Эдинбург герцоги 99 ёшида оламдан ўтди

Шаҳзода Филип

Букингем саройи Қиролича Елизавета II Ҳазрати Олияларининг турмуш ўртоғи шаҳзода Филип 99 ёшида оламдан ўтганини эълон қилди.

Шаҳзода 1947 йили Малика Елизаветага у Қиролича бўлишидан беш йил аввал уйланган.

У Британия тарихида энг узоқ муддат шаҳзода-консорт бўлди.

Жуфтликнинг тўрт фарзанди, 8 набираси ва 10 нафар чевараси бор.

Сурат манбаси, TIM GRAHAM/PA

Сурат тагсўзи,

Қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филип 73 йил бирга яшашди.

Сарой тушдан кейин баёнот берди ва "Ҳазрати Олийлари бугун тонгда Виндзор қалъасида оламдан ўтган"ини айтди.

Сарой ўз баёнотида "Қироллик оиласи дунё бўйлаб одамлар билан бирга унга мотам тутишини" ҳам билдирган.

Эдинбург герцоги бир ой касалхонада даволаниб, 16 март куни Виндзор қалъасига қайтганди.

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон шаҳзода Филипни хотирлаб, у "жуда кўплаб ёшларни руҳлантирган" дея таъкидлади.

Даунинг Стритдан гапирган Бош вазирга кўра, у Эдинбург герцоги ўлими ҳақидаги хабарни "чуқур қайғу" билан қабул қилган.

Сурат манбаси, Reuters

Шаҳзода Филип ўлими ортидан Букингем саройида байроқлар туширилди, дарвозаларида билдиришномалар илинди.

Сурат манбаси, AFP

Кўплар Лондондаги Букингем саройи олдига келиб, гуллар қўйишмоқда,

Сурат манбаси, Reuters

Ҳатто ёш болалар ҳам гулдасталар келтиришган.

Виндзор қалъаси ташқарисида ҳам одамлар тўпланмоқда.

Дарвозада қолдирилган бир гулдастада Қиролича Ҳазрати Олияларига чуқур таъзия билдирилган.