Толиблар ва Ўзбекистон: Президент Мирзиёев номидан Афғонистон халқига ёрдам етказилди - янгиликлар

Social Media/Afghanistan

Сурат манбаси, Social Media/Afghanistan

1500 тоннадан ортиқ деб айтилаётган кийим-кечак, озиқ-овқат ва дори-дармонларни Толибон вакиллари "мамнуният" билан қабул қилиб олишган.

Ёрдам Президент Мирзиёев номидан Афғонистон халқига аталган.

Бу инсонпарлик ёрдами ортилган 25 та вагон Ҳайратонга етиб келар экан, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ҳайратонда Толиблар вакиллари билан учрашган.

Сурат манбаси, Tolibon

Толибонга кўра, Ўзбекистон президенти номидан келтирилган инсонпарвалик ёрдам эҳтиёжманд аҳоли ва шифохоналарга тарқатилади.

Толибон вакиллари шунингдек, Ўзбекистон билан иккитомонлама муносабатларни яхшилашдан манфаатдор эканини айтган.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги хабари

2021-йилнинг 14-сентябр куни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами топширилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Мазкур инсонпарварлик ёрдами - ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пояфзаллардан иборат бўлиб, бу ўзбек халқининг биродар Афғонистонга кўрсатаётган хайрихоҳлигининг яна бир ифодасига айланди.

Маросимда сўзга чиққан Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Алоҳида қайд этилганидек, Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли Афғонистон халқи чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоён бўлиши сифатида баҳолади.

Тадбирда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори Қудратилло Абу Ҳамза инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида берилибгина қолмай, балки алоҳида эҳтиёж эканлигини, бу эса халқларимиз ўртасида асрлар оша давом этиб келаётган тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг яна бир исботи эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу ёрдам аслида Афғонистонга пандемия оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.

Марказий Осиё, Ўзбекистон ва Толибон

Сурат манбаси, Tolibon

Ўзбекистон бошқа Марказиё Осиё давлатларидан фарқли ўлароқ Толибон билан яқин алоқаларни шакллантиришга анчайин фаол ҳаракат қилмоқда. Баъзи кузатувчиларга кўра, Ғарб ва аксарият дунё давлатлари эҳтиёткорлик қилаётган бир паллада Тошкент қўшни жабрдийда мамлакатнинг янги раҳбарияти билан дадил "олди-берди" қилаётгани прагматик ёндашув бўлиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси 144 километрга узанган, мамлакатнинг қолган ташқи чегаралари билан қиёсланганда, энг қисқаси бўлади.

Аммо Ўзбекистоннинг бу чегараси Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида энг кучли қўриқланувчиси бўлган.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш режасини изҳор этаркан, сўнгги тўрт йил ичида Афғонистон билан ҳам борди-келди енгиллашган.

Ўзбекистон Афғонистондаги қайта тиклаш ишларига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати, ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб ҳам келади.

Толибон Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.

Ҳаракат 2020 йил АҚШ билан имзолаган "тарихий" тинчлик битими доирасида эса, хорижий бирор бир жангари гуруҳнинг Афғонистон тупроғидан четга ҳужум қилишига изн бермасликка ваъда қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek