Оммавий ифторлар тақиқланади, карантин чоралари кучайтирилади – президентнинг шахсан ўзи айтди - O‘zbekiston Turkiya dunyo koronavirus, yangiliklar

Туркия президенти

Сурат манбаси, official

Туркияда кундалик коронавирус ҳоллари 30 мингдан ошган. Ҳукумат яна карантин чораларини кучайтиришга қарор қилган. Қўшимча чоралар Рамазон ойини ҳам кўзда тутади. Туркияда ўн минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади.

Туркия ҳукуматининг қарори Вазирлар Маҳкамасининг уч соатлик йиғини ортидан янграган.

Anadolu ахборот агентлигининг ёзишича, бу ҳақда шахсан президент Ражаб Таййип Эрдўғаннинг ўзи баён қилган.

Президентнинг чиқишидан маълум бўлишича, Туркиянинг 81 та вилоятидан 58 таси ҳозир "қизил" ёки "ўта хавфли ҳудудлар" сирасига киритилган.

Уларнинг орасида ўзбекистонликлар энг кўп сондаги яшаши айтилувчи пойтахт Анқара ва Истанбул ҳам бор.

Бу вилоятлар ҳиссасига эса, Туркия аҳолисининг 80 фоизи тўғри келади.

Сурат манбаси, Getty Images

Туркия айни пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган ўнта давлатидан биттаси бўлади.

Ҳозирга келиб, Туркияда жами коронавирус ҳоллари расман 3 миллиондан ортган. 31 мингдан зиёд ўлим ҳолати қайд этилган.

Туркия президентининг айтишича, энди дам олиш кунларида "ўта хавфли ҳудудлар"да комендантлик соати тўлиқ амал қилади.

Мамлакат бўйлаб шу пайтгача кечки соат 21:00 дан эрталабки соат 05:00 гача амалда бўлган қисман комендантлик соати ҳам ўз кучида қолади.

Туркияда барча ресторан ва кафелар фақат ярим очилади.

Рамазон ойи ва қўшимча чоралар

Сурат манбаси, NURPHOTO

Президент Эрдўғаннинг чиқишидан маълум бўлишича, коронавирусни жиловлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойини ҳам қамраб олади.

Бу ойда бутун мамлакат бўйлаб оммавий саҳарлик ва ифторликлар тақиқланади, дам олиш кунларида қўшимча чекловлар ҳам киритилади.

Таом ва ичимликларни ресторан ва кафеларга фақат етказишни буюриш ёки олиб кетиш мумкин бўлади, улар бундан ортиқ фаолият кўрсатмайди.

Президентнинг чиқишидан янги чекловлар масжидлар фаолияти ва жамоат намозларини кўзда тутиши-тутмаслиги ноаён қолган, бу ҳақда ҳалича хабар берилмаган.

Туркияда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари шу йил январь ойида, Хитой вакцинаси билан бошланган.

Шу пайтгача мамлакатда 15 миллиондан ортиқ киши, шу жумладан, президент Эрдўғаннинг ўзи ҳам эмланган.

Туркия аҳолиси эса, 80 миллиондан ортади.

Президент Эрдўғаннинг айтишича, хавф даражасига қараб, ҳудудлар харитаси ҳар ҳафта янгилаб борилади, кўрилаётган чоралар ҳам шунга мувофиқ бўлади.

Туркия ва коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Расмий хабарларга кўра, Туркияга коронавируснинг "агрессив" янги уч штамми барчаси кириб борган.

Британчаси ортидан, шу йил февраль ойида Жанубий Африка ва Бразилияда топилгани ҳам аниқланган.

Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар тижорат ва саёҳат илинжида йўл солаётган саноқли давлатларидан биттаси ҳам бўлади.

Глобал коронавирус пандемияси фонида Ўзбекистон аллақачон мунтазам ҳаво парвозларини қайта тиклаётгани хабар берилган мамлакатлардан бири экани кўрилади.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазири орада коронавируснинг хавфли штаммлари мамлакатда шитоб билан тарқалиб бораётганини ҳам айтган.

Коронавируснинг янги штаммлари ўзининг "ўта юқумли" экани билан ажралиб туриши айтилади.

Британча штаммининг эса, бундан ташқари, янада "ҳалокатли" эканига оид хавотирлар ҳам бор.

Туркияда илк коронавирус ҳолати расман ўтган йилнинг март ойида қайд қилинган.

Орада Туркия дунёнинг коронавирус шитоб билан тарқалиб бораётган давлатлари рўйхатидан ҳам жой олган, мамлакатдаги бу каби аҳвол четда жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Худди шу хабарлар манзарасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам ўзбекистонликларга устма-уст мурожаатлар билан чиққани кўрилган.

Туркияда бўлиб турган ёки боришни режалаётган Ўзбекистон фуқароларини сўнгги янгиликдан бохабар этиб, огоҳлантириб келган.

Аммо расмий Анқара, шунда ҳам, кескин карантин чораларига қўл урмаган, жорий этганларини ҳам тезда ва муваффақиятли юмшатган саноқли ҳукуматлардан бири сифатида эътироф этилган.

Сурат манбаси, NURPHOTO

Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.

Коронавируснинг британча штамми саноқли ойларнинг ўзида дунёнинг ўнлаб давлатларига кириб борган, яқинда Ўзбекистонда ҳам аниқлангани расман тасдиқланган.

Британча штамм топилган давлатлар орасида Россия ва Жанубий Корея ҳам бор.

Четдаги Ўзбекистон фуқароларининг коронавирус янги штаммларини юқтирган-юқтирмаганликлари маълум эмас, бу борада ҳозирча бирор бир расмий маълумот кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон мисолида британча штамм манбаси Бирлашган Араб Амирликларидан қайтган ёш фуқароси бўлиб чиққан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek