Ҳиндистон: Ганг дарёси жасадларга, ўзани эса қабрларга тўлди - Hindiston koronavirus dunyo yangiliklar

  • Гита Панди
  • BBC News, Деҳли
Ганг дарёси соҳили

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Юзлаб жасад дарёда сузиб юрибди ёки соҳил қумларига кўмилган

Кейинги кунларда Ҳиндистоннинг энг муқаддас дарёси Ганг жасадларга тўлиб кетган. Юзлаб жасадлар дарёда сузиб юрибди ёки соҳил қумларига кўмилган.

Шимолий Уттар Прадеш штатида одамлар дарё қирғоққа чиқариб ташлаётган жасадлардан хавотирда.

Чунки улар Ковиддан ўлганлар жасади бўлиши мумкин.

Кейинги ҳафталарда Ҳиндистонни пандемиянинг иккинчи қақшатқич тўлқини босган.

25 миллион касаллик қайд этилган, 275 минг одам ўлган.

Экспретлар ўлганлар сони аслида кўпроқлигини айтмоқда.

Дарё соҳилида жасадларни тўплаб, кечаю кундуз тинимсиз ёқилаётган гулханлар, улар эгаллаган ҳудуд ўлганлар сони расмий рақамлардагидан кўра анча каттароқ эканига ҳам далолат қилади.

Би-би-си Уттар Прадешнинг энг катта зарар кўрган туманларидаги айрим гувоҳлар, расмийлар ва маҳаллий мухбирлар билан суҳбатлашди.

Сузиб юрган жасадлар ортида анъанавий эътиқодлар, қашшоқлик ва одамларни катта тезликда ўлдираётган пандемия ётганини аниқлади.

Дарё ўзани қабрга тўлган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Уттар Прадеш штатининг Оллоҳобод шаҳрида Ковид қурбонларидан бирининг жасади ёқилмоқда

Уттар Прадешдаги даҳшатли воқеълик 10 май куни маълум бўлди.

70 дан ортиқ жасад штат чегараси яқинидаги Чауса қишлоғидан ўтган дарё соҳилига чиқиб қолди.

Чауса қишлоғи жойлашган Буксардаги полиция бошлиғи Нираж Кумар Сингҳнинг Би-би-сига айтишича, ириган жасадлардан ДНК намуналари олинган, текширилган ва дарё соҳилига яқин ерга кўмилган.

Расмийларга кўра, айрим қолдиқлар соҳилда одатий тарзда ёқилиб, сўнг дарёга оқизилган жасадларнинг бўлаклари.

Аммо улар жасадлар дарё тубига чўкиб, ўша ерга кўмилиб қолганини ҳам тахмин қилишмоқда.

Полиция қолган жасад ва жасад бўлакларини тозалаш учун ҳозир дарёга тўр тортган.

Бир кун ўтиб, Чаусадан 10 км нарида, Уттар Прадешнинг Ғазипур туманидаги Гаҳмар қишлоғи ёнидаги қирғоқда ҳам дайди ит ва қузқунлар қуршовидаги ўнлаб чириган жасад топилди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир неча кундан бери жасадлар соҳилларга чиқиб қоляпти, аммо расмийлар то Биҳардаги жасадлар ҳақидаги хабар матбуотни эгалламагунча, одамларнинг бадбўй ҳиддан қилган шикоятларини эътиборсиз қолдиришган.

Қўшни Баллиа тумани аҳолиси ҳам Ҳиндистоннинг энг муқаддас дарёсига тонгги шўнғиш учун чиққанида, ўнлаб шишган ва чириган жасадлар сув юзасида сузиб юрганини кўрган.

"Hindustan" газетаси полиция 62 жасадни дарёдан тортиб олганини хабар қилди.

Каннауй, Канпур, Уннао ва Праяграж шаҳарларида дарё ўзани қабрга тўлган.

Би-би-сига юборилган видеода Каннауйдаги соҳилларда кўплаб инсон танаси ҳажмидаги дўнгликлар кўринади.

Кўплари дарё ўзанидаги дўнгликларга ўхшайди, аммо уларнинг ҳар бирида инсон танаси яширинган. Маҳадеви гат яқинида камида 50 жасад топилган.

Ўлим статистикалари ўртасидаги катта фарқ

Сурат манбаси, ADNAN ABIDI / REUTERS

Сурат тагсўзи,

Ёқиш учун тайёрланган жасадлар

Ҳиндулик анъанасига кўра, жасад ёқилади. Аммо аксар жамоалар "Жал Праваҳ" - илон чақиб ёки юқумли касалликдан ўлганлар, бокира қизлар ва гўдаклар жасадларини дарёга оқизиш одатига амал қилади.

Яна аксар камбағаллар жасадни куйдиришга қурблари етмайди, шунинг учун уни оқ бўзга ўраб дарёга оқизади.

Баъзида жасад чўкиши учун унга тош боғлашади. Аммо уларнинг кўпи сув юзасида сузиб юради.

Одатий кунларда Гангда оқиб кетаётган жасадни кўриш доимги ҳолат саналади.

Аммо бунчалик кўп жасаднинг қисқа вақт ичида ва бир нечта жойда пайдо бўлиши одатий ҳол эмас.

Канпурлик журналистнинг Би-би-сига айтишича, бу жасадлар "Ковид-19 сабабли ўлганлар ҳақидаги расмий рақамлар ва ҳақиқий аҳвол ўртасидаги катта фарққа далолат қилади."

Унинг айтишича, расман 16 апрелдан 5 майгача Канпурда жами 196 нафар одам ўлган. Аммо етти крематорийдан олинган рақам қарийб 8000 та экани кўрилади.

"Барча электр крематорийлар апрель ойида 24 соат ишлади. Аммо бу ҳам етарли бўлмади, шунинг учун расмийлар ташқарида ўтин билан жасад куйдиришга изн берди", дейди у.

"Аммо уларга касалхоналардан Ковид-19 сабабли ўлганини тасдиқловчи маълумотнома билан келтирилган жасадлар қабул қилинган. Катта сондаги одамлар эса, ҳеч қандай Ковид тестисиз, ўз уйида жон берган. Улар яқинлари жасадни шаҳар ташқарисига ёки Уннао каби қўшни туманга олиб боради. Улар ўтин тополмаса ёки крематорий бўлмаса, жасадни дарё ўзанига кўмиб қўя қолади."

Праяграждан бир журналист аксарият жасадлар уйида жон берган Ковид беморлари ёки куйдиришга қурби етмайдиган камбағал одамларнинг яқинлариники эканига ишонишини айтади.

"Бу жуда қайғули, - дейди у. - Бу одамлар кимнингдир ўғли, қизи, ака-укаси, отаси ва онаси. Ўлганда ҳурмат кўришга арзийди. Аммо улар ҳатто статистикага ҳам кирмаган, номаълум ҳолатда ўлган ва номаълум ҳолатда кўмилган.

Тонгги 7 дан кечки 11 гача жасад кўмишлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ганг дарёси соҳилидаги жасадлар куйдирилган сатҳ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Оллоҳободнинг жасадлар чиқиб қолаётган қирғоғидаги дафн гулханлари

Қабрлар ва чириган жасадларнинг топилиши, уларнинг коронавирус билан зарарланганидан қўрқув дарё бўйлаб жойлашган қишлоқлар аҳолисини хавотирга солмоқда.

Аввали Ҳималайдан бошланадиган Ганг дарёси дунёнинг энг катта дарёларидан биридир.

Ҳиндулар уни муқаддас деб билади. Гангда чўмилиш гуноҳлардан поклайди, деб ишонади, унинг суви диний маросимларда ишлатилади.

Каннауйда 63 ёшли Жагмоҳан Тивари маҳқаллий ОАВга айтишича, у дарё ўзанида "150-200 тача қабр"ни кўрган. "Дафнлар тонгги соат 7 дан кеч соат 11 гача давом этади, - дейди у. - Бу одамни эзиб юборади."

Қабрларнинг топилиши ҳудудда саросима пайдо қилди. Одамлар соҳилга юзаки кўмилаётган жасадлар дарё суви кўтарилиши билан сувга оқишидан хавотирда.

Ўтган чоршанба куни штат ҳукумати "Жал Праваҳ"ни тақиқлади ва яқинлари жасадини куйдиришга қурби етмайдиганларга молиявий ёрдам таклиф қилди.

Кўп жойларда полиция уларни таёқ билан дарёдан чиқариб оляпти ёки қайиқчиларни ёллаб, олиб чиқяпти.

Чириган жасадлар ўша ерда чуқурга кўмилади ёки гулханда ёқилади.

Баллиада полиция бошлиғи Випин Таданинг айтишича, қишлоқ кенгашлари етакчиларидан жасадлар дарёга оқизилмаслиги, куйдиришга имконияти йўқлар молиявий ёрдам олишига кўз- қулоқ бўлиш сўралган.

Ғазипур тумани магистрати Мангала Прасад Сингҳнинг Би-би-сига айтишича, махсус гуруҳлар одамлар жасадларни сувга чўктирмаслиги ёки кўммаслиги учун соҳилларни, куйдириш жойларини кузатмоқда.

Аммо бу гуруҳ ҳозир ҳам ҳар куни дарёдан бир ёки икки жасадни топади.

"Биз уларнинг жаноза маросимларини ўтказяпмиз", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek