Рио де Жанейро тошқинларида юзга яқин одам ўлган

Рио де Жанейродаги тошқинлари
Image caption Қашшоқ риоликлар баъзи ҳолларда ўзлари билганича қутқарув ишларини олиб боришмоқда

Бразилиянинг Рио де Жанейро штатида бир неча ўн йиллардан бери энг кучлиси дея тасвирланган жала ёмғирлар оқибатида 95 одам нобуд бўлган.

Ёмғир ер кўчиши ва тошқинларга сабаб бўлган. Рио де Жанейрода фавқулодда вазият ҳолати эълон қилинган, расмийлар жуда кўп одамлар бедарак йўқолгани туфайли талофотлар сони яна ўсиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Рио де Жанейро шаҳрининг ўзида бир кеча-кундуз давомида 28 см ёмғир ёғиши ортидан 33 одам ҳалок бўлган, қўшни Нитерой шаҳрида ҳам 33 одам ҳаётдан кўз юмган.

Рио де Жанейродаги тепаликлар бағрига қурилган қашшоқлар қўлбола уйлари ер кўчкиси остида қолиб кетган.

Қутқарувчилар гуруҳлари тепаликлардаги лой остидан одамлар жасадларини чиқариб олишга уринишмоқда.

Жала ёмғир ҳозирча тўхтамайдиган кўринади. Президент Луис Инасио Лула да Силва тошқин хавфи остида бўлган шаҳар аҳлини уйларини ташлаб кетишга чақирган.

Тошқин хавфи бўлмаган жойларда расмийлар одамларни уйда қолиб, шаҳар кўчаларига чиқмасликка ундаган.

Ваҳима

Халқаро сайёҳлар учун оҳанграбо саналувчи Рио де Жанейронинг баъзи кўчалари сув остида қолиб кетиши натижасида нақлиёт тизими деярли барбод бўлган, автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолган.

"Ўта тартибсиз вазият юзага келган," - деб айтган шаҳар ҳокими Эдуардо да Коста Паес сешанба куни чиқарган баёнотида. "Шаҳарнинг барча шоҳ кўчалари тошқинлар туфайли ёпилган. У кўчаларга киришга уринган ҳар бир одам ўзини ўта катта хавф остига қўяди."

Бразилиянинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлган Рио де Жанейро 2014 йилда Жаҳон Кубоги ва 2016 йилда Олимпик ўйинларга мезбонлик қилиши режаланган, аммо шаҳар ҳокимига кўра, бу каби йирик ёғингарчиликка тайёргарлик "нолга тенг".

Штат губернатори Сержио Кабрал ҳам тошқин хавфи катта бўлган ҳудудлардаги одамларни уйларини ташлаб чиқишга чақирган.

TV Globo билан қилган суҳбатида у ер кўчкиси хавфи ҳисобга олинса, уйда қолиш "масъулиятсиз" бўлишини айтган.

Рио де Жанейро қашшоқлар маҳалларини босиб қолган ер кўчкиси оқибатида ҳалок бўлганлар орасида беш ойлик чақалоқ ва тўққиз ёшар бола ҳам бўлган.

Би-би-сига мактуб йўллаган киши сўзларига кўра, шаҳар уруш бўлган ҳудудни эслатади.