Исроил ҳеч кимга қулоқ осмаяптими?

Klinton xonim
Image caption Клинтон:Исроил "мушкул, аммо муҳим танловлар" қилиши керак

Америка давлат котиби Ҳиллари Клинтонга кўра, агар Исроил Фаластин билан тинчлик шартномасига эришишни истаса, унда “мушкул, аммо муҳим танловлар” қилиши керак бўлади.

Клинтон хонимнинг айни огоҳлари, Америка ва Исроилнинг муносабатлари Шарқий Қуддусда яҳудий келгиндилар учун 1600 та янги уй-жой қурилиши юзасидан таранг бир ҳолатга келган пайтда янграмоқда.

21 март куни Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу янги уй-жой қурилишини тўхтатишга доир чақириқларни рад этганди.

Фаластин маъмурияти эса Исроилнинг ишғол қилинган ҳудудларда қурилиш бошлаганидан ғазаб тушган.

Фаластинликлар Исроилнинг айни амаллари бир йилдан ортиқ давр мобайнида тўхтаб қолган музокаралар янгиланиши йўлида асосий тўсиқ деб билишади.

1967 йил Исроил Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусни босиб олганидан бери айни минтақаларда 100 дан ортиқ манзилгоҳлар қурди.

Босиб олинган ерларда қурилган уй-жойларда ярим миллиондан ортиқ яҳудийлар истиқомат қилишади.

Айни манзилгоҳ халқаро қонунчилик томонидан “ноқонуний” деб эътироф қилинган, аммо Исроил буни рад этиб келади.

БМТ бош котиби Исроил режаларига қарши

Image caption Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусдаги турар жойлар қурилишини ноқонуний деб билади

Яқин Шарқ масалалари бўйича халқаро тўртлик – муросасозлар ҳам Исроилдан Шарқий Қуддусда қурилишларни тўхтатишни талаб қилган эди.

Бирлашган Миллат Ташкилотининг бош котиби Пан Ги Мун ҳам Исроилнинг истило этилган ҳудудларда янги уй-жой қурилиш режаларини қоралади.

Аммо ҳозирга қадар Исроил Шарқий Қуддусдаги янги қурилишларга доир ўз режаларини ўзгартирмаган кўринади.

Исроил Бош вазири Шарқий Қуддусдаги қурилишлар ва Тел – Авивдаги қурилишлар ўртасида фарқ кўрмаётганига ишора қилар экан, Шарқий Қуддуснинг мавқеисига доир мубоҳасали қарашларини очиқлагандай...

БМТ Бош котиби Пан Ки Мун жаноблари келаси икки йил ичида Фаластин ва Исроил ўртасида тинчлик шартномаси бўлиши асосий мақсад эканини урғуламоқда.