Эронда Ислом динидан чиқиш кўпаймоқда - дин ва дунё, dunyo, Islom dini, yangiliklar

  • Ольга Ившина
  • Би-би-си
Eron

Сурат манбаси, Getty Images

Эронда Ислом динидан чиқиш кўпаймоқда. Исломий мамлакатда бу каби инсонларнинг сони ортмоқда. Улар жонини хатарга қўйиб бўлса-да, диндан воз кечишяпти. Эронда мусулмончиликдан чиққан одам ўлимга ҳукм қилиниши мумкин.

Баъзилар ғайритабиий кучларга бўлган ишончни сақлаб қолса ҳам, лекин маросимларни бажармайди, динни эса тарк этади, айримлари таваккал қилиб бошқа эътиқодларга ўтади, ваҳоланки, Эронда бундай қилганлар ҳаёти билан жавоб бериши мумкин.

Би-Би-Cи Эрон Ислом Республикасининг диний ҳаётидаги сўнгги тенденцияларни ўрганди.

"Бу дунёдаги сўнгги кунимиз бўлиши мумкинлиги аниқ эди. Биз қўл ушлаб, Худо бизга куч беришини сўраб ибодат қилдик. Агар улар бизни қийноққа солса, Худо бизга бардош бериш учун куч беришини сўрадик", дейди ўзларининг ҳибсдаги вақтларини эслаб эронлик 28 ёшли Марям Ростампур ва 31 ёшли Марзия Амиризода.

Қизлар 2009 йилда насронийликни тарғиб қилгани учун ҳибсга олинган. Уларга ўлим жазоси билан таҳдид қилинган. Бу Эрон қонунларида Исломдан бошқа ҳар қандай динни қабул қилганлиги учун бериладиган жазодир.

Яширин черковлар

Марям ва Марзия мусулмон оилада туғилиб тарбия олган. Аммо 2005 йилда иккаласи ҳам евангелист насронийга айланди (протестантизмнинг бир бутоғи).

Катта хавфга қарамай, бир мунча вақт ўтгач, қизлар ўз квартираларида иккита махфий черков очдилар: бири ёшлар учун, иккинчиси фоҳишалар учун.

Eronliklar

Сурат манбаси, MARYAM ROSTAMPOUR

Эронда евангелист насроний жамоалари махфийлик қоидаларига қаттиқ риоя қилади. Ички қоидаларга кўра, диний маросимлар ва учрашувлар фақат жамоага мансубларнинг квартираларида ўтказилади. Бундан ташқари, бундай ҳар бир кичик черковга 12 кишидан ортиқ одам келиши мумкин эмас.

Евангелистлар ўз эътиқодларини Эроннинг турли шаҳарлари аҳолиси почта қутиларига Библияни ташлаб кетиш орқали тарғиб қилмоқда.

"Уч йил ичида биз Теҳроннинг турли жойларида 20 мингта Инжилни тарқатишга муваффақ бўлдик", деди Марзия. Аммо охир-оқибат, қизлар қўлга тушди.

Ҳибсга олингач, улар доимий равишда соатлаб сўроқ қилишга олиб борилар, мажбурий равишда уйқудан маҳрум қилинар, қўрқитилар ва психологик босим остида бўларди. Марям ва Марзия соғлигида муаммолар бўлганда, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмади.

Расман Эрон Ислом Республикаси ҳукумати (бу мамлакатнинг тўлиқ номи шундай янграйди) Исломдан илгариги бошқа яккахудолик динларини тан олади.

Эрон конституциясига кўра, "Китоб аҳли" (Қуръонда улар таркибига Таврот, Эски ва Янги Аҳдни қабул қиладиган қавмлар киритилган) ва зардуштийлар учун ҳатто мамлакат парламентидаги 290 ўриндан бештаси ажратилган.

Мамлакатда мусулмон дунёсидаги энг йирик яҳудийлар жамоаси яшайди. "Китоб аҳли"нинг ўз мактаблари (гарчи одатда уларга мусулмон одам раҳбарлик қилса ҳам) ва ибодат жойлари мавжуд.

Аммо буларнинг бирортаси Эронда секта деб қараладиган евангелист насронийларга тааллуқли эмас.

Сўнгги 30 йил ичида ҳукумат тўртта евангелист руҳонийни ўлимга ҳукм қилди ва уларга эргашган ўнлаб одамлар узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилди (10 йил ва ундан кўпроқ).

Марям ва Марзияга омад кулиб боқди. Фаоллар уларни қўллаб-қувватлаш учун кенг кўламли халқаро кампанияни бошлашди ва натижада қизлар озод қилинди. Шундан сўнг улар Эронни тарк этишди.

Муртадликда айбланганларнинг аксарияти Эвин қамоқхонасида жазони ўтамоқда - бу Эрондаги энг мудҳиш ва таниқли ҳибсхонадир.

"Эвин қамоқхонасидан қайтгач, одамлар ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди. Босим жуда катта. Биз доимийга ўзгардик. Энди биз аввалгидек бахтли бўла олмаймиз. Биз оддий одамлар каби ҳаётдан завқланмаймиз, чунки доим ҳали ҳам ўша ерда, панжара ортида қолаётганлар ҳақида ўйлаймиз", дейди Марям оммавий чиқишларидан бирида.

Тизимга қарши норозилик

Qur'on

Сурат манбаси, Getty Images

Шунга қарамай, 1979 йилги исломий инқилобдан бери барқарор тенденция мавжуд - одамлар Исломни тарк этмоқда.

"Open World" маълумотларига кўра, Эронда насронийларнинг ўзи йилига 20 фоизга ўсади.

"Бизга маълуми шуки, Исломдан бошқа эътиқодларга ўтишнинг аксарияти сиёсий сабабларга кўрадир, - дейди Би-би-сининг Форс хизмати муҳбири Сиаваш Меҳди-Ардалан. - Одамлардаги ёлғон тасаввурлар йўқолади, қаршиларидаги ҳокимият ва тизимдан ҳафсаласи пир бўлади."

"Улар Эрондаги ҳокимият тизими муайян динга асосланганини кўришмоқда. Бу диндан норозилик ва келишмовчилик ифодаси айни пайтда бутун тизимдан норозилик ифодасидир", дейди Меҳди-Ардалан.

Бошқа эътиқодга ўтиб, Эронда яшашни давом эттираётганлар билан гаплашиш деярли имконсиз. Одамлар ҳокимиятнинг таъқиби ва репрессиясидан қўрқиб, янги динларини яширади.

Аммо баъзи маълумотлар диний репрессиялар сабабли Эрондан қочиб чиққанлар орқали тарқалмоқда.

Динини ўзгартирганларнинг айтишича, Эронда тарғиб қилинаётган Ислом уларга тажовузкор бўлиб туюлади ва инсонга жуда кўп чекловлар қўяди.

Шиаларнинг устунлиги ҳақидаги таълимот баъзи одамларни ўзидан итаради ва натижада Эрон шиа оятуллолари ва улар бошқарадиган одамлар ўртасида маънавий жарлик каттармоқда.

Eron

Сурат манбаси, Getty Images

"Одамлар битта Худога ишонишни тарғиб қилувчи динни қидирмоқдалар, лекин шу билан бирга, бу дин у қадар қаттиқ, шафқатсиз бўлмаслиги керак. Кўп одамлар евангелист насронийликка мойил, камига евангелистлар жуда фаол воиз", деб тушунтиради Меҳди-Ардалан.

Эрондаги диний озчиликлар сони тўғрисида ишончли маълумотлар йўқ. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, ҳозирда Эронда камида 360 минг евангелист яшайди (1979 йилда улар сони атиги 500 га яқин эди).

Эронда евангелист таълимотларни тарғиб қилувчи "Элам ҳаракати" маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда бир миллионгача Ислом динидан насронийликка ўтган одамлар бўлиши мумкин.

Ортиб бораётган қизиқиш ва янги издошлар ҳақида зардуштийлик ва баҳоийлар маълумот беришади.

Расмий Теҳрон 82 миллион эронликнинг 99.5 фоизини мусулмонлар (шиалар ва суннийлар) ташкил этишини айтади.

Расмий статистика қанчалик ишончли? Яқинда Нидерландиядан "Gamaan" тадқиқот гуруҳи 50 минг эронлик ўртасида интернет-сўров ўтказди, уларнинг 90 фоизи Эронда яшайди.

Eron

Сурат манбаси, Getty Images

Тадқиқотчиларнинг фикрича, сўровда қатнашганларнинг қарийб ярми диндорликни тўхтатганликлари ёки бошқа конфессияга ўтганликларини айтган. Фақат учдан бир қисми ўзларини шиа, деб таништирган.

Агар бу рақамлар ҳақиқатга мос келса, Эронда диний ҳаёт аҳолини расмий рўйхатга олиш маълумотларига қараганда анча хилма-хилдир.

Масалан, сўровда қатнашганларнинг 8 фоизи "Gamaan"га ўзларини зардуштий эканлигини билдирган. Расмий маълумотларга кўра, Эронда атиги 25 мингга яқин зардуштий бор.

Агар "Gamaan" сўровидан олинган маълумотлар тўғри бўлса, Эронда 6 миллиондан ортиқ зардуштий бўлиши мумкин.

Қанча эронлик аждодларининг қадимий эътиқодини ҳақиқатан қабул қилганини айтиш қийин, аммо зардуштийча тўйлар (рақс ва олов олдидаги ибодатлар билан) сўнгги йилларда шу қадар кўпайдики, ҳукумат уларни 2019 йилда тақиқлади.

Яна бир сабабга кўра, кимнинг маълумоти ҳақиқатга яқинроқ эканини аниқлаш қийин.

Эронда диний ҳаётдаги янги тенденциялар ҳақида журналист ва тадқиқотчиларга кўпинча яқинда мамлакатдан қочганлар ҳикоя қилиб беради.

Улар ўзларининг янги диний қарашларини таъкидлаш учун ҳар қандай усулдан фойдаланади, чунки бу уларга қочоқ мақомини беришни тезлаштириш учун қўшимча асосдир.

Худо ўрнига йога?

Yoga mashg'uloti

Сурат манбаси, Getty Images

"Шуни англаш керакки, эътиқодни ўзгартириш оятуллолар кучига қарши туришнинг энг кенг тарқалган усули эмас. Аксарият одамлар ҳозир янги эътиқодга ўтмаяпти, балки умуман диндан юз ўгирмоқда. Тадрижий дунёвийлашиш жараёни кетяпти", деб таъкидлайди Сиаваш Меҳди-Ардалан.

Диний бўлмаган руҳий амалиётларга қизиқувчилар сони тобора кўпаймоқда, айниқса, ёшлар орасида.

Йога ўқитувчилари Instagram да ўнлаб, баъзан эса юз минглаб обуначи тўплайди.

2019 йилда Эрон полицияси Горан шимолида ўтказилган йога бўйича махсус семинарнинг 30 иштирокчисини ҳибсга олди.

Ушбу янгилик форсий ижтимоий тармоқларда баҳслар тўлқинини келтириб чиқарди.

Эрон Адлия вазирлиги расмийларига кўра, йога талабалари ҳибсга олиниши мумкин, агар улар "номақбул либосда" ёки "ўзларини номақбул тутган" бўлса.

Эрон ҳукумати аралаш гуруҳлар спортига йўл қўймайди (яъни эркаклар ва аёллар алоҳида машғулот ўтказишлари керак).

Эронда ҳам йогани профессионал даражада ўқитиш тақиқланган.

Бироқ бундай тақиқлар эронликларнинг тобора кўпроқ давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар ҳақида ўйлашига сабаб бўлади.

"Репрессив қонунлар ва тизимнинг қотиб қолганлиги туфайли тобора кўпроқ одамлар оятуллолар тарғиб қилаётган Ислом версиясига салбий муносабатда бўлишни бошлайди. Кўпчилик энди эътиқод шахсий нарсадир ва уни бостириш ёки қатъий буйруқлар билан тартибга солиш керак эмас, дея бошлайди", дейди Меҳди-Ардалан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek