Янгилик: Афғонистонга пулларини қайтаришмоқчи, аммо қанчасини? Толибон ва дунё Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилотининг огоҳлантиришича, ҳозир Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи қақшатқич очлик таҳдиди остида
Халқаро ҳамжамият мавқеини юмшатди.
Афғонистоннинг активларини қисман очди.
Четда Афғонистоннинг $10 миллиард долларча маблағи музлатиб қўйилган.
Аммо Толибон муваққат ҳукуматини ҳалича ҳеч ким тан олмаган.
Афғонистонга пулларини қайтаришга Ўзбекистон ҳам ундаганди.
Алоқадор мавзулар:
Афғонистон ҳозир жиддий инсоний ва иқтисодий бўҳрон ёқасида.
Толибон қудратга келиши ортидан халқаро ҳамжамият Афғонистонга катта миқдордаги молиявий кўмагини кесиб қўйган.
Бу Афғонистондаги шундоқ ҳам оғир вазиятни янада ёмонлаштирган.
Кучли қурғоқчилик сабаб, бу йил ғалла ҳам тузук-қуруқ бўлмаган.
Мамлакатда нарх-наво янада осмонга сапчиган.
Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилотининг огоҳлантиришича, ҳозир Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи қақшатқич очлик таҳдиди остида.
Уч миллион бола қорни тўйиб овқатланмасликдан азоб чекади.
Толибон ва дунё
Сурат манбаси, Getty Images
Толибон шу йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қайта эгаллаган
Аммо халқаро ҳамжамият ҳали-ҳануз Толибоннинг муваққат ҳукуматини расман тан олмаган.
АҚШ ва бошқа давлатлар Афғонистоннинг четдаги $10 миллиард долларга яқин маблағларини музлатиб қўйишган.
Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси ҳам Толибон Афғонистони ўзларидан ортиқ бир тийин ололмаслигини айтган.
Афғонистон иқтисоди эса, шундоқ ҳам халқаро ёрдамга қараб келган.
Агар, халқаро ҳисоб-китобларга таянилса, ҳозир 23 миллион афғонга фавқулодда озиқ-овқат керак.
Акс-ҳолда Афғонистон Ер юзида мисли кўрилмаган энг ёмон инсоний инқирозга юз тутиши мумкин, дейди Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилоти.
$280 миллион дóллар пул
Сурат манбаси, Getty Images
Ҳозир миллионлаб афғоннинг куни ташқи ёрдамга қараб қолган
Сўнгги янгиликка Толибон муваққат ҳукуматининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Халқаро донорлар эса, $280 миллион дóллар пулни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг икки идораси - Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилоти ва Unicef га беришмоқчи.
Улар ёрдамида афғонларни озиқ-овқат ва тиббий хизмат билан таъминлашмоқчи.
Пулни ҳар икки ташкилотга ҳам Жаҳон Банки бошқарувчи Афғонистонни Қайта тиклаш траст фонди ўтказиши айтилмоқда.
Пулнинг ярмидан кўпроғини Жаҳон Озиқ-овқат ташкилоти идораси олади.
Жаҳон Банкига кўра, бу икки ташкилот Афғонистонда ҳозир ва мамлакат аҳолисига тўғридан-тўғри кўмак қилиш имкониятига эга.
Толибон қудратга қайтиши ортиданоқ Афғонистоннинг четда музлатиб қўйилган активларини очишга чақириб келади.
Минтақанинг қатор давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам халқаро ҳамжамиятга худди шу каби даъват билан чиққан.
Жиддий инсоний оқибатларини назарда тутиб, Афғонистонни яккаламасликка ҳам чақирганди.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek