Дайжест. Россия, ЕОИИ: "Патентинг йўқми? Тиббий кўрикдан ўт ва бармоқ изи топшир", Бош вазир эса Россияни мигрантларсиз "эпламоқчи" - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Migrantlar

Сурат манбаси, official

  • Россия Думаси ЕОИИ фуқароларига янги мажбурий талабни маъқуллади;
  • Мишустин ишсизликка қарши курашнинг мигрантларсиз усулини таклиф этди;
  • Татаристон квота асосида ўзбекистонлик мигрантларни ёллашни бошлади;
  • Путин эмланди. У қайси вакцинани олди?;

Россияга киришда мажбурий талаб

Сурат манбаси, official

Россия Федерацияси Давлат Думаси Россияга визасиз мамлакатлардан келган фуқароларнинг мажбурий равишда биометрик маълумотларни тақдим этиш ва тиббий кўрикдан ўтишини белгиловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Бундай қонун Россияга ЕОИИ давлатларидан келган фуқаролардан талаб этилади.

Россия Федерацияси Давлат Думаси Россияга визасиз келган мигрантларни бармоқ излари топшириш ва тиббий кўрикдан ўтишни мажбурий этиб белгиловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, деб ёзади РИA Новости.

2021 йил бошида Россия ҳукумати Давлат Думасига кўриб чиқиш учун хорижликларнинг Россияга киришига оид яна бир қонун лойиҳасини тақдим этди, унга кўра ЕвроOсиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) давлатларидан мамлакатга кирадиган чет элликлардан биометрик маълумотларни тақдим этиш ва тиббий назоратдан ўтиш талаб қилинади.

Айни пайтда амалдаги қонунчиликка кўра, ЕОИИ аъзолигига эга давлатларнинг фуқаролари Россияга визасиз кириши ва 90 кунгача миграцияга оид қўшимча ҳужжатлар (патент каби) мамлакатда бўлишлари мумкин. Янги жорий этилиши кутилаётган ҳужжатга кўра, бармоқ изларининг олиниши вояга етмаганлар ва қариялар учун шарт эмас, этиб белгиланган.

Субсидия ечим бўладими?

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Мишустин мигрантларни жалб қилмасдан, ишсизликка қарши курашишнинг самарали деб билган усулини таклиф қилди.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин муҳожирларни ёлламасдан ишсизлик муаммосини қандай ҳал қилишни топганини билдирди. Унинг фикрича, агар компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бандлик марказларидан одамларни иш билан таъминласалар, уларга давлат томонидан субсидиялар берилиши керак. Мишустин бу усул ишсизлик муаммосининг ечими эканига амин.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, фуқароларни иш билан таъминлаш марказларидан ёллаган компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорларни рағбатлантириш керак.

"Бу ҳар бир янги ишчи учун энг кам иш ҳақи - 12 792 рубль. Тўловлар бир неча босқичда, ишчи бир ой, сўнгра уч ва олти ой ишлаганидан сўнг олинади. Ушбу чора туфайли 220 мингдан ортиқ одам иш билан таъминланиш имкониятига эга бўлади", - деди Мишустин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хизматлар вазири Ирек Файзуллин баёнот билан чиқиб, мигрантларни жалб қилмасдан бу соҳа омон қололмаслигини айтган эди.

Вазир 1,2 миллион меҳнат муҳожирининг қурилиш майдончаларида ишлаши учун уларга Россияга киришни енгиллаштиришни таклиф қилди ва соҳага пайвандчилар бетончилар, ғишт терувчилар каби оддий ишчилар кераклигини билдирди.

"Миллиардерлар" учун гастарбайтерлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK/ARXIV

Маҳаллий нашрлардан бирининг Татаристоннинг қайси ташкилотлари хориждан ишчиларни жалб этиши мумкинлигига бағишланган мақоласи шундай номланган. Мақолада гап асосан ўзбекистонликларни ёллаш ҳақида бормоқда.

"Россия Федерацияси ҳукумати 2021 йилда бутун республика, шу жумладан Татаристон, хорижий ишчи кучини жалб қила оладиган қоидаларни тасдиқлади. Covid-19 тарқалиш хавфи билан боғлиқ ҳолда иш берувчиларга қандай талаблар қўйилади", дейди Татаристон Республикаси Меҳнат вазирлиги бўлим бошлиғи Aзат Aюпов нашрга.

Мақолада келтилишича, 2021 йил ҳисобидан Ўзбекистондан "биринчи қалдирғоч" ҳам етиб келган.

Татаристон Республикасига чет эллик ишчиларни жалб қилиш ва ишга ёллаш бўйича идоралараро комиссия томонидан аризаси маъқулланган биринчи Татаристон компанияси бу ҳафта ўзбекистонлик қурувчиларнинг партиясини Нижнекамскга олиб келди. Бир гуруҳ ишчилар Москванинг Шереметьево аэропортига тушишди ва автобусда карантин учун ётоқхонага олиб кетишди, дейилади хабарда.

Расмийга кўра, одатий квота механизми фақат жорий йилда иш бошлаган. Xорижликларни ишга жалб этиш учун белгиланган талаб бор: иш берувчиларнинг даромади 2 миллиард ва 250 дан ортиқ ходимга эга бўлиши керак.

Путин қайси вакцинани олди?

Сурат манбаси, ALEXEI DRUZHININ/TASS

Путин коронавирусга қарши эмланди, дея маълум қилди Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков. Кремль вакилининг таъкидлашича, давлат раҳбари ўзини яхши ҳис этмоқда ва эртаси кундан тўлиқ иш кунида ишлашда давом этади.

Россия Президенти ўзининг вакцина қабул қилиши ҳақида бир кун олдин маълум қилди. Унинг админстрацияси айнан қайси воситанинг қўлланилиши борасида аниқлик киритмади. Аммо президент эмланадиган вакцина Россияда ишлаб чиқарилган уч воситадан бири бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, Песков Кремль давлат раҳбарининг эмланиши жараёнларидан фотосуратлар ва видеокўринишлар тарқатмаслигини билдирди. Матбуот котибига кўра, президент Россия вакциналарининг оммалаштирилиши учун шундоқ ҳам кўп ишлар қилмоқда.

Россияда учта маҳаллий - "Спутник V", "ЭпиВакКорона" ва "КовиВак" вакциналари қайд этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek