Коронавируснинг янги сирлари очилди: энди уни енгамизми? Koronavirus O'zbekiston dunyo

Ўпка ва вирус

Сурат манбаси, Getty Images

Коронавирусга оид сўнгги ўзгариш ва янгиликларни кузатиб бориш осон эмас. Улар тез ривожланмоқда.

Бироқ олимлар ҳам вируснинг янги жиҳатларини топиб боришмоқда.

Сўнгги тадқиқотлар ҳам Ковид-19 касалини келтириб чиқарадиган вируснинг бир нечта сирини очган.

Булар қандай сирлар ва энди вирусни осон енгамизми?

Коронавируснинг янги жиҳатлари. Видео:

Биринчи:

Коронавирус ҳавода олдин ўйлаганимиздан кўра узоқроқ муддат муаллақ қолиши аниқланди.

Бу яхши хабар эмас, чунки вирус тезда ерга тушмай ҳавода қолса, бошқа одам уни нафас олганда, ютиши мумкин.

Аммо бу эҳтиёт чоралари кўришимизга ёрдам беради.

Чунки шу пайтгача кўп олимлар вирус ҳавода кўп қолиб кетмайди, балки тезда ерга тушади, деб айтиб келишарди.

Иккинчи:

Вирус фақат аксириш ва йўтал билан тарқалмайди.

Кўпчилигимиз аксирган ё йўталган одамдан ўзимизни узоқ тутишимиз кераклигини биламиз.

Лекин вирус ўта майда томчи тарзида ҳам ҳавода анча муддат учади.

Вируснинг ҳавода жуда майда томчи сифатида учиши унинг юқиши ва ёки юқа матоли ниқобдан ўтиши эҳтимолини ошириши мумкин.

Учинчи:

Биз шу пайтгача белгилаган 2 метрлик ижтимоий масофа бино ичида ёрдам бермайди.

Дейлик, супермаркет, ишхона ва ёки кўп одам тўпланадиган бино ичида 2 метрлик масофанинг фойда бериши савол остига тушмоқда.

Ҳозиргача бу масофа энг хавфсиз, деб топилганди.

Айрим мутахассислар вирус икки метрга етмай, ерга тушади, деб айтишган.

Бунинг ортидан баъзи мамлакатларда ижтимоий масофа ҳатто 1 метргача қисқартириб, белгиланганди.

Сурат манбаси, AFP

Тўртинчи:

Кўпчиликда Ковид-19 симптомсиз, яъни ҳеч бир аломатсиз кечади.

Маълум бўлишича, 25-80% одам ўзининг ҳатто касаллигини ҳам билмайди.

Яъни улар коронавирус юқтириб, Ковид-19 касалига чалинган бўлади, лекин касаллик ўзини кўрсата олмай, ўтиб кетади.

Балки болаликда олинган вакциналар ёрдам бераётгандир, деган фаразлар ҳам бор.

Баъзи одамларнинг Т-ҳужайраси коронавируснинг бошқа хилига иммун (ундан ҳимояланган) бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, EPA

Оғир ҳолатларда қон қуюқлашади.

Бунинг ортидан қон томирлар тўсилиб, инсон ҳаёти хавф остига тушиши мумкин.

Лейкоцит ва тромбоцитлар реакцияси қон қуюқлашишига олиб келади.

Бешинчи:

Коронавирус инсон руҳияти ва саломатлигига ҳам салбий таъсир этиши аниқланди.

Масалан, Британияда руҳий тушкунлик ёки депрессияга тушган одамлар сони икки баробар ошган.

Олимларга кўра, вирус кириб борган ва олдинги ҳаёт издан чиққан аксар мамлакатлардаги аҳвол ўзаро катта фарқ қилмаслиги мумкин.

Карантин чоралари боис ёшлар, аёллар ва ногиронлар руҳан энг кўп азият чекмоқдалар.

Маълумки, коронавируслар топилганига анча йиллар бўлган.

Лекин айнан ҳозирги SARS-CoV-2 коронавируси ҳайвондан одамга ўтиб, пандемияга етаклагани айтилади.

Ҳозирча унга қарши бирон вакцина ёки дори узил-кесил тасдиқланмади, дунё аҳолисининг аксар қисмида вирусга қарши иммунитет йўқ.

Шу боис ҳозирча фақат вирусни ўрганиб бориб, ундан ҳимояланиш ва уни енгиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek