Коронавирус: Пандемия қачон ва қандай тугайди? Тўрт сценарий Koronavirus

  • Николай Воронин
  • Би-би-си Рус хизматининг фан масалалари бўйича мухбири
Мужчина снимает маску

Сурат манбаси, Getty Images

Ривожланган мамлакатларда Ковид-19 га қарши эмлаш тобора тезлашиб борар экан, бундан кейин нима бўлади, деган савол тобора долзарблашмоқда. Ниҳоят улар барча чегараларни очадими ва коронавируснинг янги вариантларининг пайдо бўлиши бунга қанчалик халақит бериши мумкин? Жамоавий иммунитетдан ҳали узоқмизми ва коронавирусга қарши самарали даво топилмагунча дунё нормал ҳаётга қайта оладими? Би-би-си Рус хизмати пандемиядан чиқишнинг мумкин бўлган асосий сценарийлари ва уларнинг қай бири бугунги кунда олимларга эҳтимоли кўпроқ кўринаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Июль ойи охирида “Lancet” журналида мақола чоп этилди, унинг муаллифлари - Европанинг ўттиз нафар етакчи тиббиёт олими - Ковид-19 пандемияси яқин ойлар ва йилларда қандай йўналишда ривожланиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган. Мақола муаллифларининг асосий саволи шу - пандемия уч-беш йил ичида тугайдими?

Европалик мутахассисларнинг фикрича, бу уч асосий омилга боғлиқ бўлади:

алоҳида мамлакатларда (фаровонлиги турли даражадаги) ва глобал миқёсда эмлаш қанчалик тез амалга оширилади;

вирус яна қандай мутацияга учрайди, бошқача айтганда, янги (ҳали пайдо бўлмаган) вариантлар қанчалик хавфли бўлади;

• ҳаммамиз - ҳам эмланган, ҳам эмланмаган - расмийларнинг тавсияларига қанчалик амал қиламиз.

Муаллифлар таъкидлашича, бугунги кунда бу соҳалардаги ишлар унчалик умидбахш кўринмайди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи,

Тадқиқотчиларга кўра, бутун дунёда одамлар аксилковид чекловларга тайёр бўлмай бораяптилар

Сайёрамизнинг ҳар тўртинчи катта ёшли фуқароси вакцинанинг иккала дозасини ҳам олган - бу нафақат эмдорининг етишмаслиги, балки уларга ишончнинг йўқлигидан ҳамдир.

Айниқса, коронавируснинг юқумли "Дельта" штамми деярли барча мамлакатларга кириб борган ва аста-секин у ерлардан вируснинг хавфсизроқ штаммларини чиқариб ташламоқда ва, энг ёқимсизи шуки, бу штамм касалликни бошдан кечирган ёки Ковид-19га қарши тўлиқ эмланганларга ҳам юқади. Шу билан бирга, мақола муаллифларининг хулосаларига кўра, бутун дунё бўйлаб чеклов чораларига янада ёмон амал қилишмоқда.

Шубҳасиз, бундай шароитда янги юқтирганлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Статистика шуни кўрсатадики, дунё пандемиянинг учинчи тўлқини чўққисида: июль ўрталаридан бери тасдиқланган ташхислар сони бир ярим баравар кўпайди (ҳар куни 350 дан 655 минггача).

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Пандемия йўналиши хасталикка ва унинг узоқ чўзиладиган шакли "узоқ ковид"га даво топилишига боғлиқ бўлади

Мақола муаллифлари пандемияни тугатишнинг мумкин бўлган вариантларини қисқача тасвирлаб, Ковид-19 узоқ муддатда соғлиқ учун жиддий хавф туғдирадими ёки йўқлигини ишонч билан айтишга қийналган.

Бир томондан, улар тан оладиларки, вирусдан буткул халос бўлиш мумкин эмас: ҳатто ҳар бир бемор тузалса ҳам, инфекция ҳайвонлар орасида айланиб юраверади ва уларда мутацияга учраши мумкин.

Бошқа томондан, кўп нарса самарали дори қанчалик тез топилишига боғлиқ - нафақат касалликнинг ўзига, балки "давомли ковид" номи билан машҳур бўлган инфекциянинг чўзилган шаклига қарши курашиш учун ҳам.

Тўрт сценарий

Пандемия ривожланишининг мумкин бўлган сценарийлари ҳақида батафсил маълумот июль ойи охирида Америка тиббиёт жамияти JAMA журналида чоп этилган мақолада келтирилди.

Муаллифлар ёзишича, кенг кўламли эмлаш кампанияси (АҚШда у тез суръатлар билан бормоқда) оддий ҳаётга нисбатан эртароқ қайтишга умид беради. "Бироқ бу йўлда кўплаб тўсиқлар бор: вакциналарнинг аҳолига нотекис етиб бориши, эмланишдан қатъий бош тортиш, вируснинг янги вариантлари ва қаттол инфекциянинг глобал тўлқинлари пайдо бўлиши", дея қўшимча қилади улар.

Сурат манбаси, Science Photo Library

Сурат тагсўзи,

Чечак вирусини 1970 йилларнинг охирига келиб тўлиқ йўқотишнинг уддасидан чиқилди

Мақолада тасвирланган тўртта сценарий "Ковид-19 эпидемиясини ҳал қила оладиган потенциал натижалар спектрини ифодалайди".

Биринчи сценарий бўйича вирус йўқ қилинади. Унга кўра, шифокорлар деярли ярим аср олдин вариола вируси билан бўлганидек, Ковид-19 ни Ер юзидан бутунлай йўқ қилишлари мумкин.

Бироқ бу муваффақиятни фақат бир шарт билан такрорлаш мумкин. Иммунитет (эмлашдан кейин ҳам, касалликдан кейин ҳам) кучли ва узоқ давом этиши керак. Шунда у қайта инфекциядан ҳимоя қилади ва шу билан бирга инфекциянинг кейинги тарқалиши олдини олади.

Ковид-19 мисолида бунга умид йўқ, вируснинг тарқалаётган мутацияларини ҳисобга олсак, уни бутунлай йўқ қилиш вариантини "соғлиқни сақлаш стратегияси сифатида олиш у ёқда турсин ҳатто буни орзу қилиш ҳам хаёлпарастлик бўлиб кўринади."

"Қисқа муддатли янада реалроқ вазифа", деб ёзади муаллифлар инфекцияни камайтириш, яъни оммавий эмлашлар ва қатъий чеклов чоралари орқали маълум бир мамлакатда инфекциялар сонини вақтинча нолгача тушуришдир. Бугунги кунда бунинг ёрқин мисоли қизамиқ вируси билан боғлиқ. Болаларни оммавий эмлаш туфайли ҳозирги кунда касаллик тарқалиши кам учрайди ва уларни нисбатан тез назоратга олиш мумкин.

Коронавирус ҳолатида бир қанча давлатлар бунга бир муддат эриша олди: булар Австралия, Вьетнам, Хитой, Янги Зеландия ва Сингапур. Асар муаллифлари ёзишича, вақти-вақти билан вакцинани янгилаб туриш орқали эпидемия назорат остида ушлаб турилса, бу вариантни амалга ошириш мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Эмлаш билан боғлиқ энг ёмон вазият қашшоқ мамлакатларда. Бу мамлакатларда инсонларни эмланмас экан, вируснинг бутун сайёра бўйича тарқалишининг олдини олиб бўлмайди

Учинчи сценарий - вирусли ҳаёт (вирус билан биргаликда яшаш) - ишлаб чиқилган вакциналар (аниқроғи уларнинг келажакдаги модификациялари) Ковид-19нинг оғир шакллари ва ўлимдан ҳимоя қилади деган тахминга асосланади. Эмланганлар кўп бўлган шароитда вирус ўлим хавфини юзага келтирмайди ва Ковид-19 мавсумий шамоллашга ўхшаш касалликка айланади.

Албатта, умумий иммунитет пасайиши, антитаначалар вақт ўтиши билан табиий камайиши ёки вируснинг янги мутациялари туфайли баъзида эмланган одамлар ҳам касал бўлиб қолади. Бироқ аҳолининг катта қисми ҳар қандай вақтда етарлича ҳимояланади, шунда оғир касалликларнинг кенг миқёсли тарқалиши олдини олиш мумкин.

Ва ниҳоят, тўртинчи сценарий - алангаланиш. Бу вариант вакциналар етишмаслиги, тиббий қарши кўрсатмалар бўлиши, паст иммунитет ёки эмланишни истамаслик туфайли дунё аҳолисининг катта қисми эмланмаганда юзага келиши мумкин. Бундай ҳолда, вирус тез тарқалади ва мутацияга учрайди.

Грипп, шамоллаш ва... ковидми?

Мутахассислар учинчи вариантни узоқ муддатда энг эҳтимоли баланд деб ҳисоблайдилар. Вакциналар унчалик кўп бўлмаса да, пандемия иккинчи сценарий бўйича ривожланади.

JAMA мақоласининг бош муаллифи, Браун университети профессори Эли Адаши Би би си рус хизматига: "Бутун жаҳон миқёсида эмланганлар ҳали жуда кам", деб тушунтиради.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Рўйхатга олинган вакциналарнинг аксари хасталикнинг оғир шаклидан анча самарали ҳимоя қилади. Аммо бу эмланган одамга вирус юқмайди дегани эмас

Тадқиқотда қатнашмаган Шарқий Англия университети Норвич тиббиёт мактаби профессори Пол Хантер ҳам инфекцияни бутунлай йўқ қилиш мумкинлигига ишонмайди. Унинг эслашича, иккала ишда ҳам айтиб ўтилган чечак - у ўзидан кучли иммунитет қолдиради. Ва сўнгги маълумотларга қараганда, янги коронавирусдан иммунитет ҳимояси олти-тўққиз ойда тахминан ярмига камаяди.

Бундан ташқари, ҳозирда ҳар хил даражадаги самарадорликка эга бўлган вакциналар Ковид-19нинг оғир кечиши олдини олади, лекин инфекциядан ҳимоя қилмайди: тўлиқ эмланган одамлар касал бўлиб қолиш ҳоллари кўп. Уларнинг касаллиги нисбатан осон ёки умуман асимптоматикдир, лекин шу билан бирга улар бошқаларга юқтириши мумкин.

Шунинг учун пандемия бошида кўпчилик олимлар (ва улардан кейин сиёсатчилар) умид қилган жамоавий иммунитет охир-оқибат эришиб бўлмас бўлиб чиқади.

"Агар стерилизация воситаси бўлмаса ва вирус тарқалишда давом этса, иммунитети бўлмаганларни ҳимоя қилишнинг иложи йўқ, - деб тушунтиради профессор Хантер. - У ёки бу тарзда барибир касаллик юқтиради, шу учун жамоавий иммунитет имконсиз.

"Яъни, биз вирусни йўқ қила олмаймиз. Бундан ташқари, уни бирор географик рамкага киритиш эҳтимоли йўқ, - деб давом этади Пол Хантер. - Кенг кўламли алангаланишга келсак, бу вариантни қачондир вирус даҳшатли тарзда мутацияга учрайди ва барчамизни ўлдиради, деган маънода тушунмаслик керак. Менимча, бу жуда қийин, деярли имконсиз деб айтардим

"Катта эҳтимол билан, вирус мавсумий бўлиб қолади ва биз уни вақти-вақти билан юқтирамиз. Бу хулосага дунёнинг деярли барча етакчи вирусологлари келган", дея хулоса қилади у.

Вирус билан пойга

Январь ойида "Nature" журнали дунёнинг турли бурчакларидан келган олимлар - иммунологлар, вирусологлар ва юқумли касалликлар бўйича мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, жами юздан ортиқ эксперт хулосасини тўплади.

Респондентларнинг деярли 90 фоизи профессор Хантер билан айни фикрда: Sars-Cov-2 (eradication) коронавирусни бутунлай йўқ қилиш мумкин эмас ва у вақти-вақти билан бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этади. Шу билан бирга, эрта ёшида касал бўлган болалар катталарга қараганда кучлироқ иммунитетга эга бўлади ва вируснинг келажакдаги мутацияларидан қисман ҳимояланади.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ҳойнаҳой бизни ўзига хос "қуролланиш пойгаси" кутмоқда - вакциналар билан вируснинг янги мутациялари ўртасидаги пойга

Тадқиқот ўтказилган экспертларнинг 40 фоиздан камроғи, ҳеч бўлмаганда маълум ҳудудларда Ковид-19 эпидемиясини нолга тушириш мумкин деб ҳисоблайди.

"Бизнинг қўлимизда фақат вакциналар ва чеклов чоралари бор ва уларга қанчалик риоя қилиш кераклигини ҳар ким ўзи ҳал қилади", дейди JAMA мақоласи бош муаллифи, профессор Эли Адаши.

Шу билан бирга, иммунитет ҳимояси жуда тез заифлашгани учун вакцинани вақти-вақти билан янгилаб туриш керак бўлади.

"Ва агар мавжуд вакциналар етарлича ҳимоя қила олмайдиган янги вариантлар пайдо бўлса чи? У ҳолда, [вирус ва вакцинани ишлаб чиқувчилар ўртасида] қуролланиш пойгаси бошланиши мумкин", давом этади профессор Адаши. - Янги препаратлар доимий мутацияга учраётган вирус ўртасида. Ва бизда бу мусобақада ғалаба қозониш учун имконият борми, ҳозирча аниқ эмас."

Бироқ мутахассис қўшиб қўйганидек, юқорида тасвирланган тўртта вариантдан ташқари, бешинчи сценарий ҳам бор - энг оптимистик. У яқин келажакда шифокорлар вирусга қарши самарали дори ишлаб чиқариши ёки Ковид-19 учун бошқа даволаш усулини топиши мумкинлигидир.

Бундай ўзгаришлар бор, дейди профессор Адаши. АҚШ ҳукумати аллақачон вирусга қарши истиқболли иккита препаратни сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган. Ҳозир иккаласи ҳам клиник синовларнинг охирги босқичидан ўтмоқда ва ҳали уларга аниқ ном қўйилмаган (ҳужжатларда улар АЗД7442 ва МК4482 код номлари остида кўрсатилган), Назарий жиҳатдан, улар пандемия жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Албатта, иккала дори ҳам ўз самарадорлигини кўрсатиши ва ҳукумат маъқуллаши керак. Аммо профессор Адашининг айтишича, унинг асосий умиди Ковид-19 учун дори ишлаб чиқарилишидир.

"Яқин келажакда фақат вирусга қарши препарат бизни бу аҳволдан қутқариши мумкин", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Яна олдингидек осон саёҳат қилоламизми? Олимлар бу саволга жавоб беришга қийналадилар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича ижрочи директори Майк Райаннинг айтишича, унинг ўзи пандемия қачон тугашини билишни хоҳларди. Аммо шифокор доим беморларга ҳақиқатни айтиши керак ва ҳақиқат шундаки, бу саволга жавобни ҳали ҳеч ким билмайди.

"Аниқ билганим шуки, агар ҳар биримиз бунинг учун бирор нарса қилсак, у тезроқ тугайди, - деди у. - Агар биз бутун дунёга вакциналардан фойдаланиш имкониятини берсак. Ўзимизни ва бошқаларни қандай ҳимоя қилишни ўйласак. Агар касалхоналаримиз беморларга яхшироқ ёрдам берса."

"Ўйлайманки, агар биз бу шартларнинг барини бажарсак, пандемияга анча олдин барҳам бера оламиз. Мен буни шу йилнинг охиригача деб айтишни истардим, аммо ўзим ишонмайман. Агар омадимиз келса, келаси йили касаллик назорат остида бўлади", дейди мутахассис.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek