Бола тарбиялашнинг ғарбча усули хатоми? Dunyo madaniyat tarbiya

  • Келли Оукес
  • BBC Future
A woman from the Turkana tribe carries a baby on her back at the Lake Turkana Festival in Loiyangalani, near Lake Turkarna in Northern Kenya on May 19, 2012

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Болани кўтариб юриш дунёнинг турли маданиятларида турлича

Болангизнинг бошқа алоҳида хонада ухлаши ёки уни болалар аравачасида олиб юришингиз парваришлашнинг тўғри йўлими?

"У ҳали ҳам ўз хонасида эмасми?" Бу савол яқинда фарзандлик бўлган янги ота-оналар оғзидан тез-тез эшитилиб қолади. Аммо ота-онанинг болалардан алоҳида ухлаши нисбатан кейинги даврларда пайдо бўлган одат саналади ва бутун дунёда кенг тарқалмаган. Дунёдаги бошқа маданиятларда ота-она ва боланинг битта хонада яшаши, ҳатто битта ўринда ётиши нормал ҳолат саналади.

Бу ғарбона бола парваришидаги ягона янгича жиҳат эмас. Болани кундузи муайян вақтда ухлашга ўргатишдан тортиб, аравачада сайр қилдиришгача, биз стандарт бола парвариши деб ҳисоблайдиган одатлар ҳар нима бўлганда ҳам, стандарт эмас.

АҚШ ва Британияда ота-оналарга болаларини камида олти ойлик бўлгунча ёнларида олиб ётиш маслаҳат берилади. Аммо буни кўпчилик энагалик йўлидаги бир бекат деб тушунади.

Дунё бўйлаб аксар жамиятларда болалар ота-онаси билан узоқроқ вақт бирга бўлади. Бу борада 2016 йилги ўрганишларга кўра, болаларнинг ота-онаси билан нафақат бир хонада яшаши, балки битта ётоқда ётиши Осиё давлатларида кенг тарқалган: Ҳиндистон ва Индонезияда 70 фоиздан ортиқ, Шри-Ланка ва Вьетнамда 80 фоиздан ортиқ. Африка давлатларида бу борадаги маълумот кам. Аммо бор маълумотлар ҳам бу одат анча оммавий эканини кўрсатади.

Дебмита Дутта Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида шифокор ва педиатр-консультант. Унинг айтишича, Ғарб таъсирига қарамасдан, Ҳиндистонда ҳатто қўшимча хоналар бўлганда ҳам, болани бирга олиб ётиш кучли анъаналигича қолмоқда. "Тўрт кишилик оилада учта хона бор, ҳар бир бола ва ота-она учун биттадан хона етади. Аммо болалар ота-онаси ёнида ухлайди. Бу жуда кенг тарқалган", дейди у.

Бирга ухлаш кечаси кўп уйғонадиган болага қарашни анча осонлаштиради", дейди Дутта. Унинг ҳам қизчаси ёнида, йиғиладиган ка.роватда, то етти ёшга тўлгунча шундай ухлайди. "Бола эмишдан чиққандан кейин ҳам у биз билан ёнма-ён ётишни истайди", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Айрим ота-оналарнинг ўйлашича, бола билан бирга ухлашни бола ўзига ён босиш деб талқин қилиши мумкин

Ғарб жамиятларидаги аксар ота-оналар бунинг ўрнига эътиборларини болаларини қандай қилиб ухлатишга қаратишади. Масалан, бола узоқроқ ухлаши ва ота-она узоқроқ вақт дам олиши учун болани чинқиратиб йиғлатганча, ўзини ёлғиз ташлаб қўйишади. Австралияда ҳатто ота-оналарга болаларини ухлашга ўргатиш учун давлат томонидан молияланадиган махсус мактаблар ҳам бор.

Маданий омиллар нафақат боланинг қаерда ухлашига, балки қачон ва қанча вақт ухлашига ҳам таъсир қилган.

Ураясу Ичикава Тиббиёт Марказининг раҳбари Жун Коҳяма ва унинг жамоаси тадқиқотлари кўрсатишича, Японияда болалар уч ойлик бўлгач, бошқа Осиё давлатларидаги тенгдошларидан кўра камроқ ухлайди". Чунки "Японияда уйқу ялқовлик саналади", дейди у.

Коҳяманинг яна аниқлашича, Осиё давлатларида болалар ўзларининг европаликлар кўпроқ яшайдиган давлатлардаги тенгдошларига қараганда уйқуга кечроқ ётади. Бунинг сабаби ота-оналар болалари билан кўпроқ вақт ўтказишни исташидир. Болаларнинг ота-она билан бирга ухлаши Японияда маданий нормадир. "Ота-оналар болаларини ўзларининг бир қисми деб ҳис қилади", дейди у.

Гарчи Британияда бўлгани каби АҚШда ҳам Америка Педиатрлар Академияси ота-оналарга чақалоқнинг тўсатдан ўлими синдроми (ЧТЎС) олдини олиш учун болани бир хонада олиб ётишни маслаҳат берса ҳам, ЧТЎС хавфини оширгани учун ўзлари билан айни битта ўринга ётқизишдан қайтаради.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Бола ота-онаси билан бирга ухлайдиган мамлакатларда ЧТЎС кўрсаткичи паст

Аммо Тиббиёт Фанлари Бутун Ҳиндистон Институти - Бхубанешварда педиатрия профессори ва болани бирга олиб ётиш хавфсизлиги бўйича тадқиқот муаллифларидан Рашми Даснинг айтишича, бу борада мукаммал тадқиқотлар йўқлиги боис, ичкилик ва чекиш каби турли ёмон одатлар бўлмагани ҳолатда болани бирга олиб ётиш ЧТЎС хавфини ошириши ёки йўқлиги ҳақида аниқ бир нима дейиш қийин.

Тадқиқотлар болани бирга олиб ётиш кам учрайдиган асосан бой давлатларда қилинган. Аммо бу одат кенгроқ тарқалган камбағал давлатларда ЧТЎС дунёда энг кам учрайди.

Бу шунчаки жўғрофий масала эмас, қачонлардир Ғарбда яшовчи кимлардир ўз одатларини бошқа ердан импорт қилганида улар пастроқ ЧТЎС хавфини ҳам бирга олиб келган. Болаларини бирга олиб ётувчи Ьританияда яшовчи покистонлик оилаларда, масалан, ЧТЎС учраши эҳтимоли оқ танли британиялик оилалардагидан камроқ.

"ЧТЎС хавфини камайтирган омил маданий одатлардир", дейди Ҳелен Болл. У Дурҳам университетида антропология профессори ва университетнинг "Parent-Infant Sleep Lab" директори. Бредфорддаги келиб чиқиши Покистондан бўлган оналар орасида бола эмизиш даражаси юқори, чекиш ва ичкилик паст ва болаларини алоҳида хонада ухлатадилар - буларнинг бари ЧТЎС хавфини камайтириши маълум.

Даснинг айтишича, у болани бирга олиб ётишга қизиқтириш тарафдори, аммо "битта истисно билан - бола билан ётадиган одам чекмаслиги, алкогол ичмаслиги ва жуда семиз бўлмаслиги керак." Британиядаги ЧТЎС олдини олиш бўйича хайрия ташкилоти "The Lullaby Trust" болалари ётоғи юзасини хавфсиз қилиш бўйича ота-оналарга маслаҳатлар беради.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Болани опичлаб юриш кун бўйи боладан кўз узмасликни таъминлайди

Тунда бир ўринда бўлганда бола ота-онага яқин бўлади, кундузи уни кенгуру каби олиб юриш эса уйда иш билан юрганда болани ота-онага яқин бўлишини таъминлайди. Болани боғлаб бирга олиб юриш яқинда пайдо бўлган одат бўлмай, жуда узоқ тарихга эга.

Виктория даврида болалар аравачаси оммалашгач, анъанавий бола кўтариб юриш воситалари айрим Ғарб жамиятларида камая борди. Дуёнинг бошқа чеккаларида нечта жамиятда бола кўтариб юриш одати бўлса, уни қандай шаклда олиб юришнинг ҳам шунча усули бор.

Боласини ўзига боғлаб юрмайдиган ота-оналар ҳам кўтариб юриш болани қанчалик тинчлантиришини билади. "1 2 герц оралиғидаги бу турдаги ритмик ҳаракат болани йиғидан тўхтатишини улар интуитив равишда сезишади", дейди Япониядаги Райкен Нейрология Марказидан Куми Курода.

Курода реал вақтдаги физиологик ўлчовларга эмас, ота-оналарнинг кундаликларидаги маълумотларига таяниб қилинган аввалги тадқиқот болани кўтариб юриш ва унинг неча марта йиғлаши ўртасида боғлиқлик йўқлигини аниқлаганини кўрганда бола кўтаришнинг физиологик таъсирларига қизиқиб қолди. "Мен у тадқиқот хулосасини қабул қила олмадим", дейди у.

Унинг ўзи қилган тадқиқот болани кўтариб юриш унинг юрак уришини секинлатиши ва йиғлашлари сонини ҳам озайтиришини аниқлади. Унинг кейинги тадқиқоти эса болани кўтармасдан аравачада ёки машинадаги бола ўриндиғида олиб юриш ёки юрмасдан шунчаки кўтариш ҳам болани тинчлантириши, аммо булар ҳаммаси биргаликда бўлганда яхшироқ самара беришини аниқлади.

Кеча-кундуз яқин алоқа - болалар ана шуни истайди. Илк ойларданоқ улар кун бўйи тез-тез овқатлантириб турилиши керак. Боланинг ҳатто уйқу режими шаклланганда ҳам улар асосан тунги вақтда кўпроқ ухлайди. Биринчи йили туни бўйи ухламаслиги нормал ҳолат.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Болани алоҳида ухлашга ўргатишнинг энг экстремал усули уни ўз ҳолига қаттиқ йиғлаганича қолдириш усули деб кўрилади

Аммо боланинг тунда уйғониши нормал экани ҳақидаги тушунчани янги ота-оналар ўз оилалари, дўстлари ва жамиятдан олаётгани йўқ. "Биз бола тунда уйғонмаслиги керак деган маданий мифни пайдо қилганмиз", дейди Болл.

Бу миф муайян оқибатларга олиб келяпти. Боланинг илк ойларда тунда кўп уйғониши туғруқдан кейинги депрессия билан алоқадор. Аммо Боллнинг айтишича, бола уйқусини "жойига келтириш" муаммони ҳал этмайди, аксинча, ота-онага ёрдам бериш, руҳий саломатликни яхшилаши мумкин.

"Депрессиядаги ота-оналар боласи уйқуси бўлмаслигини жуда ёмон қабул қилади, - дейди у. - Биз айтмоқчимизки, бу ерда эътиборни ота-онанинг ўзига қаратиш лозим. Улар нималар бўлаётгани ҳақида бошқачароқ ўйлашлари учун уларни қўллаб-қувватлашимиз керак." У ота-оналарни тўғрироқ маълумот билан таъминлаш учун "Baby Sleep Info Source"ни ташкил қилди.

Каттароқ болалар тун бўйи ухлашлари "керак" деган тушунча 1950 йилларда ўтказилган тадқиқотдан келиб чиққан. Унда аниқланишича, Лондонда яшовчи 160 чақалоқнинг 70 фоиздан ортиғи уч ойга тўлгандан "туни бўйи ухлаш"ни бошлаган.

Аммо тадқиқотчилар "туни бўйи ухлаш" деганда боланинг йиғлаб ота-онасини уйғотмасдан ярим тундан тонг соат 5 гача ухлашини назарда тутган. Аммо бу янги ота-оналар истайдиган саккиз соатлик узлуксиз уйқу эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ёшгача бўлган 30 фоиз бола бундай ухлашни бошламаган, уларнинг ярми эса кейинчалик бир ёшигача яна ярим кечаси уйғонишни бошлаган.

"Чақалоқ биологияси юзлаб, минглаб йиллар давомида ўзгармаган, - дейди Болл. - Аммо бир неча ўн йилда бизнинг маданият, болалардан кутадиганларимиз, бола парвариши одатлари кескин ўзгарди."

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

"Улар бу дунёга келган ожиз жажжи жонзот, биз уларга шафқат ва меҳрибонлик билан қарашимиз керак", дейди Дебмута Дутта

Ҳатто бугун ҳам чақалоқ уйқуси борасидаги кўплаб тадқиқотларда глобал аҳолининг муайян қисмигина ўрганилган, холос. "Ғарб чақалоқларини ўрганиш бўйича кейинги бир неча ўн йилда жуда кўп иш қилинди", дейди Болл.

Чақалоқни қандай парвариш қилишга келганда маданиятлар ўртасида фарқлар бўлиши шубҳасиз, аммо ҳар бир маданиятнинг ўз ичида ҳам фарқлар бор. Ғарбда ҳамма ҳам чақалоқ ўз хонасида ухлаши керак деб ўйламайди. Бир тадқиқотда аниқланишича, италиялик ота-оналар буни "бераҳмлик" деб ҳисоблар экан.

Одамлар чақалоқни қандай парваришлашида шахсий аҳволи ҳам роль ўйнайди ва ҳар бир ота-она ўз йўлини топиб олади. "Ҳар бир оила ўзига хос, турфахиллик жуда яхши", дейди Курода.

Куроданинг ўзи кундузлари болаларидан узоқ бўлгани учун кечалари тўртта боласи билан бирга ухлаган. "Мен тўлиқ иш кунини ишлайман ва агар бутун тун ҳам алоҳида бўлсам, бу болага қараш учун анча кам вақт. Биз тунда ҳам яқин муносабатда бўлишимиз мумкин."

Аммо унинг айтишича, бола парваришлашдаги барча бошқа танловлар каби ота-оналар бошқалар нима қилаётганига қарамасдан ўзларига мос йўлни танлашлари керак. "Менимча бола ва ота-она бир-бирларига мослаша олади, бу худди тангога ўхшайди", дейди у.

Ғарб андазаларидан ташқари чиқиб фикрлаш калити бола бизни нимагадир мажбур қилади деб ҳисобламасликдир. "Бизга керак бўлгани болага рози қилиш қийин раҳбардек қарамаслик, - дейди Дутта. - Улар бу дунёга келган ожиз жажжи жонзот, биз уларга шафқат ва меҳрибонлик билан қарашимиз керак."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek