Афғонистон: Толибон ҳамма овқатни еб қўйди, аёлларнинг барчаси "йўқолиб қолишди" Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

  • Малик Мудассир
  • BBC News, Кобул
Бугунги Кобул

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Толибон Афғонистон пойтахтига якшанба куни кирган. Ўшандан буён одамларни ишга қайтишга чақириб келмоқда

Толибон пойтахт Кобулга кирганига уч кун бўлди. Шаҳарда нималар ўзгарди. Ҳозир ҳам Кобулда бўлган мухбиримиз ҳикоя қилади.

Афғонлар ишга қайтишаяпти. Кўчаларда машиналарнинг сони ҳам ортган. Аммо одамлар аввалгидек эмас.

Ўтган тун ўттизга яқин қуролланган Толибон жангариси мен турган меҳмонхонага кириб келишди, овқат сўрашди.

Меҳмонхона ходимлари асабий эди.

"Менга қаранг. Биз бу ернинг хавфсизлигини таъминлашимиз керак", - дея гап бошлади меҳмонхона хавфсизлик ходимларининг бошлиғи.

"Буни биздан кўра ҳам яхшироқ биласиз. Истаган одам қурол билан келиб, ўзининг толиб эканини айтиши мумкин. Балким у талончи ёки ўғридир", - деб, уларга ўз ҳамроҳларини танитишса, яхши бўлишини айтди.

Сурат манбаси, Getty Images

Табиийки, алал-оқибат толибларнинг ҳаммаси тўйиб овқатланиб олишди. Мен кечроқ хонамга таом буюртма бермоқчи бўлдим. Аммо меҳмонхона ходимлари овқат аллақачон тугаб бўлганини айтишди.

Бор-йўғи бир неча кун бурун улар бизнинг душманимиз эди. Меҳмонхонани толиблардан махсус кийимдаги қўриқчилар қўриқларди.

Ҳозир эса, уларнинг ўрниларини толиблар эгаллашган: Келаётган машиналарнинг эшикларини ҳам ўзлари очишади, меҳмонхонани қўриқлаб, ташқарисида қуроллари билан туришибди.

Агар ўз кўрганларимдан келиб чиқиб айтсам, меҳмонхонанинг эркак ходимлари уч кундан буён соқолларини олишмаган. Аёл ходималаридан ҳеч бири қолмаган, ҳаммаси кетган.

Ҳозир меҳмонхона қабулхонасида ҳам фақат эркакларга кўзингиз тушади.

Хизматчилар, фаррошларнинг орасида ҳам аёллари ортиқ йўқ.

Меҳмонхонада ўйнаб турувчи куй-қўшиқ ҳам тўхтаган.

Сабабини сўраганимда, меҳмонхона ходимларидан бири, "дўстларимиз шу ерда, мусиқа тугади", - деб жавоб берди.

Сурат манбаси, EPA

Шаҳар кечагига қараганда анча гавжум. Тирбандлик ҳам унча кўзга ташланмайди. Яна бир қанча дўконлар очилган. Одамлар одатий ишлари билан машғул.

Зўравонликларга оид хабарлар йўқ. Кобулда отишма ёки вертолётлар овозлари эшитилмайди. Фақат олисдан бир қанча ҳарбий самолётларнинг шовқини сал қулоққа чалинади.

Аммо шаҳарда толибларнинг сони ортган. Кобулга Афғонистоннинг турли ҳудудларидан келишган. Аммо кўпчилиги Лугардан. Улар тартиб-интизомни сақлаш учун ўзларининг Кобулда эканликларини айтишади.

Ўзим кўрганларимнинг одамлар билан муомаласи яхши. Айрим ҳолларда ҳатто аҳволларини сўраб, ёрдам-пордам керак эмасми, деб ҳам сўраб туришибди.

Мен кеча, сешанба куни кўчадаги икки сотувчи билан суҳбатлашдим. Толибон келадими ёки АҚШ, биз ғариб афғонларга ҳеч бир аҳамияти йўқ, деб айтишди.

Сешанба куни Facebook да норозилик билдираётган аёллар акс этган манбаси номаълум видео ҳам тарқалди.

Улар мамлакат сиёсий ҳаёти, таълим, инсон ҳуқуқлари масаласида иштироклари бўлиши ва ўзларига тенг муносабат талаб қилинган плакатлар кўтариб олишганди.

Аммо мен ҳозиргача бу аёлларнинг ҳибсга олинишганига оид бирор бир хабарни эшитмадим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek