Британ сайловлари блоги: Консерваторлар ва Либдемлар иттифоқи ҳукуматга келди

15 май

Image caption Сайловдан олдин бир-бирига "лой чаплаган" Камерон ва Клегг энди бирга мамлакатни бошқаришади. Сайловолди жараёнида Камерон Клеггни "масхарабоз" деб атаганди

Қизғин ўтган сайловлар ортидан энди Британияни Консерваторлар ва Либерал-Демократлар иттифоқи бошқармоқда.

Сайловлар ортидан ҳеч бир партия мутлақ кўпчиликни англатувчи 326та ўринни эгаллай олмагани сабаб, уч партия орасида бир-бири билан иттифоқ тузиш музокаралари бошланиб кетди.

Энг кам овоз олган партия, Либерал-Демократлар раҳбари Ник Клегг кутилмаганда энг асосий шахсга айланди, чунки айнан унинг партияси билан иттифоқ тузиш орқали ҳукуматни бошқариш имкони туғилди.

Жаноб Клегг сайловлардан олдин ҳам, агар осиқ парламент юзага келса, энг кўп овоз олган партия билан коалиция тузишига ишоралар берганди.

У айни ваъдасида турди. Сайловлар ортидан ноаниқлик ҳукм сураётган даврда ҳамма унинг оғзига қараб қолганди. Жаноб Клегг Консерваторлар энг кўп овоз олишгани ва уларга янги ҳукуматни тузиш имконини бериш адолатдан бўлишини айтди.

Музокаралар бошланиб кетди. Консерваторлар Либерал-Демократларнинг ўзлари томонга оғдиришлари учун бир қатор устивор масалаларда ён беришлари кераклигини билишарди.

Овозлар сони бўйича иккинчи ўринда турган Лейбористлар эса бирмунча сояда қолиб кетишди. Аммо, бу узоққа чўзилмади - кўп ўтмай жаноб Клегг Лейбористлар билан ҳам музокарага киргани хабар қилинди.

Партия вакиллари музокара залидан музокара залига югуришар экан, мухбирлар ва сураткашлар галаси уларни ҳудди рок юлдузларидек изига тушишганди.

Икки томон билан ҳам музокарага кирган жаноб Клеггни эса баъзи кузатувчилар ҳатто енгилоёқ аёлга тенглаштиришди.

Аммо, албатта, жаноб Клеггнинг мақсади ўз партияси учун энг манфаатли ёнбосишларга эришиш эди. Уни ҳам айблаб бўлмайди.

Image caption Янги вазирлар маҳкамасида сайловдан олдин бир-бирини нафақат рақиб, балки душман деб билган сиёсатчилар бирга амал қилишади.

Бироқ, қизиқ жойи шуки, ҳар бир музокарадан чиқиб мухбирларга юз тутган партия вакили ҳар қандай ёнбосиш "миллат манфаати" йўлида қилинаётганини такрорлади. Ким ҳам бўйнига оларди аслида ўз партиясини чўкишдан сақлаб қолишга уринаётганини?

Либерал-Демократлар билан музокара муваффақиятсиз ўтиши ортидан Бош Вазир Гордон Браун янги коалицион ҳукумат тузилишини кутиб ўтирмай, ўз истеъфосини эълон қилди.

Матбуотда нима учун жаноб Браун ютқизган бўлса ҳам тиш-тирноғи билан бош вазирлик курсисига ёпишиб олган деган саволлар кенг тарқалди. Аммо, аслида у конституцияга биноан янги ҳукумат тузилмагунча, бу курсини ташлаб кета олмасди.

Унинг истеъфоси билан янги ҳукумат ҳақидаги эълон бир кунда юзага чиқди. Консерваторлар раҳбари Девид Камерон Даунинг Стритнинг 10-уйига кўчиб ўтди. У энди бош вазир, тенгдоши Ник Клегг эса унинг муовини. Вазирлар маҳкамасидаги ўринлар ҳам Консерваторлар ва Либерал-Демократлар ўртасида бўлинган. Жаноб Клегг талабларидан бирида ҳар бир вазирликда бир Либерал-Демократ бўлиши сўралган ва бу қондирилди.

Ник Клегг мазмун ва сиёсати жиҳатидан ўзига яқин бўлган Лейбористлар билан иттифоқ тузмагани борасида кўп танқид қилинди. Аммо унга кўра, агар бу каби иттифоқ тузилса у "ноқонуний" деб кўриларди, чунки иккала партия ҳам овозлар бўйича биринчи ўринда эмасди.

Энди ҳукумат ўз ишини бошлар экан, қарзга ботган бюджетни тўлдириш учун пул қаердан келишини ҳамма сўрай бошлаган. Кимнинг бўйнига болта тушади, кимнинг чўнтагидан пул тортиб олинаркан?

Мисол учун, Лейбористлар қўл теккизмасликка ваъда берган NHS, яъни бепул тиббиёт хизмати ана шундай кесишлар қурбонига айланиши эълон қилинмоқда, келгуси бир неча йил ичида унинг ҳисобидан 20 миллиард фунт стерлинг сақлаб қолиниши режаланмоқда. Бу касалхоналарнинг ёпилиши, шифокорлар сонининг қисқартирилиши, маошларининг кесилишини англатиши мумкин.

Янги коалицион ҳукумат олдида ўта қийин вазифа турибди - қайси соҳани кесмасин, кимнингдир ризқи кесилади.

Шотландиядан Абулфайс

Янги коалиция шотландияликларга нима таклиф қилар экан, у билан қандай тил топишар экан? Шотландияликларнинг Шотландия Миллий Партияси етакчилигидаги бўлиниб чиқиш ҳаратлари яна кучаярмикан? Мана шу каби саволлар оддий шотландияликларни қизиқтиради.

Сент Эндрюс Университетининг халқаро муносабатлар бўлими талабаси Алистернинг айтишича "Консерваторлар оҳирги беш олти йил ичида жуда кўп ўзгаришган. "Олдинлари Маргарет Тэтчер бошида Буюк Британия сиёсати ўнг қанот бўлиб, қаттиққўл Тори принципларига асосланган бўлса, ҳозирги Камерон жамоаси бошқачароқ йўл тутган. Улар ўзларини марказга яқинроқ тутиб, Черчилнинг эски "юқори синф" сиёсатидан замонавий "ўрта синф"ига яқинлашишаяпти," - дейди у. Унинг фикрида, янги лейбористлар 13 йил олдин давлат бошига келганида ҳам анъанавий "чап қанот" эмасдилар. "Улар ҳам ўзгарган партия, марказга интилганди, янги мақсад, янгича ниятлар билан келишган эди. Оғир иқтисодий вазият, ишсизлик кўпайиши, иммиграциянинг кам назорат этилиши лейбористларнинг ўз ўринларини бой беришларига сабаб бўлди," - дейди Алистер.

Шотландия Миллий Партияси аъзоси Санди МакКарди ҳам Консерваторлар ҳозир ўзгарган деб билади.

"Маргарет Тэтчер руҳидан озод, янги ёш раҳбарият халқда ишонч туғдирди, ва уларда ҳозирги замон иқтисодий аҳволини яхшилаш имконияти бор. Шотландия сиёсатига келсак, Шотландия Миллий Партияси Алекс Салмонд Дэвид Камерон билан ҳамкорликка тайёр. Лейбористлар Англияда ҳали ҳам кучли десак бўлади, партия келаси беш йил ичида раҳбариятини ўзгартириб, янги прогрессив фикрлар ва режалар билан қудрат тўпласа, одамлар яна лейбористларга қайтиш эҳтимоли бор," - дейди МакКарди хоним.

Дартфорддан Манзура

Image caption Гарет Жонсон Дартфорд кўпригидан ўтгани учун автомобиллардан талаб қилинадиган тўловни бекор қилиш мақсадини билдирган

Маҳаллий ҳукуматга сайловлар натижасига кўра, Дартфордда кўпчилик овоз билан Консерваторлар вакили Гарет Жонсон ғалаба қозонди. Овоз бериш кунидан сўнг деярли бир ҳафта мобайнида Дартфорд Консерваторлар клуби одатдагидан ҳам гавжум булди.

У ерда мен сайлов жараёнини кузатиш пайтимда танишиб қолганимиз Женни Питини, кекса Элси хонимни ва албаттаки, асосий қаҳрамон ва ғолиб Гаретни, уни сайловда қўллаб-қуватлаган кўплаб ҳамфикрларини учратиш мумкин эди.

- Кайфиятим аъло, - дейди Гарет. - Албатта ғалабага ишончим катта эди. Бусиз мумкин эмас. Биз катта ишларни режалаштирганмиз. Уларни ўз кучимизга ишониб ва бошқаларни ҳам шунга ишонтириб амалга ошириш мумкин. Ҳозир энди бироз нафасни ростлаш мумкин. Режаларнинг бошида албатта Дартфорд турипти. Анча пайт Дартфорд ва унинг атрофи назардан четда қолиб келди. Мен кентлик эканлигимдан доим фахрланаман. Фарзандларимиз ҳам шуни ҳис қилишларини истайман. Улар учун энг яхши таълимни бериш имкониятларини тўла очишга ёрдамлашиш керак. Кейинги уч йил давомида бешта почта бўлими ёпилди, бу айниқса кекса одамларга ноқулайлик туғдирди. Бу масалани ҳал қилиш лозим. Консерваторлар ҳамиша соғликни сақлаш хизматига эътиборни юқори қўйишган. Дартфоддаги Даррент Валлей(Darrent Valley hospital) шифохонасидаги шароитларни яхшилаш ҳақида ўйлаяпмиз. Мен сайловолди дастуримда Дартфорд кўприги учун бож олишни тўхтатиш масаласини қўйганман. Мен кўп сайловчиларим билан учрашганимда, улар билан фикрларимиз бир жойдан чиқди. Демак буёғига фақат ишлаш керак. Биз биргаликда ўзимиз учун, одамларимиз учун яхши ҳаётни қура оламиз.

Гарет Жонсон ўзига билдирилган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилишини айтар экан, мен янги ҳукумат учун бугун нима муҳимлиги ҳақида ўйладим – чиндан ҳам халқнинг ҳаётими, берилган ваъдаларнинг ижросими, принципми ёки ҳокимиятми?

Лондон четидаги шаҳарча – дартфордликлар билан суҳбатлашиб, шуни сездимки, олдинлари кимдир Лейбористлар ёки кимдир Консерваторлар тарафдори бўлиб, мана бу шаҳар ёки ҳудуд Лейбористлар дастаклови кучли бўлган шаҳар, ёки аксинча, бутун Кент доим Консерваторларни қўллаб-қувватлаган, деб айтиш мумкин бўлган бўлса, энди бундай дейиш бироз нотўғри бўлади. Чунки сайлов бериш ҳуқуқига эга инсонлар қайси номзоднинг қайси партияга мансублигига қараганда ҳам “бу номзод мен учун нима қилиб беради”, деган саволдан келиб чиқиб, овоз беришга қарор қилмоқдалар. Бу йилги мамлакатдаги сайлов натижалари аввалгиларидан фарқли бўлганининг сабабларидан бири ҳам шудир балки.

10 май

Шотландиядан Абулфайс

Сайлов куни Жим Мак Говерн ёрдамчиларининг иши эрталаб соат саккиздан бошланди. Гуруҳларга бўлинган ёрдамчилар уйма-уй юриб, сайловга бормаганларга боришлари кераклигини эслатишди. Бетоб ёки йўлда қолиб кетганлар одатда почта орқали овоз беришади. Маълум бўлишича, бизнинг туманимиздаги беш фоиз атрофида сайловчи почта орқали овоз берган эканлар.

Бир хонадонга кирганимда, "Мен Лейбористларга овоз бермайман", деб қолишди. Нимага деб сўрадим. "Улар Тони бошчилигида уруш бошлашди, мен жуда ҳам норозиман", деди у киши. Мен унга жавобан: "Урушга келганда мен ҳам норозиман", дедим-да, ушбу масала Лейбористларнинг энг катта хатоси бўлган бўлса керак, деб ўйланиб қолдим.

Овоз санаш

Фуқаролар эрталбки соат 7.00 дан кечқурун соат 22.00 гача овоз бериш ҳуқуқига эга бўлдилар. Овоз санаш жараёни ҳам Дандида (Данди Халқаро Спорт Марказида) соат 22.00 дан сўнг бошланди. Мен Женнидан илтимос қилиб, менга ҳам санаш қўмитаси ичида бўлиш учун чипта олишини сўрадим. Кўнгиллилар билан ишимизни 21.00 ларда тамом қилганимиздан сўнг соат ўнларга спорт марказига етиб бордим. Бинонинг ичига кирсам, икки юзтача ходим стол олдида ўтиришар эди, уларнинг атрофида Лейбористлар, Шотландия Миллатчи партияси вакиллари, Консерваторлар, Либерал-демократлар, яшиллар ва бошқа партия вакиллари айланиб юришарди. Кейинроқ билсам, улар санаш жараёнини кузатар экан. Соат ўнларда бўлса керак, бюллетенларни олиб кела бошлашди. Биринчи жараёнда қоғозларни кутичадан чиқариб, столга ёйиб, фақат бюллетенларни санашди. Тасаввур қилинг, икки юзта сановчи устида юзтача кузатувчи кўз узмасдан қараб туришипти ва ниманидир ёзишаяпти. Қараб кўрсам, улар тахминан кимга қанча овоз берилганини ҳисоблаётган эканлар. Бу ерда бир-бири билан гаплашиш, мобил телефондан фойдаланиш ҳамда суратга олишга рухсат йўқ.

Бир соатлардан сўнг Алан билан Ройнинг юзлари очилиб, хурсанд кўринди, "Жимнинг ишлари яхшига ўхшайди” деб ўйладим. Бюллетенларни санаш тамом бўлиши билан ҳаммага чой ва кофе таклиф қилишди. Мен ўша жойда Женни билан Жимни учратиб, гаплашиб қолдим. Жим ва Женни ўзларининг миннатдорчилигини билдиришди.

- Катта раҳмат сизга ёрдамингиз учун, - деди Жим Мак Говерн. - Шунча ҳаракатимиз бекор кетмаганга ўхшайди.

Жимни Дандида ҳурмат қилиб кўпчилик унга овоз бергани аён эди.

Танафусдан сўнг ҳар бир партия учун берилган овозларни ҳисоблаш жараёни бошланди ва эрталаб соат иккига ўн дақиқа қолганда Жим ва Лейбористлар Дандидаги Ғарбий мавзеъда ютиб чиққанини эълон қилишди.

Данди шаҳри икки сайлов мавзеъсига бўлинган - Ғарбий ва Шарқий. Данди Ғарбий мавзеъсида истиқомат қилаётган аҳолининг кўпчилиги Лейбористларга овоз берган бўлса, Шарқий мавзеъда Шотландиянинг Миллатчи партияси биринчи ўринга чиқишди.

Дартфорддан Манзура

Британия сайловларини биринчи бор яқиндан кузатаётганим боис, овоз берадиган кун аҳолининг турли қатлами вакилларини қизиқтириб, ўзига жалб этади деб кутгандим. Бу фикрим ўзини у қадар оқламаган бўлса ҳам бир тоифа кишилар учун бу кун жуда қувончли бўлганининг гувоҳи бўлдим. Бу мактаб болалари учун! Кеча ўғлимни мактабдан олиб қайтар эканман, деярли ҳамма болалар ота-онасига эртага сайлов эканини, сабоқ бўлмаслигини қувониб хабар бераётганини эшитиш мумкин эди.

Эрталаб Дартфорддаги маҳаллий номзодларга овоз бериш жараёнини кузатиш учун сайлов участкаси бўлган ўғлимнинг мактабига йўл олдим. Мактаб ҳудуди тинч. Ичкарида ҳам сайловчиларни рўйхатга олаётган масъуллардан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

- Рўйхатга олинган сайловчиларнинг 20-25 фоизи овоз бериб бўлишди. Келувчилар энди кўпаяди. Кўпчилик ишидан кейин келади, - дейди сайлов комиссиясига раҳбарлик қилаётган Пол Холден.

Мен Никол исмли сайловчи билан суҳбатлашаман.

- Бу ерда 6 та номзод бор. Мен Консерваторлар вакилига овоз бердим. Унинг гаплари ҳаётий, амалга ошишига ишонса бўлади, - дейди Никол.

- Номзоднинг асли дартфордлик бўлгани учун унга овоз бердим, - дейди яна бир аёл Консерваторлар номзоди Гарет Жонсон ҳақида. – У ўзи туғилиб ўсган жой учун жон куйдирса керак.

7-8 ёшлардаги қизалоғини етаклаган аёл шундай дейди: ҳар доим Лейбористларга овоз берардим. Бу гал Либерал-демократлар раҳбарининг жозибаси устунлик қилди. Мен умид қиламан, шу биргина овозим ҳам уларнинг ғалабасига хизмат қилса.

Орадан қарийб ярим соатлардан кейин ёши 60 лардан ошган киши хотини билан кириб келди.

- Бугунги сайлов ҳар бир партия учун синов. Оилада мен, хотиним ва ўғлим, уччаламизнинг фикримиз уч ёқдан чиқди. Мен Консерваторларга, хотиним Лейбористларга, ўғлим Либералларга овоз бермоқчи. Бу ҳар кимнинг ўзининг ҳуқуқи, дейди у.

Нима учун Консерваторларга, - сўрайман ундан.

- Номзодларнинг ичидан Гарет Жонсон фаол бўлди. Икки марта ўзини кўчада учратдим, унинг учрашувида қатнашдим. Соғликни сақлашга катта эътибор бермоқчи. Дартфордни ривожлантирмокчи, ғайратли йигитга ўхшайди у, - дейди бу киши.

Мен Дартфорд марказидаги Консерваторлар клубига яқин черковда ташкил этилган сайлов участкасидаги овоз бериш жараёнини ҳам бир муддат кузатдим. Гувоҳи бўлганларимдан аниқ бир хулоса чиқариш қийин бўлса-да, Гарет Жонсоннинг қўли баланд келаётганини сезиш мумкин эди.

“Мен Дартфордда яшайман. Мен кентлик эканлигимдан фахрланаман. Албатта мен идеал ҳаёт ваъда қилолмайман. Лекин кўп нарсадан ҳафсаласи пир бўлган одамларни учратганимда шуни ўйлайман ва қаттиқ ишонаманки, биз - бу ернинг халқи биргаликда кўп ишлар қиламиз.Дартфорд уз имкониятларини очиши учун унинг ўз депутати бўлиши керак”. Гарет Жонсоннинг бу каби ваъдалари қанчалик таъсирли бўлганини эртанги натижалардан билиш мумкин.

7 май

Image caption 10 Даунинг Стритни ким эгаллаши ҳозирча ноаниқ

Овозлар ҳали тўла санаб чиқилган бўлмасада, бу мақола ёзилиши даврида Консерваторлар энг кўп овоз билан Лейборист ва Либерал-демократларни ортда қолдиришмоқда. Аммо ҳеч бир партия мутлақ ғалабани англатувчи 326 ўринни эгаллай олмаган ва энди эгаллай оладиган ҳам кўринмайди. Натижа - осиқ парламент.

Консерваторлар раҳбари Девид Камерон ўзининг саҳарлаб қилган чиқишида ҳали ким ҳукуматга келиши ноаниқ бўлсада, Гордон Браун мамлакатни бошқариш ваколатини йўқотганини айтди.

Даунинг Стритга қайтган Гордон Браун эса келгуси бир неча кун ичида қудратли ва барқарор ҳукуматни барпо қилишда "иштирок этиш унинг вазифаси" эканини билдирди. Демак, у курашни давом эттирмоқчи.

Консерваторлар энг кўп ўринлар учун овозларни йиға олган бўлишсада, бу уларнинг автоматик тарзда ҳукумат тузиш ҳуқуқига эга бўлишларини англатмайди.

Амалдаги бош вазир сифатида Гордон Брауннинг вазифаси - қайси партия ёки қайси партиялар иттифоқи янги парламентда аксариятни эгаллай олиши аниқ бўлгунча ҳукумат тепасида қолиш. Янги ҳукумат тузилмагунча, эскиси фаолиятини давом эттираверади.

Image caption Овоз берувчиларнинг мисли кўрилмаган сонига дош беролмаган баъзи шаҳобчаларда сайлов қоғозлари тугаб қолган ва сайловчиларга овоз бериш имкони берилмаган

Либерал-Демократлар раҳбари Ник Клегг ҳозир ҳамманинг диққат назарида, унинг ким билан иттифоқ тузиши янги ҳукумат тақдирини ҳал қилиши мумкин.

Жаноб Клегг ўзининг бугунги чиқишида энг кўп овоз олган партия давлатни бошқариш хуқуқига эга бўлиши кераклигини айтди. У сайловолди кампанияси давомида ҳам бир неча бор шундай фикр билдириб келган.

Энг кўп овоз олган партия - Консерваторлар. Демак, ўзидан ўзи, жаноб Клеггнинг сўзлари у Консерваторларнинг коалиция тузиш таклифини кутаяпти деган ишора бериши мумкин. Аммо, буни аниқ айтиш қийин.

Агар Консерваторлар ва Либерал-Демократлар иттифоқ тузишса, улар биргаликда парламентдаги аксарият ўринларни эгаллайдилар. Яна бошқа бир эҳтимолий натижа - Консерваторлар Либерал-Демократлар билан норасмий келишувга эришишлари мумкин, яъни бу расмий коалицияни англатмайди - фақат ҳар бир қонун лойиҳаси муҳокамасида ўзаро келишувларга эришиш зарурати туғилади.

Лекин, бу ўта мураккаб жараён ҳисобланиб, парламентдаги ҳар бир қонун лойиҳаси муҳокамасининг ўта узоқ муддатга чўзилиб кетишини англатиши мумкин. Чунки аслида Консерваторлар ва Либерал-Демократлар сиёсатларига қарасангиз, улар бир-биридан жуда фарқ қилади. Либерал-Демократлар ўзларини энг прогрессив партия, муҳожирлик ва ижтимоий тенглик тарафдори деб билишади ва бу борада анъанадор Консерваторлардан фарқ қиладилар.

Осиқ парламент юзага келиши аниқ, аммо ҳозир осиғлиқ қолаётган яна бир савол - уни ким бошқарар экан? Бунга жавоб келгуси бир неча соат, ёки келгуси бир неча кун ичида аниқ бўлиши мумкин.

Ўта яқин пойга

Image caption Крис Филп Оскар совриндорининг ўрнини тортиб ололмади

Эсингизда бўлса, 18 апрелда Лондоннинг Хампстед ҳудудида ташвиқот қилаётган 33 ёшар Тори Крис Филп билан учрашувим ҳақида ёзгандим. Жаноб Филп парламент ўрнини қўлга киритишига сал қолди, аниқроғи 42та овоз етмади.

У Хампстед ва Килберн ҳудудига 1992 йилдан бери вакиллик қилиб келаётган собиқ актриса, Оскар мукофоти совриндори, Гленда Жаксонга қарши чиққанди. Жаксон хонимни Хампстедда анча ҳурмат қилишади, ўзим танийдиган икки киши унинг шахсий аралашуви ёрдамида муаммолари ҳал қилинганини айтишган. Улардан бири Булғористонлик фаррош.

Лекин, Гленда Жаксон ҳам ўтган йил авж олган парламент аъзоларининг ҳаражатлари можаросига аралашиб қолди - унинг икки минг фунтни суистеъмол қилгани аниқланиши ортидан кўплар бу сафар парламентдан тепилади деб ўйлашганди.

Гленда Жаксон бугун тонгда овозлар натижаси эълон қилинганда зўрға кўз-ёшини тўхтатиб қолди.

Крис Филп эса осонликча мағлубиятни қабул қилишдан бош тортди ва соат еттида овозларнинг қайтадан санаб чиқилишини талаб қилди.

Якуний натижалар 8:15да эълон қилинди ва жаноб Филп иккинчи марта мағлуб бўлганини эшитди.

Муҳарриримиз Йоҳаннес Делл таассуротлари

Британияда сайлов кечасини асл сиёсий драма дея тасвирласа бўлади, уни матбуот ялтироқ телевизион жадваллар, дақиқама дақиқа ўзгариб турадиган янгиликлар ва тўхтовсиз таҳлилу тафсилотлар билан янада қизитади.

Ўн саккиз йил Британияда журналист бўлиб ишлар эканман, оҳирги тўрт сайловларда ҳар доим телевизор олдидан кетмай, сайловларни кузатар эдим.

Аммо, бу сафар Англия жанубидаги сайлов округимга бориб, асл воқеаларнинг гувоҳи бўлгим келди.

Кўрганим телевидениедаги мукаммал тайёрланган саҳналардан фарқ қилди. Овозлар саналиши учун маҳаллий спорт марказини танлашибди. Бундан дабдабсизроқ жойни топа олмасангиз керак. Полни ранги ўчиб кетган линолиум қоплаган, деворлар темирдан.

Овозларни санаш учун ёлланган ходимлар овоз бериш қутиларини кутишар экан, ёнимиздаги ёпиқ ҳовузда ашаддий сузувчилар машқларини якунлашаётган эдилар.

Сайловчилар қоғозларини ташиган оддий машиналар бинонинг орқа эшиги олдига келиб бирин-келиб тўхташди. Мухрланган қора қутилар ва пластик халталар икки полиция ходими назорати остида олиб кирилди.

Тепадаги хонада саси жаранглаб турган телевизор олдига онда-сонда турли партияларнинг тарафдорлари чувиллашаётган болалари билан тўпланишарди. Бошқа ерларда ҳам нима бўлаётганидан хабардор бўлиб туриш керак-ку.

Англиянинг бу қисмида ашаддий анъанадорлар яшашади. Консерваторларни биров бу ерда енгиши қийин. Улар Иккинчи Жаҳон Урушидан бери бу ердаги парламент ўрнини эгаллаб келишган.

Сайлов қоғозлари устарлар устига тўкилар экан, партиялар фаоллари овоз санаётган ходимлар орасида юриб, жараён қонун-қоидаларга биноан амалга оширилаётганини текширишди.

Либерал-Демократларнинг номзоди ўта ҳафа кўринди. Улар ўтган сайловда бу ҳудудда иккинчи ўринни эгаллашган. Теледебатларда ўз жозибаси билан кўпларни ром қилган раҳбарлари Ник Клеггнинг муваффақиятига уларга юқмаган кўринади.

Британия Миллий Партияси номзоди ҳам ноқулай ҳолда эди. Бу ер анъанадор бўлиши мумкин, лекин миллатчи эмас.

Бутун жараён анча норасмий ҳолда ўтди. Натижалар соат тунги учда эълон қилинди. Кутилмаганда ҳеч қандай янгилик юз бермади, ягона янгилик шуки бу сафар одатдагидан кўпроқ одамлар овоз беришган.

Ғолиб қисқа нутқ билан чиқиш қилди, сўнгра номзодлар журналистлар саволларига жавоб берди. Мағлуб номзодлар ҳудди кечирим сўраётгандек кўринишарди. Шу билан бутун драма якунига етди. Спортзалдан барча жиҳозлар олиб кетилди, бу ҳудуд эса Британиянинг яна бир кичик қисмини кўкка - Консерваторлар рангига - бўяди.

Менга бунинг бари жуда британча бир томошадек кўринди - анча камтарин, дабдабасиз. Балки бу британлар ўз демократияси ичида ўзларини нақадар қулай ҳис қилишларини англатар, балки бу ҳақида жар солишга ҳожат йўқдир?

Демак, бир ҳикоя якунига етди. Бошқаси бошланди. Янги ҳикояда кичик шаҳарчадаги спортзалда ўтказилган сайлов Британиянинг янги ҳукуматини тузишга ҳисса қўшади.

6 май

Сайловлар куни ҳам етиб келди - бугун миллионлаб британияликлар умумхалқ сайловларида овоз беришмоқда.

Буюк Британия бўйлаб овоз бериш шаҳобчаларида одамлар соат эрталабки еттидан кечки ўнгача овоз беришлари мумкин. Қирқ тўрт миллиондан кўпроқ одам овоз бериш рўйхатидан ўтган.

Британияда бошқа баъзи мамлакатлардан фарқли ўлароқ овоз бериш мажбурий ҳисобланмайди, бироқ бу сафар 13 йил ҳукуматни бошқариб келаётган Лейбористлар ҳокимиятини ўзгартириш вақти бўлгани борасидаги баёнотлар кўп бепарво сайловчиларни шаҳобчаларга етакласа ажаб эмас.

Британияда овоз бермаслик ва сайловларга бепарволик айниқса ёшлар орасида кенг тарқалиб келган. Мисол учун, Австралияда овоз бермаган фуқарога жарима солинади. Кўп Лотин Америка мамлакатларида ҳам сайловга иштирок ҳар бир фуқаро учун мажбурий амал.

Бугун нафақат мамлакат парламентига, балки Англия бўйлаб 164та маҳаллий ҳокимиятларга ҳам халқ вакиллари сайланади.

Британия бўйлаб 649та сайлов участкасида 4150 номзодлик илгари сурилган.

Деярли барча оммавий фикр сўровларида илгари кетаётган Консерваторлар раҳбари Девид Камерон партия раҳбарлари орасида биринчи бўлиб овоз берди. У ҳомиладор рафиқаси Саманта билан соат эрталабки 10:30да Оксфорд шаҳри яқинидаги Уитни шаҳарчасида овоз берди.

Сайлов асосий уч партия - Лейбористлар, Консерваторлар ва Либерал-Демократлар орасидаги "уч отлик" пойга бўлмоқда.

Ҳўш, ким учун қандай натижа ютуқ ҳисобланади?

Лейбористлар - Консерваторларга парламентда йирик аксариятни олиб келмайдиган ҳар қандай натижа Лейбористлар учун ютуқ дегани. Ҳатто "осиқ" парламент ва эҳтимол Либерал-Демократлар билан тузиладиган коалиция ҳам улар учун ютуқ бўлиши мумкин. Лейбористлар ҳеч қачон қаторасига тўртинчи марта ҳукуматга сайланмаган.

Консерваторлар - Консерваторлар мутлақ аксариятни, яъни камида 326 ўринни қўлга киритишни исташади. Агар мутлақ аксариятни йиға олмаган тақдирда, Консерваторлар Шимолий Ирландиядаги партиялар билан коалиция тузиш йўлида музокараларга кирганлари хабар қилинади.

Либерал-Демократлар - шундоқ ҳам учинчи ўринда кетаётган бу партия учун осиқ парламент ютуқни англатади. Либерал-Демократлар 1988 йилда Либераллар ва Социал-Демократлар қўшилишидан юзага келган ва ҳеч қачон ҳукуматни бошқармаган. Агар осиқ парламент юзага келса, Либерал-Демократлар ҳеч бўлмаса коалицияга кириб, ҳукумат қарорларига таъсир ўтказа олишлари мумкин.

4 май

Кўнгиллиларимиз ҳикоялари: Манзура

Image caption Консерватор номзод Гарет Жонсон Дартфорд шаҳри марказида оммавий тадбир уюштирди

Сайловолди тадбирлари якунига яқинлашиб қолгани боис Дартфорддаги Консерваторлар клуби аввалгидек гавжум эмас, мен у ерга кириб борганимда иш юритувчи Жейндан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У ҳам шу кунлардаги асосий вазифаси фақат телефон қўнғироқлари билан боғлиқлигини айтади. Маҳаллий номзод Гарет Жонсон ҳам ҳозир одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш мақсадида уйма-уй юриш билан банд. У оммавий тадбирларидан бирини Дартфорд марказидаги хиёбонда уюштирди.

Эрталабки соат ўнларда шаҳарча марказига борганимда Гарет Жонсон аллақачон ўша ерда бўлиб, ўз сайлов ташвиқоти қоғозларини одамларга тарқатаётган экан, ора-орада қизиққан одамлар билан суҳбатлашар, у ҳар бир кишига жуда эътиборли эди. Гаретни қўллаб-қувватлаш учун чиққан тарафдорлар ҳам шу ерда, улар консерваторлар шиорлари ёзилган шарлар, қоғозлар кўтариб олишган. Ўғлимга рангли шарлардан бирини узатган аёл билан беихтиёр суҳбатимиз бошланади.

- Гаретни кўп йиллардан бери биламан. Оилавий дўстмиз. Бугун дам олиш куни. Унга ишонганим учун бугун уни қўллагани чиқдим, - дейди у.

- Мен кўпроқ либерал-демократларнинг тарафдориман. Уларнинг ғоялари менда умид уйғотаяпти, - дейди бошқа бир киши. - Лейбористларнинг янги иш ўринларини барпо этиш ҳақидаги гаплари ҳам маъқул. Лекин Гордон Брауннинг гаплари одамларга ҳозир янгилик беролмаяпти. Одамлар зерикди менимча. Дартфорд марказий хиёбонида учратганим, кейинги суҳбатдошим асли бангладешлик Мали ҳам Гаретнинг эмас, Лейбористларнинг тарафдори бўлиб чиқди.

- Мусулмонларга муносабат яхши бўлишини хоҳлайман. Лейбористлар энг қийин вазиятларда мамлакатни бошқаришга ҳаракат қилишди. Менимча, уларга бу ишларини давом эттиришга имкон бериш керак, - дейди Мали.

Соат 11 ларда хиёбон анча гавжумлашди. Одамлар одатда бу ерда бўладиган кўча бозоридан мева-чева харид қилгани чиқишган, улар Консерваторлар номзоди Гарет Жонсон ўтказаётган тадбирга ҳам қизиқишиб, қараб ўтишар эди.

Мен бу маданиятли инсоннинг гапларини эшитдим, - дейди кекса аёллардан бири Гарет томонга имо қилиб. - Уйга келтиришган қоғозларини ҳам ўқиб чиқдим. Ўзимизнинг одам. Унга ишониш керак. Мен Маргарет Тэтчер даврини яхши биламан. Мана шунақа қийин даврдан олиб чиқолганди бизни. Нега биз Консерваторларга ишонмаслигимиз керак? Улар яхши ҳаёт ваъда қилишаяпти, - дейди у мулойимгина кулиб. Гарет Жонсоннинг ўзи бўлажак сайловлардан умиди ижобий эканини айтади.

- Одамларга кенгроқ имконият бериш керакки, токи улар ўзларини намоён этишнинг уддасидан чиқолсинлар. Солиқларни камайтиришга, соғликни сақлаш тизими учун молиявий таъминотни кўпайтиришга эришиш – ҳозир энг муҳим вазифалардан. Қолганини аста-секин вақт кўрсатади. Муҳими ишончни йўқотмаслик, - дейди Консерваторларнинг Дартфорддаги номзоди.

Хуллас, соат 10 дан 12 гача мўлжалланган марказий хиёбондаги учрашув роса тушки соат иккигача давом этди. Тўпланганларга чой ҳам ташкил этилди. Гаретнинг сўзлари билан айтганда, унинг учун “одамларни айнан нималар қизиқтираётгани, улар нимани кутаётганларини яқиндан билиш учун анча қулай фурсат бўлди”.

Шотландиядан Абулфайс

SNP - Шотландия Миллий партияси тўғрисида

Image caption Оиламиз Шотландияга келганданоқ, бу ўлкага "ошиқ" бўлиб қолганмиз

Лондондаги қадрдон дўстларим мени "шотландиялик миллатчисан" деб ҳазиллашишади. Нега десангиз, оиламиз Шотландияга келишининг биринчи кунидан биз бу ердаги ажойиб манзараларга, халқига "ошиқ" бўлиб қолганмиз. Ўрмонли тоғларига, ойнадай кўлларига, эртакдагидек кўприкларию-қадимий қалъаларига, баланд саройларига. Сизга айтсам, шотландияликлар ўзларининг ватани билан фахрланадилар, севиб "Bonny Scotland" –"Ажойиб Шотландия" дея аташади.

Шотландиянинг аҳолиси беш миллион, Британия аҳолиси эса 62 миллион бўлиб, Шотландияда Британия жами аҳолисининг деярли 8 фоизи истиқомат қилади. территорияси эса тахминан 33 фоиз атрофида.

SNP - Шотландия Миллий партиясига 1934 йилда асос солинган, аммо партия 1960 йилларда кучга кира бошлаган. 1950-, 1960-йилларда Глазгодаги кемасозлик саноати деярли вайрон бўлган, оқибатда ишсизлик кўпайиб, Шотландияни оғир аҳволга солиб қўйган. Иқтисодий кризис миллионлаб инсонларни уйларини ташлаб, Америкага, Австралия ё Янги Зеландияга кўчишларига сабаб бўлган. Глазго аҳолиси икки баравар камайган. Ўша кунлари шотландларга ишонч, далда керак эди. Британиянинг асосий сиёсий ва иқтисодий кучлари жанубда тўпланган бўлиб, шимолдаги Шотландияга ёрдам, эътибор кам эди.

Image caption SNP шотландияликлар ҳуқуқлари учун курашиб оммалашди

Ўша йиллари мамлакат шимолида йирик нефт конлари топилиб, нефт саноати оёққа тура бошлади. SNP шотландияликлар ҳуқуқлари учун курашиб, аҳоли орасида танилди, оммалашди. SNP партияси "миллат" деганда Шотландияда яшайдиган халқларни назарда тутарди. Бу эса Ҳиндистондан, Африка қитъасидан, Хитой ва бошқа мамлакатлардан келган турли миллатлар вакиллари деганидир. Шотландия Миллий партиясининг Британия миллий(миллатчи) партиясига ҳеч қандай алоқаси йўқ ва бўлмаган.

Санди Мак Карди SNP аъзоси, ўзининг кичик бўлса ҳам хусусий бизнеси бор. У ўзининг партиясига ишонади. "Сизлар нима учун Шотландия мустаққиллиги учун курашасизлар, бу Британиянинг иқтисодий ожизлиги, мамлакат беқарорлигига олиб келиши мумкин-ку", деган саволимга у ўзининг ўзгача фикрини билдиради. "Шотландия мустаққил бўлса, ўзининг ташқи ва ички сиёсатини ўзгартиради. Оврўпога яқинлашади, Оврўпо иқтисодига қўшилиб, ягона валюта ҳудудига киради. Миллий партиямизнинг ана шундай режалари бор. SNP даврида бизнинг халқимизда ишонч туғилди, маданий, санъат ва бошқа соҳаларда ҳам ўсиш кузатилаяпти", дейди Санди.

Сайловчилар учун нутқ эмас, нотиқ муҳимроқми?

30 Апрель

Image caption Учинчи ва якуний теледебат Британиянинг иккинчи энг йирик шаҳри Бирмингемда бўлиб ўтди

Партия раҳбарлари орасидаги учинчи ва якуний телебаҳс аввалгиларидан қизиқроқ ўтди, чунки у иқтисодга бағишланди.

Британия охирги 50 йил ичидаги энг абгор иқтисодий инқирози ортидан ўзини тиклаб олаётган бир пайтда айнан иқтисод 6 Май сайловларнинг натижасини ҳал қилиши мумкин.

Учинчи теледебат ортидан ўтказилган бир қатор оммавий фикр сўровлари бу сафар Консерваторлар раҳбари Девид Камерон ғолиб чиққанини айтишмоқда.

Бу сафар ҳам жозиба устун келди. Девид Камерон ҳақиқатан ўзини яхши тутди, қолган икки номзодга қараганда у анча босиқ ва вазмин эди.

Бош Вазир Гордон Браун бу сафар ғазабнок ҳужумлар қилиш тактикасини қўллаб, иқтисод ҳақида нақадар қайғуришини намойиш қилиб қўймоқчи эди, аммо ғазаб унга ярашмаган кўринади - сўралганларга бу ёқмаган.

Девид Камерон халқ тилида гапирди - унинг пиар жамоаси туну-кун ишлаб халқни юрагини жиз эттирадиган ибораларни уни қулоғига қуйган кўринади.

Масалан, жаноб Камерон мактаб жамғармалари "болани ўйин майдонларидан синфгача кузатишини" исташини айтди. Муҳожирлик масаласига келганда эса у "муҳожирлар сони кўпдан бери жуда юқори бўлиб келмоқда" деди.

Бу каби жумлалар Бош Вазир Брауннинг оғзидан чиққан қатор-қатор статистик маълумотлардан кўра дебатни томоша қилган оддий одамларга тушунарлироқ бўлиши аниқ.

Жаноб Брауннинг рақамли ва биотехнология соҳасида 400та иш ўрнини яратиш ваъдалари эса юқори минбардан сизга отилган бюрократик ваъдага ўхшади.

Браун бир неча бор сохта ғазаб билан Камероннинг иқтисодий режаларига ҳужум қилар экан, Камерон бош вазирнинг ўз ўрнига тиш-тирноғи билан тирмашишга уринаётган одамга ўхшатди.

Айтиш жоизки, Браун қўли остида Британия энг абгор молиявий инқирозига юз тутишга қарамай, унинг мамлакатни инқироздан чиқариш сиёсати самарали кечмоқда. Унинг айтишича, агар Консерваторлар келса, дарров иш ўринларини қисқартириб, тикланиш жараёнига болта уради.

Жаноб Клегг-чи? Либерал-демократларнинг раҳбари бу сафар унча ялтирамади - унинг "мен бу иккисидан кўра оппоқроқман" қабилидаги чиқишлари аввалгидек иш бермагандек.

Аксинча, Тори ва Лейборист раҳбарларнинг ўртасига тушиб қолган Клегг кўп вақтларда ўзини йўқотиб қўйган ёш боладек кўринди.

Ажаб эмас, Британия тарихида илк марта ўтказилган бу уч телебаҳс ортидан бош вазирликка номзодлар бир нарсани тушуниб етишса - телебаҳсда нутқ эмас, нотиқ муҳимроқ.

Оддий томошабин ёдида номзоднинг ўзини қандай тутгани, ўзига ишончи ва халққа яқин тилда гапиргани қолади.

27 апрель

Image caption "Осиқ парламент" юзага келиши эҳтимоли катта

Охирги оммавий фикр сўровлари уч асосий партиядан ҳеч бири мутлақ аксариятни қўлга кирита олмаслиги, ва бунинг оқибатида "осиқ парламент" юзага келиши эҳтимоли катта бўлиб қолаётганидан дарак бермоқда.

Хўш, "осиқ парламент" ўзи нима?

Осиқ парламентда ҳеч бир партия аксарият ўринга эга бўлмайди, яъни парламентдаги ўринларнинг ярмидан кўпроғини ҳеч ким эгаллай олмаган бўлади.

Бу дегани ҳукумат бирор қонунни тасдиқлаш учун овозга қўйганида, бошқа партияларнинг ҳам овозларига муҳтож бўлади. Яъни бошқа партия билан коалиция тузишга мажбур.

Келгуси сайловларда, яқинда баъзи ҳудудлар чегаралари ўзгартирилгани учун, парламентдаги ўринлар 646дан 650га кўтарилади.

Бу дегани, агар бирор партия мутлақ аксариятга эга бўлишни истаса, у 326та ўринни эгаллай олиши керак. Агар биронта ҳам партия ана шунча ўринни эгаллай олмаса, парламент "осиқ парламент" бўлади.

Оддий қилиб айтганда, агар ҳозирда ҳукуматдаги Лейбористлар 24та ўринни қўлдан бош беришса, мутлақ аксариятни йўқотишади. Ва агар мухолифатдаги Консерваторлар қўшимча 116та ўринни эгаллай олишса, мутлақ аксариятни қўлга киритган бўлишади.

Болта қаерга бориб тушар экан?

Айни дамда партиялар ҳадеб осиқ парламент хавфи ҳақида гапиравермасдан, ўз сиёсий дастурлари ҳақида сўзлашни исташларини айтишмоқда.

Лекин, яхшилаб қулоқ тутсангиз, қайта-қайта сўралганига қарамай, биронта партия ҳам агар ҳукуматга келса ғазнадаги бўшлиқни тўлдириш учун айнан қайси соҳа ё саноатда иш ўринлари ё харажатни кесмоқчи эканини айтмаяпти. Айнан қайси солиқларни кўтаришлари ҳақида зўрға гапиришади.

Бугун чоп этилган ҳисоботида Молиявий Тадқиқотлар мустақил институти биронта ҳам партия болта қаерга бориб тушиши ҳақида умуман аниқ маълумот бермаётганини айтди.

Кўнгиллиларимиз ҳикоялари: Манзура

Image caption Гарет Жонсоннинг оила ҳақидаги қарашлари анъанавий

Дартфорддаги Консерваторлар клубида маҳаллий номзод Гарет Жонсонни учратганимда, худди ўзимизнинг ўзбекларга ўхшаб кетар экан, деган фикр ўтди.

Бу очиқ чеҳрали хушмуомала киши ўзининг қийин, катта маъсулият талаб қиладиган ишида оиласининг, атрофидаги сайлов кампанияси аъзоларининг хизматлари катталигини таъкидлади.

Рафиқаси икки гўдагидан вақт орттириб унинг реклама ишларида қатнашган бўлса, дўстлари деярли ҳар куни у билан ёнма-ён. Ҳар куни сайловчилар билан уйма-уй юриб учрашиб, уларнинг фикрларини ўрганишга қаратишини айтади. Агар менга қизиқ бўлса, жума куни кечқурун бўладиган учрашувга таклиф қилди.

Иш юритувчи аёл Жейндан манзилни ёзиб олиб кечки пайт марказга бордим. Ҳар уччала етакчи партия вакиллари - Либерал-демократлардан Жеймс Виллис, Лейбористлардан Жон Адамс ва Консерваторлар партиясидан вакил Гарет Жонсон эшик олдида туриб келганларни кутиб олишарди.

Ичкарига кириб, бўш жойлардан бирига ўтирдим. Учрашув бошланишига ҳали бироз вақт бор эди. Ёнимдаги ёши кексароқ аёлдан фикрларини сўрадим. У ўзининг ногирон эканлигини, бугунги номзодлар ногиронлар учун қандай енгилликлар бера олишларини, солиқ ҳақидаги тўловлар ҳақида сўрамоқчи эканлигини айтди.

Учрашувда бир қанча саволлар, жумладан солиқ масалалари, дин эркинлиги ва ишга жойлашиш ҳақида фикрлар билдирилган, ваъдалар берилган бўлса ҳам кечанинг катта қисми мактаблардаги жинсий таълим, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг ва ҳомиладорликнинг кўпайгани ҳақидаги мавзуларга қаратилганлиги бу муаммоларнинг Дартфорддаги оғриқли нуқталардан эканлигини кўрсатади.

Жумладан, Гарет Жонсон жинсий таълим дарси жуда эрта ёшда ўтилишига қарши экани, ўзининг 8 ёшли қизи ҳали Санта-Клаусга ўхшаган эртакларга ишонган пайтида унга жинсий алоқа ҳақида дарс берилиши кулгили эканини айтди.

Шунингдек, тунги клублар ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва фоҳишабозликни кенгайишига йўл очаётганини, ўзи адвокат бўлгани учун бу иллатларнинг кўп гувоҳи бўлаётгани ва бу муаммога қарши курашишини айтди.

Кузатганим уччала номзоднинг ҳам гаплари эътибор билан тингланган бўлса-да, Консерватор Гаретнинг тарафдорлари кўпроқ эканлиги сезилди. Унинг кўп фикрлари қарсаклар билан қарши олинди. Бу учрашув номзодларнинг ўз олдидаги навбатдаги кўрикдан ўтиб олиши билан бирга бўлажак ғалабага янада яқинроқ боришнинг бир воситаси бўлди.

Шотландиядан Абулфайс

Image caption Лейбористлар ҳам оила улар учун нақадар муҳим эканини асосий шиорларидан қилиб олган

Бугун телефон қилмасдан тўғри Жим МакГоверн бошчилигида ишлаётган Лейбористлар идорасига кириб келсам, тўрт-беш киши бош кўтармасдан ишлаяпти. Конвертлар ва варақалар ҳамма жойда, ишнинг энг қизиган пайти. Ричард маҳаллий кенгаш аъзоси, у - Лейборист. Танишиб, озгина суҳбатлашиб қолдик.

Ричардан бошқа ҳаммаси менга ўхшаган кўнгиллилар экан. Ўзимни таништириб, университетда илмий иш билан шуғулланишимни ва дарс беришимни билдирдим.

Мендан қандай кўмак керак эканини сўрасам, "мен сизга эртага конвертларни уйингизга етказиб бераман" деди Ричард.

Эртасига Дандининг Муррейгэйт кўчасида соат 1дан бошлаб Лейбористлар тарғибот варақаларини тарқатадиган бўлдик.

Данди аҳолиси 170 минг атрофида, Шотландияда катталиги бўйича тўртинчи ўринда туради. Катта шаҳар бўлмаса ҳам, икки университети бор. Талабалар сони 30 минга боради. Улар асосан келгиндилар.

Лейбористлар партияси ёш оилаларга ва нафақахўрларга ёрдам беришни жуда муҳим деб билади ва уларга кўп аҳамият беради. Бола кўрган оилада оналар тўққиз ойгача ўз ишхонасидан маошини олган ҳолда уйида боласига қараши. Олдинлари декрет даври фақат 13 ҳафта бўлган. Биринчи бўлиб Лейбористлар эркаклар учун ҳам декрет даврини киритди.

Нафақахўрлар учун қишда Лейбористлар 400 фунтгача иситиш тўловини қоплайди, Торилар пайтида бу 20 фунт бўлган. Пенсионерлар учун автобус чипталари текин, нафақахўр чўнтагига бу катта ёрдам дегани.

Шотландия Миллий Партиясини (SNP) ҳам Дандида қўллаб-қувватлашади, улар Шотландиянинг охирги маҳаллий кенгаш сайловларида ютиб чиқишган. 6 майга мўлжалланган умумхалқ сайловларда кўпчилик SNPга овоз берса, Лейбористлар учун овоз камайиб, Торилар Дандидаги ўринни эгаллаб олиши мумкин деган хавотир бор Лейбористлар орасида.

Сиз сайловолди кампаниясини кузатиб бораяпсизми? Британия сайловида овоз беришга ҳақли бўлсангиз, кимга овоз бермоқчисиз? Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг.

23 Апрель

Image caption Иккинчи теледебат аввалгисидан жонлироқ ўтди

Гордон Браун, Девид Камерон ва Ник Клегг иккинчи теледебатда глобал масалалар устида тўқнашишар экан, кўп таҳлилчилар бу сафарги баҳсда ҳар бир раҳбар белини қаттиқроқ боғлаб чиққанини айтишмоқда.

Бу сафар Sky телеканалида жонли намойиш қилинган баҳс ортидан ўтказилган сўровлар натижалари ҳам аввалгиларидан кўп фарқ қилмайди - жумладан Гардиан рўзномаси 500 киши орасида ўтказган сўровида Клегг жаноблари 33 фоиз билан илғорлик қилмоқда, Браун ва Камерон эса ҳар бири 29 фоиз овоз йиққан.

Лекин, Бош Вазир Брауннинг фикрида, бу сўровлар сайловларнинг ҳақиқий мазмунини ва номзодларнинг қобилиятини бузиб кўрсатиши мумкин. Яъни фақат жозиба ва дабдабага қарамасдан, аслида номзодлар қандай сиёсатни ваъда бераётганларига кўпроқ эътибор бериш керак.

Теледебат ортидан турлича таҳлиллар матбуотни эгаллар экан, ҳатто уч раҳбар таққан галстуклар ранги ҳам бир-бирига солиштирмоқда. Жаноб Камероннинг шиширилган сочи эса уни янада бадавлатроқ қилиб кўрсатди, дейишмоқда баъзилар.

Аммо мазмунга келсак, иккинчи теледебат асосан ташқи сиёсат (Афғонистондаги уруш, Оврўпо Иттифоқи) атрофида бўлиши мўлжалланган бўлсада, нафақалар ва иқтисод саволларига ҳам анча эътибор қаратилди.

Ироқ урушига қарши бўлганини айтган Либерал Демократлар раҳбари Ник Клегг Лейборист ва Консерваторларнинг Совуқ Уруш давридан сақланиб қолган Трайдент ядровий арсеналини сақлаб қолиш қарорига қаршилигини яна қайтарди. Унга кўра, ядровий арсенал замонавий хавфларга жавоб бермайди.

Бироқ, бу масалада Браун ва Камероннинг мавқеи битта экани намойиш бўлди. Браун Клеггни қўзини каттароқ очиб қарашга чақирди.

Консерваторлар раҳбари Камерон эса, Браунни қўллаб-қувватлаб, Шимолий Корея ва Эрон каби мамлакатлар оммавий қирғин қуролларига эришишга уринаётган бир вақтда Британия ўз ядровий арсеналидан ажралиши нотўғри қадам бўлишини айтди.

Оврўпо Иттифоқи

Image caption Уч раҳбар энди яна бир, якуний, теледебатда чиқишга тайёрланишади

Британия ташқи сиёсати ҳақида гап кетганда, энг оғриқли ва одамларни икки гуруҳга бўлувчи масалалардан бири бу Оврўпо Иттифоқидир. Яъни Британия ўз суверен ҳукумат ваколатларини сақлаб қолиши керакми ёки Брюсселдаги Оврўпо ҳукуматига кўпроқ қудрат тақдим этиши керакми?

Бу масалада Либерал-Демократлар ва Лейбористларнинг мавқеи ўхшаш - улар Британия Оврўпо Иттифоқи доирасидаги сиёсатда кўпроқ қатнашиши керак деб ҳисоблашади.

Лекин, жаноб Камерон аксил-Оврўпо қарашлари билан танилган. Кечаги дебатда Ник Клегг уни Оврўпо Иттифоқига қарши сиёсатида ўнг қанот партиялар билан ҳамкорлик қилишда айблади.

Жаноб Клеггнинг айтишича, консерваторлар "телбалар, антисемитлар, иқлим ўзгаришини рад қиладиган одамлар ва гомофоблар" билан ҳамтовоқлик қилишмоқда.

Камерон бунга жавобан Консерваторлар Оврўпо Иттифоқидан чиқиб кетишни тарғиб қилмаётгани, балки Британия Оврўпо томонидан бошқарилмаслишини исташаётганини айтди.

Иккиси ҳам 43 ёшида бўлган Клегг ва Камероннинг даҳанаки жангини томоша қилиб турган Бош Вазир Браун ҳам фурсатдан фойдаланиб, қўшма ҳамла қилди.

"Биласизми, бу иккиси менга кимни эслатади? Ваннада бўлмағур нарсалар устида уришиб қоладиган икки кичкина ўғлимни," - деди бош вазир.

Браун жанобларига кўра, Девид Камерон - аксил-Оврўпочи, Ник Клегг эса аксил-америкачи. Ва иккови ҳам воқеъликни яхши билмайди.

Афғонистон

Афғонистондаги уруш Британия ташқи сиёсатидаги энг оғриқли мавзу бўлсада, у батафсил муҳокама қилинмади.

Учаласи ҳам Британия хавфсизлигини таъминлаш учун Афғонистонда Ал-Қоида ва толибларга қарши кураш давом эттирилиши керак деб ҳисоблашади, аммо Афғонистонда тобора абгорлашиб бораётган хавфсизлик ва иқтисодий вазият ҳақида ҳеч гап айтилмади.

Умуман олганда, учала раҳбар ҳам ўзини ўта маҳоратли дипломат ва дунёни биладиган арбоб сифатида тақдим қилишга уринди.

Жаноб Клегг, масалан, рафиқаси испан, отаси эса ярим рус экани ва бир неча тилларда гаплаша олиши мумкинлиги туфайли Хитой ва Россия каби мамлакатлар билан тил топишиш бўйича тажрибаси бой эканини билдирди.

Данди шаҳридан кўнгилли Абулфайснинг яна бир ҳикояси.

"Ишчилар ҳаракати асос солган Лейбористлар партияси Шотландияда ҳар доим жуда кучли бўлган. Глазгода, ишонмасангиз керак, Май ойининг биринчи куни шаҳар ҳокимияти биноси устида қизил байроқ ўрнатилган бўлади.

Ҳар йили биринчи майда ишчилар касаба уюшмалари раҳбарлигида катта парадлар ўтказилиб, тарихий байрам нишонланади.

Ўн тўққизинчи асрда ҳукмронлик қилган Қиролича Виктория даврида Данди шаҳрида жутдан кемалар учун қанот, қоп ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўилган. Жут саноати шундай ривожланиб кетганки, камбағал Ирландиядан ишчилар олиб келинган. Бугунда Данди аҳолисининг деярли ярми ирландлар. Мустамлака қилинган Ҳиндистон ана ўшанда ҳинд канопи ҳам дея танилган жут толаси билан Британияни таъминлар эди. Савдо Дандида қайнаб, янги бинолар курилган ва темир йўли ётқизилган. Ўша даврда оғир ишларда тер тўкиб, Дандида ишчилар синфи туғилган

Депутатимиз Жим МакГоверн ҳам ишчилар оиласидан келиб чикади. У Глазгода туғилган, аммо тўққиз ёшидан бери Дандида яшайди, 15 ёшидан ойначига шогирдлик қилган ва кейин ўзи ойначи бўлиб ишлаган. Жимнинг мақсади ишсизлик билан курашиш. У кичик этник жамоалар талабларига ҳам эътибор бериб келган.

Бугун Данди Университетининг талабаси Майкл билан гаплашиб қолдим.

У Эдинбург атрофидаги бир кичкина шаҳарчада туғилиб ўсган, ҳозир ўқишини битираяпти. Шуниси қизиқки, Ироқ урушига қаршилигини очиқча изҳор қилиб ташқи ишлар вазирлиги лавозимидан истеъфога чиққан марҳум Робин Кук унинг шаҳри номидан парламентга сайланган экан.

Ҳозир ундай одамлар қолмаган, дейди Майкл. Унга кўра шотландияликларнинг кўпчилигида олдингидек Лейбористларга ишонч қолмаган, ва улар Либерал-Демократларга кўпроқ овоз беришлари мумкин. "

Сиз сайловолди кампаниясини кузатиб бораяпсизми? Британия сайловида овоз беришга ҳақли бўлсангиз, кимга овоз бермоқчисиз? Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг.

21 Апрель

Image caption Консерваторларнинг тарғиботида рақиб Гордон Брауннинг миллий қарзни икки баравар кўпайтиргани айтилади

Британияда 6 май куни бўлиб ўтиши мўлжалланган умумхалқ сайлови олдидан тарғибот авж олган. Тарғиботнинг қизиганига сабаб шуки, уч асосий партия - Лейбористлар, Консерваторлар ё Либерал-Демократларнинг ҳеч бири мутлақ ғалаба олишига ишора йўқ, овоз берувчилар орасида бир партиядан иккинчисига оғиш кучайган.

Сайловолди жараёнида ваъда устига ваъда янграр экан, оддий аҳоли учун ўзи нима мухим?

Мен ҳар бир партиянинг тарафдори бўлган уч оддий британ билан суҳбатлашдим. Аввало мухолифатдаги иккинчи йирик партия ҳисобланувчи Либерал-Демократлар тарафдори Хелена Ансилга сўз. Ансил хоним Британия жануби-ғарбидаги Девон вилоятидан.

"Менимча, Либдемлар сиёсат адолатлироқ бўлишини исташади. Собиқ ўқитувчи сифатида мен учун таълим соҳаси жуда қизиқ. Улар мактаб синфларини кичрайтиришни ваъда қилаётганидан мамнунман. Синфлар ҳажми жуда муҳим, чунки кўп сонли ўқувчи бўлган синфларни назорат қилиш қийин ва бу бола тарбияси учун ёмон. Умуман Либерал-Демократлар дунёқараши кенгроқ партия деб биламан. Лейбористлар ва Консерваторларга овоз бермаётганимга сабаб шуки, мен Консерваторларнинг дунёқараши нақадар тор эканидан норозиман. Бу дунёда ҳар бир одамга тоқат билан ёндошиш керак, Консерваторлар тоқатсиз. Улар ҳар бир инсон ҳақида қайғурмайди. Лейбористларга келсам, менимча улар ҳам ҳаммага тенг муносабат қиладиган партия эмас. Охирги пайтлари улар борган сари Консерваторларга ўхшаб кетишмоқда. Айниқса собиқ бош вазир Тони Блейр келиши билан Лейбористлар капиталистик партияга айланган."

Сиз ҳам бошқа британлар каби собиқ Консерватор бош вазир Маргарет Тетчернинг ҳукуматдаги даврини бир қўрқув билан хотирлайсизми?

"Эй Худо, албатта. Тетчер ўта зиқна эди. Мен ўшанда ўқитувчи эдим. Тетчер хоним мактаб болаларига бепул сут беришни тўхтатиб қўйганди. У ўта зиқна эди."

Консерваторлар азалдан эски британ анъаналари, кескин бўлинган ижтимоий синфлар ва муҳожирларга қарши сиёсати билан овоз берувчилар тасаввурига ўрнашган. Навбат Консерваторлар тарафдорига. Эссекс вилоятидан муҳандис Маркус Найт Консерваторларга овоз бериш ниятида.

"Одамлар ўзгаришга чанқоқлар, улар ҳукумат қиёфасининг ўзгаришини истайдилар. Консерваторлар ҳукуматга келса, одамларда ҳаётга янгича қизиқувчанлик, ижобий руҳ пайдо бўлади. Улар иш жойларини қисқартириши мумкин деган хавотирлар бор. Балки бу яхши нарсадир, агар бир соҳада ишчилар қисқартирилса, улар иккинчи соҳага ишга киришади ва ўша соҳани ривожлантиришади. Қайси партия ҳукуматга келмасин, уларнинг муҳожирлар бўйича сиёсатини кўпроқ назорат қилиш керак бўлади. Ҳозирда ҳар бир мамлакат ўз фуқароларини Британияга юборишни истаб қолгандек кўринади. Бу назоратга олиниши керак. Муҳожирлар оқимини тўғри йўлга қўйиш бу мамлакатдаги ҳар бир инсон учун яхши бўлади деб ўйлайман."

Лейбористлар раҳбари, амалдаги Бош Вазир Гордон Браун ҳозир Консерваторлар ваъда қилаётган ўзгаришлар вақти эмас деган фикрда. Лондонлик қурувчи Девид Чилверс бутун умр Консерваторларни дастаклаб келганига қарамай, бу сафар Лейбористларга овоз бермоқчи. Унинг шахсий сабаблари бор.

"Бу сафар Лейбористларга овоз бераётганимга сабаб шуки, агар Консерваторлар келишса, яқинда юз берган иқтисодий инқирозни ҳисобга олиб, кўп иш жойларини қисқартиришлари мумкин. Мен қурувчилик соҳасида ишлайман ва охирги йилларда, Лейбористлар қўли остида, ерости ва ерусти темир йўлларини қуриш, мактаблар ва касалхоналар барпо қилишга жуда кўп сармоя киритилди. Аммо, Консерваторлар ҳукуматга келса, мен ишимдан ажралишим мумкин. Менинг ҳаётимда бу икки марта содир бўлган, Маргарет Тетчер ҳам, Джон Мейжер ҳам ҳукуматга келишганида иш жойимдан ажраганман, чунки Консерваторлар дарров қурилиш соҳасига сармояни кесишга киришган."

Икки марта иш жойингиздан ажраган экансиз, нима учун шу кунгача Консерваторларга овоз бериб келдингиз?

"Гап шундаки, Консерваторларга илк марта овоз берганимда Маргарет Тетчер номзодини қўллаб-қувватлагандим, чунки у пайти Британия ўта ёмон аҳволда эди ва бу мамлакат йўналишини ўзгартириши керак эди. Бошбошдоқлик юзага келганди, касаба уюшмалари ҳадеб қўзғолон кўтариб, мамлакатни фалажлаб қўярди. Бироқ Тетчер бунга чек қўйди. Уни қўли остида ишимдан ажраган бўлсам ҳам, икки марта унга овоз берганман. Лекин, унда ёш эдим. Ҳозир ёшим 52да. Агар ҳозир иш ўрнимни йўқотсам, бошқа иш топишим қийин бўлади. Шундай экан бу сафарги сабабим кўпроқ шахсий."

Ҳар бир сайловчининг ўзига яраши сабаби бор, кимгадир иш жойи қадрли бўлса, бошқасига муҳожирлик назорати, яна бошқасига ёшларнинг таълими муҳимроқ. Алалоқибат, Британия аҳли учун партиялар томонидан янграётган ваъдалар муҳимроқми, ёки янги ҳукуматга чанқоқлик, буни 6 май сайлови ҳал қилади.

Кент вилоятидан кўнгилли Манзура Мусахоновадан яна бир ҳикоя.

Image caption Дартфорд Консерваторларга дастак кучли бўлган шаҳар

Шу ҳафтанинг бошидан Дартфорддаги Консерваторлар клубида банд бўлганлар ўзларининг сайловолди ташкилий ишларини асосан тугатишганини айтишди. Энди овоз бериш кунигача асосий иш номзоднинг сайловчилар билан учрашуви бўлади. Консерваторлар партияси раҳбари Девид Камерон сингари маҳаллий номзод Гарет Жонсон ҳам ўзи туғилиб ўсган Дартфорд шаҳрида катта ўзгаришлар ясамоқчи эканини, айниқса, ишсизлик ва жиноятчиликни камайтириш мақсадлари кўзланган ўз режаларини эълон қилди. Жумладан, у маориф соҳасига катта эътибор бермоқчи. Шу мақсадда ташкил этилган сайловолди учрашувларининг бугунгиси Гринхис, Блувотер ва Эббсфлит Халқаро темир йўл вокзали яқинида режаланган экан.

"Гарет Дартфортни ҳақиқатдан яхши кўради. Шу ердаги бошланғич мактабни битирди, адвокат бўлиб ишлаяпти. Халқнинг дардини яхши билади," - дейди сайловолди ташкилий ишларга бош-қош бўлаётган Женни.

Унга баъзи коғозларини тахлашга ёрдамлашаман. "Гарет ўзига келган хатларни эринмай ўрганади. Одамларнинг ишончига бефарқ қаролмайди", - дейди Женнининг шериги Пети. "Шунинг учун одамларнинг унга ишончи баланд. Сайловда ғалаба қозонишимизга ишончим катта".

"Сайловдаги ғалабамиздан кейин ҳовлимда кабоб пишириб бераман," - дейди 88 яшар Элси хоним.

Консерваторлар клубидаги жонкуярлар билан бугунги юмушларни якунлаб, уй-уйимизга тарқаламиз. Менга эса клубдаги бу саъй-ҳаракатларимиз натижаси қандай бўлаётгани қизиқ, Дартфорд марказчасидаги дўконлардан бирига кираман. Дўкондор, Ҳинд миллатига мансуб Холиддан сайлов ҳақидаги фикрларини сўрадим.

"Тўғриси, сиёсатга ҳеч ҳам қизиқмайман. Сайлангунча ваъдаларни бераверишади. Кейин ҳамма нарса яна ўз ҳолича қолади. Лекин Гарет ўзининг берган ваъдаси, масалан Дартфорд кўпригидан ўтиш учун олинадиган солиқни бекор қилиш ваъдасини амалга оширса, жуда яхши бўларди. Мен шунинг учун унга овоз беришим мумкин," - дейди Холид.

Ўғлим ўқийдиган бошланғич мактабда ҳам шу кунларда бошқа номзодлар қатори Консерваторлар номзодининг дастури ҳам муҳокама қилинаяпти.

"Умуман Гаретнинг фикрлари яхши," - дейди ўқитувчи Жордан хоним. "Айниқса, оилага, мактабга эътибор қаратаётгани. Синфда бола сони кам бўлса, бу ўқувчиларга эътибор кўп бўлади, бола яхши сабоқ олади, деган гаплари яхши." Жордан хонимнинг гапини бошқа ўқитувчи Вебб Кэт ҳам маъқуллайди. "Жиноятчиликнинг олдини олишни оиладан бошлаш лозимлигини, бу ишларни мактаб билан бирга олиб боришга ундаётганини ёқлайман. Чунки биз баъзи ота-оналарни ойлаб ҳам кўрмаймиз. Боласининг мактабдаги аҳволини билмайди. Биз уларнинг уйларидаги вазиятидан бехабармиз. Шу жиҳатдан, Гаретнинг, умуман консерваторларнинг фикри менга маъқул," - дейди Кэт хоним."

Сиз сайловолди кампаниясини кузатиб бораяпсизми? Британия сайловида овоз беришга ҳақли бўлсангиз, кимга овоз бермоқчисиз? Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг.

18 Апрель 2010

Image caption Сурат Крис Филп тарғибот саҳифасидан олинди

Британияда сайловолди тарғиботининг яхши тарафи шуки, майда-чуйда оламан деб дам олиш куни дўконга ёки итимни айлантириб келай деб паркка чиқсангиз ҳам, парламентга номзоднинг варақалар тарқатиб, одамларни ўзига овоз беришга кўндиришга уринаётганини кўриб қоласиз.

Мен кеча Лондоннинг кўпгина бойлари истиқомат қиладиган Хампстед қисмига ўтдим. Бу туман Хампстед Хиз номли баҳайбат парки, бир неча миллион фунтлик уйлари ва қимматбаҳо ресторан ва дўконлари билан сизни ўзига ром қилади.

Хампстеднинг шоҳ кўчасида Консерваторлар партияси устунини ўрнатиб олиб, варақа тарқатаётган ёш инглиз йигит ва унинг асли осиёлик ҳамкорига дуч келдим.

Осиёлик киши кофе ва итимнинг арқони билан банд бўлган қўлимга варақани тутқазишга уринди. "Сиз кимсиз, номзодми?" деб сўрадим ундан.

"Йўқ, мен эмас, мана бу киши номзод, Крис Филп. Мен унга ёрдам бераяпман," - деди варақачи.

Крис Филпга юзланар эканман, унинг юзида "профессионал" табассум пайдо бўлди ва менга ўзининг кимлиги ва нима учун Консерваторларга овоз беришим кераклиги ҳақида гапира кетди.

Крис Филп менга Лондоннинг Ситисидаги банклардан бирида ишлайдиган, оилани қандай боқиш ҳақида кўп ҳам ташвиши йўқ "бизнесмен"симон одамдек намоён бўлди. Қаранг, у ҳақиқатан ҳам тадбиркор экан - айтишича, 23 ёшида ўзининг маҳсулот тарқатиш ширкатини бошлабди ("Юк машинасини ўзим ҳайдардим, кейин юзлаб одамларни ишга олдим"), кейин урушдан тинкаси қуриган мамлакатларни қайта ривожлантириш бўйича муваффақиятли ширкат очибди...

"Сиз асли Хампстедданми?" - деб сўрадим ундан.

"Йўқ, Лондон жанубидан. Лекин ўн йилдирки шу ерда яшайман. Яқинда шу ерда тўйим бўлди."

"Қандай мактабга боргансиз, хусусийми ёки давлат мактабига?"

"Давлат мактаби!" деди Крис кўзлари ёниб, қўшимча очко тўплаган ўйинчидек. Одатда кўп Консерватор номзодлар бадавлат хусусий мактабларда таълим олган, аслзода ёки аслзода оилаларга яқин оилалардан.

"Ёшингиз неччида?"

"33да".

"Яхши... Хўш, нима учун сизга овоз беришим керак?"

Крис Калашников милтиғидан отилган ўқ тезлигида аввалдан тайёрланган матнни ёдлаб бера бошлади. Қизиғи шуки у аввало солиқлардан гап очди. Айтишича, Гордон Брауннинг солиқларни кўтариши Британия иқтисодининг 27 фоизига масъул бўлган банк тизимини шўрини қуритади ва банкирларнинг Швейцария каби солиғи паст жойларга кетишга мажбур қилади.

"Кетса, кетаверсин, одамлар банкирлардан ғазабда. Уларнинг қилмишидан оддий одамлар жабр чекди. Инқироз банкирларнинг ўзига қаттиқ таъсир қилмадию," - десам, Крис тўнни сал тескари кийиб, одамларнинг ғазаби нақадар асосли эканини менга изоҳлай кетди.

Криснинг қўлидан варақасини олдим-да, четда ўтириб унинг тарғиботини бироз томоша қилдим.

Крисга қараб менда туғилган бир савол шу бўлди: 23 ёшида тадбикорликка қўл урган, муваффақиятли ширкатларни бошқарган, кўринишидан анча бадавлат бу йигитнинг сиёсатга аралашишга асос нима экан? Оддий халқнинг ғамига қулоқ тутиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишми? Яна пул ишлаш хуружи тутиб қолсачи?

Бундай савол туғилиши Крисга нисбатан адолатдан эмас дейишингиз мумкин, аммо ўтган йилги парламент аъзоларининг сарф-харажатлари атрофида чиққан можаро "сиёсатга ўзи ким нима учун киради?" деган саволни янада долзарб масалага айлантирган. Ҳар қандай шубҳа асосли.

16 Апрель 2010

Image caption Телевизион дебатда Британиянинг уч етакчи партияси раҳбарлари иштирок этишди

Британия тарихида илк бор сайловолди телевизион баҳс намойиш этилди. Лейбористлар раҳбари Гордон Браун, Консерваторлар раҳбари Девид Камерон ва Либерал-Демократлар раҳбари Ник Клегг ўртасида ўтган бахс 6-майгача ўтказилиши мўлжалланган телебаҳсларнинг биринчиси эди. Дебатни кўплар орзиқиб кутганди, айниқса матбуот. Чунки айнан матбуот босимлари остида партия раҳбарлари жонли телевидение орқали очиқча баҳслашишга рози бўлишди. Лейбористларнинг қудратдаги 13 йили ортидан британ халқи орасида ўзгаришларга чанқоқлик ортган бир пайтда бу каби телебаҳсни ўтказишнинг ўзи катта гап.

Унинг нақадар қизиқ ўтгани - бу айри масала. Телебаҳс тугаши биланоқ бошланиб кетган таҳлил Либдемлар раҳбари Ник Клеггни ғолиб дея топди.

Бугун чоп этилаётган британ рўзномаларининг бари ғолибликни жаноб Клегга тақдим қилган. Уч йирик оммавий фикр сўрови ҳам Клегг жаноблари энг ишонарли ва оқкўнгил, ва энг аввало дадил раҳбардек намоён бўлди, дейишмоқда. Ник Клегг, ҳақиқатан ҳам, ўзини дадил тутди, чунки аслида унда йўқотадиган ҳеч нима йўқ.

У иложи борича "адолат" сўзини кўп ишлатди, ва жуда кўп ҳолларда қолган икки раҳбарни халққа очиқча гапиришга чақирди. Раҳбарлар жонли телевизион баҳсдан қўрқиши аниқ. Қўрқув ҳисси учала раҳбарнинг ҳам юзида баҳснинг биринчи онларида сезилди. Энг кўп қўрқувга асос, албатта, Гордон Браун ва Девид Камеронда - Лейбористларда бу сайловларда ҳокимиятни қўлдан бой бериш хавфи катта, Торилар эса мутлақ ғалабага овоз йиға олмаслигига ишоралар кўп. Баҳснинг илк бир неча дақиқаси анча зерикарли кечди, афтидан учала раҳбар ҳам аввалдан яхшилаб тайёрланган партия сиёсатини қайтаришаётганди. Оддий омма бундан бехабар бўлиши мумкин, аммо, аслида ҳукумат раҳбарлари ҳар қандай йирик интервью ё баҳс олдидан "спин докторлари", яъни матбуот билан алоқаларга масъул ходимлари жамоаси томонидан қаттиқ тайёрланади. Ҳар бир эҳтимолий саволга эҳтимолий жавоблар аввалдан тайёр бўлади. Ҳатто қўлни қачон кўтариб, қайси сўзга алоҳида урғу беришгача. Бу стратегия телебаҳсда ҳам кўп кўзга ташланди - томошабинлар нима ҳақида сўрашмасин, раҳбарлар аллақачон тайёрлаб қўйилган жавобларни аксар ҳолларда шеърдек ёдлаб беришди. Тўқсон дақиқа давом этган телебаҳсдаги асосий масалалар солиқлар, муҳожирлик, парламент аъзоларининг харажатлари, мудофаа, соғлиқ ва таълим атрофида бўлди. Аммо, камдан-кам ҳолларда раҳбарлар бир-бирига ҳамла қилди. Мисол учун, парламент аъзоларининг сарф-ҳаражатлари ортидан ўтган йили авж олган можаро ҳақида гап кетганда, Ник Клегг сайловчилар қонунни бузган ҳар қандай депутатни зудлик билан ишидан четлатиш ҳуқуқини берувчи қонун таклифига Браун ва Камерон парламентда қарши чиқишганини айтди. Ҳамлага ҳеч қандай жавоб бермаслик ҳам бир стратегия. Жаноб Клеггнинг бу ҳамласи жавобсиз қолди, ва анъанавий тарзда Браун ҳам, Камерон ҳам шаффоф парламентнинг аҳамияти ҳақида гапиришди. Теледебат динамикаси баъзиларни ҳайрон қолдирмоқда, шу ўринда мени ҳам. Кўплар Браун ва Камерон ўртасида даҳанаки жангни кутганди, аммо бу деярли юз бермади. Браун кўп ҳолларда Клеггнинг айтган сўзларига қанчалар қўшилишини айтса, Клегг иложи борича ўзини Браун ва Камерондан йироқ тутишга уринди ва ҳамлаларини давом эттирди, Камерон эса баландпарвоз баёнотларни кўп айтиб, онда-сонда Клегга "ҳужумча"лар қилиб қўйди. Энг афсусланарлиси шуки, томошабинларга партия раҳбарлари билан мулоқотга кириш ҳуқуқи берилмади. Яъни агар сиз савол берсангиз ва жавобдан қониқмасангиз, партия раҳбарини чуқурроқ сўроқ қила олмайсиз. Партия раҳбарларида ҳам савол эгаларидан савол сўраш ҳуқуқи йўқ эди. Бир мартагина, жаноб Клегг савол берган 17 ёшар мактаб боласига мурожаат қилиб, ҳеч бўлмаса бошини қимирлатишни сўради. Бу каби чеклов ҳақиқий теледебатнинг мазмунини бўғиб қўйгандек. Дебат ташкилотчиларига кўра, партиялар талаби асосида 250та чеклов киритилган. Улар орасида томошабинларнинг бирон партия раҳбарига қарши ёки уни қўллаб-қувватлаб қичқиришига қарши чеклов ҳам бор. Шундай экан, томошабинлар яхши тарбияланган боғча болаларидек сукут сақлаб ўтиришди. Томошанбилар майли-ку, аммо партия раҳбарлари ҳатто бир-бирига кам мурожаат қилди. Одамнинг жисмоний ҳаракатларини таҳлил қилувчи психологга кўра, учовлон бир-бири билан кўз уриштирмасликка ҳаракат қилишди. Балки асосий икки партия раҳбарлари Гордон Браун ва Девид Камерон юзма-юз қўйилганда, баҳс бошқача ўтарди. Масалан, АҚШ президентлик сайлови олдидан ўтадиган теледебатларда икки номзоднинг юзма-юз саҳнага чиқиб, ҳар қандай масалада бир-бирини сўроқ қила олиши теледебатни ҳақиқий томошага айлантиради. Албатта, партия раҳбарларини қизғин баҳсга кириб, шоҳ уриштиришларига эришишда баҳсни олиб борувчи телебошловчининг роли жуда муҳим. Умид қиламан, Би-би-си ва Скай Нюс каналларида режаланган телебаҳсларда бошловчилар бу маҳоратни намоён этишади.

Яна бир кўнгиллимиз

Image caption Айниқса, шу кеча-кундузда Консерваторлар клуби кўпчиликни ўзига тортадиган жойга айланган

Манзура Мусахонова Англия жануби-шарқидаги Кент графлигида яшайди. Кент Англия графликлари орасида аҳолиси энг кўп графлик бўлиб, бу ҳудудда Консерваторларни қўллаб-қувватлаш кучли бўлиб келган.

Британияга келганимнинг дастлабки йилларида қарияларга кўмаклашиш хизматида ишлашга тўғри келган, ўшанданоқ эътиборимни тортган жиҳатлардан бири кексаларнинг мамлакатнинг сиёсий-иқтисодий ҳаётига жиддий қизиқишлари, нафақат қизиқиш, балки имкон борича бу жараёнда ўзлари ҳам қатнашишга ҳаракатлари бўлганди.

97 ёшли Хилда исмли кекса аёлнинг мамлакатдаги кунлик воқеаларга муносабати, телевизордаги ақлий ўйинларни эринмай томоша қилишига, ўйин иштирокчиларининг хатоларини экран қаршисида тузатиб ўтиришига қойил қолгандим. Шунданми бугун Дартфорддаги Консерваторлар клубида яна бир 88 яшар Элси Доунер хонимнинг ишлаб ўтирганини кўриб унча ҳам ҳайрон бўлмадим.

Айниқса, шу кеча-кундузда Консерваторлар клуби партиянинг тарафдорлари йиғиладиган жойга айланган. Клубга кириб борганимда, улар бугунги ишларини деярли ниҳоясига етказиб, ўз номзодлари Гарет Жонсон ҳақидаги тарғибот варақаларини конвертларга жойлаётган эканлар.

“Бундан буёғи ишимиз қизийди”, дейди Пенни Коулжоан Робертс кичкина ўғли билан конвертларни пастга таширкан.

- Катта ўғлим Гаретни жуда яхши кўради, шунинг учун ўзи менга ҳар куни ёрдам беришга келади, - дейди Элси. - Умуман ҳаммамиз уни яхши кўрамиз, унга ишонамиз. Гаретнинг ўзи Дартфордда туғилиб ўсган, Дартфорд мактабида ўқиган. У бизнинг одамлар учун яхши ишлар қила олади келажакда.

“Нега Кент вилоятида консерваторларга ишонч доим юқори”, деб сўрайман улардан. Консерваторлар ҳамиша ваъдаларининг устидан чикишган, дейди Элси ғурур билан.

Гарет 2005 йилда 706 та овоз олгани Дартфордда консерваторларнинг мавқеи ҳақиқатдан юқорилигини кўрсатади. Хуллас, дастлабки қисқа танишувдан кейин уларнинг ишларига омад тиладим, яна учрашишга келишиб хайрлашдик.

14 Апрель 2010

Image caption Дандининг Лейборист депутати Жим МакГоверн учун парламент ўрини учун пойга оилавий жараёндир

Учала асосий партия ҳам охирги уч кун ичида ўз дастури амалларини эълон қилди.

Кўплар учун Лейбористлар раҳбари Гордон Брауннинг манифест тадбири бироз зерикарлироқ бўлди, лекин бу табиий, Гордон Брауннинг томошабинни завқлантирадиган жиҳатлари кўп эмас.

Унинг асосий ваъдалари иқтисодга асосланган. Бу ҳам табиий, чунки айнан унинг қўли остида Британия охирги 50 йил ичидаги энг жиддий иқтисодий инқирозини бошидан кечирди.

Жаноб Браун банкларни ислоҳ қилиш (кўпроқ назорат демоқчи), тадбиркорларни дастаклаш ва бир миллион қўшимча иш ўринларини яратишни ваъда қилди.

Бундан фарқли ўлароқ, Ториларнинг манифест эълони дабдабага тўла маросим бўлди. Темза дарёси бўйида қайта таъмирланаётган йирик электр станцияси биносида чиқиш қилар экан, юзлари ялтираган жозибали Девид Камероннинг асосий ваъдаси ҳукуматни халққа қайтариш бўлди.

Унга кўра, Лейбористлар даврида ҳукумат халқдан узилиб қолган, ва энди ҳукумат вазифаларини маҳаллий ҳокимиятларга бўлиб бериш керак.

Либерал-Демократлар эса бугун ўтказган тадбирида тўртта босқичли дастури амалини эълон қилди.

"Британ жамиятидаги адолат" сари юритиладиган бу сиёсат сирасига либдемлар раҳбари Ник Клегг одилона солиқлар, табиатга зарарсиз иқтисод, болалар учун кўпроқ имкониятлар ва сиёсатни тозалашни киритди.

Бизнинг кўнгиллилар

Мен блогим доирасида Британиянинг турли бурчакларида сайловолди жараёнини айнан партиялар билан ишлаш орқали кузатиб борадиган кўнгиллилар билан ҳамкорлик қиламан.

Биринчиси Шотландиянинг Данди шаҳридан. У ерда асли ўзбекистонлик Абулфайс Лейбористларга кўнгилли бўлиб ёлланди. Мана унинг илк таассуротлари:

Интернетда тезгина Лейбористларнинг сайтини топиб, кўнгиллилар учун аризани тўлдирдим ва кутишни бошладим. Икки кунда хабар эшитмагандан сўнг тўғридан-тўғри Данди шаҳридаги Лейбористларнинг парламент аъзосига хат ёзиб юбордим.

Жума куни хат ёзган бўлсам, душанба куни депутатнинг ёрдамчиси Дженнидан жавоб келди.

Дженнига телефон қилсам, у мени ўзларининг идорасига таклиф қилди. Айтган вақтига етиб бордим, жуда ҳам кичкина хонада 60 ёшлардаги аёл қоғозлар билан ишлаб ўтирарди.

Image caption Пластик сумкаларда ҳам Лейбористлар тарғиботи

Исми Норма экан. Мен ўзимни таништирдим ва волонтёр (кўнгилли) бўлиб ишламоқчи эканимни айтдим.

"Лейбористларни қўллаб-қувватлайсизми?" деб сўради Норма.

"Консерваторлар ютмасин дейман" дедим унга. Аёл хурсанд бўлиб кулиб қўйди.

"Депутатимиз яхши одам, менга бир вақтлар катта ёрдам берган," десам, Норма кулиб "У киши менинг эрим бўлади," деди. Ўзбекистонда Олий Мажлис депутатининг хотини ҳали юз йилдан кейин ҳам эрининг қоғозларига қўл тегизмаса керак деб ўйладим.

Жим МакГоверн ҳақиқатан менга шахсий масаламни ҳал қилиб беришга бир неча йил аввал ёрдам берганди.

Британияда депутатлар ўз овоз берувчилари билан юзма-юз ишлашдан қочмайди, уларга ҳар қандай хусусий масалада ёндошиш мумкин.

Норма менга 250тача тарғибот варақасини бериб, бир ҳафтанинг ичида тарқатиб чиқсангиз етарли, деди.

Ўша куни ишдан сўнг варақаларни тарқата бошладим ва биринчи куни 150тасини хонадонларнинг почта қутиларига ташладим. Яна уч кундан сўнг яна юзтасини тарқатдим.

Душанба куни яна Дженнига сим қоқсам, келинг, янги иш бор сизга деди. Жуда ҳам зарур хатлар бор экан, уларни уйдан уйга юриб етказишмни сўради. Идорада Дженни билан яна бир кекса аёл конвертларни ёпиштириб ўтирар эди. Дженни хатларни тайёрлаётганида депутатнинг ўзи кириб қолиб "Келинг сизни ойимлар билан таништираман," деди кекса аёлни кўрсатиб.

Хуллас, депутатнинг тарғибот иши оилавий бир жараёнга айланибди. Сайловолди тарғиботи учун ҳар қандай кишининг ёрдами ортиқча бўлмайди.

"Ёрдамингиз учун сизга катта раҳмат," деб қўйди депутатимиз.

Шотландиянинг Данди шаҳри Лейбористлар кўпдан бери кучли саналган жойдир. Бу ерда Консерваторларнинг ўрнашиб олиши қийин, чунки шаҳар аҳли асосан ишчи синфига мансуб.

Шунинг учун ҳам бўлса керак, Лейбористлар бу ишчи синфни ўз тарафида ушлаб қолиш учун бу йилги тарғиботида болали оилаларга бериладиган юқори миқдорли имтиёзлар ва ишлайдиган оилалар учун солиқ кредитларини кўз-кўз қилаяпти.

10 Апрель 2010

Image caption Торилар раҳбари Девид Камерон Британияни оилавий қадриятлар йўқолиб бораётган "синиқ жамият" дея тавсирлаган

Сайловчиларни ўзига оғдириш илинжида Консерваторлар партияси оила қурган британияликларнинг солиғини йилига 150 фунтга (230 доллар) кесишни ваъда қилган.

Бу каби имтиёз ҳукумат ғазнасидан йилига 845 миллион доллар ажратилишини англатади. Турмуш қурган оилалар учун бу ҳафтасига 4.61 доллар фойда дегани.

Ҳўш, бу оилавий имтиёз учун Консерваторлар раҳбари Девид Камерон пулни қаердан олмоқчи?

Торилар (Консерваторлар) бу маблағни банкларга нисбатан киритиладиган янги солиқдан ундиришларини айтишаётир.

Image caption Якка она ва оталар янги имтиёздан мустасно бўлади

Аслида бирор партия солиқ кесиш бўйича ваъда билан чиққанда, унга мухолифат партия зудлик билан бу каби имтиёз қандай молияланиши ва шундоқ ҳам қарзга ботган оммавий секторнинг қийналиб қолиши ҳақида жар солади.

Аммо, бу сафар қизиғи шуки, Лейбористлар ё Либдемдан (Либерал-демократлар) бундай баёнотлар янграмади, чунки Торилар имтиёз учун пулни (!) банклардан солиқ тарзида олишларини билдиришган.

Иқтисодий инқирознинг асосий айбдорлари дея кўрилган банкларга янгича солиқ солиш кўп британиликлар орасида ҳуш қарши олиниши турган гап. Бу каби солиққа қарши чиқишдан эса ҳар қандай партия қўрқади, шундай экан, Лейборист ва Либдемлар бу ҳақида оғиз очиб ўтирмади.

Аммо Ториларнинг "оила" деган иттифоққа бу каби дастакни ваъда қилиши уларнинг нақадар анъанадор эканидан ҳам дарак беради.

Таймс рўзномаси билан суҳбатда нима учун бу каби имтиёз ваъда қилганини изоҳлар экан, Торилар номидан молиявий вазирликка номзод Жорж Озборн "Мен одамларга қандай яшашни ўргатмоқчи эмасман, аммо йиллар оша тарихимиздан биламизки, кўпроқ одамлар турмуш қурган жамият мустаҳкам жамият бўла олади," - деди.

Бироқ, ажрашиш кўрсаткичлари бўйича жаҳонда энг юқори ўринлардан бирини эгаллайдиган Британияда бу каби имтиёзни таклиф қилиш нимани англатади?

Лейбористларнинг таълим вазири Эд Боллсга кўра, бу турмуш қурмаган ё ажрашган одамларни камситадиган имтиёз.

"Агар эрингиз сизни дўппосласа ва ажрашиб кетса, қуруқ қоласиз," - деди у.

Фарзандини якка тарбиялаётган ота ё оналар ҳам Ториларнинг имтиёзини ололмайди. Шундоқ ҳам 40 фоизи қашшоқликда яшаши айтиладиган якка ота ё она сайловчилар Торилар ваъдасини қандай қабул қилар экан?

Ториларнинг муқаддас оила каби иттифоқни рағбатлантиришга уринаётгани яхши нарсадир, аммо ҳафтасига қўшимча 4.61 доллар фойда учун ҳеч ким турмуш қурмаса керак...

Сиз сайловолди кампаниясини кузатиб бораяпсизми? Британия сайловида овоз беришга ҳақли бўлсангиз, кимга овоз бермоқчисиз? Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг.

7 апрель 2010

Инқироз учун сайловчилар кимни жазоларкан?

Image caption Гордон Браун Лейбористларни тўртинчи муддатга ҳокимият тепасига келишига эриша олармикан?

Британия Бош Вазири Гордон Браун ниҳоят узоқ кутилган умумхалқ сайловлари санасини эълон қилди - сайловлар 6 Майда бўлиб ўтади.

Браун бошчилик қилувчи Лейбористлар партияси тўртинчи муддатга сайланиб ҳукумат тепасида қолишга уринади.

Йигирманчи аср бошида аслида ишчилар ҳақларини ҳимоя қилиш ва ҳукуматни "fat cats" ("семиз мушуклар"), яъни бадавлат аслзода табақадан тортиб олиш мақсади билан барпо қилинган Лейбористлар партиясининг бугунги кунда нуфузига анча путур еткан.

"Янги лейбористлар"га бошчилик қилган собиқ бош вазир Тони Блейрнинг Ироққа уруш очиши партияга содиқ айниқса ўрта табақали британларнинг ҳафсаласини пир қилган.

Ўтган йили кўпгина парламент аъзоларининг давлат пулини ўз шахсий манфаати йўлида сарфлаши ортидан чиққан можаро ҳам овоз берувчиларнинг ғазабини қўзғаган.

Аммо, бу сафарги сайловни ҳал қиладиган нарса, Билл Клинтон Жорж Бушдан президентликни тортиб олган йили айтгани каби - "иқтисод-ку, тентак!"

Дарҳақиқат, Буюк Британия айнан Лейбористлар қўли остида охирги 50 йил ичида энг йирик иқтисодий инқирозни бошидан кечирди.

Image caption Девид Камерон ўз хотини билан сайловчиларга қарата "жозиба ҳужум"ини бошлаган

Гордон Браун ҳали мамлакат инқироздан тўла чиқмай туриб янги ҳукуматни сайлаш хавфли бўлиши мумкин деб қўрқади.

Аммо, Лейбористлар 13 йилдирки ҳукумат тепасидалар. Мухолифатдаги энг йирик партия бўлмиш Консерваторлар раҳбари Девид Камерон иқтисодий инқироз келиб чиқишида айнан лейбористларни айблайди.

Жозиба ҳам сиёсатми?

Камерон кўп жиҳати билан 1997 йили Консерваторларни сиқиб чиқарган ёш ва жозибали Тони Блейрни эслатади.

Сайлов кузатувчиларига кўра, Блейр лейбористларни ғалабага етаклаган сайловда британларни ўзига ром қилувчи қандай усулларни қўллаган бўлса, Камерон ҳам шу усулларни қўлламоқда.

Охирги оммавий фикр сўровига кўра, Консерваторлар Лейбористлардан 7% олдинда кетишмоқда.

Сайловолди пойга шунчалар қизғинки, ҳатто жаноб Камероннинг рафиқаси Самантанинг ўз ҳомиладорлигини эълон қилишини ҳам баъзи кузатувчилар сайловчиларни ўзига оғдириш усули дея баҳолаётир.

Дарҳақиқат, рафиқалар бу галги сайловда номзод эрлари ёнидан қолишмаяпти. Оилавий турмушни ўта шахсий нарса деб билувчи британларнинг баъзилари бундан норози.

"Менга номзодларнинг ўзлари, ёки келгуси бош вазир нимани ўзгартира олиши муҳимроқ, уларнинг рафиқалари неча ой ҳомиладор ёки қандай либосда эрининг ёнига чиққани эмас," - дейди лейбористлар тарафдори бўлган қўшним Доррис.

Консерваторлар 7% олдинда бўлишлари мумкин, аммо парламентда мутлақ аксариятни эгаллаш учун уларга бундан кўпроқ овоз керак.

Иккала асосий партия ҳам мутлақ аксариятга эришолмай қолган тақдирда, учинчи партия - мухолифатдаги Либерал-Демократларнинг роли аҳамиятли бўлиши мумкин.

Яъни Либерал-Демократлар янги ҳукумат тузишда ғолиб партияга дастак кўрсатиши мумкин.

Янги бўёқ

Ҳозир эса, Консерваторлар ҳам, Либерал-Демократлар ҳам ўзгаришларга чақиришмоқда. Бу каби ўзгаришга зарурат катта экани йўлида лейбористлар тарафдорларини бу сафар ишонтириш осон бўладигандек.

Image caption Либ-демлар раҳбари Ник Клегг эса Британия икки йирик партиядан чарчаган деб ишонади

"Биласанми, 13 йил бир ҳил рангга бўялган ётоқхонангда ётавериб, балки уни энди янги рангга бўяшим керакдир деб ўйланиб қолар экансан киши," - дейди яна бир лейборист дўстим Девид.

"Ўз ётоқхонасининг эски рангидан чарчагандек, одамлар Лейбористлардан ҳам чарчаган. 13 йил аввал Торилардан (Консерваторлардан) ҳам одамлар чарчаб, шундай сиқиб чиқарганди."

Айни дамда партиялар Британия бўйлаб сайловолди кампаниясини бошлаб юборишди. Ким нима демасин, бу йилги сайловлар натижасини башорат қилиш ўта қийин.

Айниқса иқтисодий инқироз ва депутатларнинг уятсиз сарф-харажатларидан ғазаби қўзғаган сайловчилар ҳовуридан тушишлари учун бировни жазолашлари керак.

Савол шуки, улар айнан қайси партияни жазолайди?

Сиз сайловолди кампаниясини кузатиб бораяпсизми? Британия сайловида овоз беришга ҳақли бўлсангиз, кимга овоз бермоқчисиз? Бу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг.

Xurshid

Men liberallarga ovoz bergan bo'lardim. Ularda o'ziga xos o'rta yo'l mavjud. Leyboristlar va konservatorlarda u yoki bu sinf tomonga og'ish kuchli. Menga liberallarning ta'limga doir va xalqaro masalalarga munosabati ma'qul keladi. Saylov tizimi ham hozirda liberallar foydasiga emas. Majoritar saylov tizimi davom etar ekan ularning hukumat tepasiga kelishi ehtimoldan yiroq. Menimcha byu liberallarga nisbatan adolatsizlik.