Хитой Африканинг ҳам овозини сотиб олмоқдами? Dunyo Xitoy musulmonlar uyg'urlar O'zbekiston yangiliklar

  • Диккенс Олеве
  • BBC News
Шинжон уйғурларига дастак

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

БМТнинг Ғарб томонидан дастакланган ва Хитойнинг Шинжон, Гонгконг ҳамда Тибетдаги инсон ҳуқуқларини бузаётгани қораланган ҳужжатга бирорта Африка давлати имзо чекмаган

Африка давлатлари Хитойни шимоли ғарбий ҳудуд - Шинжонда асосан мусулмон уйғурларга қилаётган муносабати боис танқид қилаётган давлатлар сафида эмас.

Аксинча, айрим африкалик дипломатлар яқинда Пекинда бўлиб ўтган тадбирда Хитойнинг ушбу ҳудуддаги сиёсатини олқишлаб гапирди.

Шинжондаги қамоқ лагерлари тармоғида камида бир миллион уйғур тутиб турилгани ишонилади. Хитой мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, қийноқ ва геноцид айбловларига юз тутган, аммо буларнинг барини инкор этиб келади.

Хитой ҳукумати бу қамоқ лагерларини террорчилик ва диний экстремизмга қарши курашиш учун ташкил қилинган касб-ҳунарга ўргатувчи "қайта таълим марказлари", деб ҳимоя қилади.

"Айрим Ғарб кучлари Шинжонга алоқадор масалаларни бўрттириб, ўз ғаразли мақсадлари йўлида Хитойга асоссиз ҳужумлар қилмоқда," - деди Буркина Фасо элчиси Адама Кампаоре. Унинг гаплари март ойида ўтган "Шинжон Хитойдаги Африка элчилари нигоҳида" номли тадбирда айтилган.

Тадбирда Судан ва Конго Браззавил элчилари ҳам қатнашган бўлиб, кейингисининг элчиси Даниел Овасса мазкур ҳудудда Хитой ҳукумати олиб бораётган сиёсатни қўллашини айтгани хабар қилинган. Жумладан, у "кейинги йилларда турли соҳаларда Шинжон эришаётган катта ютуқлар"ни эътироф этишини айтган.

"Human Rights Watch" (HRW) айтишича, ушбу тадбир муҳим глобал хавотир борасида Африканинг сукут сақлашининг бир намунаси бўлган.

"Бу шунчаки одатий дипломатия бўлиши ҳам мумкин, аммо Африка ҳукуматларининг Пекиннинг инсон ҳуқуқларини топташи олдида бажонидил сукут сақлаши аниқ оқибатларга эга бўлади", деди HRW'нинг Африка манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича директори Карин Канеза баёнотида.

"[Африкаликлар] ҳақли равишда бошқа давлатларни ўз оғир аҳволларига лоқайд қараётганликда тез-тез айблайди ва инсоний азоб уқубатлар қаршисида ҳамжиҳат бўлишга чақиради", деб қўшимча қилди у.

Авлодлар ўзгариши?

Аммо Брюсселдаги Глобал бошқарув институти илмий ходими Эживиом Отобонинг айтишича, Африка етакчилари ва Хитой инсон ҳуқуқлари, иқтисодий манфаатлар ва ички ишларга аралашмаслик масалаларида муштарак тушунчаларга эга.

Африканинг хитойпараст мавқеи қитъани борган сари кўпроқ инсон ҳуқуқлари масаласида Ғарбга қарама-қарши қилиб қўймоқда.

2020 йил июнида Гонгконгнинг баҳсли миллий хавфсизлик қонуни бўйича Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида 25 Африка давлати - бошқа қитъалардагидан анча кўп - Хитойни қўллаб- қувватлади. Мазкур қонунда сиёсий мухолифларга қарши қаттиқ жазо чоралари кўзда тутилган эди.

Бир неча ой ўтиб, октябрда Ғарб томонидан дастакланган ва Хитойнинг Шинжон, Гонгконг ва Тибетдаги инсон ҳуқуқларини бузаётгани қораланган ҳужжатга бирорта Африка давлати имзо чекмади.

HRW Африка етакчиларини Хитойдан келадиган иқтисодий фойда деб бошқа глобал хавотирларга лоқайд қараётганликда айблади.

Хитой Африка проекти ҳамасосчиси Эрик Орландернинг айтишича, Африка сиёсатчиларининг Пекин билан зиддиятга бормаслиги "муҳимроқ аҳамиятли ташқи сиёсат приоритетидир".

"Бу танқидчилар тушуна олмайтган жиҳат шуки, ривожланаётган давлатларнинг аксариси Пекиндан қарздор ва савдосининг катта қисми учун Хитойга қараб қолган. Улар Хитойни хафа қилиш ортидан келадиган жавоб чорасига қарши тура оладиган кучга эга эмас", дейди у Би-би- сига.

Саммит

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Хитой Африка лидерлари билан ҳар уч йилда бир саммит ўтказади

Яна бошқа бир омил 1970 йилда йўлга қўйилган ўн йилларча давом этган муносабатдир. Ўшанда Африка давлатлари АҚШнинг қаршилигига қарамай, Хитойнинг БМТга аъзо бўлишига кўмак берган эди.

"Ўшандан бери муносабатлар фақат мустаҳкамланди", деди Би-би-сига Кенияда жойлашган Хитой Африка таҳлилчиси Клифф Мбоя.

"Мана 30 йилдирки, Хитой ҳар йили ўз ташқи ишлар вазирининг биринчи хорижий сафари Африкага бўлишини канда қилмайди - бу шунчаки рамзий эмас, балки Хитой узоқ муддатли муносабатларга инвестиция қилганига ишора бўлиб, африкаликларга жуда катта таъсир қилади."

Афробарометрнинг охирги сўровномасига кўра, бундан ёш африкаликлар унчалик таъсирланмаслиги мумкин - улар АҚШ ва унинг ривожланиш модели ҳақида кўпроқ ижобий фикрга эга.

Аммо катта авлод ва ҳукумат етакчилари бошқача ўйлайди. Уларнинг инфратузилмаларни молиялаш учун охирги 20 йилда Хитойга мурожаат қилаётгани қитъанинг манзарасини қулоч очиб бораётган йўллар, кўприклар, портлар ва уни рақамли иқтисодда қолоқ ўлка бўлиб қолмаслиги учун яратилаётган интернет инфратузилмаси ўзгартириб юборди.

Бу лойиҳаларнинг айримлари Хитойнинг Бир Макон Бир Йўл ташаббусининг бир қисми бўлиб, унда 46 Африка давлати иштирок этмоқда, дейди Отобо.

"Ғарбдан ўшандай таклифлар борми?" деб сўрайди у, Хитойнинг молиялаши даражасига тенглашадигани топилиши мушкуллигини қўшимча қилар экан.

Бу улкан лойиҳаларни молиялаш учун имзоланаётган битимларнинг шаффоф эмаслиги қитъани ўзи тўлай олмайдиган қарзлар билан тузоққа тушириш учун ўйланган хийла деган шубҳа гумонларни ҳам кучайтирди, дейди Орландер, аммо бу "қарз тузоғи" назарияси инкор қилинган.

Уч йилда бир ташкил қилинадиган олий даражадаги Хитой Африка Ҳамокрлиги форумида қарз юкини юмшатиш ва Ковид-19 вакцинаси етказиб бериш асосий мавзу бўлиши мумкин. Форумнинг навбатдагиси шу йил охирида Сенегалда ўтказилади.

Вакцина дипломатияси

Пандемия бошлангандан бери қитъадаги аэропортларда шахсий ҳимоя воситалари ва охирги вақтларда Хитой вакциналари ёрдами келаётганига ишора қилиб, Хитой байроқларини кўтариб қўйиш одатий ҳолга айланган.

Хитойнинг "вакцина дипломатияси" 13 Африка давлатига етиб борган. Улар вакциналарни сотиб олади ёки хайрияга олади.

Хитой байроғи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Зимбабве Хитойнинг вакцинасини олаётган ўндан ортиқ Африка давлатидан бири бўлади

Бундан фарқли ўлароқ, глобал "Covax" ташаббусини (бунга Хитой ҳам ҳисса қўшади) ҳисобга олмаганда, АҚШ ва Британия бу борада бевосита ёрдам берганича йўқ. "Covax" доирасида ҳозиргача 41 Африка давлатига 18 миллион доза вакцина етказиб берилди.

Ковид-19 вакцинасидан таъсир доирасини кучайтириш воситаси сифатида фойдаланиш глобал қудратлар ўртасидаги пойгага айланган.

Март ойида Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ривожланаётган давлатларни Хитой ёки Россия вакцинасини эмас, "олтин стандарт"га мувофиқ келадиган вакциналарни кутишга чақирди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен яқинда африкалик талабаларга сўзлар экан, вазият пойга масаласи эмаслигини айтди: "Биз ҳаммадан АҚШ ёки Хитойни танлашни сўрамаяпмиз, балки тиканли саволларни бериб, масалага чуқурроқ кириб, шаффофлик талаб қилиб, маъқул танловларни қилишга ундаяпмиз."

Кения

Сурат манбаси, BBC/PETER NJOROGE

Сурат тагсўзи,

Найробидаги янги тезюрар магистраль йўл Кенияда Хитой томонидан молиялаштириладиган кўплаб лойиҳалардан биридир

Ғарб давлатлари қарзлар ва инфратузилмалар масаласида Хитойга бас кела олмасликларини билишади. Хитой ёрдамини олаётган ёки Хитойга ортиқча мухлислик қилаётганларга қарши чоралар ҳам йўқ. Бунинг ўрнига улар демократияга чақириш, коррупциядан холи инвестиция каби ибораларни такрорлашмоқда.

Шу боис, яқин келажакда бирор Африка давлати Хитой раҳбарини уйғурлар ҳуқуқини бузаётгани учун Гаага судига беришга уринишини тасаввур ҳам қилиш қийин. Гамбиянинг собиқ адлия вазири Мьянманинг собиқ раҳбари Аун Сан Су Чжини Роҳинжа мусулмон озчилигига қилинаётган зўравонликлар учун 2019 йили судга берган эди.

Гамбия вазири Абубакар Тамадони 27 Африка давлати аъзо бўлган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти қўллаган, уни Европа давлатлари олқишлаган ва Халқаро Адолат суди Мьянмага геноциднинг олдини олиш учун чора кўришга қарор чиқаришига эришилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek