Уйғурлар: Хитой Ташқи ишлар вазири геноцид даъволарини "бемаъни" деди - Xitoy, dunyo, musulmonlar, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Хитой Ташқи ишлар вазирининг айтишича, мамлакати мусулмон уйғурларни геноцид қилаётганига оид даъволар "кулгили даражада бемаъни" ва "мутлақ ёлғон"дир.
Вазир Ван И бу ҳақда ўзининг якшанба кунги матбуот анжумани чоғида тўхталиб ўтган.
АҚШ илова дунёнинг қатор давлатлари Хитойнинг уйғурларга муносабатини геноцидга тенглаштиришган.
Буларнинг барчаси Хитойнинг Шинжондаги "қайта тарбиялаш лагерлари"да зўравонлик ҳолларига оид далиллар ортиб бораётган бир пайтда бўй кўрсатган.
Хитой уйғур аёлларини бичиш ва болаларни ўз оилаларидан ажратишда айблаб келинади.
Би-би-си суриштируви уйғурларнинг мажбуран меҳнат қилдирилаётганига далолат қилган.
Муттасил жинсий зўравонлик ва қийноқларга оид айбловларни юзага чиқарган.
Хитой уйғурлар ва коронавирус мавзусини қандай ёритаётгани боис, BBC World News телеканали намойишини ҳам тақиқлаган.
Сурат манбаси, Reuters
Расмий Пекин Шинжондаги лагерларни "касб-ҳунар ўргатиш марказлари", деб атайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хитой лагерларида камида бир миллионга яқин мусулмон тутиб турилганини айтади.
Расмий Пекин эса, уларни "касб-ҳунар ўргатиш марказлари", деб атайди.
Бу марказларнинг экстремизмни йўқ қилиш мақсадида ташкил этилганини даъво қилади.
Аммо АҚШнинг сўнгги икки Давлат котиби Хитойнинг уйғурларга муносабатини "геноцид"га қиёс беришган.
Яқинда Канада ва Нидерландия парламенти ҳам худди шу каби тўхтамга келган.
БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияси унимиллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш ниятида қилинган хатти-ҳаракатлар, деб таърифлайди.
Геноцидга оид даъволар айрим давлатларда Пекин мезбонлик қилувчи 2022 йилги Қишки Олимпиада Ўйинларини бойкот қилишга оид чақириқларга ҳам сабаб бўлган.
Ван И уйғурлар ҳақида нима деди?
Сурат манбаси, Reuters
Хитой Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Ғарб сиёсатчилари Шинжонда нималар юз бераётгани борасида ёлғонларга ишонишни маъқул кўришмоқда.
Вазирнинг баён қилишича, мамлакати одамларнинг бу минтақага ташрифларини хуш қаршилайди.
"Шинжондаги "геноцид"га оид гаплар кулгили даражада бемаъни. Ғаразли ниятни мақсад қилган миш-миш ва мутлақ ёлғон", - деб айтган Ван И.
Хитой Ташқи ишлар вазирининг бу сўзларидан Рейтер ахборот агентлиги иқтибос келтириб ўтган.
"Геноцид" ҳақида гап кетганда, аксарият одамлар 16-асрдаги туб шимолий америкаликлар, 19- асрдаги африкалик қуллар, 20-асрдаги яҳудийлар ва бугунги кунда ҳам кураш олиб бораётган маҳаллий австралияликлар ҳақида ўйлашади ", - дея мамлакати баъзи танқидчиларини нишонга олган у.
Сурат манбаси, AFP
Уйғур аёллари Хитойдаги 2009 йилги намойиш пайтида
Шу йил январь ойида АҚШ, ўз таъбирида, Шинжонда "геноцид" кетаётгани ва "Хитой партия-давлатининг уйғурларни йўқ қилишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларига гувоҳ бўлишаётгани"ни айтиб чиққан.
Хитой Ташқи ишлар вазири матбуот анжумани чоғида ўзаро алоқаларини яхшилаш учун Америка Қўшма Штатларини "асоссиз" чекловларини бекор қилишга ҳам чақирган.
Президент Жо Байден эса, Хитой билан тобора кучайиб бораётган рақобатни ўз маъмурияти олдида турган асосий муаммолардан бири, деб атаган.
Хитой Ташқи ишлар вазири матбуот анжумани чоғида яна Мяньма ва Гонгконг билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek