Навальний ўзининг заҳарланишида Путинни айблади - Rossiya, Navalniy, Putin, yangiliklar

Алексей Навальний

Сурат манбаси, INSTAGRAM/NAVALNY

Россиялик таниқли мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланишидан кейин илк бор Германиянинг Der Spiegel журналига интервью берган. Интервьюда у ўзининг заҳарланиши ортида Россия Президенти Владимир Путин турибди деб ҳисоблашини айтган.

"Мен шуни тасдиқлайманки, бу жиноят ортида Путин турибди. Менда рўй берган ҳодисанинг бошқа версияси йўқ", - деб айтган Навальный.

Навальний даволанаётган Германия расмийларига кўра, мухолифатчи "Новичок" нервни фалажлайдиган модда билан заҳарланган. Буни Франция ва Швецияда ўтказилган лаборатория текширувлари ҳам тасдиқлаган.

Навальнийнинг Германия журналига интервьюсига муносабат билдирган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков унинг айнан "Новичок" билан заҳарлангани исботи йўқ деб айтган. Навальний билан МРБ(АҚШ Марказий Развдека бошқармаси) шуғулланаётган эди, деган Дмитрий Песков.

44 ёшли Навальний 20 август куни Сибирнинг Томск шаҳридан Москвага учиб бораётган пайт ўзини ёмон ҳис қилган.

Самолётни Омск аэропортига қўндиришга мажбур бўлишган.

Икки кун ўтганидан кейин Навальнийни Германиядаги "Шарите" шифохонасига олиб учиб боришди.

Бир неча кун комада ётди.

Ўтган ҳафта Берлиндаги шифохонадан чиқарилди, ўша ерда даволанмоқда.

Дастлаб Навальнийнинг сафдошлари унга заҳарли чой беришган деб тахмин қилишган.

Бироқ пластик идишдаги сувда заҳарли модда топилган.

Алексей Навальний Россияга қайтиш ниятида эканини билдирган.

Айни пайтда Германия ва Франция Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан Россия раҳбариятига босимларни кучайтирмоқда.

"Новичок" совет даврида Ўзбекистон ғарбидаги кимёвий қуроллар лабораториясида ишлаб чиқарилган.

Орол денгизининг жануби-ғарбидаги "Возрождение" оролида жойлашган махфий лаборатория 1990-йиллар охирида АҚШлик экспертлар кўмагида зарарсизлантирилган.

АҚШ Конгресси айни мақсад учун 6 миллион доллар маблағ ажратган.

Путин ашаддий танқидчиси ким эди?

Коррупцияга қарши кампаниялари билан танилган Алексей Навальний Президент Владимир Путин мухолифларининг энг ёрқин вакилига айланган.

У Путин партиясини "фирибгар ва ўғрилар" уяси деб атайди, президентнинг тузумини "Россия қонини сўриб ётганлик"да айблаб, қурилаётган "феодал давлат"ни яксон қилишга ваъда бериб келади.

У ҳукуматга қарши намойишларга етакчилик қилган.

Аммо у ўзининг энг катта орзуси - Путинга сайловда рақиблик қилишга эриша олгани йўқ ҳали:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek