Рамзан Қодиров қизини вазир ўринбосари этиб тайинлади Checheniston

Айшат Кадырова

Сурат манбаси, Sergei Karpukhin/TASS

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг 21 яшар қизи Айшат Қодирова маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Отаси Айшатнинг охирги йилларда Firdaws модалар уйиини бошқариб келгани ва чеченистонлик артистларга кўмаклашиб келганини эслатган. АҚШ яқинда Рамзан Қодиров билан бирга қизи Айшатни санкция қўлланган инсонлар рўйхатига киритган.

"Мен ва бутун маданият соҳаси учун ушбу тайинлов - шараф ва фахр! Ўзининг ёшлигига қарамасдан Айшат Рамзановна узоқ йиллардан буён республикамиз ижодий жамоаларининг ҳаётида фаол қатнашиб келади, рақс, мусиқа ва театр жамоаларини барча зарур нарсалар билан таъминлаб келади", - деб ёзган "Инстаграм"да Чеченистон Маданият вазири Ҳож-Бауди Дааев.

Дааев, шунингдек, Айшатни вазир муовини этиб тайинлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлагани учун Рамзан Қодиров ўз миннатдорлигини изҳор этган.

Рамзан Қодировнинг ўзи қизини Телеграм каналида табриклаган, тайинлов "қаттиқ, пухта ўйлаб кўрилган қарор" бўлганини ёзган.

Рамзан Қодиров Айшатнинг охирги йилларда "коллекциялари дунёнинг кўп мамлакатларидаги мухлислар томонидан қадрланадиган ва таҳсинларга сазовор бўлган" Firdaws модалар уйини бошқариб келаётганини эслатган.Шу йил февралида Парижда Firdaws модалар уйи кийимлар коллекциясининг намойиши бўлиб ўтганди, унгача 21 яшар дизайнер ижоди тақдимотлари Грозний, Москва ва Дубай шаҳарларида ташкиллаштирилган.

Firdaws чечен брендини Рамзан Қодировнинг рафиқаси Медни Қодирова 2009 йили ташкил этган, сўнг компания бошқарувини қизига топширган эди.

"Firdaws модасини мен доим маданиятнинг бир қисми деб қабул қилганман", деб айтган Айшат Қодирова Би-би-си Рус хизматига.

Айшат Қодирова 1998 йили Центарой қишлоғида туғилган. 2016 йили Чечен Давлат университетининг экономика факултьтетига ўқишга кирган, ўша йили турмушга чиққан.

Шу йил 20 июлида Айшат Қодирова онаси ва синглиси билан АҚШ санкция киритган инсонлар рўйхатига тушган. Уларнинг АҚШга киришлари тақиқланган.

" Департамент Қодиров 10 йилдан ортиқ вақтдан буён содир этиб келинаётган инсон ҳуқуқларининг қўпол поймол этилиши, шу жумладан, қийноқлар ва маҳкамасиз қотилликлар учун масъул экани борасида кенг ишончли ахборотга эга», дейилган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео баёнотида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek