'Қаҳратон қишдан азоб чекаётган Мўғилистонга ёрдам керак'

Монголиялик чорвадорлар
Image caption Қизил Хочнинг айтишича, борган сари мухтож оилалар сони ортиб бормоқда

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти қаттиқ совуқ туфайли чорваларидан ажралган минглаб мўғилистонлик чўпонларга кўмак беришга чақирган.

Ташкилотнинг айтишича, мамлакатдаги йиллар давомида илк бор кузатилаётгани айтилган энг қаттиқ қиш қаҳратонида миллионлаб чорва моллари қирилиб кетган.

Қизил Хочнинг айтишича, энг кўп зиён кўрган оилаларга фавқулодда ёрдам кўрсатиш ва заҳираларни қайта тиклаш учун 900 минг доллардан ортиқ маблағга эҳтиёж бор.

Би-би-си мухбирига кўра, ҳозирда омон қолган чорва молларига ем-хашак етишмаётир.

Яқин ойлар ичида Мўғилистонда ҳаво ҳарорати минус 40 даражага тушиб кетганди.

Мамлакат аҳолисининг қарийб ярми чорвачилик ва ё деҳқончилик билан шуғулланади. Ҳамда уларнинг асосий даромадлари чорвадан келади.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг айтишича, декабр ойидан бери Монголиядаги 10 фоизга яқин чорва моллари қирилиб кетган.

Агентликнинг айтишича, 3 мингдан ортиқ оилага фавқулодда озиқ-овқат ёрдами етказиб бериши учун молиявий ёрдам керак. Бундан ташқари ушбу оилалар ўз турмушларини тиклаб олишлари учун ҳам кўмак етказилиши лозим.

"Ёрдамга эҳтиёж борган сари ўсиб бормоқда ва мол-ҳолларидан ажралаётган янада кўпроқ чўпонлар ҳақиқий мушкулотлар билан рўбору келишмоқда", дейди Қизил Хоч ташкилотининг Мўғилистондаги бош котиби Равдан Самдандобжи.

"Янада кўпроқ одамлар саросима остида қолишмоқда ва мухтожлик борган сари ортмоқда", дейди у. Би-би-сининг Мўғилистондаги мухбири Крис Ҳоггнинг хабар қилишича, об-ҳаво май ойи ўрталаригача илимаслиги айтилади ва чорвадорлар келаётган бир неча ҳафтда қиш мавсумининг энг қийин даври бўлишини кутишмоқда.