НАТО: Россия Украина яқинида қўшинларини йиғаяпти NATO Rossiya Ukraina Qrim

Russian self-propelled guns, Opuk range in Crimea, 19 Mar 21

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Россия Қримда ҳарбий-ўқув машқлари ўтказган

Россиянинг Украина чегарасига яқин жойда катта сондаги Россия ҳарбийлари тўпланаётгани хабарлари тарқалган пайтда Россия Украинага кўмак учун НАТО қўшинларидан юбориш оқибатларидан огоҳлантирди.

Кремль воизи Дмитрий Песков сўзларига кўра, агар НАТО шундай қиладиган бўлса, Россия "қўшимча чораларга қўл уради".

Украина шарқида аҳён-аҳёнда унча катта бўлмаган тўқнашувлар Украина ҳарбий кучлари ва Россия дастаклайдиган сепаратист кучлар ўртасида рўй бериб турибди.

Европадаги АҚШ қўшинлари ўта жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилган, бунга ҳудудда "Россия тажовузкорлиги ортгани" сабаб қилиб кўрсатилган.

НАТО расмий мулозимининг Рейтер ахборот агентлигига айтишича, Россия Украина шарқида тарангликни юмшатиш мақсадидаги саъй-ҳаракатларни издан чиқариб келмоқда ва 1 апрель куни НАТО элчилари вазиятни муҳокама этиш учун масжлисга йиғилганлар.

"Иттифоқчилар Украина ва унинг атрофида Россиянинг яқиндаги кенг миқёсдаги ҳарбий фаоллигидан хавотирларини изҳор этдилар", деб айтган НАТО расмийси.

Ушбу танқидларга Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам қўшилган, "чегараларда ҳарбий машқлар ўтказиш ва эҳтимолий провокациялар уюштириш Россиянинг анъанавий ўйинлари", деб айтган.

2 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский ва АҚШ Президенти Жо Байден телефон орқали сўзлашганлар, телефон мулоқотида Президент Байден "Россиянинг Донбас ва Қримда давом этаётган тажовузи қаршисида Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини букилмас қўллаб-қувватлашини айтган", дейилади Оқ Уй тарқатган баёнотда.

Айни пайтда Кремль сўзчиси Дмитрий Песков Украина қўшинларини Украина шарқидаги уруш жабҳасида "провокациялар уюштираётганлик"да айблаган.

Шарқда эришилган нозик ўт очиш тўхтатиш келишуви ҳар куни бузилиши кузатиб турилади.

Украина Ташқи Ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг Би-би-сига айтишича, Украининг Россияга туташ шимолий чегарасида "ҳамда ноқонуний босиб олинган Қрим" ҳудудида Россия ҳарбийлари тўпланаётгани кузатилган.

"Шундай қилиб биз уч тарафдон Россия Федерацияси ҳарбийлари йиғилаётганини кузатаяпмиз. Украина вазиятни оғирлаштирадиган бирор нарсани хоҳлаётгани йўқ - бизга уруш керак эмас", деб айтган жаноб Кулеба.

Охирги ойлардаги энг йирик қон тўкилиши 26 март куни рўй берган: бўлгинчиларнинг артиллерия ҳужумида тўрт Украина аскари ҳалок бўлган. Ўшандан буён ҳар куни тўқнашувлар бўлиб турибди.

Россия ҳарбий ҳозирлиги миқёси нақадар катта?

Март ойида Россия 2014 йили босиб олган Қора денгиздаги Қрим ярим оролида ҳарбий-ўқув машқлари ўтказган.

Украина шарқидаги Донбас минтақаси жангарилари ҳам Россиядан ҳарбий дастак олиб туришади.

Ғарб ҳукуматларига кўра, бу ҳудудга Россия ўзининг мунтазам қўшинларини, оғир артиллериясини жойлаштирган.

Бу хабарларни Кремль рад этиб келади, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларида мустақилликлари эълон қилган россияпараст бўлгинчиларга Россиядан "ўз ихтиёрлари билан борган россияликлар" ёрдам бераяпти, дейди.

Twitterда тасдиқланмаган видео тарқалган, унда Украина чегарасига қараб ҳаракатланаётган Россия танклари, артиллерияси ва зирҳли техникаси тасвирга тушган.

Украина армияси қўмондони генерал Руслан Хомчак сўзларига кўра, Россия Украинанинг шарқий чегаралари ва Қримга 28 батальон жойлаштирган, бу тахминан 20, 25000 қўшин деганини англатади.

Россия расмийлари бу хабарни тасдиқламаганлар.

Генерал Хомчак айтишича, Украина шарқига 3000 га яқин Россия офицери ва ҳарбий инструкторлари йўлланган.

"Россия Федерацияси ўз қўшинларини ўзининг ҳудудида эҳтиёткорлик юзасидан жойидан силжитмоқда. Бу нарса ҳеч ким хавотирлантирмаслиги керак, чунки бу нарса ҳеч кимга хавф туғдирмайди", деб айтган Дмитрий Песков.

Россия ҳарбийлари шу йил Волгоград шаҳридан 4000 тача десантчини Қримга жойлаштирганини тасдиқлаганлар.

2014 йилдан буён Россия Қримдаги, шу жумладан, ҳарбий денгиз флоти жойлашган Севастополь шаҳрида ҳарбий ҳозирлигини кучайтириб келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek