Британия: Ўлдирилган қиз тарафдорлари полиция жавобидан ғазабда Britaniya Dunyo

Сара Эверард
Сурат тагсўзи,

Сара Эверард

Британияда полиция қотиллик қурбони бўлган аёл хотирасига бағишлаб истироҳат боғида ўтказилган маросимга қилган қатъий жавоби туфайли танқид остида қолди.

33 ёшли Сара Эверард 3 март куни ўз дугонаси уйидан чиқиб Лондон жанубидаги уйига кетаётганида ғойиб бўлганди. Полиция сафида хизмат қилаётган зобит уни ўғрилаш ва ўлдиришда айбланмоқда. Сараники экани ишонилган жасад қолдиқлари топилган.

Полиция Ковид-19 чекловлари сабаб бу тадбирни ўтказилишига рухсат бермаганди. Хотира тадбирига йиғилган тўрт аёл ҳибсга олинган.

Полиция чекловига қарамай, юзлаб одамлар жамиятдаги аёлларга бўлган зўравонликни қоралаб ўтган шанба куни Сара пиёда босиб ўтган Клапҳам Коммон паркига йиғилишди.

Тадбирда қатнашган журналист Луиз Маклафлин вазиятнинг тезда ўзгарганига гувоҳ бўлган.

«Полиция бостириб келишига нима сабаб бўлганини тушунмайман… Кечки 6:00дан сал олдин келиб қўшилдим. Вазият сокин, жуда ёқимли эди. Тадбир очиқ саҳна атрофида бўлаётганди. Сара хотирасига гуллар, номалар, шиорлар қўйилганди. 6:30 атрофида тадбир қатнашчилари кайфиятида ғазаб сезила бошланди. Одамлар "полиция бизни бостиради", дея қичқира бошлаганлари учун полицияга бу тадбирни назорат остига олиш қарори берилган кўринади. Ўзаро тортишувлар, ёқалашишлар бошланиб кетди. Сарага қўйилган шамлар, гуллар ва шиорлар оёқ остида қолди ва ҳар-ҳар замонда шам шиша идишлари синаётгани эшитиларди», - дейди у.

Дания ал-Обид ҳибсга олинган аёллардан бири эди.

Сурат манбаси, Reuters

«Қўлларимда кишан билан миниванда ўтирар эканман, "бошқа аёллар билан елкама-елка тураман деб келгандим, холос" деган ўй кечарди бошимдан. Бу истагимга йиллаб давом этган қўрқув сабаб. Кичкиналигимиздан тегажоқликни сезамиз, аёлларга нисбатан таҳқирлаш ва зўравонлик борлигидан огоҳмиз», - дейди у.

Ҳибсга олинган яна бир аёл, Жейда Чемберс полиция аёлларга қарши ҳаддан ташқари кўп куч ишлатганини айтади.

«Жуда агрессив эдилар, қўлларимни қайиришди. Қўлларимга кишан солишди. Атрофимдаги гўзал аёллар, бирининг суратини кўргандирсиз, уни ерга ётқизишди. Полициячилар унинг белига оёқлари ва тиззалари билан босишди… Биласизми, агар улар биз билан елкама-елка туриб, бизнинг тарафимизда эканликларини кўрсатишганида, вазият умуман бошқача бўларди, биз тез тарқалардик, орамиздаги бундай фарқ ўрнига бирга эканимизга ишониб, уйга вақтли кетардик», - дейди Жейда.

Британияда полициянинг аёл раҳбари Крессида Дикнинг истеъфосига чақириқлар янграмоқда. Аммо, полиция масалалари бўйича ҳукумат вазири Кит Молтҳауснинг айтишича, полиция ўз олдига қўйилган вазифани бажарди, холос.

Сурат манбаси, PA Media

«Бу кадрларни кўриш жуда қийин, одамлар ғазабини ва телевизор, ижтимоий тармоқлардаги хавотирларини тушуняпман. Лекин, пандемия даврида биз полициядан

жуда қийин вазифани бажаришни талаб қилдик. Йирик йиғинларни тақиқлашдан фақат бир нарса - аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсад қилган. Шу мақсадда қонун ҳам ишлаб чиқилган», - дейди полиция вазири.

Бош вазир Борис Жонсон кадрлардан ўта хавотирда эканини айтди. Айни дамда полиция сафида тадбирга нисбатан кўрсатилган жавоб қанчалар қонуний бўлгани борасида ички тергов очилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek