Усама Бин Лодин ғорида меҳмон бўлган журналистнинг хотиралари

Image caption "Хушмуомала" Бин Лодин

Бир минг тўққиз юзу тўқсон олтинчи йил. Лондоннинг Ҳаммерсмит деган минтақаси, кичик бир идора… Абдулбари Атван Британияда нашр этиладиган, Араб тилидаги “Ал-Қудс ал-Арабия” газетининг бош муҳаррири эди.

Унинг ҳузурига ўз таъбирича, “болтасоқол ва семиз” шахс кириб келади. Бу шахс ундан “ Усама Бин Лоден билан учрашишни истайсизми?” деб сўрайди.

Атван жаноблари айни масалада жиддий қарор олиши керак эди.

Ўша ёз Бин Лодинни Америка террорчиликни молиялашда айблаган, аммо у дамлар Бин Лоденни танийдиганлар сони жуда оз эди.

Журналист шундай хотирлайди:

- Мен даҳшатга тушдим бу саволдан... Унинг номи ҳозиргидай олабўжи эмас эди, аммо барибир анча қўрқинчли эди. Борсамми, бормасамми деб ўйлаб қолдим. Жуда хатарнок бир сафар бўлур эди бу... Бутун ҳаётимга таъсир қилиши мумкин... Ёшим энди қирқдан ошган эди, борсам ҳаётимни хавф остига қўйишимни билардим. Аммо ўйлаб ўйлаб охири бораман дедим. Бу боришни истаганимдан “ҳа” деган жавоб эмас, иложсизликдан, истамасдан берилган розилик эди.

Бунақа суҳбатга одам ўзини қандоқ қилиб тайёрлайди?

Абдулбарий иссиқ кийимларни йиғишдан бошлади ишни...

У Афғонистон ва Покистон чегарасидаги тоғли минтақага боришини билар эди.

Афғонистондаги воситачилардан бири унга афғонлар кийимларини берди.

Чегарада ўтиб олишгач, бир машинага чиқишди.

Бир неча Калашников билан қуролланган кишилар жанубга, Тора Бора томонга йўлга чиқишди.

Тоғлар оша тепага чиқаверишар экан, Абдулбарий асабийлаша бошлади.

Яна журналист хотиралари:

- Биз баланд тоғларга кўтарила борар эканмиз, менимча, сув сатҳидан уч минг метр юқорида эдик, хуллас, биз кетаётган йўл тошлар билан тўсиб қўйилган экан. Мендан ташқари ҳамма машинадан тушди. Улар тошларни четга улоқтиришар ва бир-бирларига, бу тошлар тепадан тушган бўлиши мумкин дейишарди. Мен ўлардай қўрқдим. Уларга бу билан нима демоқчимисиз, қанақасига тепадан тушади дедим? “Бўп туради шунақасиям, ўтган ҳафта Абу Омар Абу Муҳаммад ва Абу Ҳафизлар шу ердан машинада ўтаётганларида катта тош тушган. Нақд машинанинг тепасига... Шаҳид кетишди улар... Улар жаннатда, бизга ҳам шундай тақдир насиб этса, уларнинг ёнига жаннатга борамиз...” Мен эса ичимда мен ёшман ҳали, жаннат керак эмас, болаларим бор дердим. Эҳтимол, жаннатга тушишни истарман, аммо кейинроқ... Аммо ичимдан ўтаётганларини уларга айтиб бўлмас эди. Токи ғорга етиб борганимизга қадар, мен жуда жуда қўрқдим. Ярим тунда манзилга етдик. Бўйи узун, қотмадан келган, соқолли одамни кўрдим. Бу одам Усама Бин Лодин эди. У Араб анъаналарига монанд мен билан қучоқлаб кўришди. Ғор ичи иссиқ эди. Икки хонаси бўлиб, бири меҳмонхона экан. Исломий китоблар билан тўлган эди бу хона... Одамлар ерда ўтиришарди. Усама Бин Лоден ҳам ерда ўтирарди. Унинг қуроли тиззасида. Менга ширин чой беришди. Бирданига ташқарида отишма бошланиб кетди. Жанг майдонининг садолари келар эди. Ҳамма Калашников кўтариб ташқарига отилди. Бин Лоден ҳам чиқди. Мен ўзим ғор ичида қолдим. Нима бўлаётганини билмас эдим. Орадан йигирма дақиқа ўтиб улар қайтишди. Сукунат чўкди. Мен жуда қўрққан эдим. Усама Бин Лодин “узр, бу ҳарбий машқ эди” деб айтди. Унинг айтишича, жангарилар менинг ортимдан кимдир тушган бўлса дея эҳтиёт шарт шунақа машқ қилишган экан. “Биз Сизга Фаластинда Интифода аъзоси бўлиб курашган пайтларингизни ёдингизга солмоқчи эдик”, деди Бин Лодин. Мен эса, узр, аммо мен Фаластин озодлик ташкилотининг фаоли бўлмаганман ҳеч қачон дедим. Мен журналистман, одатда қимматбаҳо меҳмонхоналарда қоламан...Сиз мени бошқа бир киши билан адаштирдингиз чоғи, дедим. У кулди. Биз йигирма дақиқача суҳбатлашиб ўтирдик. Бир пайт яна “пақа-пақа” бошланиб қолди. Ҳамма ўзини ташқарига урди. Мен бу гал Усаманинг қўлидан ушлаб, илтимос, бу бир машқ бўлса, қолганлар машқни қилаверсин, илтимос, мен билан қолинг, мен қўрқаяпман дедим. У қолди. Яхши бўлганди ўшанда мен билан қолгани... Мен айтганимдай жуда қўрққан эдим. Аммо Усама Бин Лодин меҳмондўстлик қилди менга...Юмшоқ муомалада бўлди. Мен ўзимни дейлик шафқатсиз қуролли жангариларнинг раҳбари билан ўтирибман деб ҳис этмадим. У жуда мулойим гапирарди, оддий инсондай тутарди...

Image caption Ҳамон қидирувдаги шахс

Журналист бирмунча вақт ўтиб ўзига келади, қўрқувлар сал бўлсада арийди...Кечки овқат тортилади. Албатта, қилган Саудиялик миллионернинг дастурхонини бошқачароқ тасаввур қилган эди.

Журналист ҳикоя қилади:

- Ачиган пишлоқ келтирилди. Қовурилган тухум, картошка...Ёғли овқат эди жуда... Энди, тасаввур қилинг мен Лондонлик олифта бўлсам, ўйлаганим зарарли ёғлар,қон босимининг кўтарилиши... Дастурхонда эса турган битгани кони зарар таомлар! Тун ярмидан оғган, тонгги иккиларга яқинлашаётганди. Мен тезроқ интервюни бошлашни истардим. Улар суҳбатни ёзиб олишга рухсат беришмади. Аммо қўлда ёзадиганингизни ёзаверинг дейишди. Жуда зерикарли амал эди бу. Мен савол сўрар ва жавобларни қоғозга туширардим. Ниҳоят суҳбатни тугатдик ва ухлаш учун ўринларимизни эгалладик. Мен Усама Бин Лоденнинг хонасида эдим, чунки “меҳмон” деган номим бор эди. Албатта, бу ўрин алмисоқдан қолган бир дарахтлардан, шох шаббалардан ясалганди. Мен ухлолмай ётдим. Белимга бир нарса ботар эди.

Хуллас, Абдулбарийни тонгда бомдод намозига уйғотишди. Усама Бин Лодин билан намоз ўқиди.

Кейин сафари ҳам қариди...У Лондонга қайтиб мақоласини якунлади.

Орадан беш йил ўтиб май ойида ва 2001 йилнинг октябрида Абдулбарий Атванни яна Усама Бин Лодин билан учрашувга таклиф қилишди.

Аммо Абдул Барий бу таклифларни рад этди.

Абдулбарий Атван бугун Лондонда, аммо Усамонинг қаердалигини ҳеч ким билмайди.