Россия портлашлар қурбонларига аза тутмоқда

Метро қурбонлари хотирланмоқда
Image caption Сешанба куни портлатилган метронинг икки бекатига гуллар қўйилди, шамлар ёқилди

Москва метросида юз берган икки портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига Россияда мотам эълон қилинган. Ҳукумат жиноятни содир этганларни топиш ва жазолашга ваъда берган.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг директори Александр Бортниковнинг эълон қилишича, душанба куни эрталаб метронинг "Лубянка" ва "Парк культуры" бекатларидаги портлашлар "Шимолий Қафқозга алоқаси бўлган террорчи гуруҳ" аъзолари бўлган икки худкуш аёл томонидан содир этилган.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати биносининг шундоқ остида жойлашган "Лубянка" метро бекатини кеча президент Дмитрий Медведев бориб кўрган.

Портлашларни уюштирганларни "вахшийлар" деб атаган Дмитрий Медведев: "Биз уларнинг ҳаммасини топамиз ва йўқ қиламиз. Мен бунга шубҳа қилмайман," дея илова қилди.

Сешанба куни эрталаб портлашдан жароҳат олган яна бир аёлнинг ҳалок бўлиши натижасида қурбонлар сони 39 тага етди. Хабар агентликларига кўра, ҳозирда шифохоналарда портлашлардан жароҳат олган 71 инсон даволанмоқда.

Кремль танқидчиларининг таъкидлашларича, Россия пойтахтида охирги йилларда портлашларнинг тинимсиз юз бераётгани мамлакат махсус хизматларининг фуқароларни ҳимоя қила олишга қодир эмаслигини, мамлакат раҳбариятининг эса нотўғри сиёсат олиб бораётганини кўрсатади.

Ким истеъфога кетиши керак?

"Москвада бугун юз берган террорчилик амалларидан кейин Медведев Владимир Путинни Россия ҳукумати раҳбарлиги вазифасидан олиб ташлаши керак", - деб ёзади мухолифатнинг "Солидарность" ҳаракати аъзоси Илья Яшин.

"Ҳали 11 йил олдин Путин Россия шаҳарларида террорчилик ҳужумларини олдини олишга ваъда берганди. Терроризмга қарши кураш баҳонаси билан биздан фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларимизни тортиб олишди, губернаторларни сайлаш имкониятидан мосуво қилишди. Бу амаллар Путиннинг шахсий ҳокимиятини мустаҳкамлаган эса-да, бизнинг хавфсизлигимизни таъминлай олмади. Бугунги портлашлар Путин олиб бораётган аксил-террор сиёсатининг қулаганини намоиш этади", - дея илова қилди Илья Яшин.

"Юзага келган вазият, ким уни ташкил этганидан қатъи назар, Медведевга чақириқдир. Медведев икки сценарийдан бирисини танлаши керак: муруватларни бураш ва куч билан масалани ҳал қилиш. Иккинчи йўл - ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этишни давом эттириш: ИИВ ислоҳоти, модернизация, куч эмас, фуқаровий йўл", - деди Рейтер Рейтер агентлигига мухолифат фаоли Марина Литвинович.

Кремлнинг кўплаб рақиблари 1999 йил кузида Москва ва Волгодонскда кўп қаватли уйларнинг портлатилиши Путиннинг ҳокимиятга келишига йўл очганини ёдга олганлар.

Россия матбуоти асосан Кремль назорати остида эса-да, "Ведомости" газетасида "Улар портлаб кетди" номи билан чоп этилган шарҳ 2000 йилда ғарқ бўлган "Курс" сув ости кемаси ҳақида Путиннинг: "У чўкиб кетди," деган сўзларига ўхшаб кетади.

"Бу биринчи портлашлар ҳамда ғазаб ва ҳамдардликнинг дастлабки тўлқини эмас. Улар бизнинг хавфсизлигимизни таъминлашга масъул бўлган махсус хизматлар ишига ҳам таъсир қилмайди. Афтидан, бу хавфсизлик тизими қулаяпти, аммо хуфия эса-да, давомли ўсиб бораётган Федерал Хавфсизлик Хизмати бюджети самарасиз сарфланмоқда. Олти йил муқаддам юз берган портлашлардан ҳеч қандай сабоқ чиқарилмади, худкуш аёл ҳужумчилардан фойдаланиш тажрибасининг амалда бир қадар сокинлашиши эса куч тизимларини умуман бўшаштириб юборди", - дея ҳисоблайди газета таҳририяти.

Каримов таъзияси

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия президенти Дмитрий Медведевга Москва метросида юз берган портлашлар юзасидан ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот агентлиги - "Жаҳон"нинг хабар беришича, Ислом Каримов Россия президенти Дмитрий Медведевга "чуқур таъзия" изҳор этган.

"Менинг чуқур таъзияларим ҳамда ҳалок бўлганлар қариндош-уруғлари ва яқинларига самимий ҳамдардлигимни қабул этинг," дейилади Президент Каримов номидан йўлланган телеграммада.

Бу мавзуда батафсилроқ