Россия: Навальний, Путин ва ҳарбий заҳарлар омбори - Rossiya

Германия

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Навальний Омскдаги шифохонадан махсус самолёт билан Германияга олиб кетилган

Ўтган йигирма йилда Кремль сиёсатининг бир неча машҳур танқидчилари - собиқ жосуслар, журналист ва сиёсатчилар заҳарланган.

Ва фақат Россиянинг ўзида эмас. Буюк Британияда Россия жосуслик хизматининг икки собиқ ходими нишонга олинди: 2006 йилда Александр Литвиненко "Полониум-210" радиоактив моддаси билан, Сергей Скрипаль эса 2018 йилда "Новичок" билан заҳарланган эди. Кремль бу ҳужумларга алоқадорлигини рад этган.

Муқаддам жисмонан ҳужумга учраган Алексей Навальний, афтидан, навбатдаги қурбон. Аммо ҳали кўп нарса мавҳум.

Россияликлар иштирокидаги сирли заҳарлашлар кўпинча сирлилигича қолади.

Қотиллар учун, эскича усулда кўчада отиб кетгандан кўра, анча хавфсизроқ.

Лондондаги Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институти профессори Марк Галеоттининг Би-би-сига айтишича, "заҳарлашнинг кўринмас ва театрлаштирилган" жиҳатлари бор.

"Шунчалик кўринмаски, сиз уни рад этишингиз ва исботлашни қийинлаштиришингиз мумкин. Уни исботлаш вақт талаб қилади, азобли иш. Заҳарлаган одам эса, пинагини бузмаган ҳолда инкор этишда давом этади. Аммо ҳамма калаванинг учи қаерга бораётганини тушунади".

Кремлнинг томоғига қадалган суяк

Алексей Навальний коррупцияга қарши машҳур курашчи ва мухолифат фаоли. Унинг ижтимоий тармоқдаги видеолари миллионлаб одамлар томонидан кўрилган ва Навальнийни, таъбир жоиз бўлса, Кремлнинг томоғига қадалган суякка айлантирган.

Узоқ давом этадиган авиапарвоз олдидан заҳарланган қурбон заҳарланганини англаб етгунича қотил яширинишга улгуради. 44 ёшли Навальний 20 август куни Сибирнинг Томск шаҳридан Москвага учиб бораётган пайт ўзини ёмон ҳис қилган. Шунчалик ёмонки, самолёт Омск аэпортига қўнишга мажбур бўлган.

2006 йилда отиб ўлдирилган россиялик тадқиқотчи журналист ва Путиннинг танқидчиси Анна Политковская 2004 йилда Шимолий Кавказга учаётган пайти заҳарлангани иддао қилинган. У ҳам Навальнийга ўхшаб ҳушидан кетган ва йиқилган.

2006 йилда "Полониум-210" радиоактив моддаси собиқ жосуслик хизмати ходими Литвиненкони аста-секинлик билан ўлдирган. Заҳарли модда аниқлангунича бир неча ҳафта ўтган эди.

Гейгер-мюллер ҳисоблагичи нурлантирувчи альфа заррачаларидан тарқаган радиацияни аниқлай олмаган.

Британияда олиб борган тергов хулосаларига кўра, давлат жосуслари экани айтилган икки қотилнинг ҳеч қандай шубҳаларсиз Россияга қайтиб кетишлари учун вақтлари етарли бўлган.

Навальний Россияда ўзига жуда кўп душманлар орттирган. Ва улар фақат Путиннинг Навальний "товламачилар ва ўғрилар" деб атайдиган "Ягона Россия" партияси тарафдорларидан иборат эмас.

Жаноб Путин 2000 йилда президент бўлишидан аввал совет разведкаси - КГБда хизмат қилган.

Россия жиноий оламини ўрганган профессор Галеоттининг айтишича, бу ҳолатда "Россия давлатида кучлар мувозанати бузилгани эҳтимоли катта. Яъни бу албаттаки, Россия давлатининг амали дегани эмас. Унинг ортида россиялик қудратли шахслардан бири турган бўлиши ҳам мумкин".

Заҳарли газ аломатлари

Ҳозирда Берлиндаги "Шарите" шифохонасида ҳаёт учун курашаётган Навальний сунъий комада ва "холинэстераза ингибитори гуруҳидаги модда билан заҳарланишдан" муолажа қилинмоқда.

Шифокорларнинг айтишича, заҳарли модданинг айнан нима экани қоронғу қолмоқда-уни аниқлаш учун таҳлиллар олинмоқда.

Аммо заҳарнинг таъсири "мустақил лабораторияда ўтказилган қатор тестлар" натижасида тасдиқланган.

Бу таъсир ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган "сарин" ёки ундан-да заҳарлироқ "новичок" сингари моддалар таъсири билан ўхшаш.

Бу заҳарлар миядаги кимёвий жараёнларга мудохала қилиб, нафас қисиши ва юрак секинлашиши натижасида ҳушдан кетишга олиб келади ва пировардида инсон марказий нерв системасини фалаж ҳолга келтиради.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмыш заҳар Томск аэропортида Навальнийнинг чойига қўшиб берилган, деб ишонади. Унинг айтишича, Навальний унгача ҳеч нарса емаган ва ичмаган.

Бу Лондон меҳмонхонасида чойдан заҳарланган Литвиненкони ёдга солади.

АҚШда яшаётган россиялик таниқли фаол Владимир Кара-Мурзанинг айтишича, 2015 ва 2017 йилларда у ҳам худди Навальнийда кузатилаётганига ўхшаш симтомлардан азият чеккан.

Унинг заҳарланиши сирлигича қолмоқда.

Кара-Мурзанинг Би-би-сига айтишича, "заҳар Россия махсус хизматлари қўлидаги энг қулай ва жирканч восита"га айланган.

"Буни бошдан кечириш азоб... Мен заҳарланиб комага тушганимдан кейин юришни қайта ўрганишимга тўғри келган", дейди у.

20 август куни Томск аэропортига қўнган пайт Навльний аллақачон кома ҳолатида эди. Шифокорлар уни жонлантириш бўлимига олишган ва вентиляторга улаганлар.

Терговни кечиктириш

Жаноб Путиннинг сўзчиси Дмитрий Песков Берлиндаги шифокорларнинг тиббий хулосалари ҳали тўлиқ эмаслигини айтмоқда.

Унга кўра, расмий терговни бошлашга ҳали эрта. Аввалроқ у Кремль жаноб Навальнийга тезроқ тузалиб кетишини тилашини айтганди.

Навальнийнинг Омскдан Берлинга кўчирилишини кечиктиришдан мақсад заҳар изларини йўқотиш бўлган, деган фаразлар ҳам бор.

Омскдаги шифокорлар муаммо "шакар даражасининг тушиб кетиши" деганлари ва заҳарни аниқлай олмаганлари учун танқид қилинмоқда.

АҚШдаги шифокор-анестезиолог Константин Балоновнинг Би-би-си рус хизматига айтишича, Омскдаги шифокорларнинг ташхисини камида "ғалати" деб аташ мумкин.

"Москвалик токсикологлар Омскдаги шифокорлар билан тиббий маслаҳатлашув ўтказишган ва улар заҳар ҳақидаги хулосани берган бўлишлари керак", дейди шифокор.

Россиялик шифокорлар Навальнийнинг пешобида заҳар излари топилмаганини айтишган. Бир вақтнинг ўзида полиция дарҳол шифохонани ўраб олган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Берлиндаги шифохона атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Маълум бўлишича, Омск шифохонасида Навальнийга заҳарли газга қарши антидот ҳисобланган атропин қуйилган.

Санкт-Петербургдаги шифохона жонлантириш бўлими собиқ мутахассиси Михаил Фридманнинг айтишича, бу каби заҳарланиш ҳолатларида атропин томирдан ва узоқ вақт давомида берилиши керак".

Унинг сўзларига кўра, Омскда бундай қилинмаган бўлиши мумкин, чунки аниқ тиббий маълумотлар ошкор қилинмаяпти.

Турфа заҳарлар олами

Британиялик етакчи токсиколог ва қурол-яроғ эксперти, профессор Алистэр Ҳэйнинг айтишича, бу каби заҳарли модда органофосфатларнинг (марказий нерв системасини ишдан чиқарадиган ҳарбий заҳарли моддалар-таҳр.) энг заҳарли турларидан ҳисобланади.

Эҳтимолий заҳарларнинг бу каби катта гуруҳи уни аниқлашни қийинлаштиради. Органофосфатларнинг баъзи мўътадил турлари тиббий терапияда ишлатилади.

"Кимнидир ўлдириш учун унинг жуда ҳам оз миқдори кифоя. Ичимликка қўшиб бериш қийин эмас", дейди британиялик профессор Би-би-си билан суҳбатда.

Аммо унинг айтишича, қотилнинг нуқтаи назаридан афзалликлар шу билан тугамайди.

"Оддий таҳлилда заҳарли моддани топиш қийин. Бунинг учун такомиллашган тест ва қимматбаҳо тиббий жиҳозлар керак бўлади. Ҳамма шифохоналарда ҳам бундай имконият йўқ", дейди профессор.

Экспертнинг сўзларига кўра, Британияда бу каби салоҳият фақат Англия шимоли-шарқидаги қаттиқ қўриқланадиган "Портон Даун" кимёвий-биологик тадқиқотлар марказида бор, холос.

Совуқ уруш тугагач, Россия ўзининг йирик кимёвий қуроллар омбори - 40 тонна атрофидаги ҳарбий заҳарларни халқаро экспертлар кузатувида йўқ қилган.

Экзотик кимёвий моддалар Совуқ Уруш даврида ҳам ишлатилган. 1978 йилда болгариялик журналист Георгий Марков Лондонда заҳарли соябон воситасида ўлдирилган. Коммунистик Болгария СССРнинг яқин иттифоқчиси эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси кичик шар ичига жойлаштирилган заҳарли модданинг рицин эканини аниқлаган. Заҳар кўчада Марков билан "тўқнашиб кетган" қотил қўлидаги соябоннинг учи билан тўғридан-тўғри болгариялик диссидентнинг қон оқимига киритилган.

Бунда заҳар уни ютгандан кўра кучлироқ таъсирга эга бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek