Дайжест: Ўзбекистонда янги жавобгарлик, "порахўрлар" аниқланди ва учинчи тўлқин келмоқдами? - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

  • Президентни интернетда ҳакоратлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланди;
  • Ўзбекистонда "коррупционерлар"нинг ким экани айтилди;
  • Россия Cовид-19 нинг учинчи тўлқинига ҳозирланмоқда;
  • Ҳайвонлар учун вирусга қарши вакцина рўйхатдан ўтди;
  • 3 та вакцинаси бор мамлакатда эмлаш кўрсаткичи жуда паст;
  • Россияликлар Путин "ибрати"дан кейин ҳам эмланмоқчимас;
  • Песков бунда россияликларни ўзини айблади;

Янги қонунчилик

Ўзбекистонда энди президентни интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 31 март куни "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Бунгача амалдаги бўлган қонунчилик интернетни кўзда тутмаган.

Жавобгарликда фақат президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, мазкур жиноятни матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этиш ҳақида сўз борган.

Расман маълум бўлишича, энди президент имзолаган қонун билан тегишли моддага қўшимча киритилган.

Ушбу қўшимчага мувофиқ, Ўзбекистон президентини телекоммуникация тармоқлари ёки интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жавобгарлик эса, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутиши айтилмоқда.

"Коррупционерлар"

Сурат манбаси, BBC

Ўзбекистонда коррупцияга энг кўп қўл ураётганларнинг кимлиги айтилди.

Бу ҳақда мамлакатдаги етакчи нашрлардан бири бўлган kun.uz хабар берди.

Уларнинг қай бир соҳа вакиллари экани ўтган йил худди шу жиноятни содир этгани учун судланган шахсларнинг расмий статискаси таҳлилига асосланиб айтилган.

Агар, худди шу таҳлил хулосаларига таянилса, улар ишсизлар ва таълим соҳаси вакиллари бўлиб чиқишган.

Бу икковлондан кейинги ўринларни тиббиёт, банк, қурилиш ва ички ишлар соҳалари ходимлари эгаллашган.

Коррупция жиноятларининг энг кўпи - 89,4 фоизи қуйи бўғин (туман (шаҳар) ёки уларга тенглаштирилган) лар ҳисобига тўғри келиши маълум бўлган.

Ўтган йили Ўзбекистонда мингдан ортиқ киши пора бериш моддаси бўйича судланган бўлса, пора олишда айбланганларининг сони бор-йўғи 133 та бўлиб чиққан.

Расмий рақамлардаги бу каби нисбат кўпчиликнинг диққат-эътиборини ҳам ўзига тортмай қолмаган.

Маълум бўлишича, мазкур статистикани 29 март кунги йиғилиш чоғида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси келтириб ўтган.

Танзила Норбоева, "Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда катта ўзгариш бўлмаётгани"ни айтган.

Коррупция ўтган тўрт йил давомида президент Шавкат Мирзиёев энг кўп эътибор қаратган муаммолардан бири экани кўрилган, бу йўлда курашни кучайтириш учун махсус агентликлар қадар ташкил қилинган.

Сўнгги халқаро ҳисоботлар ҳам Ўзбекистон "ҳамон коррупция авж олган давлатлар қаторида қолаётгани"га далолат қилган.

Тўлқин бўладими, йўқми?

Сурат манбаси, EPA

Россия Cоғлиқни сақлаш расмийлари мамлакатда Ковид-19 нинг учинчи тўлқини эҳтимоллари тўғрисидаги фикрлари бир-бирига мос келмади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Татьяна Семенова касалланиш даражаси ва кечиши учинчи тўлқиннинг бўлиши ҳақиқатга тўғри келади, деб айтиш имконини беради, дея ҳисоблайди.

Бу ҳақда "Ведомости" нашри маълум қилди. Aммо Соғлиқни сақлаш вазири ўз ходимининг сўзини "бу ҳақда гапиришга эрта, чунки касалланиш даражаси кун сайин камайиб бормоқда", дея тузатди.

Aйни пайтда, Семенова учинчи тўлқиннинг олдини олиш чоралари аллақачон амалга оширилаётганлигини айтди. Шунга қарамай, унинг сўзларига кўра, баъзи йирик шаҳарларда касаллик юқтириш хавфи жуда катта.

Ҳукумат вакцинация туфайли "иммунитет қатлами" ўсиб бораётганига орқа қилаяпти. Улар жумладан, май ойига келиб москваликларнинг 60 фоизида антителалар пайдо бўлиши кутишаётганини билдиришган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, учинчи тўлқиннинг олдини олиш учун мамлакат аҳолисининг камида тўртдан бир қисми эмланиши керак.

Ит, мушук, тулкиларда синалди

Сурат манбаси, GAVRIIL GRIGOROV/TASS

Россияда Covid -19 га қарши "Карнивак-Ков" ҳайвонлар учун вакцинани рўйхатдан ўтказди.

Россельхознадзор раҳбарининг ўринбосари Константин Савенков журналистларга бу вакцинани "ҳайвонлар учун дунёдаги биринчи ва ягона", деб атади.

Препарат ушбу ташкилотга бўйсунадиган " Ҳайвонлар Соғлигини сақлаш Федерал Маркази" (ФГБУ "ВНИИЗЖ") бюджет муассасаси томонидан ишлаб чиқилган.

"Ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган "Карнивак-Ков"нинг клиник синовларига итлар, мушуклар, тулкилар ва бошқа ҳайвонлар жалб қилинган. Тадқиқотлар натижалари вакцинанинг зарарсизлиги ва унинг юқори даражаси тўғрисида хулоса қилишга имкон беради. Иммуноген ҳайвонларда 100 фоиз ҳолларда коронавирусга қарши антителлар ишлаб чиқилган", - деди бўлим бошлиғининг ўринбосари маҳаллий нашрларга берган интервьюсида.

Расмийнинг билдиришича, Россельхознадзор олимлари препарат қабул қилганидан кейин иммунитет қанча вақт давомида ишлаб чиқилишини ўрганишни давом эттирмоқдалар. Савенков ҳозирча бу кўрсаткич камида олти ойни ташкил қилишини айтган.

Ҳайвонлар учун вакцина ишлаб чиқарувчи мутахассислар апрель ойидан бошлаб уни оммавий ишлаб чиқарилишини ишга тушириш мумкинлигини тахминлашган.

Бор-йўғи 5 фоизга яқин

Сурат манбаси, ANTON NOVODEREZHKIN/TASS

Россияда аҳолини вакциналаш ўтган йилнинг декабридан буён давом этмоқда ва бу жараён суст бораётгани кузатилмоқда.

Коронавирус бўйича тезкор штаб маълумотига кўра, пандемия бошланганидан буён Россияда 4,5 млн дан зиёд киши Ковид-19 билан касалланган, 4 млн дан ошиғи даволаниб чиққан ва 98 мингдан ортиқ инсон вирус туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Россияда Ковид-19 га қарши 3 та вакцина рўйхатдан ўтган ва оммавий ишлаб чиқарилмоқда. Аммо аҳолининг эмланиши кўрсаткичлари анча паст.

Жорий йилнинг март ойи сўнгги кунига қадар Россияда 7 004 336 киши, яъни аҳолининг бор-йўғи 4.77 фоизи вирусга қарши эмланган.

Дунёнинг етакчи мамлакатлари - AҚШ, Хитой ва Буюк Британияда бу жараён жадаллик билан олиб борилмоқда.

Путиндан кейин эмлаш кўпаймади

Сурат манбаси, ALEXEI DRUZHININ\TASS VIA GETTY IMAGES

Дмитрий Песков Кремль Путиннинг вирусга қарши эмлаш тўғрисидаги қарорини эълон қилганидан сўнг аҳолининг коронавирусга қарши эмланиши тезлигини оширишга умид қилганлигини билдирди. Аммо ҳозирча бу рўй бермади.

"Россияликларнинг коронавирус инфекциясига қарши эмлашни истамаслигини уларнинг миллий хусусиятлари билан изоҳлаш мумкин". Бу фикрни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков "Aргументлар ва фактлар" нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Назаримда, бу бизнинг миллий хусусиятларимиз. Умуман олганда эмлашдан шубҳаланаётган одамлар ҳали жуда ҳам кўп ", - деди Песков.

Шунингдек, у ўтган ҳафта эмланган Президент Владимир Путиннинг мисоли мамлакат фуқароларини коронавирусга қарши эмлаш учун фаолроқ рўйхатдан ўтишга ундашига умид билдирди.

Россияликларга вирус таъсир қилмайдими?

Россияда аҳолининг вакциналаш жараёни сустлиги таҳлил қилина бошланди.

Россия Фанлар академияси президенти Aлександр Сергеевнинг сўзларига кўра, Россияда эмлаш даражаси фуқароларнинг пандемиядан чарчаши билан боғлиқ.

"Икки муҳим нуқта - одамларнинг пандемиядан чарчагани ва ҳамма нарса ортда қолаётгани билан боғлиқ. Одамларда пандемия битаяпти, Covid -19 тугатгандан кейин эмлаш нега керак, деган фикр бор. Яна русларга xос бир одат бор: бу бу менга таъсир қилмайди, деб ҳисоблашади" таъкидлайди РФА президенти Александр Сергеев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek