Афғонистон: Қатар ва Туркия Толибон учун дунёга дарча бўлмоқда Afg'oniston Tolibon

  • Том Бейтмэн
  • Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири
Qatar's Deputy Prime Minister and Minister of Foreign Affairs Mohammed bin Abdul Rahman Al Thani meets with Mullah Abdul Ghani Baradar, head of the Taliban's political bureau, in Doha, Qatar (17 August 2021)

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Толибоннинг сиёсий раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд(чапда) Афғонистонга қайтгунча Қатарда Толибоннинг сиёсий идорасини бошқарди

Ғарб Кобулни тарк этгач, Толибон ўқ овозлари билан буни нишонлади. Аммо Толибон глобал миқёсда иҳоталаниб қолар экан, миллионлаб афғонларнинг келажаги мубҳам бўлиб турибди.

Мамлакатга исломий ҳокимият келар экан, жаҳоннинг қудратли давлатлари унга таъсир ўтказиш чораларини изламоқда. Бу жараёнда араб ва мусулмон оламидан икки давлат воситачи бўлиб ўртага чиқмоқда. Қатар ва Туркия.

Иккиси ҳам Толибон билан охирги алоқаларидан фойдаланмоқда. Ҳар иккиси фурсатдан фойдаланмоқчи. Аммо иккиси ҳам таваккал қилмоқда ва бу Яқин Шарқдаги эски рақобатларни яна кучайтириши мумкин.

Кўрфаздаги кичик, аммо газга бой Қатар расмийлари Афғонистондан чиқиб кетаётган давлатларни йўлак билан таъминлади.

"Қатарнинг муайян даражадаги ёрдамисиз ҳеч ким Афғонистондан эвакуация жараёнини йўлга қўя олмасди", дейди Халқаро Инқироз гуруҳида бош маслаҳатчи Дина Эсфандиёрий.

"Афғонистон ва Толибон Қатар учун муҳим ғалабани таъминлади, нафақат Толибон билан музокараларда воситачилик қилиш имконияти вужудга келди, балки даҳлдор Ғарб давлатлари учун уни жиддий ўйинчига айлантирди", дейди у Би-би-сига.

Ғарб давлатлари Кобулдан қочар экан, бу алоқаларнинг дипломатик қиймати янада ошди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Лолваҳ Алҳатирнинг "Twitter"ига боқсангиз, катта давлатларнинг миннатдорликлари билдирилган твитлар конвейер мисол улашилганини кўрасиз.

"Қатар... бу можарода ишончли воситачи бўлишда давом этмоқда", деб ёзди Алҳатир хоним шу ой бошида.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Афғонистондан эвакуация қилинган ўн минглаб одам даставвал Қатардаги "Ал-Убайд" ҳаво базасига олиб борилди

ммо Толибонга кўприк бўлиш келажакда турли хавфларни вужудга келтириши мумкин, жумладан Яқин Шарқдаги нозик чегараларни бузиши мумкин. Туркия ва Қатар минтақадаги бошқа давлатлар - Миср, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ўзларига хавф сифатида кўрадиган исломий ҳаракатлар билан яқин алоқа сақлайди.

Агар икки давлат Жанубий Осиёда Толибон билан жаҳон дипломатиясини олиб борса, бунинг тўлқини Яқин Шарққа етиб бориши мумкинми?

Дина Эсфандиёрийнинг айтишича, Толибоннинг қудратга қайтиши исломизмнинг - ҳукумат ва жамият бошқарувини исломий қонунларга мувофиқ ташкил этишни кўзловчи сиёсий мафкуранинг куни келаётганини билдиради. Аммо, унинг айтишича, бу ҳозирча Жанубий Осиё билан чекланган.

"Бу Афғонистонга тегишли, Яқин Шарққа эмас. Бу мамлакат 10 йилдан ошиқ вақт давомида исломистлар ва ноисломистлар ўртасида у томондан бу томонга бориб келиб турган", дейди у.

Толибон билан музокара

Толибоннинг 1990 йиллардаги илк ҳукмронлиги даврида у билан уч мамлакат расман алоқада бўлган: Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари.

Кейинги икки давлат 2001 йил сентябрида АҚШдаги террор ҳужумидан сўнг алоқаларни узган. Шунга қарамай, саудиялик айрим шахслар кейинги йилларда ҳам Толибонга яширинча маблағ ажратиб тургани хабар қилинди. Саудий расмийлар аввалига Толибонга расман молиявий ёрдам берилаётганини рад қилди ва хусусий шаклдаги пул оқими ҳам қаттиқ назорат қилинаётганини айтишди.

Аммо АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги ҳозирлиги америкаликлар орасида қаршиликларга учрай бошлагач, давлатларга дипломатия қилиш учун эшиклар очилди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Қатар воситачилари собиқ Афғон ҳукумати билан Толибон ўртасидаги сулҳ битимининг ўртакашлари бўлишди

Қатар ва Туркия учун Толибон билан алоқалар бошқача шаклда ривожланди.

Президент Барак Обама маъмурияти урушни тўхтатиш йўлини ахтарар экан, Қатар 2011 йили тинчлик музокаралари учун Толибон етакчиларига мезбонлик қилди.

Бу жуда баҳсли жараён эди. Доҳа атрофида Толибоннинг байроғи ҳилпираб туриши кўпчиликка ҳақоратли таъсир қилди (улар Американинг талаби билан байроқни пастроқ қилиб қўйишди).

Бу Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги Қатар учун мустақил ташқи сиёсат юритишга бўлган ўттиз йиллик орзунинг амалга ошишига ёрдам берди.

Доха музокаралари ўтган йили Президент Доналд Трамп вақтида битим имзоланиши ва шу йил майгача қўшинлар олиб чиқиб кетилишига келишилиши билан ўз авж палласига чиқди. Жо Байден лавозимга келгач, қўшинларни тўлиқ олиб чиқиб кетиш муддатини 11 сентябргача узайтирди.

"Эҳтиёткоронахушбинлик"

Туркияни Афғонистон билан кучли тарихий ва этник ришталар боғлаб туради. Афғонистонда НАТОдаги ягона мусулмон давлат аъзоси Туркиянинггина жанговар қўшинлари қолмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Туркия Толибонга алоқадор айрим жангарилар билан разведка соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилади. У, шунингдек, Толибоннинг бешиги бўлмиш қўшни Покистон билан ҳам иттифоқчилик қилади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Толибонга кўра, Кобул аэропортини бошқариш борасида Қатар ва Туркия билан музокаралар ўтказган

Кобул аэропортида тартибсизлик авжига чиққан маҳалда турк расмийлари Толибон билан уч соат давомида музокара қилди. Музокараларда турк қўшинлари олти йилдан буён қўриқлаб келган Кобул аэропорти келажаги ҳам муҳокама қилинган. Толибон Афғонистон "ишғоли"га барҳам бериш учун Туркия ҳам бошқа хориж кучлари қатори ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишини аллақачон талаб қилган. Аммо бу музокара каттароқ алоқаларнинг бир қисми бўлган, дейди таҳлилчилар.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Толибон етакчилари сўзларига "этиёткор оптимизм" билан қарашини айтди. Толибон билан алоқалар юзасидан танқидий берилган саволга у ким билан гаплашишни "ҳеч кимдан сўраб ўтирмаслиги"ни қўшимча қилди.

"Бу дипломатия," деди у матбуот анжуманида.

"Туркия Афғонистон бирлиги учун ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр, аммо ниҳоятда эҳтиёткорлик билан", деди у.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Президент Эрдўғон Туркияни Толибон билан мулоқоти учун қилинган танқидларга бепарво бўлди

Истанбул Олтинбош университетининг афғон муносабатлари бўйича эксперти профессор Аҳмет Қосим Хоннинг ишонишича, Толибон билан музокара қилиш Президент Эрдўғонга қўшимча имконият яратади.

"Ҳокимиятдаги ўринларини мустаҳкамлаш учун Толибонга халқаро ёрдам ва инвестиция керак. Толибон ҳозир ҳатто ўз ҳукуматлари ишчиларига маош тўлашга қодир эмас", деди у Би-би-сига.

Унинг айтишича, Туркия ўзини Кобулда элчихонаси очиқ турган Россия ва Хитойдан кўра ишончлироқ "кафил, воситаси ва ёрдамчи" сифатида кўрсатишга уриниши мумкин.

"Туркия бу ролни ўйнай олади", дейди у.

Обрўга хавф

Толибон Кобулни эгаллаганидан бери кўплаб давлатлар асосан Доҳа орқали Толибон билан муайян даражада алоқа сақлашга ҳаракат қилди. Аммо Туркия хавфли бўлишига қарамай буни бевосита амалга оширмоқда.

Проф. Хоннинг ишонишича, Афғонистондаги алоқаларни қалинлаштириш Президент Эрдўғонга ўз ташқи сиёсати "шаҳмат тахтасини кенгайтириш" ва ўз партиясига қўлловни кучайтиришига имкон беради.

"Улар Туркияни ислом дунёсида ўзига хос ўринга эга бўлган бир давлат ўлароқ кўради. Бу кўриш Туркиянинг ўтмиши ва унинг халифалик маркази сифатидаги Усмонли меросига бориб тақалади."

"Шунга қарамай, агар бу роль шафқатсиз бўлган шариат режимига ҳар бир давлатнинг ҳомийлик қилиши даражасига етиб борса, бу давлатнинг ўзи буни истамаслиги керак", деб қўшимча қилади у.

Жаноб Эрдўғоннинг бундай йўл тутишида бошқа "рационал" мотивлар ҳам борлиги айтилди. Туркиянинг АҚШ ва НАТО билан таранг муносабатларини юмшатиш ва афғон қочқинларининг Туркияга оқими олдини олиш.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Жаноб Эрдўғон айтишича, аёллар ҳуқуқларига нисбатан Толибоннинг ёндашуви кейинги музокараларда инобатга олинади

Қатар расмийлари эса мамлакатнинг воситачилик қилиши Кўрфаздаги нотинчликни ёмонлаштирмаслиги, аксинча камайтиришига умид қилмоқда.

Доха Яқин Шарқдаги бир қанча можароларда рақиб томонлар ўртасида воситачилик қилган. Араб баҳори бошланганда унинг Кўрфаздаги рақиблари уни исломистлар билан ҳамтовоқликда айблади. 2017 йили Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Баҳрайн Қатарни Эрон билан жуда яқинликда, ўзининг давлатга қарашли "Ал Жазира" телеканали орқали нобарқарорлик келтириб чиқараётганликда айблаб, алоқаларни вақтинча узди. Доха эса бу айбловларни рад қилди.

Афғон халқи учун ҳозирги мубҳам вазиятда Қатар ва Туркия ташқи дунё номидан Толибон билан гаплашмоқда. Бу орада Хитой ва Россия ҳам келажакда Кобул билан алоқани сақлашга интилмоқда.

Проф. Хоннинг айтишича, бу зарари кам бўлган "ҳамкорликдаги ёндашув"дир.

"Туркия Ғарбнинг бир вакили сифатида Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги босимларига жуда таъсирчан", дейди у.

Толибоннинг қудратга келиши тўлқини энди кенгайиб бормоқда. Миллионлаб оддий афғонлар ҳаёти шунга боғлиқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek