АҚШ ва Россия янги ядровий битимни имзолади

Image caption Янги битимга мувофиқ ҳар икки томон ядровий қуроллар сонини 30 фоизга қисқартиради

АҚШ ва Россия Президентлари Барак Обама ва Дмитрий Медведев ядровий қуролсизланишга доир янги битимни имзолашди.

Чехия пойтахти Прагада имзоланган битим совуқ урушдаги собиқ рақибларга стратегик ядровий каллаклар сонини 1550 тага қисқартириш мажбуриятини юклайди.

Бу аввалги битимдагидан 30 фоизга кам, демакдир.

Президент Обама буни муҳим, аммо ядровий қуролсизланиш йўлида қўйилган кичик бир қадам, деб атаган.

Президент Медведев эса битим дунё бўйлаб хавфсироқ бир муҳит яратишини айтган.

Ҳар икки мамлакат қонун чиқарувчилари томонидан ратификация қилинганидан сўнг, битим 1991 йилда имзоланган Start-Стратегик Қуролларни Камайтириш Битимининг ўрнини эгаллайди.

Ракеталардан мудофаа

АҚШ ва Россия Президентлари битимни Чехия Президентининг қароргоҳи бўлган Прага қалъасида, ҳар икки томондан юзлаб мулозимлар иштирок этган маросимда имзолашди.

Имзолаш маросимидан сўнг гапирган Президент Обамага кўра, битим "ҳар икки давлат ўз муносабатларининг ёмонлашиб кетишини тўхтатиб қолганини кўрсади".

Жаноб Обамага кўра, муносабатларнинг ёмонлашиши ўтмишда икки давлатни муҳим масалаларда келишувга эришишларига халақит берган.

"Қўшма Штатлар ва Россиянинг йирик муаммоларни ҳал қилиш йўлида ҳамкорлик қилмаслиги на бу икки давлат ва на дунё учун яхши эмас",-деб айтган жаноб Обама.

Ўз навбатида Президент Медведев музокаралар жараёни осон кечмаганини айтган.

"Ушбу ҳужжат Россия ва АҚШ ўртасидаги манфаатлар мувозанатига тўла мос келади", деб айтган Россия Президенти.

Аммо жаноб Медведев Москва ҳамда Вашингтон ўртасида Қўшма Штатларнинг Орвўпода янги ракеталардан мудофаа тизимини яратиш режалари юзасидан келишмовчилик сақланиб қолаётганини айтган.

Сешанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "агар АҚШнинг янги аксилракета тизими сон ва сифат жиҳатидан Россия стратегик кучларининг жанговарлигига жиддий таъсир кўрсатишни бошласа, Москва янги битимдан чиқиши"ни айтган.