Сакура байрами ё бу йил олча эрта гуллади

Япониянинг об-ҳаво агентлиги олча дарахти гуллаши палласи бошланганини расман эълон қилди.

Бу японларнинг "Сакура байрами" ибтидосини англатади.

Об-ҳаво идорасининг ушбу эълонидан кейин миллионлаб инсонлар боғларга, олчазорларга сайрга отланадилар.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, бу йил олча гуллаши бир кун кеч бошланган, бироқ баъзиларга кўра, глобал иқлим ўзгариши туфайли бу йилги ғунча очилиши тарихий ўртача фурсат деб кўрилган кундан олти кун илгари содир бўлмоқда.

Асрлар мобайнида олча дарахтининг гуллаши Япония, япон халқи ҳаётида ўзига хос ўрин эгаллаб келган, Сакура гуллаши ҳақиқий баҳор келгани демакдир.

Мамлакатда махсус олча дарахтлари ўтқазилиб, улар доимо назорат қилиб турилади, беш ёки олти дона гули очилган дарахт ўша минтақада баҳор келганини англатади. Бу йил Об-ҳаво агентлиги мулозимлари Токиодаги Ясукуни мақбарасига ташриф буюриб, Сакура мавсуми бошланганини эълон қилдилар.

Ясукуни мақбараси Япония пойтахтидаги дарахтларнинг асосий маскани ҳисобланади.

Бир неча кундан кейин эса - олча қийғос гуллаганидан кейин Токио аҳолиси шаҳар ичкарисидаги парк ва боғларга йўл оладилар, кимлардир шаҳардан "бош олиб чиқиб кетиш"ни ихтиёр этади.

Ҳамма олчазорларга энг яқин майсазордаги энг зўр жойни эгаллашга шошилади.

Олча гуллари остида ўтириб зиёфат бошланади, қош қорайгунича бутоқлар очилишига маҳлиё бўлиб ўтирадилар, "саке" ароқлари ичилади.

Баъзи японлар олча гули ўзларига умрнинг нақадар қисқа эканлигини эслатиб туришини айтадилар.

Япон жамиятида олча дарахтининг гуллаши янги бошланишни англатади - макатбларда янги ўқув йили ва тадбиркорликда янги молиявий йил айнан биринчи апрелдан бошланади.