Дайжест. Лукашенко Путин билан СССР ни тикламоқчими? Британияда "Омикрон" тўлқини. Россия ўлганлардан ким пул ишламоқда? Саудияга сотилган юзлаб ўзбек аёллари - Rossiya O‘zbekiston yangiliklar

Britaniya Bosh vaziri

Сурат манбаси, Getty Images

Британияда янги тўлқин хавотири

Британия расмийлари мамлакатда "Омикрон" коронавирусининг янги тури кунига 200 мингга яқин инсонларга юқаётганини айтди. Бундай юқори кўрсаткични рўйхатга олинган ковид ҳолатларининг расмий статистикаси ҳали тасдиқлагани йўқ (душанба кунги ҳолат 54,6 минг атрофида эди), аммо илмий моделлаштиришга асосланган.

Ҳозиргача Британияда "Омикрон" билан касалланишнинг 4,7 минг ҳолати тасдиқланган, бироқ уларнинг сони жадал ўсиб бормоқда ва ҳар икки-уч кунда икки бараварга кўпаймоқда. Ҳозирда у Лондондаги барча ковид касалликларининг 44% дан зиёдини ташкил қилади. Британия соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавиднинг сўзларига кўра, янги мутация яқин икки кун ичида мамлакат пойтахтида доминант бўлади.

Бош вазир Борис Жонсон душанба куни Британияда "Омикрон" натижасида камида бир киши вафот этганини тасдиқлади, шу боис мазкур коронавирус мутациясининг нисбатан енгиллиги ҳақидаги тахминларни ҳозирча четга суриб қўйиш мумкин.

Британия жамоат соғлигини сақлаш агентлигининг таъкидлашича, янги ковид варианти аллақачон 18 ёшдан 85 ёшгача бўлган 10 кишини касалхонага ётқизган, уларнинг аксарияти вакцинанинг икки дозасини олган бўлишган.

Олимларнинг таъкидлашича, "Омикрон" мавжуд вакциналарни самаралироқ четлаб ўтишга қодир, шунинг учун зарур иммунитетни ривожлантириш учун икки эмас, балки учта доза керак бўлади.

Британия расмийлари кучайтирилган эмлашлар мамлакат аҳолисининг барча катта ёшлиларига қилиниши кераклигини эълон қилди. Натижада душанба кунидан бошлаб эмлаш марказларида узундан узун навбатлар юзага келди.

Алоқадор мавзулар:

Янги «Совет Иттифоқи»га ишора

Сурат манбаси, MIKHAIL METSEL/TASS

Лукашенко Россия президенти билан янги «Совет Иттифоқи» яратишини ишора қилди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко Туркиянинг ТРТ телерадиокомпаниясига берган интервьюсида икки давлатнинг Россия билан янги иттифоқи Европа Иттифоқининг барча хатоларини ҳисобга олишини, шунингдек, Совет Иттифоқидан барча ижобий томонларни қолдиришини айтди, дея хабар беради "Украинская правда" нашри.

"Ушбу иттифоқ янада ривожланган ва барқарорроқ бўлади. Биринчидан, чунки биз Европа Иттифоқининг барча хатоларини такрорламаслик учун ҳисобга оламиз, лекин тажрибадан, ижобий тажрибадан фойдаланамиз.

Иккинчидан, биз ягона давлатдан - Совет Иттифоқидан чиқдик ва у ерда кўп нарсаларни синаб кўрдик. Биз Совет ўтмишидан нимани қолдиришни ва келажакда бизга нима фойда келтирмаслигини биламиз ...

Биз ўзимизга 25, 30 ёки бошқа йил муддатларини белгиламаймиз. Биз муаммоларни ҳал қилиб, босқичма-босқич борамиз", дейди Беларусь раҳбари.

Лукашенконинг бу интервьюдаги сўзлари Россия президенти Владимир Путин ўзи учун СССРнинг парчаланиши фожиа ва "тарихий Россиянинг қулаши" ҳақидаги фикри манзарасида янграган.

Россияда вафот этганлар учун ёлғон йиғимлар

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москва вилоятида юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари юзасидан баёнот берди.

«YouTube ижтимоий тармоғида Москва вилоятида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари жасадларини Ватанга қайтаришда муаммолар юзага келаётгани ҳамда бунинг учун маблағ йиғилаётгани ҳақида мурожаат пайдо бўлди.

Маълумот учун, Москва вилоятининг Солнечногорск шаҳарчаси Прибрежная кўчасида жойлашган қурувчиларнинг вақтинча турар жойида 2021 йилнинг 13 ноябрь куни юз берган ёнғин оқибатида ушбу вақтинча турар жойда яшаб келган меҳнат мигрантлари орасида 2 киши жароҳат олган ва 4 киши вафот этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари (Ш.А. 1969 й.т., Э.У. 1998 й.т., Ш.К. 1987 й.т., А.Р. 1998 й.т.), аммо, жасадларни Ватанга қайтариш учун қайси жасад қайси шахсга тегишли эканини аниқлаш талаб этилади.

Шунингдек, Россия Федерацияси қонунчилигига кўра, белгиланган тартибга мувофиқ, давлат ташкилоти томонидан ўтказиладиган ДНК текшируви натижалари олингач, яъни, ҳар бир жасаднинг шахси аниқлангандан кейин тергов қўмитаси рухсати билан жасадларни олиб чиқиб кетишнинг имкони бўлади.

Шу ўринда, марҳумлар қариндошларидан чет давлат қонунлари, тартиб қоидаларини эътиборга олишларини ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан уларнинг айни пайтдаги ҳиссиётларидан фойдаланиб, оммани чалғитиш, маблағ йиғишга қаратилган чиқишлар қилмасликларини сўраймиз», дейилади баёнотда.

7000 долларга сотилган ўзбеклар

Сурат манбаси, AFP

Ўзбекистонда 2 йил давомида юзлаб ўзбекистонлик аёлларни Саудия Арабистонига ишга юбориш билан шуғулланган Хусусий бандлик агентлиги фош этилгани ҳақида ИИВ маълумотига асосланиб «Кун.уз» хабар берди.

«Хусусий бандлик агентлиги томонидан Саудия Арабистонига юборилган бир аёлнинг ўртача нархи 7-12 минг АҚШ доллари атрофида бўлган. Уй хизматчиси касби ваъда қилинган аёлларнинг айримлари жинсий зўравонликка учраган ва куч билан ушлаб турилган» дейилади хабарда.

«ХБА 2019 йилда очилган, лекин 2021 йил март ойида фаолиятида қонунбузарликлар учун Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарори билан лицензияси тўхтатилган. Шунга қарамасдан агентлик жорий йилнинг март ойидан ҳозирга қадар Саудиянинг «Maktab Qasrul Ixtiyar Lilistiqdam» ва «Al-Najmah Al-Masia» компаниялари билан ҳамкорликда эски сана билан сохта шартномалар тузиб Ўзбекистон фуқаролари бўлган 100 га яқин аёлни ушбу мамлакатга уй хизматчиси сифатида юборган.

Деярли барча аёллар уларнинг йўл харажатларини аванс сифатида қоплаш ва шартномада келишилган муддатдан сўнг қайтариш шарти билан саудиялик иш берувчиларга 7-12 минг долларга сотилган. Шунингдек, Саудияга юборилган аёллар уй хизматчисига муҳтож бошқаларга ҳам қайта сотиш ҳолатлари учраб турган» деб ёзади нашр.

Хабарга кўра, айни пайтда мазкур иш юзасидан Ўзбекистон ЖК нинг тегишли моддаларига кўра, жиноий иш қўзғатилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek