Хитой ростдан ҳам 100 миллион камбағални бойитдими? Қиёсий таҳлил - Xitoy, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

  • Жэк Гудман
  • BBC Reality Check
Xitoylik ayol

Сурат манбаси, Getty Images

Хитой президенти Си Цзиньпиннинг айтишича, у ҳокимиятга келган 2012 йилда Хитой ўз олдига қўйган мақсадга етган, 100 миллион хитойликни камбағаллик домидан тортиб олган.

Хитой ўзи нимага эришди?

Биз Хитой ҳукумати берган маълумотларни Жаҳон Банкининг глобал камбағаллик бўйича маълумотларига солиштирдик.

Хитойнинг камбағаллик даражаси бўйича рақамлари

Хитой ҳукуматининг таърифига кўра, камбағаллик қишлоқ жойларда кунига $2.30 доллардан кам даромадга яшашдир (инфляция даражаси ҳисобга олинди).

Бу таъриф 2010 йили белгиланган бўлиб, даромаддан ташқари турмуш шароити, соғлиқни сақлаш ва таълимни ҳам қамраб олади.

Хитой вилоятлари кўзланган мақсадга етиш учун пойга ўйнаб келади.

Масалан, Цзянсу ўтган йили январь ойида 80 миллионлик аҳолисининг 17 миллиони ҳамон камбағаллигини маълум қилган эди.

Хитой ҳукумати қўллайдиган миллий стандарт Жаҳон Банкининг глобал камбағалликни аниқлаш учун ишлатадиган миқдор - $1.90 доллардан бироз баландроқ.

Жаҳон Банки маълумотлари

Бу рақамлардан фойдаланиш бизга Жаҳон Банкининг дунё давлатларидаги вазиятни баҳолаш учун қўллайдиган яхшироқ ҳисоб-китобларни тақдим қилади.

1990 йилда Хитойда 750 миллиондан зиёд одам, яъни аҳолининг учдан икки қисми халқаро белгиланган камбағаллик чизиғидан пастда яшаган.

2012 йилгача бу кўрсаткич 90 миллиондан камроққа пасайди.

Жаҳон Банки тақдим қиладиган энг охирги йил маълумоти - 2016 йилга келиб эса, бу рақам 7.2 миллионга тушган (аҳолининг 0.5 фоизи).

Кўриниб турибдики, ҳатто 2016 йилда ҳам Хитой ўз мақсадига етиш учун яхши ҳаракат қилган.

Бу шуни англатадики, Ҳитойда 30 йил илгаригига нисбатан камбағаллар сони 745 миллионга камайган.

Жаҳон Банки бугунги кунгача бўлган маълумотни бермайди, аммо ўзгариш Хитой ҳукумати эълон қилган йўлдан кетаётгани аниқ.

Минтақадаги бошқа бир давлат Вьетнам ҳам айни шу давр ичида ўта камбағаллик даражасини кескин камайтира олган.

Бошқа бир катта давлат Ҳиндистон аҳолисининг 22 фоиз аҳолиси 2011 йилда (энг охирги маълумот шу йил учун) камбағаллик даражасида эди.

Бразилия аҳолисининг 4.4 фоизи кунига $1.90 доллардан кам даромадга тирикчилик қилади.

Хитойнинг шитоб биланўсиши

Сурат манбаси, Getty Images

Хитойнинг камбағалликни юқори суръатда қисқартира олгани унинг давомли барқарор иқтисодий ўсиши билан боғлиқдир. Мамлакатда асосий эътибор энг қашшоқ қишлоқ жойларига қаратиб келинади.

Ҳукумат узоқ қишлоқлардаги миллионлаб одамни кўп қаватли уйларга кўчирди.

Бу уйлар баъзида шаҳарлар ёки шаҳарчаларда барпо этилган.

Баъзида эса янги қишлоқлар эскиси ёнига қурилди.

Одамларга кўчиш ёки кўчмаслик, ишни ўзгартиришда танлов берилмагани учун танқидлар ҳам бўлди.

Айримлар қишлоқ аҳолисининг камбағаллиги учун сабаб қилиб Коммунист партия сиёсатини кўрсатади.

"Ўтган 40 йил давомида фавқулодда нимадир бўлгани шубҳасиз", дейди "Economist" журналидан Дэвид Ренни.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Хитой қишлоқ жойларида янги уйлар қурди

Шунга қарамай, одамларнинг ўта камбағалликдан олиб чиқилиши фақат ҳукуматгагина боғлиқ эмас, дейди у.

"Хитойликлар қисман қаттиқ меҳнат қилиб, ўзларини қашшоқлик домидан тортиб олган бўлса, қисман уларни қашшоқ қилган раис Маонинг аҳмоқона иқтисодий сиёсатидан воз кечиб, капитализмнинг муайян элементларини қабул қилингани ҳам бунга ҳисса қўшди."

1949 йили Хитой халқ республикасини ташкил қилган Мао Цзэдун 1950 йилларда мамлакат қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш бошида турди.

Унинг 1958 йили бошланган Олдинга Катта Одим сиёсати фермерларни колхозларга бирлаштирди ва қишлоқларда оммавий очарчиликка сабаб бўлди.

Хитой чуқур камбағалликни аритиш учун кўп ишлар қилиб келаётган экан, у баландроқ стандартни ҳам ушлаши керак эмасми?

Масалан, Жаҳон Банки иқтисодий ўсишни ҳисобга олган ҳолда юқори ўрта даромадли давлатлар учун юқорироқ камбағаллик чегарасини белгилайди.

Бунда у кунига киши бошига $5.50 долларни белгилаган.

Хитой ҳозир юқори ўрта даромадли давлат саналади.

Бу стандартга кўра, Хитой аҳолисининг чорак қисми камбағалликда яшайди. Cолиштириш учун, бу Бразилияникидан сал баландроқдир.

Яна даромаддаги тенгсизлик ҳам мавжуд.

Ўтган йили Хитой Бош вазири Ли Кэцян Хитойда ҳамон ойлик даромади $154 доллардан ошмайдиган 600 миллион одам бор деган эди.

У шаҳарда квартира ижара беришнинг ўзи етарли эмас, деди.

Аммо Хитой ўтган ўн йилликларда миллионлаб одамларни энг оғир шароитдан олиб чиқа олди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek