Араб шаҳзодаларининг жинсий қувватини ошириш учун ноёб қушлар овланмоқда Pokiston BAA

  • Саҳер Балуж
  • BBC Urdu
A hunting group from Abu Dhabi in the late 1980s that travelled to Pasni

Сурат манбаси, Haji Hanif

Сурат тагсўзи,

Паснига келган Абу-Дабилик овчилар гуруҳининг 1980 йилларда олинган сурати

1983 йили икки армия офицери Покистон жануби ғарбидаги денгиз соҳилида жойлашган шаҳарча - Паснидаги машиналарни ижарага берувчи ташкилот идорасига келди.

Улардан бири ташкилот эгасидан: "Яхшироқ машинангиз йўқми? Араб шайхини Панжгурга олиб боришимиз керак", деб сўради.

У "бор" деди ва ўғли Ҳанифни уларга машинани кўрсатишга буюрди.

Автомашина шаҳзода Сурур бин ан Наҳян учун бўлиб, у Бирлашган Араб Амирликларидаги олти қироллик оиласидан бирига мансуб эди. У 100 км ичкарироққа бориб, айримлар гўшти афродизиак - жинсий қувватни оширади деб ишонадиган тувалоқ қушини овламоқчи эди.

Шайхга машина маъқул келди ва 31 ёшли Ҳанифни ҳам ўзига ҳамроҳ қилиб ёнига олди. Ҳозир Ҳожи Ҳаниф номи билан танилган бу одам 37 йилдирки ҳар йили тувалоқларни овлагани Покистонга келган шаҳзодаларга кўмак беради.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Ўлжасига ташланган лочин

Тувалоқ жуда уятчан қуш, куркадек келади, сони камайиб бораётгани учун уни ўлдириш анча баҳсли масала - аммо овлаб келиняпти.

Қудратли шахсларнинг манфаати ўнлаб йиллардан бери Покистонда яширин овлар давом этишига сабаб бўлмоқда ва буларнинг бари Кўрфазнинг таъсирли давлатлари билан илиқ муносаабтларни сақлаш учун қилинмоқда. Овларни дастаклаётганлар шу орқали Покистонга керак бўлган иш ўрни ва инвестиция келишини айтади.

Аммо Покистон бундан аслида нимани ютиши маълум эмас. Овчиларга яқин одамлар шаҳзодаларнинг бу сафарларини шунчаки кўнгилхушлик машғулоти деб атайди.

Map

Ҳар йили ноябрь ва феврал оралиғида Ҳожи Ҳаниф шаҳзодаларни Балужистон вилоятининг ўзи яшайдиган томонида - стратегик Гвандар портидан бир соатлик йўлда кутиб олади.

Бу йилги қишки овлар тугамасидан олдин у Би-би-сини шаҳзодалар учун қандай тайёргарлик кўришларини кўрсатиш учун таклиф қилди. Аксар маҳаллий аҳоли муҳим эҳтиёжларини ҳам қондиришга қийналадиган Пасни каби жойда бундай шоҳона зиёфатлар дарров кўзга ташланади.

Бизни Ҳожининг ҳашаматли уйига олиб бориш учун икки киши кутиб олди. Машинада аэропорт йўли орқали аҳоли тураржойлари аро бир неча километр босиб ўтдик. Машина рақами БААники эди. Бу гўё одамни Абу Дабининг бир қисмидагидек ҳис қилдирарди.

Сурат тагсўзи,

Ҳожи Ҳаниф мулкига кириш остонасида Абу Даби рамзи меҳмонларни қаршилайди

Бу ҳиссиёт уйга кираётганимизда дарвоза олдига ўрнатилган, тепасида бургут тасвири бўлган Абу Даби амирлиги тамғасини кўрганимизда янада кучайди. Уй қашшоқ бир маҳаллалар ўртасидаги оролга ўхшарди.

Келувчи шаҳзодалар бир неча ўн маҳаллий аҳолини иш билан таъминлайди. Биз етиб келганимизда уларнинг айримлари шайхнинг лочини билан андармон, бошқалари ошхонани тозалаётган ёки йўлтанламасни улкан гаражга киритаётган эди.

Хаки кийган киши бизни меҳмонхонага бошлаб кирганда димоғимизга хушбўй ҳид урилди.

"Жойимиз ёқдими?" деб сўради юмшоқ ўриндиқлардан бирида ўтирган Ҳожи Ҳаниф.

Сурат тагсўзи,

Ҳожи Ҳаниф ҳаётининг кўп қисмини БААдан келган подшоҳлик оиласи аъзоларига хизмат қилишга сарфлаган

Етмишга яқинлашиб қолган Ҳожи анча салобатли одам экан. У бизга атрофни кўрсатар экан, шайхнинг ўтган йиллар давомидаги ташрифлари ҳақида сўзлай бошлади.

"Унга машина топишга ёрдам берганимиздан сўнг, у бизга яна келди. 1988 йилгача мен ва отам шайхнинг 20 та машинасига қараб турардик - бизга ишониб топшириб қўйганди."

Шаҳзодаларнинг келишидан уч ой аввал 35 нафар одам ишга олинибди.

Лочинга қараб тургани олинган ишчилардан ташқари уни ўргатиш учун боқиладиган каптарларга қарайдиган одамлар ҳам бор. Уч киши шайх учун лимон экилган боққа қарайди. Яна бири кир ювишга масъул.

Бошқалари овқат пишириш, тозалаш, машиналарга қараш учун ёлланган. Мотоциклдаги одам атрофни кезиб, тувалоқлар жойларини аниқлаб келиш учун олинган экан. Шайх қушларни қидириб, узоқ юрмасин, дейишган.

Ҳожи Ҳанифнинг уч ўғли отасига ёрдамчи.

Катта ўғил шайхнинг 20 та йўлтанламаси жойлашган гаражга қарайди, ўртанча ўғил унга тансоқчилик қилади ва қўриқчиларга ҳам бош, кичик ўғил эса маҳаллий аҳоли тувалоқларни овламаслиги, қора бозорда сотмаслиги учун масъул.

Покистон 1973 йилдан бери амир ва шаҳзодаларга мезбонлик қилади. Кўрфаздан бир қанча хусусий фирмалар ҳам тувалоқ овлагани жамоавий келадиган бўлди. Бу қуш қишда Балужистоннинг жануби ғарбига учиб келади.

1989 йили Исломободдаги федерал ҳукумат рухсати билан маҳаллий ҳокимият ҳар бир қироллик оиласи учун турли ҳудудларни бўлиб, расмийлаштириб берди.

Пасни, Панжгур ва Гвадар БААдан келадиган амирлик оилалари учун ажратилди. Аваран туманидаги қирғоқ бўйлаб шарқ томон чўзилган Жал Жао ҳудуди Қатардан келадиган шайхларга берилди. Шимолроқдаги Чағи Саудия Арабистонидан келадиган қироллик оиласи вакилларига расмийлаштирилди. Ҳожининг оиласи каби бошқа оилалар ҳам шаҳзодаларнинг ташрифига ҳозирлик кўришга сафарбар қилинди.

70 йилларда овга келганлар қаерда тувалоқ бўлса, ўша ерга бораверишар эди. Ов одатда бир ҳафтача давом этар, шаҳзодалар қушларни овлаб, пишириб ер, сўнг шаҳарчага қайтишарди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Араб мамлакатларида тувалоқ гўшти эрлик қувватини оширади, деб кўрилади

Йиллар давомида қуролли бўлгинчилар исёнлари авж олиб келаётган Балужистон жануби ғарбида хавфсизлик хавотирлари кучайди. Энди овлоқ жойларда чайла қуриб, ов қилиш хавфсиз эмас эди. Амирлик оилалари меҳмонхоналарга ёки ўзларининг дидларига мосланган уйларда қўним топадиган бўлди. Улардан бири Ҳожи Ҳаниф таклиф қилган уйдир. У ердан бир неча дақиқа юрилса, ов қилинадиган чўлга чиқиш мумкин. Ишчи ҳам топиш осон.

Одатда тувалоқлар лочинлар ёрдамида керакли жойга қувиб борилади, қўлга тушгандан сўнг, бўғзига пичоқ тортилади. Овчилар қушларни отиши ҳам мумкин. Браконьерлик кўпайгани учун ишчилар тувалоқларни аввалдан тутиб, сақлаб қўяди, овчилар келгандан сўнг, уларни лочинлар олдига қўйиб юборади.

Сурат манбаси, Haji Hanif

Сурат тагсўзи,

Подшоҳлик оиласи аъзолари ва уларнинг хизматкорлари Пасни ташқарисида ов учун чайла қуришар, тутган қушларининг гўштини шу ернинг ўзида пишириб ейишар эди. 1980 йилларда олинган фото сурат

Тувалоқларни овлаш аллақачон баҳсли масалага айланиб бўлган. Улар қачонлардир Араб ярим оролида кўп эди. Аммо Табиатни сақлаш халқаро иттифоқи ҳисобига кўра, уларнинг сони 50000 дан 100000 гачадир. Улар орасида йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлари ҳам бор.

Аксар покистонликлар бу ишларни "хўжайинлар"нинг кўнглини овлаш деб қоралайди, қолганлар эса бу мамлакатлар ўртасида биродарона муносабатларни сақлаш учун керак дейди. Йиллар давомида Покистон нефтга бой Кўрфаз давлатларига суяниб келади, улардан катта миқдорда қарз ва сармоя олади.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги собиқ сўзчисининг айтишича, бу "уятли ҳолат"дан чиқиш учун ҳаракат қилинган, аммо иш чиқмаган. "Ҳукумат ичида бу каби ташрифлар биз учун дипломатик чиқатдан фойдасиз, беҳуда эканини кўпчилик билади. Аммо қарор қабул қиладиганлар бунга қаршилик қиляпти."

Собиқ расмийнинг айтишича, "25 йиллик БАА Покистон муносабатида Покистон "ҳеч нарса" ютмаган.

Сурат тагсўзи,

Ҳожи Ҳаниф "шайх хизматкори" бўлганини айтади, аммо ўғиллари ўзининг изидан боришларини истамайди

Бу қиш ҳам Покистон муносабатлардаги охирги чигалликларни ёзиш умидида БАА шаҳзодаси ташрифини астойдил кутиб олди. 2020 йилда Покистон фуқаролари БААга ишлаш учун боришда виза талаб қилинмайдиган давлатлар рўйхатига киритилди. Бу эса мамлакатдаги миллионлаб одам учун муҳим ўзгаришдир.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ўзгариш Исроил статуси ва Кашмир можароси масаласида Покистонга босим ўтказиш учун воситадир. Бош вазир Имрон Хон ва унинг ҳукумати бу каби даъволарни ёки БАА билан муносабатлардаги бузилишлар бўлганини рад қилади.

Шунга қарамай, овлар давом этса керак.

Покистон Олий суди бунга чек қўйишга уриниб кўрди, аммо 2015 йилги тақиқ бир йил ўтиб олиб ташланди. Суд ҳукми кучда бўлганда ҳам, ҳукумат муайян шартлар асосида ов қилишга яқин шарқликларга махсус рухсатномалар беришни давом эттирди.

Ҳожининг айтишича, шайхлар "Пасни учун яхши" - ва у дуруст иш қилмоқда.

У шайх нафақат маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаётганидан, балки қудуқлар мактаблар, касалхоналар қураётганидан ҳам хурсанд. Аммо бир муаммо мактаблар муаллимсиз, касалхоналар шифокорсиз.

"Шайх фақат қура олади. Аммо унда ишловчиларни келтира олмайди. Бу маҳаллий ҳукуматнинг вазифаси."

Бироқ Ҳожи уч ўғлига ўз ишини топширишни истамайди.

"Мен шайхнинг хизматчисиман, аммо юрагим ўғилларим мен қилаётган ишни қилишини истамайди. Улар ўз йўлидан кетиши керак, бизнес қилиб, ном қозонсин."

"Мен шу иш билан умр ўтказдим. Бундан розиман."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek