ИШИД Толибонга бошоғриқ бўладими? Афғонистон

  • Фрэнк Гарднер
  • Би-би-сининг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири
ИШИД жангарилари сўнгги йилларда Афғонистонда уюштирилган энг қонли ҳужумларга масъул, деб кўрилишади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

ИШИД жангарилари сўнгги йилларда Афғонистонда уюштирилган энг қонли ҳужумларга масъул, деб кўрилишади

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг минтақадаги Хуросон қаноти асосан Афғонистон ва Покистонда фаол.

У Афғонистондаги барча жиҳодий гуруҳлар орасидан энг ашаддийси ва жангариси сифатида кўрилади.

ИШИДнинг Хуросон қанотига гуруҳ Ироқ ва Сурияда қудратининг чўққисида бўлган, исломий халифатини барпо этишга муваффақ бўлган 2015 йилда асос солинган.

Аммо орада кечган вақт давомида ИШИД АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан Яқин Шарқда мавҳ этилган, халифати ҳам тугатилган.

ИШИДнинг Хуросон қаноти эса, ўз сафларига ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондан жиҳодчиларни, айниқса, ўз ҳаракатининг фаолиятидан норози собиқ толибларни кўпроқ ёллаб келади.

Гуруҳ қанчалар ашаддий?

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилоятида жойлашган

ИШИДнинг Хуросон қаноти сўнгги йилларда содир этилган энг қонли ҳужумларга масъул, деб кўрилади.

Бу ҳужумлардан нишон эса, қизлар мактаби, касалхоналар ва ҳатто туғруқхоналар ҳам бўлган.

Туғруқ бўлимига қилинган ҳужумда уларнинг ҳатто бир ҳомиладор аёл ва ҳамшираларни отиб ўлдиришгани айтилган.

Толибоннинг манфаатлари Афғонистоннинг ўзи билан чекланган бўлса, Хуросон қаноти ИШИД халқаро террорчилик тармоғининг бир қисми ҳисобланади.

ИШИДнинг глобал тармоғи эса, қаерда имконли бўлса, ўша ерда Ғарб, халқаро мўлжаллар ва оддий инсонларни нишонга олишга интилади.

Гуруҳ қаерда жойлашган?

ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилоятида жойлашган.

Мазкур мазкур вилоят Покистондан ўтувчи инсонлар ва наркотик моддалар траффиги йўлларига яқин жойлашган.

Гуруҳ куч-қудратга тўлган пайтда аъзолари сони 3 мингтагача етган.

Аммо орада анча заифлашган.

АҚШ, афғон кучлари ва Толибон билан кечган қақшатқич жангларда жиддий йўқотишларга учраган.

Гуруҳнинг Толибонга алоқаси борми?

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Афғонистонда ҳозир қудратга яна Толибон қайтган, ҳаракат тез орада ўзининг янги ҳукуматини эълон қилишини айтган

Ҳа, билвосита, яъни учинчи бир томон - Ҳаққоний тармоғи орқали ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистон Толибон ҳаракатига алоқаси бор.

Ҳаққоний тармоғи Толибоннинг яқин иттифоқчиси бўлади.

Тадқиқотлар эса, ИШИД-Хуросон қаноти ва Ҳаққоний тармоғининг алоқалари кучли эканини кўрсатган.

Ҳозир пойтахт Кобул хавфсизлигига масъул бўлган Халил Ҳаққонийга оид маълумот учун ўз вақтида $5 миллион доллар мукофот пули ҳам эълон қилинган.

Осиё-Тинч океани фондида ишловчи доктор Сажан Гоҳел Афғонистондаги жангари тармоқлар фаолиятини узоқ йиллардан бири ўрганиб келади.

Унинг айтишича, "2019-2021 йиллардаги бир нечта йирик ҳужумлар ИШИДнинг Хуросон қаноти, Толибоннинг Ҳаққоний тармоғи ва Покистондаги бошқа террорчи гуруҳлар ҳаммувофиқлигида амалга оширилган".

15 августда пойтахт Кобулни ҳам эгаллаши ортидан Толибон Пул-и-Чархий қамоқхонасида кўплаб маҳкумларни қўйиб юборган.

Уларнинг орасида ИШИД ва ал-Қоида жангарилари бўлгани ҳам айтилган.

Аммо ҳозир бу жангариларнинг аниқ қаерда эканликлари маълум эмас.

Бошқа томондан, ИШИДнинг Хуросон қаноти кўп масалаларда Толибон билан чиқишмай келади.

Гуруҳ ҳаракатни "Доҳадаги ҳашаматли меҳмонхоналарда" муҳрланган тинчлик битимлари эвазига жиҳод ва жанг жабҳасини тарк этганликда айблайди.

ИШИД ҳозир Толибоннинг янги ҳукумати учун жиддий бошоғриққа айланиши мумкин.

Бу масала Ғарб махсус хизматларини ҳам ташвишга солиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek