Хитойга қарши гапириш оқибати қандай бўлади? Uyg'ur Shinjon Xitoy musulmonlar dunyo yangiliklar

  • Жоэл Гунтер
  • BBC News
BBC

Хитой қамоқ лагерларида бўлиб чиққан, у ердаги таҳқирлашлар, жинсий зўравонликлар ҳақида ўтган ой гапириб берган аёллар таъқиб ва туҳматларга дучор этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг айтишича, бу каби ҳужумлар қарши гапирганларнинг овозини ўчириш учун Хитой томонидан амалга оширилаётган тажовузкор кампаниядир.

Сурат манбаси, Jeremy Meek/BBC

Сурат тагсўзи,

Қалбинур Содиқ Нидерландиядаги уйида

Видео қўнғироқ бўлганда Қалбинур Содиқ нонушта қилаётган эди. У синглиси исмини кўриб, асабийлашди. Иккиси охирги марта гаплашганларига ҳам кўп ойлар бўлиб кетган эди. Қалбинур Хитойдаги оила аъзолари билан гаплашмаганига ҳам анча бўлган.

У Нидерландиядаги асосан Африкадан келган бошқа қочқинлар билан бирга турган муваққат уйи ошхонасида эди. Икки ҳафта бурун у ва яна уч аёл Би-би-сига Хитойнинг Шинжон минтақасидаги яширин қамоқ лагерларида аёлларнинг қийноққа тутилиб, зўрланиши ҳақида гапириб берган эди. Қалбинур ўша лагерлардан бирида мажбуран муаллимлик қилган.

Энди эса унга синглиси қўнғироқ қилиб турибди.

У жавоб бериш тугмасини босди, аммо экранда пайдо бўлган одам синглиси эмас, Шинжондаги у яшайдиган ҳудуд полицияси ходими эди.

"Қалбинур нима қиляпсан? - деди у жилмайиб. - Ким билансан?"

Бу офицернинг унинг синглиси телефонидан биринчи марта қўнғироқ қилиши эмас. Бу сафар Қалбинур скриншот олди. Скриншот овози эшитилгач, офицер рақамланган камзулини ечиб қўйди, дейди у. У яна бир скриншот олди.

"Яхшилаб ўйлаб кўр!"

Ўтган ҳафталар мобайнида Би-би-си билан суҳбатларда Шинжонни тарк этган 22 киши инсон ҳуқуқларининг топталиши ҳақида гапирмасликлари учун ўзларига қарши турли таҳдидлар, таъқиблар бўлаётгани, жамоатчилик босимлари ўтказишга уринилаётганини айтиб берди.

БМТ ҳисоб китобига кўра, Хитой миллиондан ортиқ уйғурни ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқда сақламоқда. Хитой давлати инсон ҳуқуқлари бузилишига доир бир талай айбловлар, жумладан, мажбурий меҳнат, аёлларни бичиб қўйиш, қийноқ, зўрлаш ва геноцид айбловларига юз тутиб келмоқда. Хитой эса бу айбловларни рад этиб, бу лагерлар террорчиликка қарши курашиш учун қурилган "қайта ўқитиш" масканлари деб айтади.

Шинжондан қочган ва очиқ гапирганларнинг аксарияти ўша тонгда худди Қалбинур қабул қилган каби уларнинг оилавий уйларидан туриб полиция офицерлари ёки ҳукумат расмийлари қилган қўнғироқларни қабул қилган. Баъзида қўнғироқ орқали уларга Шинжондаги оилаларини ўйлаш ҳақида мужмал маслаҳатлар берилган, баъзида эса яқинларини қамаш ва жазолаш билан очиқча таҳдид қилишган.

Бошқалари эса матбуот анжуманлари ва давлат ОАВ видеолари орқали ёмонотлиқ қилинган ёки хабарлар оқими бўлган ёки телефонларига ҳакерлар ҳужум қилган. (Ўтган ҳафта "Facebook" Хитойдан туриб қилинган, уйғур фаолларини нишонга олувчи ҳаракатларни аниқлаган эди.)

Би-би-сига АҚШ, Британия, Австралия, Норвегия, Нидерландия, Финляндия, Германия ва Туркиядан туриб гапирганлар "WhatsApp", "WeChat" ва "Facebook" орқали ўзларига қилинган таҳдидларнинг скриншотларини тақдим қилди. Бошқалари эса телефон ёки видео қўнғироқ орқали қилинган таҳдидларни батафсил сўзлаб берди. Уларнинг ҳар бири Шинжондаги оилалари маҳаллий полиция ёки давлат хавфсизлик расмийлари томонидан ушлаб турилгани ёки қўрқитилганини тасвирлаб берди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Шинжондаги "касб-ҳунар ўргатиш маркази" деб ном берилган муассаса дарвозаси

Қалбинур Содиқ ўша тонгда синглисининг телефонидан қилинган қўнғироқ ҳақида гапирар экан, бошини чангаллаб йиғлаб юборди.

"У менга "Ёдингда тут барча оила аъзоларинг ва яқинларинг биз билан. Бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўр" деди".

"Буни у бир неча марта такрорлади ва "ҳозир хорижда яшаяпсан. Анчагина дўстинг бўлса керак. Менга исмларини бера оласанми?" деб сўради."

У исмларни беришни рад этганда, офицер телефонни синглисига тўғрилаган, синглиси эса "ўчир овозингни. Овозингни ўчиришинг керак, ҳозироқ" дея бақирган. Кейин турли ҳақоратлар янграган.

"Ўша пайтда ўзимни тийиб тура олмадим, - дейди Қалбинур. - Кўзимдан ёш оқарди."

Офицер алоқани узишдан олдин унга Хитой элчихонасига бориши кераклиги, элчихонадагилар унинг Хитойга қайтишини ташкиллаштиришини айтган - бу каби қўнғироқларда кўп бериладиган топшириқлар.

"Бу давлат сенга қучоқ очади", деган офицер.

"Аёлга нафрат коммуникация усули сифатида"

Бу каби таҳдидлар ҳақидаги маълумотлар янгилик эмас, аммо уйғур фаолларининг айтишича, Хитой Шинжондаги ҳуқуқбузарликлар борасидаги даъволардан қаттиқ ғазабда ва янада тажовузкорлашган. Хитой ҳукумати кейинги ҳафталарда оммавий тарзда қоралашларни бошлаган, аёлларни камситувчи - мизогинистик ибораларни қўлламоқда.

Яқинда бўлган матбуот анжуманида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Ван Вэнбин ва Шинжон расмийси Сюн Гуйсян лагерлардаги жинсий зўрликлар ҳақида гапирган аёлларнинг суратларини кўрсатиб, уларни "ёлғончи" деб атади. Бирини "ахлоқан бузуқ", бошқасини эса "тубан феълли" деди, яна бирини зинокорликда айблади. Давлат ОАВлари намойиш қилган бир видеода аёллардан бирининг эри хотинини "ахлоқи бузуқ қанжиқ" деб атади. Яна бир аёлни Хитой расмийси "ифлос" деб атади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Ван Вэнбин ўтган ой Пекиндаги матбуот анжумани пайти жинсий зўравонлик ҳолатларини фош қилган аёлларнинг суратларини кўрсатди.

Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Ван ҳатто шахсий тиббий ёзувларини ошкор қилиб, аёлга ҳомиладорликдан сақловчи спирал мажбуран қўйилмаганини асосламоқчи бўлди. Расмийлар аёлларнинг ҳомиладор бўлиши камайишига жисмоний зўрликлар эмас, лагерда тарқалган жинсий касалликлар сабабли эканини даъво қилди ва турли тарғибот материалларини кўрсатиб, аёлларни "актрисалар" деб атади.

Ҳозирда АҚШда яшаётган, лагердаги собиқ тутқун Турсуной Зиёвуддин ҳам матбуот анжуманида нишонга олинган аёллардан бири. У видеони кўрганида Ван унинг оиласи ҳақида гапирмаганидан енгил тортганини айтади, аммо бошқаларнинг аҳволига "қаттиқ" ачинган. Турсуной аввалроқ 2018 йили Шинжондаги лагерда бўлганида жинсий зўрланиб, қийноққа тутилгани ҳақида сўзлаб берган эди.

"Менга шунча азобни бергандан кейин ҳам, улар қандай қилиб яна бу қадар шафқатсизлик ва уятсизлик билан менга омма олдида ҳужум қилмоқда?" дейди у телефон орқали матбуот анжуманидан сўнг.

Турсунойга ва бошқаларга қилинган ҳужумлар кўрсатадики, Хитой "мизогиния(аёлга қарши нафрат)ни жамоат билан алоқалар усули сифатида қабул қилибди", дейди Жоржтаун университети Хитой тарихи профессори Жеймс Милуорд.

"Бизга турли аёллар келиб, ўзларини қандай таҳқирлашгани ҳақида ишончли ҳикояларни сўзлаб беряпти, - дейди у. - Ва бунга бўлаётган муносабат жинсий зўравонлик ва жинсий жароҳат ҳозирда қанчалик хато тушунилаётганини кўрсатади. Бу ҳолат даҳшатли бўлишидан ташқари, Хитой давлати учун ҳам тескари натижа беради."

Хитойнинг Лондондаги элчихонаси Би-би-сига айтишича, Хитой ўз мавқеида қаттиқ туради, аёлларнинг жинсий зўрлик ва таҳқирлаш ҳақидаги гаплари ёлғон ва шахсий тиббий ёзувларни далил сифатида оммага ошкор қилиш тўғри ишдир.

Сурат манбаси, Hannah Long-Higgins/BBC

Сурат тагсўзи,

Турсуной Зиёвуддин ўтган ой АҚШдаги уйида

Би-би-сига гапирган бошқа икки аёл ҳам Хитой давлат медиаси томонидан намойиш қилинаётган махсус уюштирилган видеолар нишони бўлган. Бу видеода уларнинг дўстлари ва оилалари уларни пул ўғирлаш ва ёлғон гапиришда айблайди. АҚШда жойлашган Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ўтган ой эълон қилган ҳисоботига кўра, Хитой камида 22 та видеони кўрсатган ва уларнинг барчасида одамлар аввалдан ўзларига ёзиб берилган матнларни ўқиб беради, четдаги оила аъзоларини ёлғончи ва ўғри сифатида кўрсатади.

Британиядаги уйғур қочқини Азиз Исо Элкун йиллар давомида қари онаси ва опаси билан гаплаша олмаганини, кейин улар Хитой медиасида кўриниш бериб, уни ёлғончи ва ўғрига чиқарганини айтади. Элкуннинг айби Шинжондаги уйғур қабристонлари, жумладан, отасининг қабри ҳам вайрон қилинганига ҳамманинг эътиборини қаратгани бўлган.

"Улар айтаётган гаплар аввалдан ёзиб берилганини билиш осон, аммо қари онамнинг Хитой тарғибот фильмида кўриш жуда оғир", дейди Элкун.

Қалбинур Содиқ ҳам бирор кун келиб унинг эри ҳам шундай видеоларда чиқиб қолишидан хавотирдалигини айтади. Эри унга ўтган йил охирларида Хитой расмийлари уларнинг Шинжондаги уйига келгани, хотини ёлғончи деб айбланган матнни ёдлашга мажбурлашганини айтиб берган экан. У матнни ёдлашга роса қийналиб, тўрт соат урингани, сўнг тасвирга олиганини айтган.

Сурат манбаси, Jeremy Meek/BBC

Сурат тагсўзи,

Қалбинур Содиқ яқинда қочқинларга мўлжалланган уйга кўчган

"Эҳтимол ҳамкорлик қилармиз"

Би-би-сига гапирганлар тасвирлаб берган яна бир босим, бошқа уйғурлар ва Хитойни кузатадиган ташкилотларга қарши жосуслик қилишга мажбурлашдир. Бунинг эвазига оиласи билан гаплашиш, қариндошлари хавфсизлиги, паспорт ва виза олиш имконини беришга ваъда қилишади.

Британия фуқароси бўлган, номини ошкор қилишни истамаган бир уйғурнинг айтишича, Шинжонга сафари чоғи ва кейин Хитой жосуслик расмийлари уни тинимсиз равишда кўнгилли сифатида қўшилволиб, уйғур гуруҳлари ва "Amnesty International"га қарши жосуслик қилишга ундаган. У буни рад этганда эса акаси қайта қайта қўнғироқ қилиб, таклифга кўнишини сўраган.

Туркияга ўқиш учун Шинжондан кетган Жавлон Шермуҳаммад оиласининг ҳибсга олингани ҳақида ижтимоий тармоқда пост қўйганидан бир неча ҳафта ўтиб қилинган қўнғироқ ёзувини Би би сига берди. Ўзини Хитойнинг Анқарадаги элчихонасидан деб таништирган овоз эгаси Жавлонга "Шинжондан кетганингдан бери алоқада бўлган барча одамлар исмларини ёзиб бериш"ни ва "электрон почта орқали ҳозир қилаётган ишлари ҳақида ёзиб юбориш"ни сўраган. Туркиядаги бошқа бир уйғурга ҳам айни шу элчихонадан қўнғироқ бўлган.

Ота онаси Шинжонда тутқунликда бўлган, АҚШда яшовчи 34 ёшли фаол Мустафо Оқсу Би-би-сига ҳозир Хитой полициясида ишлаётган синфдоши уйғур фаолларга қарши жосуслик қилишга ундаб юборган овозли ва матн хабарларни кўрсатди.

"У менга "Балки ҳамкорлик қилармиз. Ота онангни соғинганингга аминман", деди".

Сурат тагсўзи,

Жавлон Шермамат онасининг озод этилишини талаб қилмоқда

Ҳамма ҳам бу каби ундовларни рад қилолмаслигини ўзлари ҳам билади. "Агар йўқ десам, улар укам ва синглим орқали сўрашади", дейди Туркиядаги уйғур талаба. У ҳам полиция юборган хабарлар скриншотини кўрсатди. "Улар укам ва синглимни концлагерга юборишлари мумкин. Олдимда яна қанақа йўл бор?" дейди у.

Айримлар имкон қадар алоқа воситаларини узиб қўйиш билан ўзларини ҳимоя қилишга уринадилар. "Телефонни ташлаб юборишингиз, рақамни ўчиртиришингиз мумкин, - дейди Норвегияда яшовчи уйғур тилшуноси Абдували Айюб. Аммо рақамни ўчиртирсангиз, "Facebook" орқали чиқишади. Аккаунтингизни ўчирсангиз, электрон почтангизни топишади."

Айримлар қочиб беҳуда уринишади. Нидерландиядаги бир уйғур қочқини айтишича, у ҳамон ота онаси ва ўғлига расм ва эможилар юборади. Рақами блокланганига 4 йил бўлган. "Эҳтимол бирор куни кўриб қолишар", дейди у.

Суҳбатлашганлар Би-би-сига тақдим қилган қўнғироқ ва хабарлар эгаларини мустақил тарзда текшириш имкони йўқ, аммо уйғур ҳуқуқ фаоллари айтишича, уйғурларни Хитой ҳукумати фойдасига жосуслик қилишга ундаш кенг тарқалган.

"Аввалига таклиф қилишади, визангда муаммо бўлмайди, оилангга ёрдам берамиз қабилидаги ваъдалар берилади, - дейди Британиядаги уйғур фаоли Раҳима Маҳмуд. - Кейин таҳдидлар бошланади.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Би-би-сига айтишича, "Британиядаги уйғур диаспораси Хитой расмийлари томонидан таъқиб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар яқиндан кузатиляпти". Ва вазирлик "бу масалани Лондондаги Хитой элчихонасига бевосита билдирган".

Хитойнинг Лондондаги элчихонаси Би-би-сига айтишича, бу даъволар "буткул хато". "Би-би-сининг Хитойдан ташқаридаги "Шарқий Туркистон" унсурлари айтган гапларга осонгина ишониши тушунарсиз", дейди элчилик вакили Шинжоннинг "бошқа бир номини тилга олиб.

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи,

Ўтган ой Истанбулда норозилик намойишига чиққан Уйғурлар ўзларини Хитойга депортация қилинишидан хавотирдалар

Шинжондаги ҳуқуқбузарликлар бўйича хабарлар сабабли кўтарилаётган оммавий норозиликка қарамай, бу ҳақда очиқ гапирган уйғурлар сони тутқунликда бўлганларига нисбатан анча оз. Хитой қўрқитиш орқали одамлар овозини муваффақиятли ўчирмоқда, дейди АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссари Нури Туркел.

"Миллионлаб уйғурлар лагерларга жўнатилмоқда, шунга қарамай, жуда оз уйғурлар ўз яқинлари қамалгани ҳақида ошкора гапиради, - дейди Туркел. - Нега? Чунки қўрқишади?"

Хитойни танқид қилган айрим уйғурларгина яқинлари билан қисман алоқа қила олади. АҚШдаги таниқли фаоллардан Фурқат Жавдат онаси билан уни озод қилиш учун оммавий кампания уюштирганидан сўнг энди мунтазам гаплашиб турибди. Онаси уй қамоғида, унинг ташқи дунё билан қўнғироқлари доимий кузатиб турилади.

Нега айрим уйғурлар босимга учрайди, бошқалари эса йўқлигини тушуниш қийин. Айримлари уйидагилар билан гаплаша олади, бошқалари эса йўқ. Айримлар Хитой қўрқитиш ва меҳрибонлик билан синаб кўряпти деб гумон қилади. Оиласидан узиб қўйилган минглаб одамлар учун эса бу шунчаки шафқатсизлик ва ўзбошимча қарордек туюлади.

Жавдат онасини тириклигида кўриб қолиш эҳтимоли камайганини билади, шунинг учун телефон орқали гаплашишса, эҳтиёткорлик билан сўзлашишади. Бир гал у онасига унинг Хитой давлат медиасида чиқиб, ўғлидан номус қилишини айтгани ҳақида гапирди. У буни билишини, бир неча кун илгари тасвирга олиш учун келишганини айтди. "Қандай кўринарканман?" деб ҳазиллашди она. Сўнг хавфли бўлса да, ўғлига у билан фахрланишини айтди.

"Бу аввалдан ёзиб берилмаган гап эди", дейди Жавдат.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek