Ғазо аёллари: Ҳамас назоратидаги ҳаёт

Ғазолик сартарош
Image caption Фаластинлик сартарош Ноил ал Раис Ғазо шаҳридаги аёллар учун сартарошхонасида

Ғазо бўлгасида яқинда эркак сартарошларнинг аёллар сочини кесишлари ман этилгани иқтидордаги Ҳамас исломий гуруҳининг ҳудудда кўпроқ анъанадор исломий қоидаларни ўрнатиш йўлидаги охирги қадами бўлмоқда. Аммо, бу чоралар неқадар тадбиқ қилинади?

Ғазо Ситида яшовчи тўрт ўртаҳол аёл Ҳамас 2006 январида Ғазодаги сайловларда ғалаба қозонгани ва 2007 июнида назоратни ўз қўлига олганидан бери ҳаёт қандай ўзгарганини тасвирлашган.

Мажла Шава, 29 ёш

Ғазода аёлларнинг сочини кесадиган беш эркак сартарош бор. Мен кўп йиллардан бери уларнинг бирига бораман. Яқинда уни учратиб қолдим, ва у "Ҳа, мен ҳали ҳам шу ердаман, ишим шу!" - деди менга. У чекловни устидан кулди, чунки у ҳам, ҳамкасблари ҳам ҳали ҳам ишлашмоқда. Лекин, мен учун бу ғамгин бир нарса.

Ўтган ёзда бир неча шундай "сиёсатлар" эълон қилинганди, бироқ амалга ошмай қолди.

Бир қарорга кўра, фуқаролик маҳкамаларида фаолият юритувчи аёл ҳуқуқшунослар рўмол ўрашлари керак эди. Лекин, одамлар шикоят қилишди ва ундан воз кечишди. Менимча, эркак сартарошлар борасидаги қоиданинг қисмати ҳам шундай бўлади.

Ҳамас кучга келганидан бери аёлларга муносабат соҳасида бирон босимни сезганим йўқ. Ҳали ҳам аввалгидек кийинаман, ҳижоб ўрамайман, аёл ва эркаклар аралаш жойларга бораман.

Балки умумий кайфият динийроқ ва анъанадорроқ тус олмоқда. Назаримда, Ҳамаснинг юқори даражали расмийлари мувозанат ушлашни исташади. Лекин, пастроқ даражали расмийлар орасида ўта анъанавий қарашларга эга одамлар бор, улар ҳатто аёлларнинг бўсағадан ўтиб кўчага чиқишларига қарши.

Бундай одамлар ҳозирча кам бўлсада, Ғазодаги турмуш шароити ўзгармас экан, бундай одамлар сони ўсиб бораверади. Ҳам эркаклар, ва ҳам аёллар елкасидаги иқтисодий босим тобора оғирлашиб бормоқда.

Ғазонинг ёпиб қўйилиши экстремистик дунёқарашнинг кучайишига яхши шароитларни яратади. Ғазо қайта очилмас экан, мен келажак авлод борасида кўтаринки руҳ билан ўйлай олмайман.

Ҳана Афана, 24 ёш, математика ўқитувчиси

Ҳамас қўли остида аёллар учун ҳаёт ўзгарди деб айтолмайман. Фикримча, Ғазодаги аёллар юз тутаётган асосий муаммо бу чегараларнинг ёпилиши билан боғлиқ.

Иқтисодий таъсири шундаки, аёллар ўз оиласини боқишни ўйлаб иш топишга уринишмоқда ва натижада уйи ва болаларини ортда қолдиришга мажбурлар. Ҳамас шариа қонунларини ўрнатишга уринаётгани мутлақ ҳақиқат эмас. Ғазонинг баъзи қисмларида мен аёллар рўмолсиз, ва ҳатто жинси шимларда уйдан чиқиб кетишларини кўраман.

Уларни Ҳамас ҳеч сиқувга олмайди, аксинча баъзи ҳолларда, масалан агар бирон эркак эргашиб тегажоқлик қилса, аёллар кўчадаги Ҳамас зобитларидан ёрдам сўрайдилар.

Ҳамас мактабларда узун кўйлак кийиш қонунини киритгани йўқ, менимча, баъзи мактабларнинг ўзлари шундай ички қоидаларни тадбиқ қилишди. Бошқа томондан, ниқоб (юзни тўла қоплайдиган рўмол) тақиш анчагина ошди, лекин бунга Ҳамас сабабчи деб ўйламайман, менимча, бу жамиятдаги воқеълик билан боғлиқ, аёлларнинг ўзлари буни борган сари кўп қилишмоқда.

Мен ҳижоб тақилишини тўла қўллаб-қувватлайман. Бу бизнинг эътиқодимиз. Аёл кишининг боши ўранган бўлса, уйидан чиққанида ўзини хавфсизроқ ва қулайроқ сезади. Мен ҳижобга ишонганим учун уни тақаман.

Агар Ҳамас ҳижобни тарғиб қилмоқчи бўлса, мен уни икки қўллаб дастаклайман, чукни муслима сифатида бошқа аёлларга ўранишни маслаҳат бериш менинг бурчим деб биламан. Бу бизнинг анъанамиз. Лекин, алал-оқибат бу ўша аёлнинг танлови бўлиши керак, уни куч билан мажбурлаш нотўғри.

Нур, 24 ёш

Мен энг катта муаммо бу ишсизлик деб биламан. Ўз устингизда қанчалар қаттиқ ишламанг, барибир бирон иш топиш учун маълум бир сиёсий гуруҳга аъзо бўлишингиз керак.

Мен 2007 йилда ўқишни тугатдим, лекин ҳозир бир ишдан иккинчисига ўтиш жараёнидаман. Кўп битирувчилар ишсиз юришибди. Бунга асосан Исроилнинг Ғазони ёпиб қўйгани сабабчи.

Бошқа тарафдан, кўп нарса ўзгарди деб айтмаган бўлардим. Лекин, ҳар хил мишмишлар юради.

Охирги мишмишга кўра, Ҳамас аёллар боши ёпиқ эканини таъминлаш учун кўчаларга аёллардан тузилган қўриқчилар гуруҳини қўяр экан.

Эшитишимизча, шим кийган аёллар тўхтатилиб, кийимларини ўзгартиришлари сўралар экан. Кўчага чиқишга қўрқиб қолдик. Лекин, аслида ҳеч бундай чора кўрилгани йўқ.

Қизларнинг мактаб кийимлари ҳақида ҳам шундай гап тарқаганди. Қизлар кофточка ва юбка ўрнига узун ва кенг кўйлак кийишлари керак экани буйруқ берилади деб эшитгандик. Эшитишимизча, бу чора жорий йил кўрилиши керак эди, лекин мактаблар очилди, қизлар эса ўша-ўша эски устбошида мактабга келишди.

Мона Аҳмад ал Шава, 36 ёш

Мона Фаластин Инсон Ҳуқуқлари Маҳкамасида аёллар бўлимини бошқаради

Ҳамас 2007 йил июнида Ғазо устидан назоратни қўлга олганидан бери Ғазонинг ишғол қилингани аёллар ҳаётини янада қийинлаштирди.

Сув, электр қуввати ва газ тақчиллиги мавжуд. Тиббий муолажа учун Ғазодан чиқиш жуда қийин.

Ўтган йил Ғазода юз берган уруш ортида аҳвол янада қийинлашди, чунки кўп аёллар эрларидан ажралди. Аёллар ҳам жон беришди, албатта.

Бу жамиятда ногирон аёл ё бева бўлиш нақадар мушкул эканини тасаввур ҳам қилолмайсиз.

Шария қонунларимизга биноан, бева аёл ўғли тўққиз ва қизи ўн бир ёшга чиққанида уларга эгалигидан ажралади.

Лекин, уруш ортидан Ҳамас бу қонунни бекор қилди ва энди бева агар қайта турмуш қурмаса ўз фарзандлари билан қолиши мумкин. Бу яхши томонга ўзгариш.

Ҳамас раҳбарияти билан муаммоларимиз кўп, лекин аёллар ҳуқуқлари борасида кўп тортишувга бормаганмиз.

Шароитлар сиёсий вазиятга қараб ўзгаради. 1987 йилда илк интифода бошланганида аксар аёллар ҳижобга кирганди, чунки агар бошинг очиқ бўлса одамлар ёмон муносабатда бўларди ёки тош отишарди. Ҳозир ундай ёмон муносабат йўқ.