Иқлим ўзгариши: Жаҳонда +50 градусли кунлар сони икки баравар кўпайган - Дунё, Ўзбекистон, Экология

BBC

Ҳарорат +50 градусгача чиққан ўта иссиқ кунлар 1980 йиллардан бери икки баравар кўпайган. Би-би-си дунё бўйлаб олиб борган таҳлили шундай хулосага келди.

Бу каби иссиқ кунлар ҳозирда Ер юзининг кўпроқ қисмларида кузатилмоқда, ҳамда инсон саломатлиги ва яшаш тарзига мисли кўрилмаган таъсирини ўтказмоқда.

Цельсий бўйича 50С дан юқори ҳарорат қайд этилган кунлар 1980 йилдан бери ҳар 10 йилликда ошиб борган. 1980 ва 2009 йиллар ўртасида 50С дан ошиқ кунлар йилига, ўртача ҳисобда, 14 кундан ошган.

Бу кўрсаткич 2010 ва 2019 йиллар ўртасида 26 кунга чиққан.

Шу муддат ичида 45С дан ошган ҳароратли кунлар йилига ўртача яна икки ҳафтага кўпайган.

"Бу ўсиш 100% қазилма ёқилғилар ёқилишига алоқадор", - дейди Оксфорд университетининг Табиатдаги ўзгаришларни ўрганиш институти директори Доктор Фредерике Отто.

Бутун дунё исишда давом этар экан, экстремал ҳароратлар эҳтимоли ортиб боради.

Юқори ҳарорат инсонлар ва ҳайвонлар учун ҳалокатли бўлиши мумкин, ҳамда бинолар, йўллар ва электр тармоқларига шикаст етказиши хавфи бор.

50С лик ҳарорат одатда Яқин Шарқ ва Форс кўрфазидаги мамлакатларда юз беради.

Аммо, бу йил Италияда 48,8С ва Канадада 49,6С қайд этилиши ортидан, олимлар агар ёқилғи ёқишни камайтирмасак, 50С лик ҳарорат бошқа жойларда ҳам юз беришидан огоҳлантирганлар.

"Тезроқ амал қилишимиз керак. Заҳарли чиқиндилар кўламини қанча тез камайтирсак, ҳаммамиз учун шароитлар шунча тез яхшиланади", - дейди Оксфорд университетидаги Жуғрофия ва табиат мактаби тадқиқотчиси Доктор Сиҳан Ли.

Ёқилғи ёқиш кўлами ошиши ва чорасизлик давом этса, нафақат экстремал иссиқлик тезлашади, балки унинг оқибатлари билан курашиш қийинлашади, дейди Доктор Ли.

Би-би-си таҳлили, шунингдек, охирги ўн йилликда максимум ҳарорат 1980 ва 2009 йиллар ўртасидаги ўртача кўрсаткичдан 0,5 градусга ошганини аниқлади.

Аммо, ҳароратдаги бу ўсишлар дунё бўйлаб тенг сезилмаган: Шарқий Европа, жанубий Африка ва Бразилияда максимум ҳарорат яна 1 градусга ошган, Арктика ва Яқин Шарқда эса 2С ўсиш қайд этилган.

Олимлар ноябрда Глазгода бўлиб ўтадиган БМТ саммитидан зудлик билан чора кўрилишини сўрашмоқда. Саммитда дунё лидерлари иштирок этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek