Толибоннинг лидерлари Афғонистонга қайтди, ҳаракат мамлакатдаги режасини очиқлади Афғонистон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Толибон матбуот анжумани

Сурат манбаси, Reuters

Мулла Абдулғани Бародар Ахунд Афғонистонда.

Толибон қудратга қайтганидан буён илк бор афғон халқига мурожаат қилди.

Ҳаракат матбуот воизи Забиуллоҳ Мужоҳид пойтахт Кобулда очиқча матбуот анжумани берди.

Унинг айтишича, Афғонистон исломий қадриятлар асосида бошқарилади.

Матбуот анжуманида нималар дейилди?

  • Толибон ҳукумат тузиш учун фаол ҳаракат қилмоқда ва унинг таркиби аниқ бўлганидан кейин эълон қилинади.
  • Забиуллоҳ Мужоҳидга кўра, "бизнинг жамиятимизда аёллар жуда фаол бўлишади" ва уларга "Ислом қонунлари доирасида" ишлашга рухсат берилади, аммо амалда бу қандай бўлиши очиқланмади.
  • Хорижий давлатлар билан ишлаганлар ва таржимонлар ҳақида сўралганида Толибон мулозими " ҳеч кимдан қасос олинмаслиги" ва ҳаракат "Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик йўлида барчани авф этганини" айтган.
  • У Толиблар жамиятдаги матбуот ўрнини ҳурмат қилиши ва "хусусий медиа озод ҳамда мустақил" фаолиятни давом эттиради, деб ваъда берган.
  • Аммо Забиуллоҳ Мужоҳид "медиа бизга қарши ишламайди", деб огоҳлантирган
  • Ал-Қоида ёки бошқа экстремистик жангариларининг яна Афғонистондан бошпана топиши эҳтимоли ҳақида сўралганида у "Афғонистон замини ҳеч кимга қарши ишлатилмайди", деди.
  • У шунингдек, дастлаб Толиблар Кобул дарвозаларида тўхташгани ва мақсад "ўтиш жараёни силлиқ якунига" етишини кафолатлаш бўлганини айтган. Аммо "шаҳарликларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун" улар Кобулга киришга мажбур бўлишганини таъкидлаган.

Афғонистон президент бошқаруви остида ҳам давлатчилиги расман исломий мамлакат бўлган.

Ҳаракат ўтган якшанба куни пойтахт Кобулга кирган.

Ўша куннинг ўзида президент саройини эгаллаб олган.

Афғонистон президенти худди ўша куннинг ўзида мамлакатни тарк этган.

Учинчи кундирки, унинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.

Худди шу соатларда расмий Тошкент яна бир бор раддия билан чиққан.

Муҳаммад Ашраф Ғани билан бирга маршал Дўстум ва Атто Муҳаммад Нурнинг ҳам Ўзбекистонда эмаслигини айтган.

Толиблар якшанба куниёқ лидерлари тез орада Қатардан қайтишларини маълум қилишганди.

Хабарларга кўра, Мулла Абдулғани Бародар Ахунд ҳозир Қандаҳорда.

Афғонистонга Толибоннинг бошқа бир қатор юқори мартабали мулозимлари билан бирга қайтган.

Жанубий Қандаҳор вилояти Ҳелманд билан бирга ҳаракатнинг Афғонистондаги иккита таянч нуқтасидан биттаси саналади.

Мулла Абдулғани Бародар Ахунд Толибон ҳаракатининг ҳамасосчиси ва лидерининг сиёсий ўринбосари.

У 2019 йилда амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган.

Ўшанда ҳаракат сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатига бошчилик қилган.

Бунинг ортидан ҳам Доҳада ўзбекистонлик қатор юқори мартабали мулозимлар билан кўришгани хабар берилган.

Қатар пойтахтида уларнинг сиёсий идораси жойлашган.

Мулла Абдулғани Бародарнинг Афғонистонга айнан қаердан учиб келгани ҳозирча маълум эмас.

Аммо у ва Толибон сиёсий қаноти етакчиларининг аксарияти Доҳада фаолият юритиб келишган.

Сўнгги бир неча кунда ҳам уларнинг АҚШ махсус вакили, Европа Иттифоқи, Покистон, Хитой, Россия, Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари билан мулоқотда эканига оид хабарлар олинган.

Сурат манбаси, Reuters

Сиёсий лидери Афғонистонга қайтганига оид хабарлар манзарасида толиблар матбуот анжумани ўтказишган.

Кобулни ва қудратни эгаллашлари ортидан, илк бор халққа мурожаат қилишган.

Толибон матбуот воизи эса, биринчи марта камералар қаршисида кўриниш берган.

У Афғонистондаги барқарорлик ёки тинчлик учун ҳаммани афв қилганликларини айтган.

Ўзларининг ортиқ ички ва ташқи рақиб истамасликларини баён қилган.

Бугун кун аввалида улар барча ҳукумат мулозимларини ҳам "кўнгилларини тўқ қилиб", ишга қайтишга чақирганди.

Толибон сўзчиси янги ҳукумат ташкил топганидан кейин ҳамма нарса янада ойдинроқ бўлишини ҳам таъкидлаган.

Забиуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, ҳозир бу масала устида жиддий иш олиб боришмоқда.

Афғонистоннинг барча чегаралари ҳам ўзларининг назоратлари остида.

Хабарларга кўра, журналистлар ҳам уларга ўз саволларини беришга имконли бўлишаётир.

Забиуллоҳ Мужоҳид ҳеч кимдан қасос олинмаслиги ва бирор бир кишининг сўроққа тутилмаслигини ҳам айтган.

Хусусий оммавий ахборот воситалари ўз бошқарувлари остида эркин ва мустақил фаолият олиб боришлари мумкинлигини ҳам таъкидлаган.

Медиани "ўз маданий чаҳорчубларида оммавий ахборот воситаларига содиқ эканликлари"га ишонтирган.

Улар ўзларига қарши ишламасликлари кераклигини баён қилган.

Аёлларнинг ҳам ўз мезонлари доирасида жамиятда ўта фаол бўлишлари, таҳсил олиб, ишлашлари мумкинлигини айтган.

Афғонистоннинг ортиқ уруш майдонига айланмаслигига ишонч ҳосил қилиш ниятида эканликларини билдирган.

Толибон матбуот воизи хорижий жангариларга ортиқ бошпана бермасликларини ҳам маълум қилган.

У бу ҳақда ал-Қоиданинг Афғонистонга яна қайтиши хавфига оид саволга жавобан тўхталиб ўтган.

"Афғонистоннинг тупроғи ҳеч кимга қарши ишлатилмайди",-деб айтган Забиуллоҳ Мужоҳид.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам Толибоннинг четдаги илк хорижий иттифоқчиси бўлган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Афғонистонга оид сўнгги йиғинида уларнинг толиблар билан бир сафда жанг қилишгани далолат кучайиб бораётганига оид баёнотлар ҳам янграган.

Ўтган ой Афғонистон Ташқи ишлар вазири ҳозир Толибон аъзоларининг чорак фоизини "ал-Қоида" ва ИШИД аъзолари ҳам бўлган чет эллик жангарилар ташкил этишини айтганди.

Ҳаракатнинг тўлиқ сафда бўлган аъзолари сони эса, 85 минг нафар экани айтилади.

Толибон минтақадаги энг йирик исломий жангари саналади.

1996-2001 йилларда Афғонистонда ўзининг Исломий Амирлигини юритган.

Амирлиги қатъий, Толибон талқинидаги Шариат асосида бошқарилган.

Афғонистон Толибон ҳаракатига Мулла Ҳибатуллоҳ Охунзода етакчилик қилади.

Аммо унинг айнан қаерда экани маълум эмас.

Толибларнинг пойтахт Кобулдаги матбуот анжуманидан сал аввал Афғонистоннинг қудратдан ағдарилган вице-президенти кутилмаган баёнот билан чиққан.

Амруллоҳ Солиҳ ўзининг ҳали ҳам Афғонистонда эканини айтган ва мамлакатнинг янги муваққат президенти бўлишга даъво қилган.

У ўзининг "ҳеч қачон Толибонга таслим бўлиш нияти йўқ"лигини ҳам маълум қилган.

Афғонистон соби вице-президентининг бу режасига Толибон ҳаракатининг бирор бир муносабат билан чиққани ҳалича кўрилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek