Толибон Панжшир водийсида оддий одамларни ўлдирди - Ўзбекистон, Дунё, Афғонистон

Манбаларга кўра, маҳаллий дўкончи Абдул Сами Толибон унга хавф солмаслигига ишонган
Сурат тагсўзи,

Манбаларга кўра, маҳаллий дўкончи Абдул Сами Толибон унга хавф солмаслигига ишонган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Афғонистоннинг Толибон ва мухолифат кучлари ўртасидаги жангларга гувоҳ бўлган Панжшир водийсида камида 20 нафар оддий фуқаролар ўлдирилган. Водий билан алоқа узиб қўйилган ва у ердан хабарлар олиш қийин, аммо Би-би-си Толибон оддий аҳолини ўлдирмаслик ваъдасини бузгани борасидаги далил-исботга эга.

Панжширдаги йўл ёқасида олинган видео тасвирда ҳарбий кийимдаги эркак киши Толибон жангчилари қуршовида экани акс этади. Ўқ овозлари эшитилади ва у ерга йиқилади.

Бу одам армия аъзоси бўлгани ё бўлмагани номаълум, чунки минтақада камуфляж устбошлар кенг тарқалган. Видеода бир йўловчи у оддий аҳоли вакили бўлганини айтаётгани кўринган.

Би-би-си аниқлашича, Панжширда камида 20 шу каби қотилликлар юз берган.

Қурбонлардан бири икки фарзанднинг отаси, Абдул Сами исмли дўкончи бўлган.

Маҳаллий манбаларнинг айтишича, Толибон яқинлашганида у "мен бир қашшоқ дўкончиман, урушга ҳеч алоқам йўқ", дея қочишдан бош тортган.

Сурат тагсўзи,

Қизил доира ичидаги одам бир неча сониядан сўнг ўлдирилди.

Аммо, у Толибонга қарши аскарларга сим карталар сотишда айбланиб ҳибсга олинган. Бир неча кундан сўнг унинг ўлиги ўз уйи яқинига ташлаб кетилган. Гувоҳларга кўра, унинг танасида қийноқ излари бўлган.

Толибон ўтган ой Афғонистон устидан назоратни қўлга олганида фақат бир минтақа мудофаани сақлаб қолди.

Афғонистон тарихида Панжшир водийси қаршилик истеҳкоми бўлиб келган. Қўмондон Аҳмад Шоҳ Масъуд ҳам Совет қўшинлари ва ҳам Толибонни бу водийдан қувиб чиқарган.

Водий атрофидаги тоғ чўққилари унинг ишғолини қийинлаштиради.

Масъуднинг ўғли Аҳмад, Толибон иккинчи бора Афғонистонни эгаллаганида, уларга қаршилик кўрсатди. Аммо, ўтган ҳафта Толибон ўз ғалабасини эълон қилди ва толиблар водийда ўз байроқларини кўтараётганлари аксларини тарқатди.

Қаршилик кучлари жангни давом эттиришларини айтишган, Аҳмад Масъуд эса халқни Толибонга қарши "миллий ғалаён"га ундаган.

Ҳозирда Толибон Панжширда ўзини қандай тутишига эътибор қаратилмоқда. Водийга кирганларида, толиблар оддий аҳолини ўз кундалик ҳаётларини аввалгидек давом эттиришга чақирганлар.

"Дўкончи бўлсалар, дўконига борсинлар, деҳқон бўлсалар, даласига борсинлар. Биз уларни ва оилаларини ҳимоя қилгани келдик", - деган Толибон воизи Малави Абдулла Раҳамани.

Аммо, ҳудуддан олинган видеода бир вақтлар савдо қизиган бозорлар ҳувиллаб қолгани кўринади. Одамлар эса қочишга уринмоқдалар, водийнинг ўткир чўққилари орасидаги йўлларда машиналарнинг узун навбатлари юзага келган.

Ҳудудда озиқ-овқат ва дори-дармонлар танқислиги юзага келишидан хавотирлар бор.

Толибон оддий аҳолини нишонга олаётганини рад этади. Аммо, Ҳазара озчилиги вакилларининг ёппасига ўлдирилиши ва аёл полициячининг ўлдирилиши хабарлари ортидан, мамлакатдаги воқеълик ва Толибон ваъдалари ўртасида номутаносиблик борлиги кўзга ташланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek