Мозамбикда исломий жангарилар ёш болаларнинг бошини олмоқда - dunyo, yangiliklar

Mozambikdagi oila

Сурат манбаси, RUI MUTEMBA/SAVE THE CHILDREN

Сурат тагсўзи,

Бу оила жиҳодчилар уларнинг тўнғич фарзандлари бошини танасидан жудо этгач, ўз қишлоқларини тарк этишган

"Болаларни асранг" (Save the Children) ёрдам ташкилотига кўра, Мозамбик шимолидаги Кабо Делгадо вилоятида исломий жангарилар ҳатто 11 ёшли болаларнинг бошини олмоқда.

Бир онанинг ташкилотга айтишича, у бошқа болалари билан яшириниб ётган жойидан 12 яшар ўғлининг бошини қандай олганларини кузатиб туришдан бўлак иложи қолмаган.

2017 йили исломий исёнчилар хуруж қилгандан буён, 700 000 одам ўй жойини ташлаб кетган, 2.5 минги ўлдирилган.

Жангариларнинг ИШИД гуруҳига алоқадорлиги айтилади.

"Болаларни асранг" ҳисоботида айтилишича, ташкилот газга бой бу ўлкадаги даҳшатли манзарани сўзлаб берган қочқинлар билан гаплашган.

Мозамбик ИШИДнинг сўнгги истеҳкомими?

Бир онанинг айтишича, унинг катта ўғлини бошқа болалари билан яшириниб ётган жойга яқин ерда бошини олишган. Хавфсизлиги учун унинг исмини ошкор қилмаймиз.

"Ўша тунда қишлоғимизга ҳужум қилишди, уйларга ўт қўйишди", дейди у.

"Ҳаммаси бошланганда, тўртта болам билан уйда эдим. Биз ўрмонга қочишга уриндик, бироқ улар катта ўғлимни тутиб олиб бошини танасидан жудо қилишди. Биз ҳеч нарса қила олмасдик, чунки бизни ҳам ўлдиришлари мумкин эди."

Бошқа бир аёлнинг айтишича, унинг ўғлини ўлдиришгач, қолган уч боласи билан қочишга мажбур бўлган.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Мозамбик аҳолисининг 18 фоизга яқини мусулмон саналишади

"11 яшар ўғлим ўлдирилгач, қишлоғимда қолиш ортиқ хавфсиз эмаслигини тушундик", дейди у.

"Биз бошқа қишлоқдаги отамнинг уйига қочдик, аммо бир неча кун ўтиб у ерга ҳам ҳужумлар бошланди."

"Болаларни асранг" ташкилотининг Мозамбик бўйича директори Чанс Бриггс болаларга бўлаётган ҳужумларни эшитиб, "суягимизгача зирқираб кетди", дейди.

"Қочқинлар лагеридаги оналар айтиб берган ҳикояларни эшитган ходимларимиз йиғидан ўзини тия олмади", дейди у.

БМТнинг қонундан ташқари жазолар бўйича махсус маърузачиси жангарилар қилаётган ишларни "сўз билан ифодалаб бўлмас даражада шафқатсизлик", деб атади.

Жангарилар кимлар ўзи?

Гарчи бу исёнчилар аш-Шабоб номи билан танилган булса ҳам, унинг Сомалидаги айни шу номдаги жиҳодчи гуруҳга алоқаси йўқ.

Улар ИШИДга иттифоқлик қасамёдини қилган. ИШИД Мозамбикда бир неча ҳужумларни амалга оширганини айтмоқда ва, афтидан, у ўз фаолиятини Мозамбикда "франшиза" қилиш орқали кенгайтиряпти.

АҚШ Давлат департаменти бу гуруҳни "терорчи гуруҳ" сифатида таснифлаган.

Бу гуруҳ ўзининг мақсади, раҳбарияти ва талаблари ҳақида деярли маълумот бермайди.

Ўтган йили бир жангари етакчи видео орқали: "Биз ҳозирги ҳукумат адолатсиз эканини кўрсатиш учун шаҳарчаларни эгаллаймиз. Бу ҳукумат камбағалларни эзади, бошлиқларгагина фойда келтиради", деган эди.

У Ислом ҳақида, "кофирлар ҳукуматини эмас, исломий ҳукумат" исташи ҳақида гапирган, Мозамбик ҳарбийларининг "зўравонликлари"ни қайта-қайта такрорлаб, ҳукуматнинг "адолатсизлиги"дан шикоят қилган эди.

Чанс Бриггснинг Би-би-си Жаҳон хизматига айтишича, бу зўравонликлар ортида нима турганини аниқлаш жуда қийин.

"Мозамбик дунёдаги саккизинчи энг қашшоқ давлатдир. Кабо Делгадо Мозамбикдаги энг камбағал вилоят ва, айни пайтда, минерал ресурсларга бой. Айримлар фикрича, бу ресурслар тенг тақсимланмаётгани тўқнашувларнинг асосий сабабидир", дейди у.

"Аммо, очиғини айтганда, тайинли бир манифест йўқ, шу боис, уларнинг асл мақсадини тушуниш қийин, аммо шуниси аниқки, исёнчилар одамларни ўз жойларидан ҳайдаб юборишга уринмоқда. Улар ёш болаларни ўзларига қўшилишга тарғиб қилади, агар рад қилсалар уларни ўлдиришади, баъзида бошини олишади. Улар одамларни ҳайдамоқда, бу ўйиннинг охири нима бўлиши номаълум."

Кобо Делгадода яна нималар бўляпти?

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Кабо Делгадодаги минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишган

Бу ҳудудда бўлаётган бош олишлар ҳақида биринчи марта хабар берилаётгани йўқ.

Ўтган ноябрь ойида давлат медиаси Кобо Делгадодаги футбол майдонида 50 дан ортиқ одамнинг боши олингани ҳақида хабар берган эди.

Ўтган йил апрелида бир қишлоққа бўлган ҳужумда ўнлаб одамнинг боши танасидан жудо этилган ёки отиб ўлдирилганди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича гуруҳлар жиҳодчиларга қарши операцияларда хавфсизлик кучлари ҳам инсон ҳуқуқларига тажовуз қилиши, жумладан, ўзбошимча ҳибслар, қийноқ ва ўлдиришлар бўлишини айтмоқда.

Мозамбик ҳукумати исёнларни бостириш учун халқаро ёрдам сўраган.

Душанба куни пойтахт Мапутода АҚШ элчихонаси расмийлари айтишича, Америка ҳарбийлари икки ой Мозамбик аскарларини ўқитиши, уларни "тиббий ва алоқа воситалари" билан таъминлашлари мумкинлигини маълум қилган.

"Фуқароларни ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик иштироки АҚШ ҳамкорлигида марказий ўрин тутади. Булар Мозамбикда ИШИДга қарши самарали курашиш учун жуда зарур", дейилади элчихона баёнотида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek