Исроил Ғазо бўлгасини ҳаво ҳужумларига тутди

Ғазода ҳаво ҳужмига тутилган жой
Image caption Ҳаво ҳужумларида қатор ишлаб чиқариш корхоналари нишонга олинган

Исроил қирувчи учоқлари Ғазо бўлгасидаги қатор объектларни бомбалашган.

Бу каби қақшатқич рейдлар ўтган йил бадалида кузатилмаганди.

Ҳаво ҳужумлари ярим тундан сал ўтиб бошланди, дея хабар беради Би-би-сининг Қуддуси Шарифдаги мухбири.

Бу каби ҳужумларнинг уюштирилиши кутилаётганди.

Чунки ўтган ҳафта Ғазо бўлгасида фаластинлик жангарилар билан юз берган тўқнашувда икки Исроил аскари ўлдирилган.

Икки аскар ўлдирилган ерга яқин жанубий Хон Юнус шаҳрида камида тўртта ҳаво ҳужуми уюштирилган.

Фаластин манбаларининг Би-би-сига айтишларича, тун давомида 13 марта бомба ташланган.

Исроил ҳарбийларининг айтишларича, ҳаво рейдларида қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи корхоналар ва заҳиралар нишонга олинган.

"Ҳамас" ҳаракатидан билдиришларича, ҳаво ҳужумлари натижасида метал қуйиш ва пишлоқ ишлаб чиқариш корхоналари, фермалар вайрон бўлган.

Ғазодаги тиббиёт мулозимларига кўра, портлашлардан кейин сочилган парчалардан уч бола, жумладан бир гўдак жароҳатланган.

Кўплаб оддий одамлар эса яна бир уруш бошланиб кетиши мумкин дея хавотирга тушганлар.

Исроилга кўра, охирги ойда ўзининг ҳудудига қарата Ғазо бўлгасидан камида 20 марта ракета отилган.

Би-би-си мухбирига кўра, Исроил ўзининг ушбу ҳаво ҳужумлари билан Ғазо ичкарисидаги жангариларнинг ҳар қандай амалларига жавобий амалга қўл уриши ҳақида ишора беришни истаган.

Исроил Бош вазири ўринбосари Силван Шолом маҳаллий радиода чиқишида, агар Ғазо бўлгасидан ракета ҳужумлари тўхтамаса, Исроилнинг бўлгада ҳарбий амалиётлари фаоллаштирилиши ҳақида огоҳлантирган.

Ғазодаги маҳаллий аҳолига кўра, пайшанба куни Исроил учоқлари варақалар тарқатганлар, варақаларда ўтган жума куни икки аскар ўлдирилишига қарши жавобий амаллар борасида фуқаролар огоҳлантирилганлар.

Ғазодан туриб Исроил ҳудудига ракеталар отилишига қарши Исроил армияси бўлгага ишғол уюштирган, 2008-йил декабрида бошланган ҳарбий амалиётлар 22 кун давом этди.

Фаластинликлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ушбу ишғол оқибатида 1400 дан ортиқ ғазолик ҳалок бўлган.

Исроил тарафи қурбон бўлганлар сони 1166 кишини ташкил этган дейди.

Ўшанда 13 исроиллик, жумладан уч тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ