Хитой Google қароридан ғазабда

Гуглнинг Хитойдаги идораси
Image caption Хитойда туриб Googleда бирор сўзни қидирган киши Хонконгдаги Google веб-сайтига йўналтирилади

Googleнинг Хитойдаги интернет қидирувида жорий этган цензурасини бекор қилиши ҳақидаги қарорини расмий Пекин ғазабнок қарши олди.

Google материкдаги Хитойда интернетда қидирувга бундан кейин филтрация қўйишни тўхтатиши ҳақида эълон қилди, энди Хитойда туриб Googleда бирор сўзни қидирган киши Хонконгдаги Google веб-сайтига йўналтирилади.

Хитой ҳукумати эса Хонконгдаги веб-сайтга тўсиқ қўйишни кучайтирган.

Хитойнинг интернетни бошқаришга масъул идораси эълон қилишича, "Google Хитой бозорига кириб келган пайтида берган ёзма ваъдасини бузган".

Расмий Пекинга кўра, Google бу амали билан Хитой қонунларини бузмоқда.

Googleнинг Хитой ичкарисида интернетга чеклов жорий этгани танқидларга сабаб бўлган.

Расмий Пекин билан Google ширкати ўртасида қатор масалаларда келишмовчиликлар ҳам юзага чиққан.

Шу йил бошида Google ширкати серверларига хакерлар ҳужуми юз берган, ширкат бунда Хитойни айблаган.

Би-би-сининг Пекиндаги мухбири Дамиан Грамматикас ёзишича, Googleнинг Хитой ҳудудида интернет-қидирув амалини тўхтатиши мамлакатнинг халқаро обрўсига жиддий зарбадир.

Бу жаҳондаги энг муваффақиятли бизнес ширкати Хитойга интернетни цензура қилишда кўмаклашмоқчи эмаслигини англатади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг билдиришича, Googleнинг ушбу ҳаракатига бошқалар томонидан ҳаддан зиёд сиёсий тус берилмаса, Хитой билан АҚШ ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатмайдиган бир ширкатнинг тужжорий қадамидир.

Бу мавзуда батафсилроқ