Яланғоч кўча сайри: Эркинликми ё ахлоқсизлик - dunyo, yangiliklar

Британиялик нудист аёл шаҳар чеккасида ялағон сайр қилмоқда

Сурат манбаси, J&DPrice

Сурат тагсўзи,

Донна Прайс ўн йилдан кўпроқ вақт давомида нудистлик қилиб келади

Яланғочлик ё натуризим шайдоси бўлган аёл коронавирус карантини вақтида эри билан бирга кўчада яланғоч сайр қилган. У кийимсиз юрганда нималарни ҳис этиши ҳақида сўзлаб берди. Аммо буни аксар жамиятлар қабул қилмайди. Ташқарига яланғоч чиқиш эркинликми ё ахлоқсизлик?

Натуризм кенг маънода кўчага либоссиз чиқишни англатади. Бу одатга сиз яшаётган маданиятга қараб турлича муносабатда бўлиш, баъзан у жуда баҳсли бўлиши мумкин.

Британиялик натуристлар Донна Прайс ва унинг эри коронавирус карантинлари вақтида об-ҳаво имкон берса, кўчага яланғоч чиқишни одат қилишган.

Яқинда Би-би-сига гапирган Прайс хоним натуризм ҳақида кўпроқ билишни истаганларни уни амалда ўзлари синаб кўришга ундади.

"Натуризмни амалда синаб кўрганингизда буюк озодлик, ҳурликни ҳис этасиз."

"Мен ҳар ким биринчи кунданоқ шунчаки кўчага яланғоч чиқиб кетсин демаяпман. Мен ҳам бундай қилмаган бўларди."

"Сиз аввало ўз терингиз остида ўзингизни қулай ҳис этишингиз керак, бунинг учун аввал ўз уйингизда, ўз боғингизда қилинг буни. Агар қилолсангиз."

"Ёлғиз бўлганингизда ўзингизни бемалол ҳис этинг. Яланғоч бўлиш нормал эканини ҳис қилинг. Ўзингизга нормал бўлса, демак бу аслида ҳам нормал."

Сурат манбаси, J&DPrice

Сурат тагсўзи,

Донна ва эри Жоннинг айтишича, улар билан учрашган саёҳатчилар аксарият ҳолларда шокка тушишмаган

Сексга алоқаси йўқ

Жамоат жойда қандай ва нима кийиш ҳақидаги қонун-қоидалар дунё бўйлаб турлича.

Айрим давлатларда жамоат жойда яланғоч юриш тақиқланган бўлса, рухсат берилган давлатларда эса натуристлар учун муайян йўриқномалар мавжуд.

Агар яланғоч юришдан мақсад одамларнинг жиғига тегиш, қўрқитиш, ноқулай ҳис қилдириш бўлмаса, Британияда жамоат жойда яланғоч юриш тақиқланмаган.

Прайс хоним ўзи ва эрининг яланғоч ҳолатда бажарган кундалик юмушлари, дўстлар билан учрашув, уйда нон пиширишлари, денгизда чўмилганлари, ўрмон кезганлари тасвирланган фотосуратларни социал медиадаги аккаунтига жойлади.

У натуризмнинг сексга алоқаси йўқлигини ҳеч қачон керагича таъкидлаб ўтирмайди.

"Саёҳат, таом, чўмилиш, танишлар билан гаплашиш, натуризм... Булар ўрта ёшдаги аёл учун нормал нарсалар. ПОРНО ЭМАС" деб ёзилган унинг "Twitter" биосида.

Сурат манбаси, J&DPrice

Сурат тагсўзи,

Донна Би-би-сига интервью берганида ҳам уйида яланғоч эди

Илиқ муносабатлар

Прайс хоним "British Naturism"да кўнгилли ва Аёллар натуризмда кампанияси етакчисидир.

У натуризм ҳамма учун тўғри келмаслиги мумкинлиги, жамоат жойдаги яланғочликка нисбатан уят туйғуси борлигини тан олади.

Аммо у яланғоч ҳолатда кўчада юриш, чўмилиш одамда ўзига ишончни кучайтиришига амин. Одамлар орасида унинг бу ишларини тўғри тушуниб қўллаётганлар кутилганидан кўпроқ бўлди.

"Одамларни учратганингизда кўпчиликнинг муносабати ижобий ва кишини рағбатлантиради."

"Аксар ҳолатларда бу улар учун "даҳшатга солувчи нарса эмас", бунга кафолат бераман."

"Кўп одамлар шунчаки "Хайрли тонг" дейдию, ўтиб кетаверади."

"Агар ҳаво салқинроқ бўлса айримлари: "мен сиздек жасур эмасман" дейди."

"Аксар одамлар "қанийди мен ҳам буни қила олсам", дейди. Биз эса уларга "қила оласиз деймиз".

"Биз табиатнинг бир бўлаги эканимизни ҳис қилишдан роҳат оламиз."

"Ҳаво бутун танангизга илиқ таъсир қилиб турганда табиат қўйнида яланғоч бўлиб кўрмаган бўлсангиз ёки кўчага яланғоч чиқмаган бўлсангиз, уриниб кўринг, жуда ёқимли туйғу. Чиндан."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek