Марс миссияларининг қанчаси муваффақиятли бўлган? - Илм-фан

  • Раул Ринкон
  • Илм-фан муҳаррири, BBC News
Maven

Сурат манбаси, NASA

Марсга юборилган миссияларнинг қарийб ярми муваффақиятсиз якунлангани ҳақида кўп гапирилади. Аммо Марсга сафарларнинг нечтаси муваффақиятли ва нечтаси муваффақиятсиз чиққанини ҳисоблаш, бир қарашда осон туюлса-да, анча мураккаб иш.

Агар ҳаммасини шунчаки арифметикага тақасак, муваффақиятли ва муваффақиятсиз Марс миссияларининг фоизини аниқлаш жуда оддий.

Бироқ бу борада муваффақият ва муваффақиятсизлик деганда нима тушунилишини аниқлаш хийла мураккаб иш.

Масалан, британияликлар қурган "Бигл 2" зонди Марс юзасига муваффақиятли қўнганини бир неча йил муқаддам билдик. Ваҳоланки, 2003 йил 25 декабрда сайёра атмосферасига кираётганда у билан сигнал узилиб қолган эди.

НАСАнинг Марс кузатув орбитал аппарати юборган суратлардан кўриш мумкинки, космик кеманинг тўрт "қаноти"дан биттаси очилмай қолган. Ана шу қанотларида қуёш панеллари жойлашган эди. Натижада унинг антенналари ишламаган ва Ер билан алоқа ҳам буткул узилган.

Сурат манбаси, ESA / SPL

Сурат тагсўзи,

Ҳаммаси режадагидек кетганида "Бигл 2" мана шундай кўринарди - сурат чизилган

Сайёра юзига қўниш бўйича бошқа аппаратлар куйиб, бир уюм ахлатга айланиб қолганини ҳисобга олсак, "Бигл 2"ни муваффақиятли қўндирилган деб айта оламизми?

Умуман "Бигл 2" миссиясини, шунча йил ўтиб, қисман муваффақиятли чиққан дейиш мумкинми?

Ёки СССР учирган "Марс 3" аппаратини олайлик. 1971 йил 2 декабрда бу аппарат Марс юзасига қўнган биринчи космик кема бўлганди. Сўнг бу "жасур" аппарат ерга расмларни юбора бошлаганди.

Аммо икки дақиқа ўтгач, унинг сигнали ўчди. Кўтарилган кучли чанг бўрони бунга сабаб бўлиши мумкин.

Баъзи олимларнинг айтишича, кўтарилган чанг натижасида пайдо бўлган электр заряди космик аппаратнинг алоқа қисмларини ишдан чиқарган бўлиши эҳтимоли бор.

"Марс 3"дан аввал Совет иттифоқи "Марс 3М", 2МВ, 2М, 2 ва 3МС аппаратларини биттаси "муваффақиятли" чиққунча учирган эди.

Сурат манбаси, DETLEV VAN RAVENSWAAY / SPL

Сурат тагсўзи,

Советларнинг Марс-3 аппарати алоқа йўқолгунча Марсда 2 дақиқача фаол бўлганди - сурат чизилган

"Марс 3" муваффақиятмиди ёки омадсизлик? Бу борада умумқабул қилинган фикр йўқ.

Бошқа бир омил ҳам бор: Марс миссияси деганда нима тушунилади ўзи? 1988 йили Совет иттифоқи асосий мақсади Марснинг икки табиий йўлдоши - Фобос ва Деймосни ўрганиш бўлган икки космик аппаратни учирди. (Бу аппаратлар қўшимча равишда сайёра юзасини ҳам кузатиши керак эди.)

Бошқарувдаги хатолик туфайли Фобос 1 йўлдаёқ бузилди, бир неча ой ўтгач, Фобос 2 йўқолиб қолди.

Бу икки аппарат ва уларга қўшимча 2011 йили учирилиб, яна ўшандай омадсизликка учраган Фобос Грунтни Марс миссияси дейиш мумкинми ёки Марс ойларига миссиями? Ўзингиз ҳал қилинг.

Бунга қўшимча, айрим миссиялар, жумладан, НАСАнинг "Dawn" ва Европа Фазо агентлигининг "Розетта" космик аппарати Марс ёнидан учиб ўтиб, ўз "манзили" томон кетган. Буларни ҳам ҳисобга олишимиз керакми?

Фазо кузатувчиларининг Марсга йўлланган миссияларнинг ярми муваффақиятли қолган ярми муваффақиятсиз чиққан деб айтишларини тафсилотларини аниқ билмасдан тушуниш қийин.

Бу миссияларнинг самарадорлиги кўрсатгичи пастлиги омадсиз планетар аппаратларни ютадиган "Марс вампир" ҳақидаги латифаларни пайдо қилган. Аммо реаллик анча оддий.

Миссияларнинг омадсизлиги сабаби муҳандислик ишларидаги камчиликлар, дастурий таъминотдаги хатолар, баъзида эса, шунчаки омад келмаслиги билан боғлиқ.

Сурат манбаси, NASA / JPL / Cornell University

Сурат тагсўзи,

Наса аппарати Қизил сайёрада сув бўлганми деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилган - сурат чизилган

НАСАнинг Марс иқлимини ўрганиш бўйича 1998 йили учирилган орбитал миссияси "ўлчов бирлиги қурбони" бўлди. Унинг дастурий таъминоти халқаро стандарт бўйича эмас, империал ўлчов бирликлари асосида тузилган экан. Оқибатда Марс орбитасига кириш вақтида аппарат ҳаракати йўналиши ўзгариб кетган. Шундан сўнг кема Марс атмосферасига кириш вақтида ёниб кетган ёки Қуёш орбитасига тушиб қолган деб тахмин қилинади.

Бу миссия оз бюджет билан жуда катта ишни қилишга уриниш бўлган эди, деган қараш ҳам бор. Ўша вақтда НАСА "Тез, яхшироқ, арзонроқ" деган шиор асосида ишлар эди. Олимлар ҳам ҳазил қилиб, бу шиорга қўшимча қиладилар: "...шундан фақат иккитасини танланг". Бошқача айтганда, бу тизимда шиордаги икки параметрга учинчисини қурбон қилибгина эришиш мумкин.

Шу ва шунга ўхшаш бошқа ютқизишларга қарамай, АҚШ бу борада анчагина муваффақиятларга эришган.

1999 йилдан кейин НАСА томонидан учирилган "Spirit", "Opportunity" ва "Curiosity" марсоходлари, "Mars Odyssey" ва Марсни кузатиш орбитал аппаратлари нафақат кўзланган мақсадни амалга ошира олди, ҳатто муддати ўтгандан кейин ҳам хизмат қилди.

Хуллас, биз навбатдаги марсоход "Perseverance"га омад тилаймиз. У ҳам омадли ярим миссиялар орасидан ўрин олади деган умид бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek