хавф остидами? Видео:

Болаларнинг коронавирусдан касалланиш эҳтимоли ўта паст.

Лекин мактаблар қайта очилса, ўқитувчилар саломатлиги хавф остида қолмайдими, деган саволлар сўралмоқда.

Англиядаги тиббий тадқиқотлар хулосасига кўра, ўқитувчиларга вирус ўқувчилардан кўра, ўз ҳамкасбларидан ёки ташқаридаги бирон бошқа одамдан юқиши эҳтимоли катта.

Шу боис мактабдан ташқарида ва ўқитувчилар хонасида эҳтиёт бўлиш маслаҳат берилади.

Ҳукумат мактабларни вирус хавфи катта ишхона сифатида кўрмайди.

Ҳатто соғлиғида бошқа бирон муаммоси бор ва коронавирус юқса, аҳволи оғирлашиши мумкин бўлган ўқитувчилар ҳам ишга чиқиши кутилмоқда.

Аммо мактабларда ижтимоий масофа ва қўлни тоза тутиш қоидаларига амал қилинади.

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқитувчиларни ҳам қамраб оладиган Unison касаба уюшмасига кўра, мактабда ижтимоий масофа сақлаш амалда имконсиз бўлади.

Илм даргоҳлари ҳимоя жиҳозлари билан ҳам жуда кам таъминланади ва шу боис мактаблар бошқа ишхоналардан кўра ҳимоясиз қолади.

Мактабда ишловчилар юзларини ёпа олишади.

Соғлиғи ёмон муаллимлар эса алоҳида тиббий кўрик талаб қилишлари мумкин.

Шотландияда ҳозир юқори синф ўқувчилари ўқийдиган мактаб даҳлизлари ва кўпчилик тўпланадиган жойларда барча ниқоб тақиши шарт.

Шунингдек, мактаб транспортида ҳам беш ёшдан катта ҳамма ўқувчилар юзларини тўсишлари керак.

Болаларга коронавирус хавф соладими?

Барча ёшдаги болаларда вирусдан касал бўлиш эҳтимоли жуда паст.

Лекин катта ёшдагилар, хусусан кексалар, вирусни юқтиришса, оғир касал бўлишлари ва вафот этишлари мумкин.

Британия Бош тиббий маслаҳатчиси профессор Крис Уэттининг айтишича, болаларнинг Ковид-19 касалидан ўлиш эҳтимоли жудаям паст.

Расмий Статистика идорасига кўра, Англия ва Уэльсда ўтган март ва июнь ойи ўрталарида 19 ёшга етмаганлар ўртасида Ковид-19 касалига дахлдор ўлим сони фақат 10 нафардир.

20 ёшдан ошганлар орасидаги ўлим ҳоллари эса 46725та дейилади.

Касалхоналарда ўрганилган 55 минг коронавирус беморининг атиги 1% қисми - 19 ёшга етмаганлар.

Ёш болаларда яллиғланиш билан кечувчи Кавасаки касалига ўхшаш ҳолатлар ҳам учраган.

Олимлар бу ҳолатда иммун тизими жуда кеч жавоб реакцияси бергани эҳтимолини ўрганишмоқда.

Лекин шунда ҳам бу каби ҳолатлар ўта кам.

Болалар бошқаларга юқтирадими?

Британиядаги University College London ҳамда Гигиена ва тропик касалликлар институти олиб борган тадқиқотларга биноан, болаларнинг вирусни юқтириш эҳтимоли катта ёшдагилардан 50% кам.

Бу дегани - уларнинг бошқаларга вирус тарқатиш эҳтимоли ҳам паст.

Олимлар гуруҳи дунё бўйлаб 6 минг тадқиқотни кўриб чиққан ва улар орасидан асосли далилларга таянган 18тасини топган.

Британия Соғлиқни сақлаш тизими тадқиқотларига биноан, ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида вирус алмашинуви ҳолатлари ҳам кам.

Аммо юқори синф ўқувчилари ўқийдиган мактаблардаги ҳолат ҳали етарли ўрганилгани йўқ.

Сурат манбаси, Getty Images

Фавқулодда ҳолатлар бўйича ҳукумат илмий маслаҳат гуруҳининг айтишича, мактаблар очилган давлатларда вирус тарқалиши бошқалардан кўп фарқ қилмайди.

Дунё бўйлаб олимлар ҳам болалар қанчалик тез-тез коронавирус юқтиришлари ва ёки вирус тарқалишига сабабчи бўлишларини ўрганишга интилмоқдалар.

Хитой ва Франциядаги тадқиқотларнинг кўрсатишича, болалар вируснинг илк тарқатувчиси бўлмагани эҳтимоли катта.

Сурат манбаси, Getty Images

Исландия, Жанубий Корея, Нидерландия ва Италиядаги тадқиқотларга мувофиқ, болаларда вирус бўлиш эҳтимоли катта ёшдагилардан кўра паст.

Италиядаги бир минтақада аҳолининг 70% қисми текширилган.

Глобал олимлар гуруҳи хулосасига биноан, вирус юқишида болаларнинг ўрни аниқ эмас.

Аммо кўп далилларга қаралса, болаларнинг вирусга чалиниш эҳтимоли паст ва шундай экан, уларнинг вирусни уйга олиб келиш эҳтимоли ҳам паст бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images

Болани мактабга юбормаса бўладими?

Мактабларни очиш, вирус тарқалиши хавфини муайян маънода кўпайтириши мумкин.

Аммо мактабларни очмасликнинг бошқа салбий оқибатлари ҳам бўлади.

Профессор Крис Уэттининг айтишича, болалар мактабга боришмаса, уларга етадиган узоқ муддатли зарар, коронавирусникидан ҳам ошиб тушиши мумкин.

У бошқа хавфсиз йўллар йўқлигини ҳам тан олган.

Аммо ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам мактабларни очиш хавфи қаторида унинг фойдасини ҳам тушунишлари кераклиги айтилмоқда.

Болалар мактабга бормаса, бу таълимда муаммолар келтириб чиқаради, уларнинг руҳий саломатлиги ва узоқ муддатли ривожланишига салбий таъсир этади.

Баъзи ўқувчилар ёз бошида мактабга қайтишган бўлиб, кичик синфлар ва имтиҳон топшириши керак бўлганларга эътибор қаратилган.

Чунки айни шу гуруҳ ўқувчилари таълимнинг энг муҳим ва нозик палласида бўлишади.

Энг кичик синф ўқувчилар эса уйда етарли таълим ололмасликлари мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek