Россия-Украина: Расмий Москва ўз талабларини қўйди - буёғи нима бўлади? Video Rossiya Ukraina dunyo yangiliklar

Putin

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи,

Путин Украина масаласида оҳангини кучайтирмоқда, энди радикал талабларини илгари сурди

Россия Шарқий Европада Натонинг фаолиятини чеклашни талаб қилди. АҚШни зудлик билан музокараларга чақирди. Ғарб Россия Украинага бостириб кирмоқчи, деган хавотирда. Расмий Москва нималарни режалаяпти?

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Талаблар

Сурат манбаси, Reuters

Украина ва Россия чегарасидаги вазият ҳамон танглигича қолмоқда.

Россия мавжуд вазиятни юмшатиш учун ўз талабларини илгари сурди.

Натодан Украина ва бошқа давлатларга кўз тикишни хаёлига ҳам келтирмасликни сўради.

Расмий Москванинг бу талабига иттифоқнинг муносабати ҳалича маълум эмас.

Вашингтон эса, музокараларга очиқ эканини айтди.

Аммо унда ўз хавотирларини ҳам кўтаражагини билдирди.

Бу хусусда АҚШнинг Миллий Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси чиқиш қилди.

Жейк Салливан "Европанинг хавфсизлиги масаласини Россия билан 20 йилдан буён гаплашиб келишаётгани"ни таъкидлади.

У "бу музокараларнинг ҳеч қачон силлиқ кечмагани"ни ҳам эътироф этди.

"Аммо Россия билан мулоқотга тубдан тайёрликлари"ни баён қилди.

Оқ Уй воизи эса, жума куни журналистларга АҚШ Россия билан музокараларга ёлғиз ўзи киришмаслигини билдирди.

Жен Псаки "Европа хавфсизлигини европалик иттифоқчилари ва ҳамкорларисиз муҳокама қилиб бўлмаслиги"ни урғулади.

Натонинг режаси

Сурат манбаси, AFP

Натога дастлаб Европани Совет Иттифоқидан ҳимоя қилиш учун асос солинган.

Аммо дунёдаги энг йириги бўлган мазкур ҳарбий иттифоқ ҳозир Болтиқбўйи давлатлари ва Польшада ўз ҳарбийларига эга.

Расмий Москва эса, уларнинг қаршисига радикал талабларни илгари сурди.

Натога қўшилган собиқ Совет давлатларидан қўшин ва қуролларини ўзларига таҳдид сифатида кўрилиши мумкин бўлган ҳудудларга жойлаштирмасликни сўради.

Оғир бомбардимончи самолётлари ва ҳарбий кемаларини ўз ҳаво ва сув ҳудудлари билан чеклашларини талаб қилди.

Уларни ҳужум уюштириш мумкин бўлган ерларга яқинлаштирманг, деди.

Бу Натонинг уч Болтиқбўйи давлати ва Польшада ҳеч нарса қила олмаслигини англатади.

Иттифоқнинг Украина ва Грузияни қачон бўлмасин ўзларига қўшиб олиш режасини ҳам чиппакка чиқаради.

Урушми ёки дипломатия

Британия эса, Украинани Россиядан ҳимоя қилиш учун ўзлари ва иттифоқчиларининг қўшин юбориши эҳтимоли ҳақиқатдан анча йироқ эканини айтди.

Британ Мудофаа вазири ўз сўзлари сабабини Украинанинг Нато аъзоси эмаслиги билан изоҳлади.

Бен Уоллес бундан Украина ҳам "яхши хабардор" эканини таъкидлади.

У худди шунинг учун ҳам Путинни бу йўлдан қайтариш учун дипломатия ва жазо чораларига зўр бераётганликларини қўшимча қилди.

Бундан аввал Британия Мудофаа вазири "Украина халқига елкадош бўлиш ва уларни қўллаш аҳдида қатъий эканликлари"ни айтиб чиққанди.

Британия Бош вазири эса, Путинни кескин огоҳлантирган, минтақадаги вазиятни заррача издан чиқарса, Россия учун бунинг оқибатлари оғир бўлишини айтганди.

Путин Украина шарқидаги вазиятни нега геноцидга қиёслади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Украина шарқидаги исёнчиларни Россия дастакайди. Улар 2014 йилдан буён Украина қўшинлари билан урушиб келишади

Путин Украинадаги вазият юзасидан оҳангини кучайтирмоқда.

Россия президенти Донбассдаги жанг жабҳасини энди геноцидга қиёслади.

Донбасс Украинанинг этник руслар кўп яшовчи жанубий-шарқий минтақаси бўлади.

Россия президенти бу ҳақда пайшанба куни чиқиш қилди.

Путин Россия ташқарисидаги русларнинг дискриминация қилинаётгани масаласига эътибор қаратди.

Худди шу чиқишида Россия президенти Донбассдаги жанг жабҳасини геноцидга қиёслади.

У "русофобия" - руслардан қўрқиш бу йўлдаги биринчи қадам эканини иддао қилди.

Шарқий Украина

Сурат манбаси, Getty Images

Украина шарқидаги исёнчиларни Россия дастакайди.

Улар 2014 йилдан буён Украина қўшинлари билан уришиб келишади.

Ҳозир Россия Украина билан чегарасида катта қўшин тўплаган.

Бу эса, икки ўртада тангликни янада кучайтирган.

Мавжуд вазиятдан АҚШ ва Нато ҳам хавотирда.

Куни-кеча Жо Байден бу масалани ҳам Россия ва ҳам Украина президентлари билан гаплашиб олди.

Россия Украинага бостириб киради, деган хавотирлар бор.

Расмий Москва эса, буни рад этиб келади.

Байден ва Путиннинг сешанба кунги видеомулоқоти тангликни юмшатишга ҳаракат сифатида ҳам баҳоланди.

Жиддий огоҳлантириш

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Жо Байден Путин пўписаларини англаб етди, деган ишончда

Вашингтон ва иттифоқчилари Кремлни жиддий огоҳлантиришди.

Украинага ҳужум қилган тақдирда, Россияни қаттиқ жазолашларини айтишди.

Россия Украинани провакацияда айблайди.

Киевдан Нато ва унинг қуролларини Россия чегарасига яқинлаштирмаслик борасида кафолат истайди.

Украина томонига кўра, Россия ўзининг ҳабий амалиётларини келаси ой охирига режаламоқда.

Америка масъуллари бу хусусда аниқ тўхтамда эмас.

Улар Украинага ҳужум борасида Путин аниқ бир қарорга келди, деган фикрдан ҳозирча йироқ.

Ҳозир Украина билан чегара яқинида 100 мингга яқин Россия ҳарбийси тўплангани ишонилади.

Шу дам олиш кунларида дунёнинг иқтисоди ривожланган еттилик давлатлари ҳам расмий Москвани кескин огоҳлантиришган.

Украинага бостириб кирган тақдирда, Россия учун бунинг оқибатлари "улкан" бўлишини таъкидлашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek