АҚШда Уйғурлар ҳуқуқларини поймол этаётганларга қарши санкциялар қонуни маъқулланди Xitoy Shinjon Uyg’ur musulmonlari

Сурат манбаси, Getty Images
8 декабрь куни АҚШ Вакиллар Палатаси Уйғур мусулмонларига қилинаётган муносабат туфайли Хитойнинг Шинжон Уйғуристонидан импортни чеклайдиган қонунни маъқуллади.
Ҳужжат "Уйғур мажбурий меҳнати олдини олиш акти" деб номланган, уни ёқлаб Вакиллар Палатасининг 428 аъзоси овоз берган, бир конгресмен қарши чиққани хабар қилинди.
Ушбу қонун ҳар қандай ширкатдан Шинжондан импорт қилинган ҳар қандай товарни ишлаб чиқаришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилмагани "аниқ ва тасдиқланган далил" билан исботланган бўлиши талаб қилинади.
Конгресснинг ушбу қадами АҚШ билан Хитой ўртасидаги муносабатлар янада таранглашишига сабаб бўладиган қадам сифатида кўрилмоқда.
Хитой ушбу янгиликни ҳам норозилик билан қабул қилди, "ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жавобий чоралар кўриш"ларидан огоҳлантирди.
"Хитой Қўшма Штатларни ўз хатосини тўғирлашга чақиради", деди журналистлар билан мулоқотда Хитой ҳукумати вакили.
"Ҳозир Пекин Уйғур халқи ва бошқа мусулмон озчиликларга қарши шафқатсиз ва шиддатли кампанияни ташкиллаштираяпти. Шинжонда, бутун Хитой бўйлаб миллионлаб инсонлар одамнинг ғазабини қўзғайдиган инсон ҳақлари поймол этилишига дучор бўлмоқдалар: оммавий кузатишдан бошлаб интизомий сиёсатгача: оммавий қийноқлар ёлғиз изоляторгача тиқишдан тортиб мажбурий стерилизациягача, ҳақиқатни ошкор этишга ҳадди сиғган журналистлар ва фаолларни қўрқитишгача", деб айтган Вакиллар Палатаси спикери Ненси Пелоси.
"Хитой ҳукуматининг мажбурий меҳнат эксплуатацияси океандан ошиб бизнинг соҳилларимиз ва бутун дунёга тарқалмоқда", дея қўшимча қилган Пелоси хоним.
Сурат манбаси, EPA
Бундан олдин АҚШ Сенати ҳам шунга ўхшаш қонунни маъқуллаган, энди бу икки қонунни мувофиқлаштириш талаб қилинади.
Қонун кучга кириши учун Президент Жо Байден томонидан имзоланиши талаб қилинади.
Ушбу янгилик Оқ Уйнинг Пекиндаги 2022 йилги Қишки Олимпиадани дипломатик бойкот қилиши ортидан тарқалди.
Оқ Уй ўз қадамини, ўз таъбирича, Хитойнинг Уйғур озчилигини геноцид қилаётгани ва бошқа инсон ҳақларининг поймол этаётгани билан изоҳлади.
АҚШ томонидан Қишки олимпиада дипломатик бойкоти ҳам Пекинни ғазаблантирди.
Шу йил ёзида АҚШ ҳукумати Пекиннинг Уйғурларга нисбатан муносабати туфайли айрим Хитой товарлари импорти, жумладан қуёш панеллари материалларига чеклов киритган, буни Хитой "бандитона" деб таърифлаган эди.
Америка Вакиллар Палатаси бошқа бир ҳужжатни ҳам ёқлаб овоз берган, унда Халқаро Олимпия Қўмитаси "ўз зиммасига олган инсон ҳуқуқлари мажбуриятини адо этмагани" танқид қилинди.
Бунга хитойлик теннисчи аёл Пенг Шуайнинг юқори лавозимдаги коммунистик партия аъзосини жинсий тажовузда айблаганидан кейин ғойиб бўлгани сабаб бўлди.
Уйғурлар ва фаолларга кўра, Хитой ҳукумати камида бир миллион Уйғур ва бошқа аксари туркий мусулмон озчилик вакилларини Шинжондаги лагерларда тутқун қилиб ушлаб турган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва хорижий ҳукуматлар оммавий тутқунлик, мажбурий меҳнат, инсонлар сиёсий онгини ўзгартириш, қийноқлар ва аёлларни мажбурий стерилизациялаш исбот-далилларини топдилар. Вашингтон ушбу сиёсатни геноцид деб таърифлади.
Дастлаб Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор қилиб келган Хитой улар исломий экстремизмни камайтириш мақсадидаги қайта тарбиялаш марказлари деб айтган.
8 декабрь куни АҚШда жойлашган Уйғур Инсон ҳуқуқлари лойиҳаси(Uyghur Human Rights Project) ўзининг янги ҳисоботини эълон қилди, бу ҳисоботда муаллифлар 300 дан ортиқ Уйғур ва бошқа мусулмон зиёлилар 2017 йилдан буён тутқунликда ушлаб турилиптилар деб ишонишларини билдирганлар.
Хитой Уйғурлар борасидаги айбловларни рад этиб келади.
- Шинжон қоғозлари: Уйғурлар бостирилиши ортида Хитой раҳбарлари турибди
- Толибон Афғонистондаги уйғурларни энди Хитойга бериб юборадими - уйғурлар қаттиқ қўрқувда
- Хитой Шинжон Уйғуристонида энди ядровий каллакларини ҳам сақламоқчи, баллистик ракеталарини учирмоқчи
- Нега мусулмон лидерлар, ҳатто Толибон, уйғурлар сабаб Хитойни қораламаяпти?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek