Россия Тергов қўмитаси Москвада намойишга қўйилган инсон таналарини текширмоқчи - Rossiya dunyo yangiliklar

Ko'rgazma

Сурат манбаси, SERGEI SAVOSTYANOV

Москвада илк бор намойиш этилаётган Body Worlds - инсон таналари кўргазмаси баҳс ва жанжалларга етакламоқда. Очилганидан бери турнақатор навбатлар бўлаётганига қарамай, уни тақиқлаш талаблари ҳам кўп.

Россия Тергов қўмитаси ВДНХдаги бу кўргазмани текширадиган бўлди.

Даъволар нима?

Россия Тергов қўмитаси (РТҚ) раҳбари Александр Бастрикин департаментга ВДНХда инсон таналари намойиш этилаётган "Таналар олами" (Body Worlds) кўргазмаси ташкилотчиларига нисбатан текширув ўтказишни буюрди.

"Бир қатор оммавий ахборот воситалари ушбу тижорат кўргазмаси ҳақида салбий фикрларни билдирмоқдалар. Жамоатчиликнинг фикрига кўра, бу ахлоқий қадриятларни бузади, жамиятга нисбатан аниқ ҳурматсизликни кўрсатади ва диндорларнинг диний ҳис-туйғуларига ҳақорат сифатида қаралиши мумкин. Тармоқда ҳам экспозицияни ёпишни талаб қиладиган петиция тарқатилмоқда", дейилади бўлим сайтида.

Бастрикин терговчиларга ушбу кўргазма Россия қонунларига мувофиқ келадими-йўқми, текширишни буюрди.

Бу қандай кўргазма?

Body Worlds - дунёдаги энг таниқли саёҳат кўргазмаларидан бири.

Унинг яратувчиси - пластинлаштиришни ихтиро қилган немис анатомиги Гюнтер фон Хагенсдир. Бу танадаги барча суюқликларни қаттиқлаштирувчи пластик билан алмаштириб, синтетик полимер ёрдамида ўликларни балзамлаш ва сақлаш усули.

Пластинлаштирилган таналар кўргазмаси илк марта 1995 йилда Токиода бўлиб ўтди, шундан сўнг шу каби кўргазмалар Европа, Осиё ва Шимолий Aмерикадаги 50 дан ортиқ турли жойларда ўтказилди. Вақтинчалик кўргазмалардан ташқари, Body Worlds Лондон, Берлин, Aмстердам ва бошқа бир қатор шаҳарларда доимий кўргазмаларга эга.

Ушбу кўргазма Москвага биринчи марта 2021 йилда келди. У 12 март куни ВДНХдаги 21-павильонда очилган ва келгуси йил бошига қадар ишлаши кутилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Кўргазма қарийб бир йил очиқ бўлишига қарамай, иш бошлаган биринчи ойдаёқ уни кўриш учун келганларнинг сони жуда кўп

Пластинли таналар кўргазмаси туфайли фон Хагенс машҳурликка ва давлатга эришди, аммо улар кўпинча жанжалларга сабаб бўлмоқда.

"Марҳумлар тириклигида ихтиёрий топширган"

Фон Хагенснинг ўзи эса бу таналарни инсонларнинг ўзлари ихтиёрий равишда пластинлаштириш учун ҳали тирикликларида мувофиқ шартномани имзолаб эҳсон қилишаётганини таъкидлайди.

Анатомни кўп марта инсон таналари бўлакларини ноқонуний олаётганликда айблашган. Масалан, 2004 йилда Der Spiegel баъзи пластин таналарда ўқ изидан қолган жароҳатлар борлигини ёзган. Хитой анатомга пластинлаштириш учун ўлимга хукм этилган маҳбусларнинг таналарини тақдим этаётгани ҳақида хабар берилди, бироқ бунга исбот топилмади.

Диний уламолар анатомни марҳумларга нисбатан хурматсиз муносабатда айблашди ва инсон танаси бўлакларини кўргазмада намойиш этишга қарши чиқишди.

Фон Хагенснинг энг машҳур ишларидан бири - анатом шахмат тахтаси ёнига ўтказиб қўйган очиқ бош чаноғили пластинлаштирилган танадир. Яна бир машҳур иши - ҳомиладорлигининг саккизинчи ойида вафот этган аёлнинг пластинлаштирилган танаси.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Фон Хагенс ўзи пластинлаштирган инсон танаси билан шахмат тахтаси ёнида

Москвадаги кўргазмага кимлар қарши?

ВДНХ да мазкур кўргазманинг очилиши куни "Россия коммунистлари" партияси Москва мэрияси, Бош прокуратура ва Маданият вазирлигига уни тақиқлаш илтимоси билан мурожаат қилишди.

Партия етакчиси Максим Сурайкинга кўра, "тирик инсонларга жасадлар тўпланмаси қизиқмас" ва ижобий дам олиш муҳити ҳукмрон бўлган ВДНХга бу ҳеч муносиб эмас".

"Бундай кўргазмалар шифокор-анатомлар, тиббиёт йўналиши вакиллари, талабалари каби бу мавзуга алоқадор тор доира учун намойиш этилиши мумкин. Аммо унинг одамларнинг оммавий дам олиш масканларига жойлаштирилиши куфр ва бепарволикдир", деди Сурайкин.

ВДНХ матбуот хизмати бунга жавобан "Таналар олами" кўргазмаси хусусий ва ижарачи ўзи истаган тадбирни ўтказиши мумкин бўлган ижара бинода ўтказилмоқда, деб жавоб берди.

"Тирикларга ҳам, ўликларга ҳам ҳақорат"

Кўргазмага Россия православ черкови жамоаси ҳам тиш-тирноғи билан қарши чиққан. Раҳбарият ва фаоллар марҳумларнинг таналари бу зайлда оммага намойиш этилиши тирикларнинг ҳам, марҳумларнинг ҳам инсоний қадриятларни оёқости қилиш эканлигини ўйлаб кўриш лозимлигини билдиришди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш раҳбари Валерий Фадеев ҳам бу кўргазмани танқид қилди. "Балки бу намойиш "Болаларни уларнинг соғлиги ва ривожланишига зарар етказувчи ахборотлардан асраш ҳақида"ги федерал қонунни бузаётгандир. Бу кўргазма бўйича малакаланган ҳуқуқий баҳо берилиши муҳим, деб ҳисоблайман", деди расмий маҳаллий нашрлар билан суҳбатида.

"Российская газета" нашри 14 март куни кўргазмадаги томоша пайтида бир қизча ҳушидан кетганини ёзди. Хабарда қизалоқ инсон мушаклари кўрсатилган стенд ёнида ўзини йўқотгани билдирилган.

Шундан сўнг "Единая Россия"дан дума депутати Николай Земцов Бош прокуратурадан кўргазманинг қонунийлигини текширишни сўради. Парламентдагиларнинг фикрига кўра, кўргазма ташкилотчиларини РФ Жиноят кодексининг 244-бандига (марҳумларнинг устидан кулиш) кўра жиноий жавобгарликка тортиш лозим.

Ташкилотчилар нима дейди?

"Ротекс" кўргазмалар компанияси ВДНХ даги "Таналар олами" кўргазмасининг Москвадаги ташкилотчисидир.

Кўргазмага танқидлар ёғдирилганидан кейин компания пресс-релизни эълон қилди. Унда ушбу тадбир Россиянинг амалдаги қонунчилиги талабларига жавоб бериши билдирилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, кўргазма танқидчилари Body Worlds ва шу каби бошқа "улкан илмий салоҳиятга эга" кўргазмалар ҳақида "объектив фикрга эга эмаслар". "Таналар олами" ташкилотчилари Кунсткамера, Ленин мақбараси ва Палеонтологик музейни ана шундай кўргазмалар қаторига киритдилар.

Кўргазманинг асосий мақсади, ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ташриф буюрувчиларга инсон танаси тузилиши асосларини ўрганиш, анатомик ва физиологик хусусиятлари тўғрисида илмий билимларга эга бўлиш имкониятини беришдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek