Бутун Осиё иқтисодий таназзулда, Ўзбекистон ўсиши 0,5 фоиз Koronavirus O'zbekiston

Woman in vegetable market

Сурат манбаси, Getty Images

Осиё Тараққиёт Банки(ОТБ)га кўра, бутун Осиё минтақасининг сўнгги 60 йилда ривожланиб келган иқтисодиётларини Covid-19 пандемияси рецессияга етаклаган.

Банк минтақанинг 45 мамлакати иқтисодий вазияти таҳлил қилинган ҳисоботини эълон қилган.

ОТБ ҳисоб-китобича, бу йил Осиё иқтисодиёти 0,7 фоизга қисқаради.

Аммо 2021 йили ўсиш кузатилиши мумкин, ушбу рақам айрим мамлакатларда 6,8 фоизгачани ташкил этиши мумкин.

ОТБнинг Asian Development Outlook Update янгиланган ҳисоботига кўра, Осиё минтақаси мамлакатларининг тўртдан уч қисми бу йил таназзулга юз тутади.

Осиё Тараққиёт Банки йил бошида 2020 йилдаги ўзгаришларга бағишланган ҳисобот эълон қилган, бироқ коронавирус вазияти боис ўз башоратларини яна қайта кўриб чиққан.

Янги ҳисоботда 2020 йилги минтақа Ялпи Ички Маҳсулоти ўсиши атиги 0,1 фоизни ташкил этади деган башорат берилмоқда.

"Осиё ва Тинч Океани минтақасининг аксар иқтисодиётларида 2020 йилнинг қолган қисмида қийин ўсиш кутилмоқда", деб айтган ОТБнинг бош экономисти Ясуюки Савада.

ОТБ башорати Халқаро Валюта Жамғармасининг йил бошида эълон қилган ҳисоботида келтирилган кўрсаткичларга мос келади.

Айни пайтда ОТБ 2021 йилдаги иқтисодий ўсиш натижалари коронавирус пандемияси яна қанча давом этиши ва хасталик тарқалиши олдини олиш мақсадида кўриладиган чораларга боғлиқ бўлишини ҳам эслатади.

Сурат манбаси, Adb.org

Минтақа ва Ўзбекистонга назар

Осиё Тараққиёт Банки Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистон ва Қозоғистон иқтисодлари 2020 йили бошқаларга қараганда коронавирусдан кўп йўқотишларга юз тутади дея башорат қилади.

2020 йили Қирғизистон Ялпи Ички Маҳсулоти таназзули 10 фоизни, Қозоғистонники 3,2 фоизни ташкил этиши мумкинлиги айтилади.

ОТБга кўра, бу йил Туркманистон 3,2 фоизлик иқтисодий ўсишга эришади, Тожикистон ЯИМи қисқариши 0,5 фоизни ташкил этади.

Осиё Банки йил оғир келганига қарамасдан Ўзбекистон 0,5 фоизлик иқтисодий ўсишга эришади дея башорат беради.

Бундан олдин банк Ўзбекистонга 4,7 фоизлик ўсишни башорат қилган эди.

"Ҳукумат(Ўзбекистон ҳукумати) ўсиш 2019 йил биринчи ярмидаги 6 фоиздан 2020 йилнинг ана шу даврида 0,2 фоизга тушгани ҳақида хабар берди", дейилади Осиё Тараққиёт Банкининг ҳисоботида.

"Covid-19 ва талабнинг пасайиши йил бошидаги 4,8 фоизлик саноат ўсишини 1,9 фоизлик қисқаришга туширди, табиий газ ва мис ишлаб чиқариш секинлашиши қазиб олиш ва кончиликни 20,1 фоиз пасайиб кетишига олиб келди".

"Шунга қарамасдан, саноат ишлаб чиқариши 2,2 фоиз ўсди. Пандемия боис жорий этилган локдаун ўтган йилги 12,7 фоизлик хизматлар ўсишини 0,7 фоизлик қисқаришга етаклади", дейилади ҳисоботда.

Пандемия инвестицияларни 12,8 фоизга туширган, ўтган йили сармоялар ўсиши 58,9 фоизни ташкил этгани айтилади.

"Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, кичик ва ўрта тадбиркорликка ёрдам бўлиши учун ҳукумат Ялпи Ички Маҳсулотнинг 1,5 фоизига тенг Аксилинқироз жамғармасини ташкил этди. Босқичма-босқич енгиллаштиришдан кейин ҳукумат бизнеслар ўзини оёққа турғазиши учун август ойида локдаунни олиб ташлади", дейилади ОТБ ҳисоботида.

Ўзбекистон ҳукуматининг кўрган ушбу чора-тадбирларига қарамасдан, ОТБ ўзининг башорат рақамларини камайтирганини билдиради.

Банк 2020 йилнинг етти ойи мобайнида Ўзбекистонда инфляция ўсиши кузатилгани ва 13,9 фоизни ташкил этганини айтади.

Пандемияга боғлиқ узилишлар мамлакатда озиқ-овқат нархларининг қимматлашишига етаклаган, бошқа маҳсулотлар бўйича инфляция аксинча пасайиб 9,6 фоизгача тушган вақтда озиқ-овқат нархлари инфляцияси 15,8 фоиздан 17,7 фоизга кўтарилган.

Ҳаракатланишга жорий этилган чекловлар ва Россиядан пул жўнатмалари озайгани жорий ҳисоб-китоблар тақчиллигини янада кенгайтирган, бу 2019 йил биринчи ярмидаги ЯИМ 6,8 фоизидан 7,7 фоизга чиққан.

Мигрантлар юбораётган пуллар 6 фоиз камайгани, табиий газ ва мисга бўлган талаб ва улар нархининг пасайиб кетиши товарлар экспортини 19,7 фоизга туширгани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek