СуперҚудрат-Интернетнинг глобал инқилоби

Хитойдаги интернет кафеларидан бири
Image caption СуперҚудрат-Интернет келажакда бизга нималар ҳозирлаб турган экан?

Ўтган йигирма йил ичида Интернет дунёда мисли кўрилмаган инқилоб қилди. Айни инқилобни ҳеч ким режаламаган эди ва эртага бу инқилоб бизга нималар тайёрлаб турганини ҳам билмаймиз. Ана шу муносабат билан Би-би-си Жаҳон Хизмати СуперҚудрат лойиҳасини бошлади.

Интернет инсонлар ҳаётини, жамиятни қандай ўзгартирди? Ўзгаришлар нималарда кўрилади? Интернет дунёсига боғланиш ва ё боғланишдан маҳрум бўлиш нималарни англатади? Дунёни Интернет қандай қилиб тораймоқда ва бизни бир биримизнинг ҳаётимиздан огоҳ этмоқда? Интернет анъаналарга, хусусан, уйланиш, юриш туриш ва ногиронлик масалаларига қанчалар таъсир этди? Интернет тараққиётига ҳисса қўшаётганлар кимлар? Сизу бизми? Шахсларми ва ё ширкатларми?

Би-би-си Жаҳон Хизмати ана шундай саволлар билан турли касб, тоифа эгаларига мурожаат қилди. Биринчи суҳбатдош Ўзбекистондаги олийгоҳлардан бири ўқитувчиси Диёра Аҳмедова (суҳбатдошнинг исми ўзгартириб берилди-Би-би-си):

Диёра Аҳмедова: Интернетдан ўзбекистонликлар фойдаланаётганига анча бўлди. Хусусан, ёшларимиз, асосан ёшларимиз фойдаланишади. Кўча-куйда ҳам ҳар қадамда интернет клубларимиз мавжуд. Ёшларимиз бугун мобил телефонлари орқали ҳам интернетдан фойдаланиш имкониятига эгалар. Лекин, бу жараённинг сифат кўрсаткичига эътибор берадиган бўлсак, хурсанд қиларли даражада эмас. Нимага десангиз, аксарият ёшларимиз интернетдан кўнгилни хушлаш, турли чатларда ўтириб, соатлаб вақтларини бой бериб, танишиш мақсадида ёки бўлмаса, ахлоққа зид сайтларга мурожаат қилаётганларини афсус чекаман, тўғриси. Ўзим ҳам икки фарзанднинг онасиман. Фарзандларимни бадиий асарларни ўқишга мажбур қилсам ҳам, афсуски, бу асарлар юзасидан ёзиладиган иншоларни интернетдан тайёр кўчириб олишни маъқул кўришади. Бугунги ёшларимиз кўпроқ тайёр ахборот маҳсулотларини истеъмол қилаётган танбалларга айланаётганидан афсусланаман. Нафақат ўқувчи ёшлар, балки битирувчилар, малакали битирувчилар, магистрлик диссертациялари ҳам тайёр интеренетдан олинган манбалар асосида ёзилаётгани ва ёқланаётганини кўриб афсусланмай иложи йўқ.

Би-би-си: Демак, интернет таълим соҳасига ҳам, анъаналарга ҳам таъсир қилишни бошлаган, шундайми?

Диёра Аҳмедова: Албатта, таъсир қилишни бошлаган. Ман энди ҳамма ёшларни бир қолипга солишга ҳақли эмасман. Тўғри, интернетдан керакли соҳаларда фойдали ишлар ҳам олиб борилаяпти. Лекин, аксарият ёшларнинг мана шундай йўллар тутишаётганини кўриб, афсусланмай иложи йўқ. Бу жараёнда фақатгина ёшларни айблаш ҳам тўғри эмас. Нимага десангиз, мана бугунги кунда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг электрон нашрларига мурожаат қиладиган бўлсак, албатта, албатта, ҳар битта газета ва журналнинг электрон нашри бўлиши керак, лекин бу соҳада ҳам жуда кўп камчиликлар мавжуд. Ҳатто, шундай нашрларимиз борки, узоқ ва қисқа муддатда ўз электрон нашрларини беркитиб қўяётган ҳолларини ҳам кузатаяпмиз. Яъни, ёшлар мана шу нашрлар билан бевосита доимий танишиш имкониятидан маҳрумлар. Шу билан бирга ўзбек тилидаги электрон кутубхоналаримиз бор, лекин талаб даражасида, етарли даражада эмас.

Би-би-си: Интернетнинг фойдали томонлари ҳам бор деб айтаяпсиз, қандай фойдали томонлари бўлаяпти? Нималарда кўрилади, мана шу фойдали томонлари?

Диёра Аҳмедова: Фойдали томонлари шундаки, кўп ёшларимиз дунё билан танишиш мақсадида ёки чет тилларни ўрганиш мақсадида жуда кўп интернет манбаларидан фойдаланаётганларининг ҳам гувоҳи бўламиз. Лекин, саноқли ёшларимиз фойдаланаяпти.

Би-би-си: Бир маънода масалан, интернет дунёни торайтирмоқда, яъни дунёда юз бераётган ҳодисалардан огоҳ қилишда ёрдам бермоқда дейиш мумкинми?

Диёра Аҳмедова: Фойдали жиҳатларини биз инкор этмаймиз, албатта. Фойда. Лекин, масалан, очиғини айтиш керак, Би-би-сининг сайтига кириш, Озодликни сайтига кириш ва ривожланган давлатларнинг етакчи газета ва журналлари аксариятларининг сайтларига кириш Ўзбекистонда маън этилган, йўллари беркитилган. Талабаларимиз, тўғри, турли хил вақтларда, турли йўлларни излаб топишга ҳаракат қилишяпти. Лекин, бизда мана шундай ахборот чекловлари ҳам мавжуд. Буни ҳам инобатга олиш керак деб ўйлайман.

Би-би-си: Мана Сиз обрўли олийгоҳлардан бирида дарс берасиз. Талабаларингиз ўша беркитилган интернет саҳифаларига киришга қанчалар муваффақ бўлишади. Ҳеч бу борада гаплашганмисиз?

Диёра Аҳмедова: Ўзим ҳайрон қоламан. Чунки, бундай сайтларга ўзим кира олмайман очиғи. Лекин, талабаларнинг ўша сайтлардан қандайдир йўллар билан маълумотлар олаётганларини кўриб, гоҳида қувонаман ҳам. Сабаби, фикрга қарши бўлиш учун ўша фикрни билиш керак, масалан-да. Шунинг учун ҳам, талабаларимизнинг қизиқувчанлиги, уларнинг изланувчанлиги гоҳида мани хурсанд қилади, албатта.

Би-би-си: Демак, шунақа талабалар бор, а? Улар кўпчиликни ташкил қилишадими?

Диёра Аҳмедова: Албатта, бор. Лекин, озчиликни ташкил қилишади, афсуски. Ва уларнинг бу ишлари яширин ҳолда олиб борилади. Улар бу нарсани кичик бир гуруҳларда 2-3 киши орасидагина ўз фикрларини баҳам кўришади, баҳслашишади. Аммо, бутун бир гуруҳ ичида ёки катта бир йиғилишларда бу нарса тилга олинмайди.

Би-би-си: Бунинг сабаби нима деб ўйлайсиз энди?

Диёра Аҳмедова: Албатта, бунинг сабаби цензура деб ўйлайман. Биздаги мавжуд цензура. Цензуранинг расман йўқ бўлишига қарамай, норасман цензура ҳали ҳамон бизда мавжуд. Ахборотни махфийлаштириш бизда мавжуд. Ахборотни қасддан йўқотиш, қасддан чеклаш мавжуд бизда. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Бизда асосан, "ахборот хуружи" деб айтилади. Ахборот хуружига қарши "ахборот хавфсизлиги" деган терминларимиз жуда кўп ишлатилади. Мана шу йўсинда ахборотни чеклаш амалга оширилади.

Би-би-си: Мана икки болам бор деб айтдингиз. Улар интернетдан қачон ва нима учун фойдаланишади. Уйда, масалан, интернет борми?

Диёра Аҳмедова: Бор, интернет бор. Юқорида айтганимдек, шу иншоларни кўчириб олиш ёки гоҳида ота-онанинг назоратисиз қолганда чатларда танишиш мақсадида фойдаланаётганларини кўриб, ўзим ҳам гоҳида ранжийман. Лекин, ҳали бирон бир электрон китобни ўқиганини ёки бошқа бир ижобий ишлар билан машғул бўлганини ўзим гувоҳи бўлганим йўқ.

Би-би-си: Ўша ўзингиз дарс берадиган олийгоҳда талабалардан ташқари ўқитувчилар учун интернетдан фойдаланиш имкониятлари борми? Масалан, дарс бериш, умуман, дарсга тайёрланиш жараёнида интернетни қўллаш имкониятларини қанчалик? Сиз ўзингиз қанчалар кўп фойдаланасиз ўз фаолиятингиз учун?

Диёра Аҳмедова: Очиғини айтадиган бўлсам, бизда интернетдан фойдаланиш имкониятлари бироз чекланган. Анчадан бери ваъда қилишади, "университетимизда интернет тармоғини ўрнатишган, яқинда улашади", деб айтишади. Аммо, имкониятларимиз етарли бўлмагани учун ҳам ҳали интернет боғлангани йўқ. Яъни, биз қачон билмайман дарсларимизда бевосита интернетдан фойдаланиш имкониятига қачон эга бўла оламиз билмайман.

Азиз ўқувчилар Интернет Сизнинг ҳаётингизда қандай ўзгариш ясади? Сиз интернетдан қачон ва нима мақсадларда фойдаланасиз?

Фикр-мулоҳазаларингизни bbcuzbek.com га йўлланг