Сув беринг! Жазирама иссиқ Эронда намойишлар сиёсий тус олмоқда - Eron dunyo yangiliklar

Эроннинг Ҳузистонида намойишлар камёб воқеълик эмас

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Эроннинг Ҳузистонида намойишлар камёб воқеълик эмас

Эронда жазирама иссиқ ва қурғоқчилик. Кундузлари кўчага чиқиш деярли имконсиз. Сув тақчил, свет ҳам тез-тез ўчмоқда. Эронликлар ҳукуматдан сув сўрашмоқда. Кетма-кет олтинчи тундирки, кўчаларга чиқишмоқда. Ўқотар қуролдан ўлганлар бор. АҚШ вазиятни диққат билан кузатиб турибди.

Сув тақчиллиги боис келиб чиққан норозилик намойишлари ҳозирга келиб сиёсий тус олаётгани айтилмоқда.

Эрон бу яқин 50 йил ичида кузатилмаган қурғоқчиликдан азоб чекаётир.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, биргина душанба ва сешанба кунларининг ўзида бутун Эрон бўйлаб 30 дан ортиқ норозилик намойиши бўлиб ўтган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда полиция намойишчиларни кўздан ёш сиздирувчи газ билан ҳайдаётганини ҳам кўриш мумкин бўлган.

Ҳузистон, Изеҳ ва Шодигонда тўрт ёш йигитнинг ўқотар қуролдан яраланиб, вафот этгани ҳам расман тасдиқланган.

Расмийлар бунда "қуролли исёнчилар", мухолифат эса, Эрон хавфсизлик кучларининг ўзларини айблашган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Сув тақчиллиги бутун Эрон бўйлаб электр таъминотидаги узилишларга ҳам сабаб бўлмоқда

Ҳукуматпараст FARS ахборот агентлиги "исёнчилар" Эроннинг нефтга бой жанубий-ғарбий Ҳузистон вилоятида бир полициячини отиб, бошқасини яралаганликларини ҳам хабар қилган.

Ҳодисанинг Машаҳр порт шаҳрида юз бергани айтилган.

Айнан Ҳузистон Эрондаги сўнгги оммавий намойишларнинг маркази бўлади.

Хабарларга кўра, бу ердаги 700 дан ортиқ турар-жой мавзеъсида сув йўқ.

Мазкур вилоятда асосан сунний араб озчилиги яшайди.

Эронда катта кўпчилик шиа мазҳабига мансуб.

Ҳузистондаги сунний араблар ўзларининг камситилишларга учрашаётганини узоқ вақтдан бери айтиб келишган.

"Сув ичмоқчиман!" шиори намойишчиларнинг асосий хитобларига айланган.

Араб имлосида ёзилган худди шундай хэштег ҳозир ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалган.

Бир қатор жойларда эса, норозилик намойишларининг сиёсий тус олгани ҳам хабар қилинмоқда.

Эрон Ички ишлар вазирлиги биноси ёнида Ҳузистондаги намойишчиларни қўллаб митинг ҳам бўлиб ўтган.

Митинг иштирокчилари ҳуқуқ-тартибот идораларини "сув сўраётган одамларга зиён-заҳмат етказмаслик"ка чақиришган.

АҚШ Давлат департаменти вакили хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очишаётганига оид хабарлар фонида Эрондаги воқеаларни диққат билан кузатиб турганликларини айтган.

Нед Прайс, ўз навбатида, "зўравонликлар ва ўзбошимча ҳибслар таҳдидига қарамай, эронликларнинг тинч митинглар ўтказиш ва ўз фикрларини изҳор этиш ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашлари"ни билдирган.

Сурат манбаси, Getty Images

Эрондаги сўнгги ҳодисалар янги сайланган президенти ҳалича расман қасамёд келтирмаган бир пайтга тўғри келган.

Мамлакатнинг амалдаги президенти Ҳасан Руҳоний эса, янги нефть қувурининг очилиши маросими чоғида бу ҳақда тўхталиб ўтган.

"50 даража иссиқда сувсиз қолган одамлар шикоят қилиш, норозилик билдириш ва ҳаттоки, кўчаларга чиқишга ҳақли" эканликларини айтган.

Аммо бунинг ортидан дарҳол ҳузистонликларни "душманларини хурсанд қилмаслик"ка ҳам чақирган.

Тадбир телевидение орқали олиб узатилган.

Эрон президенти худди шу чиқишида Ҳузистонга 500 тонна сув юборилганини маълум қилган.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун тез орада мамлакат вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирий ҳам вилоятга жўнаб кетишини билдирган.

Жорий ёзда Эронда ёғингарчилик миқдори ўтган йилдагисидан бир неча баробарга камайиб кетган.

Сув тақчиллигидан энг кўп мамлакат қишлоқ хўжалиги ва гидроэлектр станциялари азоб чекмоқда, бу эса, электр таъминотидаги узилишларга ҳам сабаб бўлаётир.

Қурғоқчилик Эроннинг узоқ йиллик иқтисодий муаммоларини янада кескинлаштирган.

Мамлакатда инфляция даражаси йилига 50 фоизга етган.

Қатор маҳсулотларнинг тақчиллашиб қолгани шундоқ кўриниб қолган.

Бу эса авваллари ҳам одамларнинг норозиликларига сабаб бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek